«КЎМАК» — ТУРКИСТОН ТАРАҚҚИЙПАРВАРЛАРИ ТАШКИЛОТИ

130

ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистонда юзага келган жадид тараққийпарварлик ҳаракатининг кўп асрлик ўзбек халқи тарихида муҳим ўрни бор. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Обиджон Маҳмудов, Саидносир Миржалилов, Фитрат, Чўлпон сингари фидойилар халқни миллий истиқлол байроғи остида бирлаштириш ва миллий ўзбек давлатини барпо этиш йўлидаги илк қадамни ташлаган эдилар. Улар “Имдодия”, “Турон” сингари маърифий жамиятлар ҳамда “Шўрои ислом”, “Турк адам марказият” каби сиёсий ташкилотларни туздилар, миллий мамлакат тақдирига дахлдор масалалар билан шуғулланиб, халқни эрк, ҳуррият ва мустақиллик сингари буюк тарихий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга интилдилар. Миллатни мустамлакачилик кишанларини парчалаб ташлаш учун курашга даъват этган жадидлар бу йўлда халқ маорифини тараққиётнинг энг ишончли воситаси сифатида бирламчи даражага кўтардилар. Туркистонда олий таълим муассасаларининг йўқлиги боис жадид тараққийпарварлари ёшларни чет элларда ўқитишга, айниқса, Европа илм-фани ютуқлари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратганлар.

1909 йил 12 май куни Тошкентда тузилган Туркистон жадидларининг “Жамияти хайрия” ташкилоти талабаларни чет элларда ўқитишга раҳбарлик қилди. Ташкилот кўмагида ёшлар Россиянинг Петербург, Саратов, Қозон, Уфа, Оренбург, Туркиянинг Истанбул, Мисрнинг Қоҳира каби шаҳарларидаги дорилфунунларга ўқишга юборила бошланди. Шундай талабалар орасида кейинчалик Ғози Олим Юнусов, Холид Саид, Эсон Мусаев, Лутфулла Олимий каби ёзувчилар, олимлар, Мустафо Чўқаев, Убайдулла Хўжаев, Тошпўлотбек Норбўтабеков каби етук ҳуқуқшунослар етишиб чиқди.
Туркистонда совет тузуми ўрнатилгач, 1918 йил 21 апрелда Тошкентнинг янги шаҳар қисмида Туркистон давлат университети очилди. Бу олий таълим даргоҳининг педагогик жамоаси ҳам, талабалари ҳам асосан европалик кишилар вакилларидан иборат эди. Маҳаллий миллатлар фарзандлари учун 1918 йил 12 майда Тошкентнинг эски шаҳар қисмида Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигида Туркистон Мусулмон халқ дорилфунуни очилди. Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий мазкур дорилфунун шўъбасини очишга киришди. Бироқ болшевик ҳукумати томонидан рухсат берилмади. Советлар ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб бориши билан 1920 йилдаёқ Туркистон халқ дорилфунуни ёпилди.
Айни пайтда ўлкада Туркистон давлат университетига ўқишга кириш учун тайёрлайдиган ўрта босқич билим юртлари йўқ эди. Туркистон давлат университети талабалари орасидаги маҳаллий ёшларнинг сони Москвадаги ўзбек талабалари сонидан ҳам кам эди. Жумладан, 1920–1921 ўқув йилида Туркистон дорилфунунининг 2500 талабасидан атиги 2 нафари, Дорул илми Шарқия (Шарқшунослик институти)нинг 200 талабасининг 3 нафари ўзбек фарзандлари бўлиб, Тошкент темир йўл ишчилари факультетида ўқийдиган 70 нафар ўқувчи орасида ўзбек миллатига мансуб бирорта ҳам талаба йўқ эди.
Бу ҳол маҳаллий зиёлилар ва ёшларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди ва аввалдан мавжуд бўлган ёшларни чет элларда ўқитиш ғояси яна кун тартибига қўйилди. Ўлкада таълимни ташкил этиш ва бошқаришда Ўзбек билим ҳайъати муҳим ташкилот ҳисобланар эди. Бироқ унинг фаолиятини самарали қилишга ҳам совет ҳукумати маъмурлари томонидан сунъий тўсиқлар қўйилган эди.
Элбек “Туркистон” газетасининг 1923 йил 27 январь сонидаги “Сўнгги кўмакни кимлардан кутишимиз керак?” мақоласида шундай ёзади: “Туркистондан четга бориб ўқиш учун 1921 йил бош­ларида Ўзбек билим ҳайъати томонидан бир лойиҳа тузилиб, бошида студент Саййидалихўжа бўлгани ҳолда бир неча ўқувчиларнинг рўйхати олиниб ҳукуматга топширилган эди. Бир неча муддат бунинг кетидан юриб, натижада ҳукуматимизнинг моддий кўмак бера олмаслиги билингач, бу масала ўз-ўзидан тўхтади. Лекин ўқувчилар орасида кўтарилган четга кетиб ўқиш ҳаваси эса бунинг билан битмади. Ўқувчилардан қайси бир ўзига тўқроқлари (гарчи борлиқ нарсаларини сотиб бўлса-да) яна четга кетмак орзусида бўлдилар.
Буларнинг ўзаро ташаббусини кўрган Ўзбек билим ҳайъати четда томошачи бўлиб тура олмади. Бўлса-бўлмаса-да, умид билан ишга киришди ва четга кетгучи студентларнинг ўзларидан бир комиссия тузиб ва бунга ўз ­аъзоси бўлган ­Саййидалихўжани шул комиссияга бош­лиқ этиб, “Кўмак” отида бир уюшма тузди…”
Умуман, “Кўмак” жамиятининг юзага келишида Маориф комиссарияти Ўзбек билим ҳайъати қошида ўрта, олий мактаб­ларда ўқиётган ўзбек ёшларининг “Адабиёт тўгараги” асосий ўзак бўлиб хизмат қилди. Тўгарак томонидан 1922 йил 8 апрелда “Армуғон” номли бир марталик журнал чоп этилди. У ёш қаламкашларга улкан тажриба мактаби бўлди. Журналда Туркистон жадидларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида мақола, устоз Чўлпоннинг “Тилак йўлида” шеъри, Абдулла Авлонийнинг “Тарихий ҳикоя”лари билан бирга ёшлардан Боту, Ш.Сулаймон, Ойбек, айниқса, Хосият Тиллахон қизи, Манзура Собир қори қизи (Ойдин), Х.Тожи қизи кабиларнинг шеърларига ҳам кенг ўрин берилди. Элбек, Усмонхон Эшонхўжаев, Саид Аҳмаднинг бир қатор илмий, ижтимоий-сиёсий мавзулардаги ўткир мақолалари чоп этилди. Шунинг­дек, кейинчалик Германияда таҳсилни давом эттирган Саттор Жабборнинг “Ўксиз руҳим”, Саййидалихўжанинг “Табиатдан жавоб” мақолалари тўгаракда жамланган ёш қаламкашларнинг кучли бадиий дидидан далолат беради.
Дарҳақиқат, 1922 йилнинг май ойидан Тошкентда хорижда ўқиш учун талабаларни танлаш ва уларни керакли йўналишлар бўйича ўқув юртларига тақсимлаш ишлари бошлаб юборилди. “Кўмак” уюшмасига ғоявий раҳбарликни Фитрат ва Чўлпон амалга оширган бўлса, ташкилий жиҳатдан Абдулла Раҳимбоев, Акмал Икромов, Элбек, Қайюм Рамазон ва Боту катта ёрдам берди. Натижада кенг кўламли амалий ишларга киришилди. Жадид мактабларининг иқтидорли ўқувчилари тез кунда ўлканинг турли қисмларидан Тошкентга оқиб кела бош­лади. Қисқа муддатда “Кўмак” ташкилоти томонидан чет элда ўқишни истаган юзлаб талабалар рўйхати тузилди.
1922–1923 ўқув йили бошланиши билан юзлаб туркистонлик иқтидорли ёшлар Германиянинг Берлин, Россиянинг Москва, Петербург, Озарбойжоннинг Боку, Ганжа шаҳарларига йўл олдилар. Улар, асосан, Фитрат ва Файзулла Хўжаев ажратган Бухоро Халқ Республикаси сармояси, “Кўмак” ташкилоти томонидан йиғилган пуллар ва айримлари ота-оналарининг ҳисобидан йўлга чиқдилар. Ғози Юнуснинг “Қизил байроқ” газетасининг 1922 йил 22 июль сонида босилган хабарида Бухоро Халқ Респуб­ликаси “Кўмак” уюшмаси илтимосига кўра айрим туркистонлик талабалар учун ҳам ҳомийликни ўз зиммасига олгани айтилади.
Бу ҳаракат бутун Туркистон зиёлилари томонидан улкан ҳодиса сифатида эътироф этилди. Бироқ кўп ўтмай тўп­ланган пул жуда камлиги маълум бўлиб қолди. Натижада барча миллатпарвар зиёлилар чет элларда таҳсил олаётган талабаларни қўллаб-қувватлашга бош қўшдилар.
Ғози Юнус “Қизил байроқ” газетасининг 1922 йил 6 сентябрь сонида “Ўқиғувчи талабаларга кўмак бериш лозим” мақоласида: “Русияда ўқиғувчи талабаларимиз учун ўзимиздан тўп­ланган нологлардан бир миқдорини ва миллий бойлигимиз бўлган вақфларнинг йиллик вардатидан бир қисмини ажратиб, талабаларимизни овқат, кийим ва ўқув қуроллари билан таъмин этишимиз керак. Бундан бошқа ҳеч чора йўқдир”, деб ёзади. Чўлпон “Туркистон” газетасининг 1922 йил 26 ноябрь сонидаги “Четдаги талабаларга ёрдам” мақоласида Германиянинг олий зироат мактабида ўқиётган Абдуваҳҳоб Муродийнинг “Кўмак” уюшмасига йўллаган мактуби ҳақида сўз юритади: “Ваҳҳоб ўртоқ ул хатида ҳозир бутунлай таъминсиз қолғонлиғини, агар ўз юртидан ёрдам бўлмаса, ўқишдан чиқишга мажбур бўлишини ёзадир.
23 ноябрда Тошкент ёшларининг гап-мажлисларида шу тўғрида сўз қўзғолиб, ўртоқ Ваҳҳобнинг ёзғон хати ўқулди ва дарҳол уни таъмин қилмоқ учун ташаббус бошланди. Гап мажлисида ҳозир бўлмаган бошқа ўртоқлардан ҳам йиғиб шул маблағни ўртоқ Абдуваҳҳобнинг бир йиллик таъминотига етказмакка бўлинди”.
Усмонхон Эшонхўжаев эса “Туркис­тон” газетасининг 1923 йил 15 апрель сонидаги мақоласида: “Туркистон, Бухородан Берлинга ўқишга кетган ўқувчиларнинг кўплари турлик муассасаларнинг кўмаги билан, баъзилари энг кўп бўлганда бир йиллик таъминотларига етарлик нарса билан кетганлар. Баъзи бир талабалар жуда оз оқча, ҳатто қуруқ “таваккал” йўли билан бориб қолганлар. Маълумдирким, жаҳон уруши Германия­нинг иқтисодий аҳволини жуда издан чиқариб юборди. У ерда ҳам биздагидек соат сари бозор баҳолари кўтарилиб, оқча қадри кун сайин тушиб борадир. Бутун Туркистондаги ҳиммат эгалари, жамоат ходимлари, масъул ишчиларимиз турлик йўллар ва керак топилган ҳар бир чорани кўришлари лозим. Агар уларнинг овози Туркистонда эшитилмас экан, у вақт ўқишларини давом эттира олмасдан иложсиз Туркистонга қайтиб келишга мажбур бўларлар. Бу хунук ҳол. Албатта, Туркистон жамоат, маориф ходимлари ва масъул ишчиларга уятдир”, дейди ва ҳукуматни талабаларнинг таълим олишини молиялаштиришда амалий ёрдам кўрсатишга даъват этади. Мазкур газетада босилган (1921 йил, 11 март сони) яна бир мақолада Салимхон Тиллахонов шундай маълумотларни келтиради: “1922 йил ўқиш мавсумида Тошкентда ташкил этилган “Кўмак” уюшмасининг ташаббуси, Бухоро жумҳуриятининг ғайрати ва Шўролар Русиясининг соясида Туркистон ва Бухородан 70 га яқин ўқувчи Германияга кетган эди. Германияда Россиянинг 10000, Япониянинг 4000, Туркия­нинг 3000 талабаси бор экан… Мана бу ҳисобга қараганда 12 млн. нуфусга молик Туркистонимиздан 70гина талабанинг бўлиши ҳеч вақтда бизни қаноатлантира олмайдур”. Муаллиф ўлкадаги техник билим-кўникмаларнинг жаҳон тараққиётидан нақадар ортда эканлигини кўплаб мисоллар билан тушунтиради. Европанинг оғир ва енгил саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ютуқларини жорий этишда четда ўқиган талабаларнинг аҳамиятига алоҳида урғу беради.
“Туркистон ёшлари борлиқ ҳаётимиз, нажотимиз маорифда, маориф ҳам Оврупода эканлигини билиб, Оврупо сари оғила бошладилар. Натижада, Қафқоз Бокуда 50лаб, Масков, Петербурғда 150лаб, Берлинда 70лаб, бутун Оврупода борлиғи 270га яқин Туркистон ўқувчиларини кўрамиз. Бу кўриниш ҳар ҳолда Туркис­тоннинг келгусини порлоқ, тарихининг жонлиқ эканлигини билдирадир. Ундай бўлса-да, бир оз умид боғлатади. Бироқ ҳайҳотки бу сонлар бошқаларға қараганда йўқ даражасидадир, — деб ёзади Шокир Сулаймон “Оврупода Туркистон ўқувчилари” (“Туркистон”, 1922 йил 24 сентябрь) мақоласида. — …Масковдаги ҳисобсиз олий, ўрта мактабларда ўқувчи шогирдлар орасида туркистонлилар денгиздан бир томчи қабилидадир. Ўтган йили Туркистон ўқувчилари Масковда ёлғиз 10 та бўлғонлари ҳолда, бу йил Петербурғ, Масков ўқув юртларида 100 кишилик истипендия очилиб, яхшиғина таъмин этилганлар.
Четда ўқувчи болаларини йўқлаб турғон бошқа миллатлар каби бизнинг Туркистон зиёлилари, маорифпарварлари ҳам ўзларининг “жийда халталари” билан четдаги ўқувчиларини йўқласалар, ёрдам этсалар яхши бўлур эди. Юрти, элидан узоқ турғон ўқувчилар Туркис­тондан шуни кутарлар”.
“Кўмак” ташкилотининг раҳбарларидан бири Аҳмаджон Иброҳимов Берлиндан Туркистонга йўллаган хатида ташкилотни янада ривожлантириш учун ўз тавсияларини баён этади. “Кўмак” қисқа фурсат ичида Русия ва Оврўпоға бир қанча ўқувчилар юборишга муваффақ бўлди. Мана бу бошланғон яхши ишларни давом эттириш, тобора кучайтириш керак. Бу “Кўмак” уюшмасидаги ўртоқларнинг вазифасидир.
Мен ишонамен, келар йилларда Туркистон ҳам бошқалардек минглаб ўқувчиларни четларга юборур. “Кўмак”нинг юборғон талабалари борғон ерларида уюшиб, “Кўмак”нинг обрўсини бошқалар олдида ҳам кўтарадирлар”.
Ташкилотни янада ривожлантириш учун “Кўмак” уюшмасини фақат ўзбекларники эмас, бутун Туркистон ерлик халқи “Кўмак” уюшмаси деб аташ, “Кўмак”нинг барча вилоятларда бўлимларини очиш, “Кўмак”ни тарғиб этиш, газета ва журналларда мақолалар бостириш, Рамазон кириши билан ҳар бир шаҳар ва қиш­лоқлардан кўмак тўплаш, ҳайит кунига “Кўмак” уюшмасининг аҳамиятини тушунтириш учун газета чиқариш, ёшларнинг қизиқишларини ўрганиш ва Россия, Европа, Америка дорилфунунлари ҳамда ўрта мактабларининг дастурлари, ўқиш ва ўқитиш йўллари билан туркистонлик ёшларни таништириб бориш зарурлиги илгари сурилади.
“Кўмак” ташкилотининг амалдаги раҳбари Салимхон Тиллахонов ташкилот учун жуда кўплаб инсонлар беминнат ёрдам бергани, айниқса, ҳукумат идораларида ишловчи ёшлар ҳам ҳиммат кўрсатганини таъкидларкан, улар қараб турмасдан ўз зиммаларидаги хизматларни бажо келтирмоқдалар, дейди. Ўқувчилар томонидан бир неча ерда клуб, томоша ва йиғинлар уюштирилиб, маблағ тўплашганини, бундан бошқа ҳар бир шаҳар ва уездларга алоҳида вакиллар юборишганини айтади. Бироқ “Кўмак” ташкилотининг муваффақиятларидан ҳа­йиқ­қан шўро маъмурлари зудлик билан ташкилотни тугатишга киришдилар.
“Кўмак” ташкилотининг фаолияти тўхтатилгани ҳақида дастлаб матбуотда Қосим Сорокиннинг мақоласи босилади. “Туркистон”нинг кейинги (1923 йил 20 апрель) сонида Боис “бир йил олдин жуда катта умидлар билан иш бошлаган “Кўмак” ташкилотида эндиликда фақат бир киши қолган”ини ёзади. Мақолада “Кўмак” уюшмасига аниқ ишлаш жойи берилмагани учун ташкилотга тегишли ҳужжат ва қоғозлар Туркистон Маориф Комиссарлиги йўлакларида сочилиб ётгани айтилади. Хорижда ўқишни истовчи ёшлар аввалгидан уч баробар кўплигига қарамай, ташкилотни уюштириш ва ишини юритишга на пул ва на бирорта масъул одам қолмаган, дей­ди муаллиф.
Шундай шароитда ташкилот вилоятлар ва қуйи поғоналарда иш юрита бошлаган. Жумладан, “Кўмак” уюшмасининг Самарқанд бўлими ҳам кенг кўламли тадбирларни амалга оширган. Муаллим Исматулла Раҳматуллазода Жиззах ва Ўратепа шаҳарларига бориб, жами 9571 сўм маблағ тўплаб қайтган ва “Кўмак” ташкилотининг Самарқанд бўлимига топширган. “Зарафшон” газетаси Самарқанд, Хўжанд, Ўратепа, Каттақўрғон шаҳарлардаги фаоллар хорижда ўқиётган талабаларнинг манзилларини билмагани учун ёрдам жўната олмаётганларини маълум қилади. Газета ёрдамга муҳтож талабалар ва уларнинг манзилларини сўраб эълон берган.
1923 йил 29 апрель куни Самарқанд зиёлилари томонидан “Кўмак” адабий кечаси ташкил этилиб, ташкилот учун 7000 сўм пул маблағ тўпланган. Бу ишда фаоллиги ва энг кўп ҳиммат кўрсатган инсон сифатида Ҳожи Муин Шукруллаев кўпчиликка шахсий намуна кўрсатган. 1923 йил 19 май куни Рамазон Ҳа­йити муносабати билан “Кўмак” номли газетанинг махсус сони чиқарилди.
1922–1923 ўқув йили туркистонлик ёшлар учун бир қатор муваффақиятли бошланган эди: юзлаб ёшлар Москва ва Петербургнинг турли нуфузли илм даргоҳларига талаба сифатида қабул қилиндилар. Аммо уларнинг на ётоқхонаси ва на пули, ҳатто қишки кийимлари ҳам йўқ эди. Шу муносабат билан “Туркис­тон” газетасида босилган хабарда айтилишича, “Бу йил Масков ва Петербурғға турлик билим юртларида ўқимоқ учун кўпгина йигитларимизнинг кетганлик­лари маълумдир. Масков ярмаркасидан келган бир йигит “Масковга борғон ўқиғувчиларнинг ҳаммаси дегундай ҳар кимнинг олдига кириб тиланиб юрадирлар”, деган хабар тарқатган. Масковдаги ўқиғувчиларимизнинг ота-оналарига хабар берамизким, Масковдаги ўқиғувчиларимизнинг барчаси бугун яхшилаб ўрнашқонлар. Таъминотлари яхши, ўртоқ Боту каби фидокор йигитларимизнинг ғайрати орқасида Туркистон жумҳуриятининг Масков ваколатхонаси уларга моддий ёрдамда бўлинғон”. Дарҳақиқат, талабаларни советлар мамлакатининг пойтахтида жойлаштириш масаласи осон кечмаган, Боту билан Шокир Сулаймон Туркистон ва Бухоро ҳукуматлари кўмагида бу муаммони, қийинчилик билан бўлса-да, ҳал этганлар.
Таржимон ва журналист Санжар Сиддиқ советларнинг X қурултойига боргани ва унда Москвадаги туркистонлик талабалар аҳволи билан қизиққанини ёзади. (“Туркистон”, 1923 йил 3 февраль). Уларнинг моддий ҳолати яхши экани ва турли гап-сўзларнинг ёлғонлиги, талабаларнинг айрим вақтларда тўп­ланишиб турли кечалар ўтказишлари ва ўзбек маданиятини тарғиб этишаётганини айтади. Уларнинг аҳволи билан қизиқиш ҳар бир ватандошимизнинг бурчи, у тужжорми ёки бошқами, талабалар билан учрашиб, уларга ёрдам бериши ва талабаларнинг ҳам ўз вақтида ўзбек матбуотидан хабардор бўлиб туришлари мақсадга мувофиқ иш, дейди муаллиф. Шу билан бирга, Берлин, Петербург ва Бокудаги талабаларни ҳам асло кўздан қочирмаслик лозимлигини, уларнинг халқимиз келажаги эканлигини унутмай, мунтазам алоқа ўрнатиш кераклигини уқтиради.
1922–1923 ўқув йилининг қаҳрамони, ёш ўзбек шоири Боту (Маҳмуд Ҳодиев) Россия ўқув юртининг энг етакчиси бўлган Москвадаги биринчи ҳукумат дорилфунунининг ишчилар факультетини битиради. У 3 йиллик ўқиш жараёнида имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, ҳукумат дорилфунунининг иқтисод факультетига киради. Боту бутун туркистонлик талабаларнинг фахрига айланади.
Ғала-ғовурларга бой кечган 1922–1923 ўқув йили якуни арафасида шўролар ҳукумати Москва ва Петербург олий мактабларига Туркистондан талаба олиш бўйича янги тақсимот белгилайди. Унга кўра Москва ва Петербург олий мактабларига Туркистон ёшларидан фақат минтақадаги комсомол ёшлар ташкилоти тақдим этган номзодларгина талаба бўлиши кўрсатилади. Яна тақсимотига кўра Туркистондан юбориладиган талабалар учун партияга 18 фоиз, ёшларга 17 фоиз(комсомол), деҳқонларга 20 фоиз, касаба уюшмаларга 45 фоиз, деб белгиланди. Партия ёки ишчилар ҳисобидан ўқишга йўлланма олиш учун 3 йиллик стаж талаб этилади. 1923–1924 ўқув йилига Туркистонга рабфак учун 4 нафар, Туркистонда мавжуд бўлмаган олий мактабларга 10 нафар ўрин берилган эди. Бу билан Россиянинг марказий шаҳарларида туркистонлик талабаларнинг кўпайишига жиддий тўсиқ қўйилди.
1923 йил Россиянинг марказий ша­ҳар­ла­ри­да ўқиш учун 10-12та ўрин ажра­тил­ганига қарамай, Туркистондан ўз кучи билан бориб Москва, Петербург олий мактабларига кирган талабалар 60-70 нафардан ортиб кетди. Шўро ҳукумати бу ёшлар учун стипендия беришни ўз зиммасига олмади. Шундан сўнг А.Қамчинбек раислигида таркибида А.Икромов, Х.Бурнашев, Т.Рисқулов, А.Раҳимбоев, Ҳ.Тожий бўлган комиссия томонидан ҳукумат стипендиясини олаётган талабалар қайта тафтиш этилди. Унга кўра Туркистон ҳукумати стипендия тўлаган ўқувчиларнинг кўпчилиги рус миллатига мансуб талабалар бўлиб чиқди. Натижада туркистонлик талабалар тўлиқ стипендияга ва ётоқ жойларга эга бўлдилар. Туркистон ва Бухоро ҳукумати биргаликда Россиядаги туркис­тонлик талабалар учун 150-200 ўринли ётоқхонани сотиб олиб, таъмирдан чиқариб берди. Талабаларга қишги кийим олишлари учун қарз пуллар тарқатилди. Бироқ турли уйдирмаларнинг авж олдирилиши натижасида туркистонлик талабаларга нисбатан тазйиқ ортиб борди. Ўқувчилар илм-ҳунар соҳиблари бўлишидан ташқари, партия аскарлари, сиёсий тарғиботчилари бўлишлари керак, деган қараш кучайтирилди.
Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрига туркистонлик талабалар 1911–1912 йиллардан кела бошлаган эди. 1916–1917 йилларда эса Боку педагогика техникумида Мақсуд Беҳбудий, Салим Тиллахонов, Қаюм Рамазон каби ўнлаб туркистонлик талабалар таълим олганлар. “Кўмак” уюшмасининг ўқувчилари эса 1922–1923 йилдан кела бошлаганлар. Улар Озарбойжон давлат дорилфунуни, олий техника институти, нафис санъат, рабфак ва бошқа мактабларда аъло баҳоларга ўқидилар. 1923 йил “Кўмак” уюшмаси томонидан талабалар учун махсус ётоқхона сотиб олинди. Унда алоҳида кутубхона ва талабаларнинг 15 кунда бир чиқадиган “Ёш қалам” деворий газетасининг фаолияти мунтазам йўлга қўйилган эди.
Боку билим юртларига кейинги йилларда ҳам талабалар юбориб турилган. 1929 йил “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 5-сонида Музайянанинг “Бокуда Ўзбекистон йигитлари” мақоласи босилган. Унда ёзилишича, 1928 йил 19 нафар ўзбекистонлик талаба Боку таълим муассасаларини битириб ватанга қайтганлар. Улар бугун халқ хўжалигининг турли йўналишларида жавлон уриб меҳнат қилмоқда, дейилади мақолада. 1928–1929 ўқув йилида Боку шаҳрида таълим муассасаларининг турли йўналишларида ўзбекис­тонлик 46 нафар йигит таҳсил олган. Талабалар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан борган.
Туркистонлик ёшларни чет элларда ўқитиш мақсадида ташкил этилган “Кўмак” уюшмаси ҳам айнан совет таълим сиёсатининг ноҳақликларига қарши миллий тараққийпарвар ёшларнинг ўзига хос кураши ифодаси эди. 1922–1923 ўқув йилида Германияга 70 дан ортиқ талаба йўлланган бўлса, кейинги йилларда унга бирорта ўқувчининг қўшилиши имкони бўлмади. Аксинча, совет раҳбарлари 1924 йилданоқ бу талабаларни қайтаришнинг турли йўлларини қидира бош­лади. 1922–1923 ўқув йилида Москва ва Петербург шаҳарларига 150 га яқин, Бокуга 50 дан ортиқ ўқувчи йўлланган бўлса, кейинги йилларда бу шаҳарларга ҳам талабалар юбориш тобора қисқариб борди. Юборилганлари ҳам турли коммунистик идоралар йўлланмаси билангина амалга оширилди. Хуллас, “Кўмак” ташкилоти бир йил ҳам фаолият кўрсата олмади. Бироқ “Кўмак” томонидан четга ўқишга юборилган 200дан ортиқ талабанинг орасидан жаҳон илму фани тараққиётига муносиб ҳисса қўша олган етук олимлар, инженерлар, муҳандису архитекторлар етишиб чиқди. Минг афсуски, уларнинг аксар қисми 1937–1938 йиллардаги машъум сталинча қатағон даврида маҳв этилди. Шунга қарамай, улар тўлиқ ишонч билан Ўзбекис­тоннинг замонавий қишлоқ хўжалиги, ирригация, кимё, тиббиёт, энергетика ва тўқимачилик саноатларининг асосини яратган, дейиш мумкин. Уларнинг Ўзбекистондаги меҳнат фаолиятини ўрганиш, илмий ва адабий меросларини тадқиқ этиш алоҳида илмий аҳамиятга молик.

Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг