БИР ТОЗА ЮРАКДА КЕЛАР ЯШАГИМ

132

Одил ИКРОМ

* * *

Кўзингда бир калом тентирар унсиз,
Кўзингда бир қайғу жилмаяр маъсум.
Ахир, мен – кафанга ўралган бир ҳис,
Кўзларинг оқига чулғанган мардум.
Ахир, мен – заминда яшаган осмон,
Ахир, мен – осмонга етмаган овоз.
Ахир, бу дунёнинг ростлиги – ёлғон,
Ахир, бу дунёнинг ёлғонлиги – рост.
Ахир, бу дунёда мен бошқа дунё,
Меники эмас бу ўткинчи кадар.
Ахир, мен қирқ йилда бўлай деб бунёд,
Кечдим тўққиз ойлик дунёдан бадар.
Жисмимни киннадай ёриб кирган жон
Чақирганим билан чиқмас бир муддат.
Ёлворганим билан ёришмайди тонг,
Ҳайдаганим билан кетмайди зулмат.
Айтсанг-да–айтмасанг кетарман тўзиб,
Гумроҳман – йўлимга тикаверма кўз.
Ахир, мен – дунёга ўтмаган сўзинг,
Ахир, мен – дунёдан ўтаётган сўз…
ярим тун

Тун бўйи сиқтаган соғинчларим оч,
Кўкрагимга ботган кимнинг излари?
Нечун бунча совуқ лаънати қувонч,
Нечун, бунча гўзал ғамнинг кўзлари?

Бир тоза юракда келар яшагим,
Қанча юракларга келтирдим малол.
Нечун, ўзим билан ўзим яшадим,
Нечун, ўзимдан ҳам ўлигим ҳалол?

Юрагим талпинар соғинч роҳида,
Кўкрагимни босиб ўтди кунларим.
Юраклар қонидан, юрак қонидан
Нечун кўнгил тўлар,
Нечун тун ярим?..

Нима қиламиз?

Хавфлидир қоронғи юрак юртининг
Соғинчи, сафари…
Нима қиламиз?..
Ғарибдир хотира, хаёл уфқининг
Ҳар шому саҳари…
Нима қиламиз?..

Қолмади одамий махлуқотларнинг
Ҳаромдан ҳазари…
Нима қиламиз?..
Ошимиз заҳардир,
Сархўр зотларнинг
Ош бўлди заҳари…
Нима қиламиз?

Юракларда ишонч йўқолди бир кун,
Келмади хабари…
Нима қиламиз?..
Жонимни садақа қилдим ишқ учун,
Илмади назари…
Нима қиламиз?..

Сотилар арзонга, сотилар текин,
Одамзод жавҳари…
Нима қиламиз?..
Шайтонга тош отдик, тегмади лекин –
Шайтонга зарари…
Нима қиламиз?..

Кўзимга оловдай кўринган чўғлар
Кўнгиллардан нари…
Нима қиламиз?..
Ёну атрофимда дайдиган ўқлар
Жонга тегди бари…
Нима қиламиз?!..

Ишқ

Мен фақат кўнгилнинг хизматкориман,
Унинг истагини этурман адо.
Қурбақа, қурбақа, қурбақагинам,
Мен сенинг кўчангда юрган бир гадо.

Захкаш ариқларда ой синар чил-чил,
Ям-яшил тўнингдан мўралайди тун.
Мендан қолиб кетар бир кун бу кўнгил,
Мен подшоҳ бўламан, ишонгил, бир кун.

Мен бездим жонимга теккан ўйлардан,
Ишончим қолмади на ёр, на дўстга.
Кимгадир ишониб аро йўлларда
Қолиб кетдим илон ташлаган пўстдай.

Ўл десанг, сен билан бирга ўлайин,
Мен ҳам ёш эмасман, сен ҳам қаридинг.
Сенга подшоҳлигим ёқмайди, тайин,
Менга ёқар сенинг қурбақалигинг.
* * *
Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Юраклар – таланган маъводай юпун.
Орамиздан ўтар ҳар дуойи бад,
Орамиздан ўтар Худо урган тун.
Баъзида юракни кўмар нолага,
Юраклар оралаб ўтган ер изи.
Баъзида осмон ҳам тушар орага:
Зарҳал ҳарф битилган уфқ териси.
Орадан ой ўтар – ойсиз тунларим,
Орадан йил ўтар – чўзилган қасос.
Сенсиз ўтаётган менинг кунларим
Менинг гуноҳимдан ўтмайди, холос.
Орадан бешафқат ўтиб кетар вақт,
Биз бевақт қартайган норасидамиз.
Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Жавоб бер, кимларнинг орасидамиз?..

* * *
Хазонрез боғларда жилмаяди куз,
Оғир гуноҳ каби тўкилар хазон.
Бу кўҳна дунёга боқар ёруғ юз,
Кўҳна дунёдаги энг кўҳна армон.
Юракни ўйнатиб, ўйнайди қадим,
Қўрқинчли боғ ичра ҳасрат жинлари,
Соғинчдан қабариб кетар юрагим,
Қирқ кун гўрда ётган ўлик сингари.
Аммо кетолмасман ғурбатдан қочиб,
Қайси бир турбатда тентирар танам.
Сен билан тирикдир саркаш қувончим,
Сен билан гўзалдир мозорбости ғам.
Кузак қучоғида мудраб ётар боғ,
Шамол ҳам арвоҳдай кезмас телбавор.
Фақатгина сенинг нафасинг уйғоқ,
Фақатгина сенинг соғинчинг бедор.
Хазонрез боғларда жилмаяр кузак,
У – ёруғ кунларнинг унут арвоҳи.
Мен жон аччиғида титрайман, юрак –
Заққум дарахтининг япроғи…

* * *

Ўйласам, юракни ваҳима босар,
Ўйлар жуда оғир, жуда ҳам оғир.
Кетсам, қисматимга қаро қор ёғар,
Қолсам, юрагимга ёғмоқда ёмғир.
На тўхтар, на йўлга бошлайди тана,
Руҳим ҳам негадир на шод, на ғамгин.
Қолсам – уволингга қоламан яна,
Кетсам – саволингда қоламан тағин.
Нечун олқаганча оҳ-зорларингни,
Маломат ёғилар билмасдан тиним?
Нечун мен суяман озорларингни,
Нечун мен суяман, суймайди жиним?..
Мени тушунмади бу ерда ҳеч ким,
Мен ҳам англамадим ҳеч кимни, аммо,
Қолсам, нечун шайтон ҳиринглайди жим,
Кетай десам, нечун йўл бермас Худо?…

Ният

Қўрқма, азоб берса агар ит талаб
Ёки хафа қилса дўстинг, душманинг.
Тўкилган ёшингни битта-битталаб
Териб олар фақат умид қушларинг.

Қўрқма, ёмон кўрса сени ўзгалар,
Қандай яралгансан – яшайсан шундай.
Фақат, ўтинаман, очма сўзга лаб,
Сен менга жуда ҳам яқинсан тундай.

Қўрқма, кўнгилнинг тор йўлакларига
Хазондай сочилса иғволар тоши.
Улғаяр нафратнинг йўргакларида
Фақат ишқ, фақат ишқ – юрак фарроши.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг