СЕН ХАЛҚДА ЯШАЙСАН

28
Туроб НИЁЗ
ОНА
Агар лозим бўлса, сиз учун жоним
Зарра ўйламасдан берармидим мен?
Бахтингиз йўлида орзу, армоним,
Бир сўз демай, қурбон этармидим мен?
Сиз бемор бўлсангиз, ухламай тун-кун,
Парвона бўлишга етгайму ҳолим?
Ҳадя этармидим фақат сиз учун,
Бу дунёда топган йўғу борларим?
Олисга кетсангиз, кутармидим мен,
Соғинчдан сарғайиб, хавотир олиб?
Қайтмасангиз, йиғлаб ўтармидим мен,
Шодлигу қувончлар бир четда қолиб?
Агар билиб-билмай қилсангиз хато,
Ҳеч бир иккиланмай кечирармидим?
Дилимга озорлар берсангиз, доғин
Ҳеч кимга билдирмай ўчирармидим?
Туну кун соғлиғу бахтингиз ўйлаб,
Тилагу дуолар қилармидим мен?
Ютуқларингизни фахр-ла сўйлаб,
Чинакам бахтиёр бўлармидим мен?
Билмадим, билмадим, азиз онажон,
Бу оғир саволлар қошида лолман.
Лек сизга буларнинг бариси осон,
Мен сиздек ҳеч қачон бўла олмайман.
АСИЛЛИК
Самимий бўлайлик, очиқ бўлайлик,
Сир-синоатлардан бўлайлик нари.
Ёлғон эмас, чиндан ошиқ бўлайлик,
Худди Мажнун каби, Лайли сингари.
Бошқача бўлишни истамайман, йўқ,
Сохталик қалбни ҳам тамом қилади.
Яшиллик дунёга бўлса чирой, кўрк,
Асиллик инсонни  одам қилади.
АЙТОЛМАЙСАН
Айтолмайсан дилда борини,
Гапирасан бошқа сўзларни.
Англамайди у ҳам дардингни,
Ўқимоқ осонмас кўзларни.
Умр эса турмайди қараб,
Ўтаверар сездирмай, секин…
Балки бир кун етгайдир англаб,
Ёшлик ўтиб бўлади, лекин.
 ХАЁЛДА ЯШАЙСАН
Сен яшайсан, фақат хаёлда,
Бирга бўлиш қилмади насиб.
Ёндирасан ҳар тун оловда,
Тушларимда бағрингга босиб.
Эркалайсан сочларим силаб,
Ловуллайди бахтдан кўзларинг.
Мен ҳам сени қучиб, эркалаб,
Бахт ҳақида бўлар сўзларим.
Уйғонаман – ёнимда йўқсан,
Наҳот бўлса яна бари туш?!
Мен ўлимдан қанчалик қўрқсам,
Қўрқитади шунча уйғониш.
КЕТАР БЎЛСАНГ
Кетар бўлсанг, ором нима билмасман,
Ғамда қолгум, ҳеч бахтиёр бўлмасман,
Кўз ёшларим дарё бўлур, кулмасман,
Муҳаббат бошига ҳижронлар етган.
Кетар бўлсанг, умид гули сўладир,
Порламасдан ишқ қуёши сўнадир,
Юрагимга қузғун келиб қўнадир,
Муҳаббат бошига армонлар етган.
Кетар бўлсанг,  авжга чиқар ёлғонлар,
Болалайди  миш-миш, ғийбат – чаёнлар,
Дилларимиз ўртар оҳу фиғонлар,
Муҳаббат бошига ёлғонлар етган.
Эҳтиёт бўл, ёмонларнинг сўзидан,
Тўғриликни эгри кўрар кўзидан,
Юрма сира сен уларнинг изидан,
Муҳаббат бошига ёмонлар етган.
БИР КЎРИШДА 
Гўё чақмоқ чаққандай бўлар,
Омадлари чопгандай бўлар,
Излаганин топгандай бўлар,
Бир кўришда севиб қолганлар.
Туғилгандай бўлар қайтадан,
Шу пайтгача тинмай қийнаган,
Саволларга жавоб айлагай,
Бир кўришда севиб қолганлар.
Учган каби от – Ғиркўкларда,
Бошлари ҳам етгай кўкларга,
Юз, кўзлари ёнар ўтлардай,
Бир кўришда севиб қолганлар.
Бир умрлик ҳамроҳ топишар,
Уни жон деб, ёр деб аташар,
Ўша дамни алқаб ўтишар,
Бир кўришда севиб қолганлар.
ҚЎҒИРЧОҚ
Қўғирчоқ инсондан буткул фарқ қилар,
Бунинг сабабини бола ҳам билар.
Қўғирчоқнинг эрки йўқдир ўзида,
Эргашади бировларнинг сўзига.
Барча гапга бошин эгиб, “хўп” дейди,
“Йўқ” десалар,  у ҳам албат “йўқ” дейди.
Ўз қараши, фикри бўлмас ҳеч қачон,
Ҳеч нени ҳис қилмас, қийнамайди жон…
Чунки у инсонмас, қўғирчоқ ахир,
Болалар қўлида ўйинчоқ ахир.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг