ЎН САККИЗ МИНГ ОЛАМ ИЧРА…

164

Бўлса гар имконингиз беморга эҳсон айлангиз,

Нотавон ҳам норасо афгорга эҳсон айлангиз.

 

Гул юзига тушди шабнам, ёзди барг Ҳақ нуридан,

Сизга муҳтож турган ул бедорга эҳсон айлангиз.

 

Берди Ҳақ сизга илм, бойлик, мақомат, бу синов –

Ҳикматин англаб яқин ночорга эҳсон айлангиз.

 

Ҳақ берур берганга бисёр, илоҳнинг қудрати,

Сиз ризолик бирлаким бекорга эҳсон айлангиз.

 

Хастадиллар талъати тургай Худога юзланиб,

Ҳолидан айланг хабар, душворга эҳсон айлангиз.

 

Икки олам неъмати эҳсон – балони қайтарур,

Даф этинг келган балони, зорга эҳсон айлангиз.

 

Ул Расул фазли билан сиз ўзни Маҳмуд айлабон,

Ҳақ йўлин тутгучи ул хушёрга эҳсон айлангиз.

 

* * *

Эй Нигор, ҳажринг аро ширин хаёлинг тортадир,

Ҳар нафас, ҳар ерда чун оҳанрабоинг тортадир.

 

Борлиқ ичра кўрмадим сендек гўзални, эй санам,

Телбараб, дилхастаман, сарви ниҳолинг тортадир.

 

Ўн саккиз минг олам ичра севганим танҳо ўзинг,

Беқиёс, бефитнасан, соҳир жамолинг тортадир.

 

Кўз очарман дарди ҳажрингда, кўнгил бедор эрур,

Ботиним ҳам зоҳиримни ҳур фиолинг тортадир.

 

Демадим ўткинчи ҳеч, сенсан ҳилолим безавол,

Кўнглима ҳар дамда марҳам хуш каломинг тортадир.

 

Мен эмас бир, ваҳ, сени севгувчилар бисёрдир,

Лек мени мажзуб ҳолим ичра ҳолинг тортадир.

 

Маҳмудинг дардинг аро чеккай азобинг туну кун,

Икки олам, эй Нигор, қулни висолинг тортадир.

 

* * *

Ота-онангга муҳаббат бирла ҳиммат айлагил,

Хизматида туну кун тинмай шижоат айлагил.

 

Жонфидо руҳи сани, бил, қўллагай ҳар ишдаким,

Бу савоб иш бирла сен кўнглинг саломат айлагил.

 

Ота-онанг руҳи покингнинг ҳамиша меҳвари,

Ёдини айлаб ҳамиша сен итоат айлагил.

 

Ота-онанг рози бўлса, билки, Оллоҳ розидир,

Розилик бирла туну кун чин ибодат айлагил.

 

Оналар пойида жаннат, дейдилар ҳақ Мустафо,

Пойига бошинг қўйиб ҳар дам зиёрат айлагил.

 

Ота-онанг руҳи боқий, сўнмагай икки жаҳон,

Тарбият фазли билан умринг ҳидоят айлагил.

 

Маҳмудо, Ҳақдан саодат истасанг икки жаҳон,

Ота-онанг азмини ҳам дам ижобат айлагил.

 

* * *

Яхши одамдан ҳамиша, эй ўғил, ибрат топинг,

Хизматин айлаб бажо Сиз азмидан ҳикмат топинг.

 

Чиқмагай ҳаргиз ёмонлик яхши одамдан азал,

Ўрганиб одобу илмин бебаҳо неъмат топинг.

 

Ота-она, яхши устоз тўғри йўлга бошлагай,

Сиз тутиб илгини маҳкам сийрату суврат топинг.

 

Умрингиз зийнатларидур яхши ҳамроҳ, яхши дўст,

Сиз улар тафтида гоҳ-гоҳ руҳга куч-қувват топинг.

 

Бўлса нодон суҳбатини, эй ўғил, тарк айлабон,

Яхшиларнинг даврасида туну кун навбат топинг.

 

Ул лаъин макрига учманг, билмайин ғафлат босиб,

Марди майдонлар аро сиз ишқида журъат топинг.

 

Ҳақ таоло ҳар қадамда сизни маҳмуд айласин,

Ул Куни ажрин олиб Сиз номаи нусрат топинг.

 

* * *

Ёд этиб ҳар дам санамни, эй кўнгул, ҳаддингда тур,

Беҳуда ўткарма дамни, эй кўнгул, ҳаддингда тур.

 

Ишқи бирла Ҳақ азиз этди азал Инсонни, бил,

Бузмагил ҳаргиз рақамни, эй кўнгул, ҳаддингда тур.

 

Сол назар, борлиқ муҳаббат ичра ёрин зикрида,

Кетказар занги адамни, эй кўнгул, ҳаддингда тур.

 

Аҳли маъни умри ҳар дам, бил, риёзат ичрадур,

Беамал кутма карамни, эй кўнгул, ҳаддингда тур.

 

Учма шайтон макрига ҳаргизки ҳаддингдан кетиб,

Васфидан узма қаламни, эй кўнгул, ҳаддингда тур.

 

Икки оламким висол шавқи билан обод кўнгил,

Ёр деб қўйгил қадамни, эй кўнгул, ҳаддингда тур.

 

Маҳмудо, ҳар лаҳза умринг изла дилдор васлини,

Мосиво-чун чекма ғамни, эй кўнгул, ҳаддингда тур.

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг