ХАЗИНА ИЧИДАГИ ХАЗИНА

20

Университетга ўқишга кириб, курсдошларимиз билан таниша бошлаганимизда бизни илк ҳайратга солгани шевалар бўлган. Аввалига турли вилоятлардаги дўстларимизнинг ўзига хос талаффузи ғалати туюлган. Секин-аста бухоролик Рўзибийининг ҳар икки гапнинг бирида айтадиган “иби”сига, ўшлик Ҳабибанинг “ашши”сига, хоразмлик Дилбарнинг “ҳовва”сига, улар ҳам бизнинг “боропти, келопти, боддим, келлим”имизга ўргандик. Бир-биримиздан сўраб, айрим нарса ва буюмлар номланишидаги фарқларни билиб олдик. Фақат дўстларимиз бизнинг “га” билан “да”ни
аралаштириб юборишимизга кўникишолмас, таътилдан Тошкентга қайтганимизда айримлари жўрттага: “Нима билан келдинглар?” деб сўрар, “Поездга келдик”, десак кулиб: “Поездга келган бўлсаларинг, кўтариб кетасизларми
ё ­судраб?” дейишарди ҳазил аралаш. Дарвоқе, биз – китобликлар оғзаки нутқда жўналиш келишиги “га”ни ўрин-пайт келишиги “да” ўрнида ишлатардик. Бунинг нотўғри эканини билсак-да, беихтиёр шу хатога йўл қўярдик ва баъзан домлаларимиздан ҳам дакки эшитардик.

Шевалар улкан бир уммонки, унга шўнғиган сайин сиру синоати очилаверади. Ўзбекона сўзу иборалар, қочиримлар жонланади, она тилимизнинг ўзига хос жозибаси “мана, мен” деб кўринади. Шева сўзларимизнинг қай бири аллақачон адабий тилимизга кириб, изоҳли луғатлардан ўрин олган бўлса, қай бири ҳозирча фақат жонли мулоқотда яшаб юрибди. Шевалар билан боғлиқ ҳангомалар, ҳазил-мутойибалар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади.

Ҳозир билмадиму биз ўқиган пайтлар ҳар йили филология факультети талабалари 2-курсдан сўнг халқ оғзаки ижоди ва шевашунослик бўйича бирор вилоятда амалиёт ўташарди. Биз Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига бориб, одамлар билан суҳбатлашганимиз, халқ оғзаки ижоди намуналарини тўплаб, шеваларини ўрганганимиз кечагидай эсимда. 1975 йили эса университет талабалари Китоб туманида худди шундай амалиётда бўлишган.

Маълумотларга қараганда, дунёдаги 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида гаплашади. Адабий тилимизга озуқа бериб турувчи ранг-баранг шеваларимиз билан бирга тилимизнинг улкан тарихи ҳам борки, бу ўтмишнинг бутун жозибаси мумтоз адабиётимизда, жумладан, Алишер Навоий асарларида намоён бўлган. Бугун биз Навоий асарларини луғатлар ёрдамида ўрганганимиз тилимизнинг қотиб қолмай, ҳамиша тараққий этгани, таркибига янги-янги сўзлар кириб келгани, қайси бир сўзларнинг истеъмолдан тушиб қолгани натижаси ҳамдир.

Четдан кириб келган сўзларни халқ жонли тилида ўзига, талаффузига мослаб олади. Шунинг учун ота-оналаримиз автобусни – аптабус, тракторни – тирактир, стулни – устал, велосипедни – валсапит тарзида талаффуз қилишган.

Яқинда тажриба тариқасида Китоб туманида маҳаллий шевани ўрганиш тадбирини ташкил қилдик. Танловда асосий эътибор товуш ўзгаришларига эмас, лексик қатламга қаратилди. Тақдим этилаётган сўзларнинг “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га киритилмаган бўлиши талаб қилинди.

Уч босқичда давом этган танловда фақат она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари эмас, балки бошқа кўплаб қизиқувчилар ҳам иштирок этишди. От сўз туркумига оид болғондор (сандиқ қўйиб, кўрпа йиғишга мўлжалланган махсус жой), ғанак (ипак қурти баргини еб битирган тут новдаси), дўлқути (бесўнақай идиш), алқунни (совун қолдиғи), дўхта (пахта терадиган этак), измак (жияк), капчабел, шоха (иш қуроли), кўнарги (қатиқ ивитиш учун сутга солинадиган қатиқ), пужжа (имконият), пудина (ялпиз), пўммик (ғунча), қўрамта (чала ўчган чўғ), анггор (экин экилган дала), дўкирма (бузилган пилла), завда (қуритилган райҳон, шивит, ялпиз кукуни), тайсанги (тош бостириб ўстирилган равоч); сифат туркумига оид нимкала (нари-бери), нимҳол (оч ранг), топилиқсиз (анқонинг уруғи, ноёб (аксарият кесатиқ маъносида), шат-шат (тез-тез), каллахуш (боши чарчаган, дам олмаган), ножарам (кучсиз), типоқ (аҳил), ҳапалак (саёз), тирриқ (озғин); феъл туркумига оид даримоқ (яқинлашмоқ), ғилпи қилмоқ (кўрпанинг авра-астарини қўшиб тикмоқ), ҳалламоқ (сакрамоқ), жағирмоқ (жаҳл билан гапирмоқ), идрамоқ (чиримоқ), гоч қилмоқ (аҳмоқ қилмоқ), чаннамоқ (қақрамоқ), пуш ташламоқ (ноннинг тандирдан пишмай узилиб тушиши) ва бошқа кўплаб сўзлар бор.

Сўзлар орасида ранг-тусни билдирувчи бика (пушти), тўтаки (мовий), нилови (оч яшил), шол (оч қизил), зайнави (яшил); кийим-кечакка оид гуппича (пахтали нимча), пешнават (момолар ўрайдиган рўмол), жилоп (пайпоқ), қўлжилоп (қўлпайпоқ), бирижа (сатиндан тикилган иштон); уй ҳайвонлари ва бошқа жонзотларга оид инак (сигир), гўсала (бузоқ), ҳанги (эшакнинг эркаги), илончак (чувалчанг), шахшақа (зағизғон), мағзак (битнинг боласи); озиқ-овқатга оид буррак (пиёзли сомса), бойимжон (бақлажон), кади пичак (қовоқ сомса), лахчатўппа (шилпилдоқ), суллук ош (сутли таом); одамлар феъл-атворига хос жовпазак (шошқалоқ), дадарвоқи (тарбиясиз, тартибсиз, дайди), пўлқи (хомсемиз, қўлидан иш келмаган), шўрапуруш (жанжалкаш), дидашах (қайсар, ўжар), ҳўққи (қўпол), лаппух (секин ҳаракат қилувчи), пўрриқ (қўлидан иш келмайдиган) ва бошқа сўзлар талайгина.

Шу тариқа мингдан ортиқ шева сўзлар орасидан шартимиз талабига мос, изоҳли луғатга киритилмаган 300 дан ортиқ лексик бирликни ажратиб олдик. Булар бир туман шевасидаги айрим сўзлар, холос. Ҳали элимиз бисотида сўз бойлиги ниҳоятда кўп, фақат уларни тўп­лаш, умумлаштириш, таққослаш, қиёсий ўрганиш лозим бўлади. Назаримда, республикамиз бўйича шева сўзларни оммавий тўплаш ойлиги ўтказилса, минглаб янги сўзлар кашф этилар эди. Уларни қиёсий ўрганиш, таққослаш эса лексик бирликларнинг қўлланиш доирасини ҳам аниқлаб беради. Масалан, Китоб туманида ялпизни пудина дейишади. Жиззахнинг айрим ҳудудлари ва Нурота туманида ҳам шундай экан. Ёки Китоб шевасидаги лойшанг сўзи Шаҳрисабз шевасида ҳам бор. Моҳинисо Камолованинг қуйидаги шеърига эътибор беринг:

...Лойшанг кўча. Илон изи йўл…

Ортга қараб боргим келяпти.

Қадоқ босган ва сертомир қўл,

…Мен уларни кўргим келяпти.

Симкаравот тагидан оққан,

Ариқчага айтгим келар сир.

Укам каби хаёлчан боққан

Тераклар ҳам кўнглимдай дилгир.

 

Изоҳли луғатимизда каравот деган сўз бор, аммо симкаравот киритилмаган. Китоб шевасида темирдан ясалган каравотга нисбатан ишлатилади. Юқоридаги шеърдан шу сўз ҳам ўрин олган.

Танловга сўз бирикмалари, иборалар ва халқ қўшиқларидан ҳам юборишган. Юраги иккита (қўрқмас), етмаганига енг бўлди (ёрдамлашди), миясининг тарки очилди (тушунди), қўли қуруқ (баракасиз), чилласида чироқ кўрмаган (очкўз), томдан кучук қарагандай (ярашмаган), кўзи ўйилди (панд еди), куракка либос (кўримсиз кишига либоснинг ярашиши) каби ва бошқа кўплаб сўз бирикмалари, иборалар тилимизнинг ўзига хос нозик жиҳатларини кўрсатиб турибди.

Тўпланган шева сўзларнинг бир қисмини Китоб тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг “Фейсбук”даги саҳифаси орқали эълон қилганимизда китоблик шоира Гулбаҳор Жумаева “Олманинг тагига олма тушди” деган сатирик шеър ёзибди:

Анггорга кир, экинладди суғор, болам,

Кўча-пўчайни йиғиштир, ўлай сангга.

Аммурни оч, экин-тикин

чаннаб кеткан,

Ман тандирга буррак самса

қилай сангга.

 

Бика белқасийни байла, белинг тутар,

Бойимжонни босип ома, тузук суғор.

Белғиштайди ечиб келай, бир беинним

Гувалакка тўлдирипти ошиб девол.

 

Гуппичамни кияй, ўлсин бу ваража,

Билмаёмман, гаттак мазам қочобти.

Уф, томорқага сув келиш қийин бўлли,

Қайси дидашах йўллан сувди очопти…

Шеър анчагина катта бўлиб, ичувчи эр, рўзғор бутлиги деб яшаётган аёл ва тўполончи бола ҳақида…

Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг олим ва мутахассислари шеваларимизни ўрганиш мақсадида экспедицияларни мунтазам ўтказиб туришса, ўзбек тилининг луғат бойлигини доимий равишда янги сўзлар билан бойитиб бориш имконияти туғиларди. Бунда маҳаллий ҳокимликлардаги давлат тили бўйича маслаҳатчиларнинг амалий кўмагига таяниш мумкин.

Лола ЎРОҚОВА,

Қашқадарё вилояти

Китоб тумани ҳокими маслаҳатчиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг