ОЙБЕКНИНГ ЖУФТ ҚАНОТИ

293

“Адиблар хиёбони”дан жой олган чин маънодаги улкан ижодкорлардан бири Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекдир.

Ижодкорнинг (умуман, ҳар қандай инсоннинг!) баланд-баланд парвоз қилиши учун  икки қаноти бўлиши керак. Бўлиши шарт! Улардан бири унинг инсонийлиги бўлса, иккинчиси эса, танлаган касбининг чин маънодаги устаси бўлиб етишмоғидир. Ойбек бунинг уддасидан чиққан инсон-ижодкор эди. Унинг икки қаноти ҳам бақувват, соғлом эди. Шунинг учун ҳам унинг инсонийлиги ижодкорлигидан, ижодкорлиги эса инсонийлигидан баланд туради.

Ойбек – серқирра ижодкор.

Аммо уни кўпчилик асосан ёзувчи ўлароқ билади. Аслида, шоирлиги ҳам чунон юксакки, назаримда, символизм бобида ундан ҳали кўп ва хўп сабоқ олсак арзийди.

Аристотель “Поэтика”си шуни кўрсатадики, ўша даврлардаёқ санъат жуда нозик тушунилиб тасниф ва талқин этилган. Бироқ у пайтда асосан суратнинг зоҳирий ҳаракати, унинг ўхшашини яратиш (мимесис) марказий ўринда турган бўлса, XX асрга келиб, эътибор инсоннинг ботиний олами, яъни кўнгли томон сурилди. Аслида, суратдан сийратга томон ҳаракат бир-иккита санъаткор ё олимнинг эмас, балки башарият фитратидаги яширин, лекин ҳамиша ўзини намоён этишга уриниб борувчи моҳиятнинг иши. Албатта, шахсларнинг алоҳида хизматлари  доимо алоҳида эътирофда бўлмоғи лозим.

Лекин адабиёт тарихига назар ташласак, даврлар ўзгариб тургани каби адабиётнинг нуқтаи назари ҳам бир жойда қотиб қолмаганлигининг, гоҳ сурат, гоҳ сийрат унинг тадқиқ объектига айланганининг гувоҳи бўламиз.  Ўзбек шоири Ойбек ижодини кузатганимизда ҳам ана шу икки ҳолга дуч келамиз. Улардан бири инсон танаси ҳаракатини, унинг жисмонан фаол ҳолатини (ижтимоий фаолликни) кузатиш эса, иккинчиси “коинот гултожи”нинг кўнгил ҳолини (руҳий-маънавий фаолликни) акс эттиришдир. Нафақат Ойбек, балки унинг бутун авлоди зиммасига ана шундай яшаш ва ёзиш қисмати тушди: эсланг, “Курашади икки тўлқин”.

Биз чинакам адабиёт (санъатни!)-
ни яратувчи руҳни қафасдан бўшалишини кутаётган қуш тимсолида қабул этамиз. Қуш қафасни, демакки, ҳар қандай қолипларни парчалашга тайёр. Энди унинг рўпарасида само – поёни йўқ дунё, ҳисобсиз кашфиётлар, имкониятлар тўлқини… Айни пайтда, қайд этишимиз зарурки, само деганимиз кўзи кўрадиган ҳар бир киши қабоқларини очган заҳоти шундоқ тепасида ёйилиб ётган бўшлиқ бўлмай, қалбдир, инсоннинг ботиний осмонидир. XX аср адабиёти (жумладан, шеърияти), таъбир жоиз эса, ана шу осмонни соғинган қуш.

“Далиллар тугаган жойда адабиёт бошланади”, дейди Достоевский. XX аср шеърияти хусусиятларидан бири шуки, у қўл билан ушлаш мумкин бўлган аниқликдан қочиб, мавҳумликка интилади (албатта, ҳар доим ҳам эмас, зеро, шеърият серқиррадир).  “Кўзлари иккита марвариддек ёниб, дард чекиб, дераза ёнида паришон ва ғариб ўтирган қушча” (Рауф Парфи) каби атрофни билишга, англашга интиладию ўзининг – кўнглининг истагини, дардини билмайди, билолмайди. Лекин айнан шу ҳолни изҳор этаркан, ўзини-ўзи даволайди. Яъни Қуръони каримда сўз – шифо, дейилганидек, шоир дардидан отилиб чиқаётган сўзлар билан ўз жароҳатига малҳам қўяди. Мавҳумликнинг каромати – шу. Айни дамда, мавҳум олам рамзларга кўчирилади ҳамда тафаккур ва кўнгил мақомида у билан мулоқотга киришилади.

Бу – поэзия табиатига бир назар, холос. Зеро, у талқинларга бунчалик осон таслим бўлмайди, яъни шеърият симоб янглиғ доимий ҳаракатда. Уни кафтга олиб тадқиқ этишни, у ҳақда тугал хулосалар чиқаришни истамак — хом хаёл. Шеърият тўғрисида айтилган ҳар бир фикр, ҳатто бу ишга бағишланган бутун-бутун умрлар ҳам уни тутиб олиш учун қўйилган тузоқлардан ўзга нарса эмас. Таҳлилчи уни қўлга киритишни шу қадар истайдики, ниҳоят, тузоққа илинган ҳар қандай ўлжани “шеърият” деб аташга тайёр яшайди. Мабодо, янада чуқурлашадиган бўлса, ўзи қўйган тузоққа ўзини отишдан бош­қа чораси қолмайди унинг. Чинакам шеъриятнинг мағзи унинг кўнгил иши эканлигида. Кўнгил иши эса ҳамиша ҳам биз тушунадиган муайян қонуниятлар асосида рўй бермайди. Яъни у инсоннинг инон-ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳур олам. Башарнинг ҳар қандай қафасни парчалаб, озод ҳаётга бўлган интилиши ажаб эмаски, ана шу олам ҳайқириғининг акс садоси бўлса! Бунга Ойбек ижоди яққол мисол бўла олади. Ахир, унинг шеърларидан таркиб топган икки жилдни олиб ўрганиб кўринг: ҳукмрон мафкурага бағишланган юзлаб шеърларининг замони ўтганини дарров англайсиз. Фақат шоир кўнглининг изҳори бўлиб қоғозга тушган ўнлаб шеърлари эса юрагингизга жиз этиб тегади.

Ҳа, Ойбек шеърияти юксак символистик поэзиянинг гўзал намунаси бўлиб, унинг “Онлар”, “Қиш тонгида”, “Сен ғурубнинг олтин қўлларидасен”, “Шамол, бир эртак ўқи!”, “Юлдузлар чаман-чаман”, “Юрамен, тошади севинчим” каби шеърлари бунга ёрқин мисол бўла олади. У бир шеърида:

Учиб ер тишлайди бир гала япроқ…

Сасида қуёшнинг, баҳорнинг ёди…

деб ёзади. Назаримда, сасида худди шундай ёд яшаган адабиётгина ўзини оқлайди. У ўз моҳиятига кўра соғинчдан яралади, яъни у соғинчнинг зоҳири, холос. Соғинч эса кучайиши, қафасни ўзи билан кўтариб учмоқчи бўлган қуш янглиғ инсонни қаёққадир – сирли, номаълум бир оламга олиб кетмоққа тайёр яшаши мумкин.

Шоир юқоридаги икки мисрага одамзот қисматини жо қила олганини унинг ўзи ҳам сезмаган бўлса, ажабмас. Чунки бу – шоир илҳомининг иши. Зеро, савқитабиий ўз табиатига биноан ҳамиша номаълум оламларни кашф этади. Хуллас, юқоридаги икки мисра шеър рамзий бўлиб, ўзида кўплаб маъно қатламларини яшириб турибди. Шулардан биринчиси ва эҳтимолки, шоир назарда тутган маъно – ўша манзара: куз ва унда кечаётган табиий жараён – дарахт барглари тўкилишининг жонлантирилган кўриниши. Интоқ санъати орқали чизилган ушбу манзара айни чоғда туғилишидан ғайришуурий тарзда символистик моҳият касб этган:

Учиб ер тишлайди бир гала япроқ…

Сасида қуёшнинг, баҳорнинг ёди…

Бу ерда япроқ — бани одам. У қачондир баҳорда қуёшни кўрган, нурларини гўдак янглиғ эмган. Энди эса, япроқ ерда. Энди уни қуёш ҳам, баҳор ҳам қучмайди. Балки япроқнинг ўзи қуёш ва баҳор ёдини маҳкам қучоқлаб олган. Чунки унинг бисотида элас-элас жимирлаётган ана шу хотирадан бошқа ҳеч вақо йўқ. Мантиқан олганда, ҳатто хотира (ёд) ҳам унутилишга маҳкум. Ахир, у кечаётган вужуд – япроқ ўз бандидан жудо бўлган-да. Башар қисматини фожеага ­
тенглаштириш ва келажагида “қиёмат”нинг муқаррарлиги тўғрисидаги қарашларни эсланг. Бироқ инсоният ўз ожизлигини билган тақдирда ҳам табиатан офатни қўл қовуштириб кутиб ололмайди. Унинг сара фарзандлари эса бутун борлиғи билан САСга айланадилар. Бу сасда “қуёш ва баҳорнинг ёди” яшайди…” Демак, ушбу икки мисрага шоир инсоннинг ич-ичидан оқиб чиқадиган ёруғ умидни жойлаган.

Ҳар лаҳзада ялтироқ шаҳардан воз кечиб, дала-туз бағрига кетиш кайфиятида яшамаган киши шеър ёзиш қасдида қўлига қалам олмасин. Зеро, шоирлик – тинимсиз равишда табиатга қайтишлик. Яъни ижтимоиёт шоир зиммасига ҳам талай муаммоларни, турли қонун-қоидалар заҳматию одоб-ахлоқ ташвиш­ларини юклайди. Бироқ у жазавага тушаркан (шеър ёзаркан), илк бор эгар урилган асов от сингари кўкка сапчийди, гарданида ғашига тегаётган нимадандир қутулмоқчи бўлади. Шоир айнан шу лаҳзалардагина шоирдир. Унинг асл ҳаёти ҳам, фоний оламдаги қувончи ҳам шу пайтда кечади:

Орқангдан йиғлаб қолдим,

Кўксимни тиғлаб қолдим,

Қиз, дарёдан ошарсан,

Билмам, қайда яшарсан,

Орқангдан йиғлаб қолдим…

Илҳом онларида шоир жисми ва у билан боғлиқ оламни унутади, ёдида қолган борлиғи эса ажиб бир туйғуга – мусиқага айланади. Шеър мазкур оҳангнинг, яъни сийратнинг нуқсонли сурати, холос. Уни ўқиш эмас, гўзал бир мусиқа ­янглиғ эшитиш, ҳис қилиш… лозим. Йўқса,

Денгиз, тоғлар ошайлик,

Чўпон каби яшайлик.

Бирга олиб кет мени –

деган мисраларни ўқиб, шоир ҳақиқатан ҳам бир жонон билан чўпон каби тоғлар бағрида айш сурмоқчи деб биламиз. Аслида-чи? Аслида шоир ҳеч қачон бунга рози бўлмайди. Унинг мақсади айнан шундай ҳаётдан – қўл билан ушлаш, бадан орқали туйиш мумкин бўлган воқеликдан, лаззатдан қочиш. Йўқса, у қизнинг қаерда, қайси манзилда яшашини аллақачон билиб оларди.

Қиз дарёдан ошарсан,

Билмам, қайда яшарсан…

Сир аралаш ҳаётинг…

Сўйла қаён борасан? –

дея-дея, шоирнинг ўзи йўлга тушади, ҳаётини хаёлотда синаб кўрмоқ истайди. Сирлар дунёси сари интилади, баъзан ҳатто парвоз қилади. Эҳтимол, у узоқ учолмас, қанотлари синар, ожизлигини англар… Бироқ муҳими — бу эмас, муҳими – қафасни ёриб чиққан қуш (руҳ) парвозининг илк шиддатида:

Тушимда кўрдим сени,

Бирга олиб кет мени.

Шоирлик ҳам худди шу ондан бошланиб то қанотлар қайрилгунга қадар  давом этади. Яъни у – шудринг умрининг юздан бирича келар-келмас фурсат. Илҳом фурсати…

Яхши шеър ғуборли ер юзини ювиб, тозалаб тургувчи ёмғирга – раҳматга ўхшайди. Ундан баҳра ола билган инсон қалби ёмғир ювган оламдек тиниқлашади. Ботиндаги қуёш чиқиши билан эса, у ўз кўнгил камалагини томоша қилиши мумкин. Шеърни шу тариқа тушунар ва таҳлил этарканмиз, шууримизга беихтиёр шоир ўз кўнгли билан қандайдир ўйин ўйнаётгандек туюлмаяптими, деган саволомуз ҳайрат қуюлади.

Қисқаси, Ойбекнинг кўнгил лирикасида камалакнинг барча ранглари мужассам. Шунинг учун ҳам Ойбек шеъриятида ижтимоий асос қанча залворли бўлса, кўнгил изҳорлари ҳам шунча вазмин юк босади. Буни шоирнинг йигирма жилдли “Мукаммал асарлар тўплами”нинг биринчи ва иккинчи жилдларини варақлаб чиққанингиздаёқ теран англаб оласиз. Албатта, Ойбек ижодкор сифатида адабиёт оламига қадам қўйганда давр бошқа эди. Шу боис ҳам, у асосан ҳукмрон мафкура талаб қилган мавзуларда, талаб қилинган йўсинда ижод қилди. Лекин, барибир, шоирдан шундай шеърлар қолдики, улар ўз вақтида ҳам, бугун ҳам кўзларга суртиб ўқилади, ўқилмоқда. “Наъматак” шеърини олинг. Бу – жаҳон поэзиясининг энг саралари қаторида тура оладиган ва уларнинг ҳеч биридан ҳеч бир қиёсларда асло қолишмайдиган юксак шеърият намунасидир. Ҳа, Ойбекнинг “Наъматак”, “Ўзбекистон”, “Орқангдан йиғлаб қолдим” каби шеърлари нафақат шоирнинг, айни пайтда, ХХ аср ўзбек шеъриятининг  ҳам чинакам ютуғидир.

Улуғбек ҲАМДАМОВ,

филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг