ШЕЪР МАЖНУНИ

198

Ўзбек халқининг севимли шоирларидан бири Шукрулло бир кам юз ёшида фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилди. У, бошқа тенгдошлари сингари, ўтган асрнинг 30-йиллари охири – 40-йиллари бошларида ўзининг илк жўшқин шеърлари билан ўзбек адабиётига кириб келганди. Унинг вафоти билан Ойбек ва Ғафур Ғулом авлодидан кейин ўзбек адабиётига кириб келган Шуҳрат ва Асқад Мухтор авлоди ҳам ёруғ дунёни тарк этиб, тарих бағридан жой олди. Ойбек ва Ғафур Ғулом авлоди Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар бошлаб берган янги ўзбек адабиётини янги тараққиёт босқичига кўтарди. Шуҳрат ва Асқад Мухтор авлоди ҳам устоз­ларининг энг яхши адабий анъаналарини давом эттириб, адабиётимиз хазинасини сара асарлар билан бойитишга интилди. Бугун ўзбек адабиётининг жаҳон адабиёти бағридан мустаҳкам ўрин эгаллашида бу авлоднинг ҳам ҳиссаси оз эмас.

Шукрулло туғилган оилага диний адабиёт ҳам, дунёвий адабиёт ҳам бегона бўлмаган. Отаси Ғафур Ғуломдек улкан шоир билан яқин алоқада бўлган. Катта опаси унча-мунча шеърлар ёзган. Ўзи ҳам 1932-1933 йиллардаёқ қалам тебрата бошлаган. Шу йилларда ўзбек шеърияти осмонида Усмон Носир юлдузининг чақнаб ёнишию вафотининг 100 йиллиги муносабати билан пушкинхонлик кечаларининг шеърият байрами сифатида ўтказилиши ҳаваскор шоирнинг шеърият Мажнуни бўлишига сабаб бўлди.

У устози Ғафур Ғуломдек туғма шоир эди. У табиат манзараларидан ҳам, кишилар ва жамият ҳаётида рўй берган воқеалардан ҳам, бирор устози, тенгдоши, ҳатто шогирдининг қойилмақом қилиб ёзилган шеърларидан ҳам ёш боладек завқ олар, агар шу лаҳзада илҳом фариштаси унинг атрофида қанот қоқиб юрган бўлса, бадоҳатан яхшигина шеърни айтиб ёки ёзиб ташлаш унга ҳеч гап эмас эди.

Кунлардан бирида дарвешфеъл шоирларимиздан Азиз Абдураззоқ устозини йўқлаб келганида, шоирнинг қизлари одатдагидек меҳмон шарафига дастурхон ёзиб, гулгун пиёлаларга чой қуйиб, ибо билан узатиб кетади. Икки шоир мусулмончиликка риоя қилиб, аввал чойни ичишади. Сўнг навбат шаробга келади. Ўша йилларда табиат заха тортмаган эди: капалаклар борми, тилла қўнғизлар борми, бемалол учиб юрар, ҳатто дастурхоннинг ҳидини олиб, мева-чевалар тепасидан кетмас эди. Шундай кутилмаган “меҳмон”лардан бири – оппоқ қанотчали капалак дастурхон атрофида учиб юриб, кутилмаганда шароб қуйилиб, икки шоирнинг кўзини ўйнатиб турган гулгун пиёлага келиб қўнади. Пиёлаларга қўл узатишга шайланиб турган шоирлар ўзлари билан капалак ўртасида қандайдир “руҳий яқинлик”ни сезиб, донг қотадилар. Ҳар бир воқеанинг фалсафий илдизини қидиришга кўниккан Шукрулло Азиз Абдураззоқдан сўрайди:

— Азиз, бу капалак нима учун бир-биридан ширин меваларни эмас, шароб қуйилган пиёлани аъло деб топди?

— Капалакда ҳам одамларга хос хусусиятлар бўлади. Кўрадики, биз пиёладаги “шайтоннинг суви”ни сипқормоқчимиз. Унда ҳам шундай истак туғилган кўринади, — деб жавоб беради Азиз.

— Йўқ, — дейди Шукрулло. — Капалак­лар гулзордан-гулзорга учиб юради. Гулзор — уларнинг ватани. Бизнинг капалак эса гулгун пиёлани гулзор деб ўйлаган!

Азизга устознинг топқирлигидан ҳайратга тушиб, қарсак чалишдан ўзга иш қолмаган эди.

Шукрулло жуда кўп ҳолларда шундай ҳаётий жумбоқларнинг шоирона ечимини топиб, ҳаммани қойил қолдирувчи гўзал шоир эди. Шукруллонинг энг яхши лирик шеърларида унинг шу фазилати жилваланиб туради.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Шукрулло мансуб бўлган авлод 30-йиллар охири – 40-йиллар бошларида адабиёт оламига кириб келган. Бинобарин, бу авлод вакиллари 50-йилларга қадар шаклланмаган ва уларнинг бирор асари адабиёт оламида воқеа бўлмаган. Агар золим подшо Сталин борса-келмас дунёга равона бўлмаганида, шу авлоднинг 50-йилларда қатағон қилинган Шуҳрат, Саид Аҳмад, Шукрулло сингари пешқадам вакиллари адабиётда бирор из қолдирмай, ном-нишонсиз кетган бўлардилар. Не бахтки, тарих баъзан-баъзан адолатли ҳукм ҳам чиқариб туради.

Сталинчи жаллодлар Ўзбекистондек иссиқ ўлкада туғилиб ўсган маҳбусларни собиқ империянинг энг совуқ жойларига юборишдан олам-олам лаззат олганлар. Шукруллонинг чекига шимолдаги Норильск шаҳридаги лагерь тушган. Камина шўро мамлакатидаги сиёсий иқлим ўзгара бошлаган 60-йилларда Енисей дарёси бўйлаб саёҳатга чиқиб, Норильск шаҳрига ҳам борганман. Ёзнинг жазирама кунлари эди. Биз, саёҳатчилар Норильск портига етиб келганимизда иссиқ кийиниб, албатта, ёмғирпўшни олишимиз лозимлигини айтишди. Норильскда нафақат қиш чилласи, балки кечки куз ва эрта баҳор ойларида ҳам қаттиқ совуқ ҳукмронлик қиларканки, ҳатто автобус­лар бензинхонасидаги ёқилғи яхлаб қолиб, йўловчилар аро йўлда қоладиган кунлар тез-тез содир бўлар экан.

 Шукрулло маҳбуслик йилларини шундай рутубатли шаҳардаги бадбахт лагерда ўтказди. Ориқдан келган, танасида суякдан бошқа эти бўлмаган шоирнинг шу ажал масканидан омон қайтиши — ажабланарли воқеалардан бири. Одатда шўро даврида ҳаёти шундай дўзахларда кечган, ит емайдиган “овқат”ларни, ҳақоратларни, таҳқирланишларни эслашга тоқати бўлмаган ёзувчилар озодликка эришганларидан сўнг шу ҳақда асар ёзиш, шўро даври тарихининг қонли саҳифаларини ёритиш учун ўзларида куч топа олмадилар. Аммо нимжон Шукрулло айрим рус биродарларидан ибрат олиб, “Кафансиз кўмилганлар” хотира-романини ёзди. Бу асар ўзбек жамиятида катта акс-садо берди. Бундан илҳомланган шоир яна шу мавзуда асар ёзишни ўзининг ўтганлар олдидаги бурчи, деб билди.

Ўзбек халқининг ажойиб фарзанди Убайдулла Хўжаевнинг номи яқин-яқингача зулмат қўйнида эди. 1909 йили Саратов шаҳридаги адвокатурада хизмат қилган У.Хўжаев Ясная Полянада яшаб, зулмга зулм билан жавоб бермаслик ҳақидаги “назария”ни тарғиб қилаётган улуғ рус адибига хат ёзиб, унинг “назария”сини чиппакка чиқарган. Л.Н.Толс­той У.Хўжаевнинг фикрларида жон борлигини сезган бўлса ҳам, унга ўз “назария”сини ҳимоя қилувчи жавоб хатини юборган. Ўрта­осиёлик йигитнинг улуғ рус адиби эътиборини қозониши ҳазилакам воқеа эмас эди. Бундан хабар топган жадидлар У.Хўжаевнинг Тошкентга келганини эшитиб, унга “Садои Туркистон” газетасига муҳаррирлик қилишни илтимос қилишган. Хуллас, У.Хўжаевнинг кейинги ҳаёти ўзбек халқининг мустақиллик йўлида олиб борган кураши майдонларида кечган. У.Хўжаев Шукруллонинг тоғаси эди. Шукрулло НКВДнинг темир сандиқлари очилгач, ДХХ архивидаги У.Хўжаевга оид архив материаллари билан танишиб, “Тирик руҳлар” роман-хотирасини яратди. Шукруллонинг бу асари орқали халқимиз У.Хўжаевнинг эрк ва ҳуррият йўлида кечган ҳаёти билан танишди.

Шукрулло ўз фикрида турадиган, ҳақ­сўз, ҳалол, виждонли шоирлардан бири эди. Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Давид Кугултинов, Мустай Карим сингари дунёга машҳур шоирлар уни шу фазилатлари учун севиб, у билан дўстона алоқада бўлдилар. Дарвешсифат шоир Москва, Кавказ ва Волгабўйидаги дўстларини соғинганида бир кунга, ҳатто бир соатга бўлса ҳам, ярим кечада самолётга тушиб, уларни кўргани борарди.

Шукрулло роман жанрига мурожаат этганида ҳам, драматургияга назар ташлаганида ҳам шоир-романнавис, шоир-драматург бўлиб қолди. Унинг “Ўғрини қароқчи урди” комедиясидан “Ҳасрат боғи” драмасигача ҳаммаси шеър билан ёзилган. Шу маънода у узоқ умри мобайнида шеъриятга асло “хиёнат” қилмади.

Шоир то умрининг охиригача қайноқ ижоддан чарчамади, шогирдлари ардоғида бўлди. Мангу айрилиқ онларида Шукруллонинг барча яқинларига сабр тилаб қоламиз. Атоқли шоирнинг хотираси асло ёдимиздан ўчмайди.

 Наим КАРИМОВ,

 академик

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг