СОҒИНЧ ШАМОЛИ

23

ёхуд сокин куз оқшомлари

Хотира уйғонса – гўзалдир!

Баҳодир Содиқ

Баҳор кунларининг бири эди, ҳовлида хаёл суриб тургандим, тўсатдан момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақиб тунни ёритиб юборди, бир зумда бутун борлиқни нурга тўлдирдию сўнг ўчди…

…Хаёлим олис кузнинг сокин оқшомларига кетади… Дўс­тим, адабиётни нозик ва инжа фаҳм этувчи инсон, айни навқирон ёшида оламдан кетган Баҳодир Содиқни эслайман… У ҳам бир зумлик чақмоқ каби чақнаб сўндию, лекин қанча қалбларга ўша нур — ўша қувончни муҳрлаб кетди. Бу нур, бу қувонч ҳануз қалбимизни ёритиб турибди… Бу қувонч энди соғинч боғларида армонли бир шамолга айланган. Бу соғинч шамоли. Бу шамол энди қалбимда тинмай эсаверади… Бу шамол мени бундан қирқ йил бурун ортда қолган, қалбимизда орзуларимиз барқ уриб гуллаган беғубор онларга етаклайди…

 1979 йилнинг кузи. Талабаликнинг дастлабки йили, октябрь ўрталарида Сирдарёга пахта теришга бордик. Бизлар 4-курс талабалари билан битта барак, яъни ётоққа жойлашдик. Эрталаб ҳаммамиз чумолилардай чўзилиб пахтазор томон йўлга тушамиз. Пешинга қадар озми-кўпми пахта ёки подбор терамиз. Пешиндан сўнг эса бир-икки этак пахта терган бўлиб, шу пахта устида кимдир ётиб китоб ўқийди, кимдир шериги билан адабиёт, шеърият, соф севги ҳақида гоҳ тортишиб, гоҳ баҳслашиб суҳбат қуради.

 Кенг далалар бағрида, кўм-кўк, тип-тиниқ осмон остида кечган бу суҳбатлар ўзгача эди. Кечки пайт, қуёш қизариб бота бошлайди. Ҳамма барак сари йўл олади. Йўлда яна баҳслар, ҳазил-ҳузуллар… Раҳмон Ҳожимурод бор овози билан шеър ўқишга тушади. Ҳайитбой, Ғайрат, Абдураззоқ Обрўй унга жўр бўламиз. Бу Муҳаммадали Қўшмоқовнинг дилбар сатрлари эди:
Бир мезоннинг йўли янглиғ кунлар узундир,
Бир тола соч таърифидек тунлар узундир
Ва қувваи ҳофизамнинг дарёси узун,
 У туну кун куйга солар шу қўшиқ сўзин:

 “Сим, дедим, сим-сим, дедим, симлар қўйнимда,
 Зарра гуноҳ менда бўлса, қилич бўйнимда”.
Мен юртимдан олисларда бир қизни суйдим,
Юлдузларнинг кўз ўнгида юлдуздек куйдим,

 Дилдоримнинг дийдорига тушларда тўйдим,
 Ёш умримни садқа, дея пойига қўйдим,
 “Сим, дедим, сим-сим, дедим, симлар қўйнимда,
Зарра гуноҳ менда бўлса, қилич бўйнимда”.

 Халқ оҳангларига уйқаш бу сатрлар ўз-ўзидан юраклардан қайнаб чиқар, бу сатрлар осмонларга учиб, узоқ-­узоқларга таралар ва кенг далалар бағрига сингиб кетар эди. Ўша пайтлар ҳаёт, бу ёруғ олам кўзимизга фақат шеър бўлиб, соф муҳаббат бўлиб кўринар, биз эса ҳаётни фақат шеърдан, муҳаббатдан иборат деб ўйлар эдик.

 Оқшомлар гулхан атрофида бўлган мушоиралар, ­ўйин-кулгилар биз учун бир байрам эди… Қани энди у байрамлар?.. Энди у байрамлар қайларда қолди?… Мана оқшом барак олдида булунғурлик курсдошимиз Мамадали Жалилов қўлида рубоб, қўшиқ куйламоқда. Ҳамма жим тинглайди. Мамадали куйлаётган қўшиқ гўё қалбимизда жаранглай бошлайди. Мамадали куйлаётган қўшиқ оқшом бўйлаб тарала бошлайди:

 Қор босса ҳам оламни буткул,
Эшигингдан ўтарман бир ку-у-ун…

 1979 йил 6 ноябрь. Ёмғирли кун эди. Қандайдир китоб ўқиётган эдим. Кимдир мени чақирди:

 – Бердираҳмат, бу ёққа қаранг.

 – Эй Баҳодир, келинг-келинг!

 – Сизга Мирзо Кенжабек салом айтиб юборди.

 – Э, саломат бўлсин. Мирзо акани қаерда кўрдингиз?

 – Икки-уч кунга Тошкентга боргандим. Мирзо ака билан учрашиб қолдик. У киши сизни сўради. Мен сиз билан бир жойда пахта тераётганимизни айтдим.

Шу куни биз Баҳодир ва унинг дўстлари Фарҳод, Нурфайз, Бобоназар билан анча суҳбатлашдик. Баҳодир ва Фарҳод Сўфи Оллоёр, Машраб ғазалларидан ўқишди. Бу ерга келганимизга анча кун бўлиб қолган бўлса-да, бу Баҳодир билан илк бор яқиндан танишиб, суҳбатлашишимиз эди. Шу пайт оқшомги мушоира бошланиб қолади. Талабалардан бири Мирзо Кенжабекнинг халқ оҳангида ёзилган шеърини ёддан ўқий бошлайди.

 Қаро туннинг бағрида

 Ёруғ хаёл қандай хуш…

 Бу дунёда бир қиз бор –

 Ёстиғининг ярми бўш.

Кўпчиликнинг илтимосига кўра Баҳодир ҳам даврага таклиф этилади. У “Гўрўғли” достонидан термалар, Махтумқулига ўхшатма тарзида ёзган ҳазил шеърларидан ўқиди. Шунда талабалар Машраб ғазалларидан ўқиб беришини сўрашди. У эса: “Бобораҳим Машраб ғазалларини таҳоратсиз ўқиб бўлмайди”, деди. Ҳамма унга ҳайрат-ла тикилиб қолди. Баҳодирнинг бу сўзлари, айниқса, биз – биринчи курс талабалари учун кутилмаган янгилик, ички бир жасорат ифодаси бўлиб кўринди. Унинг бу сўзларида мумтоз адабиётимизга, улуғ боболаримизга улкан ихлос ва муҳаббат намоён эди.

 Баҳодир иккимиз кечки пайтлар сайр баҳонасида пахтазор ўртасини кесиб ўтган, қўшни бараклар билан туташтирувчи, икки тарафига чинорлар экилган йўлда юриб суҳбатлашадиган бўлиб қолдик. Кузнинг сокин оқшомларида кечган бу суҳбатларимиз ғоят мароқли эди.

 – Муҳаббат ҳақида битта шеър ўқинг, – деди у бир сафар.

 Мен яқинда ёзган тўртлигимнии ўқийман:

 Ўн саккизда эдик иккимиз,

 Ўн саккизда эди бу олам.

 Ўн саккизда эди севгимиз,

 Қайга кетдинг ўн саккизгинам?

  – Ажойиб шеър экан, – дейди.

 Баҳодир кейинчалик бу тўртликни кўп давраларда ёд айтиб юрди. У фақат мени эмас, бошқа дўстларни ҳам хурсанд қилишни хуш кўрар, ўзгалардаги бу шодликни кўриб ўзи ҳам қувониб кетарди. Бир сафар суҳбатимиз рус шоирлари Андрей Вознесенский, Евгений Евтушенко шеърияти ҳақида бўлди. Шунда Баҳодир Евтушенконинг Анна Ахматова вафотига бағиш­лаб ёзган шеърида “Сен ўзинг бир дунё, у дунёга қандай сиғасан” деган сатри бор”, деди.

– Зўр сатр экан, – дейман ҳаяжонланиб.

– Ҳаяжонланманг, бу гапни улуғ Озарбайжон шоири Насимий бир ғазалида:

Манга сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмасман, деб, Евтушенкодан беш аср олдин айтиб қўйган, – дейди.

 Бир куни кечки пайт барак олдида Баҳодир билан учрашиб қолдик.

 – Бердираҳмат, юринг бир айланиб келамиз.

 Иккимиз ўша ҳамиша сайр қиладиган йўл бўйлаб юрамиз. У мендан шеър ўқишимни илтимос қилди. Иккита шеър ўқидим. Қандай шеърларни ўқидим, ҳозир эсимда йўқ. Баҳодирга ўзингиз ҳам бирорта шеър ўқинг, дейман. У Хуршид Давроннинг “Шаҳардаги олма дарахти” тўпламида битта шеър бор. Жуда гўзал шеър, деб уни ёддан айта бошлайди:

 Тунда силкитаркан дарахтни шамол,

 Дарахтзор титраркан маҳзун, букчайиб,

 Дарахтзор қошига келар бир аёл,

 Нозик оёқларин шабнамга чайиб.

 

 У гуллар сочади ҳовуч-ҳовучлаб,

 Ҳайратга тушади армонли боғлар.

 У куйлай бошласа, гулларни тишлаб

 Уйғона бошлайди қуриган шохлар.

Баҳодир шеърни шундай бир ҳаяжон билан шодланиб ўқидики, уни эшитган одамнинг ҳам қалбини бу шодлик ва ҳаяжон қамраб олар, шеърнинг руҳини, ундаги гўзаллликни ҳис этиб беихтиёр ўзингиз ҳам қувониб кетар эдингиз.

Йўлда давом этамиз ва ўша даврнинг навқирон авлоди — Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Шавкат Раҳмон, Шукур Қурбон, Хуршид Давроннинг ижоди ҳақида суҳбатлашамиз. Баҳодир менга ўша шоирларнинг илк китобларидан ўрин олган шеърларга ёзган тақризлари ҳақида сўзлайди.

– Усмон Азим илк китобини “Инсонни тушуниш” деб номлаган. Мен шу тўплам ҳақида ёзган тақризимга “Инсонни севмоқ керак” деб ном қўйдим. Тақризга бундай ном қўйишимга немис файласуфи Фейербах бир асарида ёзган “Инсонни севиш учун уни севмоқ керак” деган сўзлари туртки бўлди, деган эди.

Б.Содиқнинг “Инсонни севмоқ керак” номли тақризидан:

“Усмон Азимовнинг “Инсонни тушуниш” шеърлар тўплами инсон ҳолатларини кўрсатишга бўлган самимий бир уринишдир. Зотан одамлар – бир қолипдаги нусхалар эмас. Бир ҳолатни минг хил тушуниш мумкин. Тушуниш, аслида сўзнинг муқаддима маъносидагина тўғри.

 Ўлим қандай тушунча? У ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмай юз берадиган ва ўз тўғри маъносида тушуниладиган бирдан бир тушунчадир. Ўлмасдан олдин ҳам у тўғрисида тасаввуримиз кўп бўлади. Киши ўлганидан кейин унга ҳамма нарса барибир эмасми? Фақат бир нарса аниқ, у ўлган, у тирик эмас. Мардлар ҳам, қўрқоқлар ҳам бир мартагина ўладилар. Иккинчи бор ўлиш даҳшати эса, иккинчи марта яшаш бахтиёрлигидан келиб чиқар эди. Лекин шу – бир бор ўлишни уддалаш давомида кишилардан ботирлар чиқади:

 Бироқ

 Кейин ҳайкал қўйсангиз ҳам,

 Шеър ёзсангиз ҳам мени шарафлаб,

 “Унутмаймиз”, деб қасам ичсангиз ҳам,

 Мен ўламан,

 тушуняпсизми,

 мен ўламан…

Бундай ўлим – туғилиш билан баробар. Тошларда унинг гавдаси, шеърларда қаҳрамонлиги, қасамларда хотираси туғилади.

…Яна Баҳодир иккимиз оқшом ўша қадрдон йўл бўйлаб сайрдамиз. Бу сафар Баҳодир шоир Муҳаммад Раҳмон шеърлари ҳақида сўзлайди. Ўша пайтлар шоирнинг “Яшил дарё” номли иккинчи тўплами чоп этилган эди. Баҳодир ушбу тўп­ламга ёзган тақризини “Шеъриятнинг она тили” деб номлаганини айтади.

Б.Содиқнинг “Шеъриятнинг она тили” номли тақризидан:

 “Эътиборимиз поэтик эътироф даражасига кўтарилиши “Ҳайратимнинг тили” шеърини ўқиш давомида юз беради. Ҳайрат инсонга бахш этган энг ноёб туҳфа бўлмиш эшитиш ва кўриш қувончининг безабон ва гўзал исёнидир; унинг Ватани – юрак чегараси – кўзлардир. Шоир ҳайратининг тили эса шеъриятнинг она тили демак!

 Ҳофиз дарёларим, мени қийнаманг,

 Кезиб соҳилларда бесўз, бекалом.

 Ҳофиз дарёларда оқар экансиз, санъат билан мунаввар юксакликда мувозанатга кирган ҳайратомуз ҳайратга қониб борасиз.

 Оймисан, тун аро бокира, латиф,

 Кунмисан, қаролмай қамашар кўзим.

 Гулим, на тараф бор сенга, на таъриф,

 Топиб айтар эдим уни мен ўзим

 Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар.

Поэзия – юракнинг табиат билан, инсоният билан ва ўз-ўзи билан гапиришадиган универсал тилидир. У — тош­ларнинг сув тилидаги қўшиқлари; у – даралар учган гулдурос­нинг суюлиб оқиши; у – осмонда ўт бўлиб, ерда сув бўлган чақмоғу мавҳумликдан сув шаклига кирган гулдирмомодир. Ниҳоят шеърият – табиатнинг она тилидир. Табиат эса бизни доимо ҳайратлар билан сийлайди…”

У Хуршид Давроннинг илк шеърий тўплами “Қадрдон қуёш” ҳақида ёзган тақризини “Қуёшга кўмилган тушлар”, “Шаҳардаги олма дарахти” номли иккинчи шеърий китобига бағишлаб ёзган мақоласини “Тушларга сиғмаган ватан” дея номлайди.

Пахта мавсуми тугаб, турнақатор автобусларда Тошкентга қайтамиз. Икки ойдан ортиқ фурсат бизни бағрига олган қадрдон далалар изимиздан мунғайиб қолади. Ортда қолган кунлар хаёлимдан ўта бошлайди. Тўсатдан у кунларни, у оқшомларни ўзим билан бирга олиб кетаётганимни ҳис этиб юрагим энтикиб кетади…

Баҳодир Талабалар шаҳарчасига ёндош “Аспирантлар уйи”да яшайди. Тез-тез кўришиб турамиз. 1980 йил 26 февраль. Кечки пайт Ёзувчилар уюшмасида шоир Назар Шукурнинг “Кўкдаги умр” илк шеърий тўплами қўлёзмаси муҳокама бўлади. “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ёнида жойлашган Уюшма биносига кириб, китоб дўконидаги янги китобларни кўздан кечираётган эдим, Баҳодир келиб қолди. Иккаламиз китобларни бироз кўрган бўлдик-да, сўнг залга кирдик. Зал тўла одам. Назар Шукур билан бирга яна икки шоирнинг илк тўпламлари ҳам муҳокама бўлаётган экан. Муҳокамани шоир Туроб Тўла бошқариб борди. У жуда қизғин ўтди. Назар Шукур улуғ мусаввир Ўрол Тансиқбоевга бағишланган “У шундай кучлики”, “9 февраль. Навоий кўчаси” ва бошқа шеърларини ўқиди. Бу шеърлар ҳаммада яхши таассурот қолдирди. Ҳусниддин Шарипов: “Назар Шукурнинг шеър­лари менга жуда ёқди. Бу шеър­лар юрагимдан ўчмайди”, дея олқишлаб, сўзининг охирида шундай деган эди: “Бугун одамлар Навоийни кўчада от миниб ўтаётганини кўриб ҳайратланиб, ҳайрон бўлиб қолмайдими? “Қаранг, Навоий Тошкентнинг катта кўчасида от миниб юрибди, деб”.

Шунда Баҳодир қулоғимга секин шивирлаб: “Ҳусниддин ака тўғри гапни айтди, ғаламислар шоир ўтмишни қўмсаб қолибди, дейиши мумкин. Шунинг учун шоирни огоҳлантираяпти”, деди.

Бир сафар бир даврада Баҳодирни эслаганимизда Назар Шукур: “Мен Баҳодирни ўша илк китобим муҳокамаси пайти сиз билан ёнма-ён ўтирганини, мен шеър ўқиётганимда у қўлини кўтариб бош бармоғи билан “Зўр” дея олқишлаб турганини кўрганман, деган эди. Бу воқеани нима учун эслаяпман? Ахир, замондош бўлган, миллат тақдири ҳақида ёниб-куйиб ижод қилган бу икки навқирон ва камёб истеъдод соҳибига бир-бири билан кўришиб, суҳбатлашиш насиб этмади. Орадан беш йил ўтиб Назар ака ҳам автоҳалокат сабаб оламдан ўтди. Бу икки ижодкорнинг ўша пайт бир-бирига айтолмаган сўзларини энди қоғозга тушираяпман.

Баҳодирни ҳар сафар эслаганимда ўша сўзлар қулоғим остида жаранглайверади. Бу сўзларни унутолмайман. Бу сўзлар менга ундан васиятдай бўлиб қолган. Бу сўзлар ҳавога учиб кетмасин, дедим. Бу сўзлар етим бўлиб қолмасин, дедим. Инсоннинг ўзи ҳам, унинг айтган эзгу сўзи ҳам азиздир. Эзгу сўзлар ўлмайди. Эзгу сўзлар юракда яшайди…

1980 йил баҳори, 7 март куни эди. Оқшом Баҳодирнинг “Аспирантлар уйи”даги хонасида суҳбатлашиб ўтирибмиз. Шунда Баҳодир менга:

 – Сиз ўтириб туринг, мен ҳозир келаман, сўнг гурунгни давом эттирамиз деди-да, кимнидир кузатиб қўйиш учун ташқарига чиқиб кетди. Орадан кўп ўтмай дераза томондан Баҳодирнинг ҳаяжонли овози келди.

– Бердираҳмат, тез чиқинг, турналар келди!

 Югуриб ташқарига чиқдим. Турналар осмонда қур-қурлашиб учиб ўтаётган экан. Турналар овозини биздан узоқлашгунча тинглаб турдик. Шунда Баҳодир:

 – Ай-й, Бердираҳмат, турналар келди. Улар баҳорни олиб келди, деб роса қувонди, сўнг менга: – Шу ҳақда бугун бир шеър ёзинг, – деди.

Бу унинг ҳаётидаги сўнгги баҳор эканини биз ҳали билмасдик…

 Мен кейин бир шеър ёздим, бу кейинги йил баҳори эди… Бу баҳорда Баҳодир йўқ эди…

 Осмон тўлиб яна турналар қайтди,

 Унинг қўшиғига тўлди бу олам.

 Турналар мунгли бир қўшиқни айтди,

 Афсуски, сен йўқсан, қалбда армон, ғам.

1980 йилнинг ёзи… Ўқув йили тугаб, талабалар ёзги амалиётни ўташ учун вилоятларга тарқаб кетган пайт… Баҳодир амалиётни Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриё­тида ўташ учун Тошкентда қолган эди…

 17 июль. Баҳодир “Нукус” кинотеатри ёнидаги талабалар профилакториясида турибди. Кечки пайт ўша ерга бордим. Иккимиз бироз суҳбатлашдик. Шунда Баҳодир “Соҳиба, Малика деган қизлар ҳам ҳам шу ерда. Ҳозир уларни айтиб чиқаман”, деди. Бу қизлар бу йил 3-курсни тамомлашган. Малика Самарқанднинг Нарпай туманидан, Соҳиба Туркистоннинг Қарноқ қишлоғидан. Самимий қизлар, иккаласи ҳам шеър ёзади. Улар билан талабалар шаҳарчасини айланамиз. Шеърият, адабиёт, эртанги орзулар ҳақида гурунглашамиз. Баҳодир хоразмча термалардан айтади. Шунда Малика ҳазил аралаш: “Тўрталамиз бирга эсдалик учун расмга тушайлик, келажакда машҳур бўлиб кетган пайтларингизда китобларингизда шу расм билан биз ҳам тарихда қолардик”, дейди.

 26 июль куни пешинга яқин Баҳодир яшайдиган “Аспирантлар уйи”га бордим, хонасида йўқ экан. Уни излаб журналис­тика факультети талабалари яшайдиган 2-ётоқхонага ўтдим. Баҳодир шу ерда, Малика, Соҳибаларнинг хонасида экан. Иккаламиз гўё анча йиллар кўришмагандек қучоқлашиб кўришдик. У Хоразмча шевада:

 – Эй, нерларда юрибсиз, сизни бир ҳафтадан бери қидираман. Келганингиз дим яхши бўлди, – дейди.

Ўша куни узоқ суҳбатлашдик. Қизлар шеър ўқиб беришимизни сўрашади. Баҳодир иккимиз тик турган ҳолда бор овозда Муҳаммад Раҳмоннинг машҳур шеърини ёддан ўқиймиз:

 Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар,

 Бўғзимга тиқилган ҳаяжонимни,

 Қутулардим айтиб бир йўла,

 Қийнамасдан бунча жонимни…

 Оқшомга яқин Баҳодирнинг хонасига, “Аспирантлар уйи”га қайтдик. У менга Хуршид Давроннинг “Шаҳардаги олма дарахти” шеърий тўпламини ҳадя этмоқчи бўлди.

 – Бу тўплам менда бор, – дейман.

 – Бу бошқача қоғозда нашр этилган, – дейди ва китобнинг биринчи варағига дастхат ёзиб менга узатади.

 “Дўстим Берди Раҳмат! Шу ғамгин кунларимиз ҳам ўзимиздек ғанимат эканлигига ишонаман. Баҳодир. 26.07.1980”.

1980 йил 27 июль куни эрталаб Баҳодир билан хайрлашиб Қашқадарёга жўнадим. У ўша куни нимагадир бироз маъюс эди. Бу бизнинг сўнгги дийдорлашувимиз эканини ҳали билмасдик…

 …1980 йил 12 сентябрь. Университет томон кетаётиб йўлда Баҳодирнинг курсдоши Раҳимжонни кўриб қолдим. У менга:

 – Хафа бўлмайсиз, сизга бир совуқ хабар айтаман. Баҳодир дўстингиз Хоразмда дарёга чўкиб кетибди.

Раҳимжон ҳазилкаш йигит, шунинг учун гапига ишонмадим:

 – Эй, ҳазиллашманг, – дейман.

 – Бундай хабарда ҳазил бўлмайди. Ишонмасангиз, бориб деканатдан сўранг, – дейди у. Энди йигирма-ўттиз қадам юрган эдимки, факультет тарафдан келаётган Малика ва Соҳибани учратдим. Улар кулиб саломлашишди ва “Баҳодирнинг тўйи бўлаётган эмиш, нега дўстингизни “тўйига бормадингиз?”  де­йишди.

 Шунда менинг ичимда: “Раҳимжон ҳазиллашибди-да” деган ўй кечди. Мен уларга ҳозир эшитган қайғули хабарни айт­дим. Қизлар “Йўғ-ей”, дея ҳайрон бўлиб қолишди. Бирга факультетга бордик. Минг афсуски, ўша хабар рост экан. Учаламиз эзилган, ғамгин ҳолда ётоқхонага қайтдик. Хаёлимизда ўтган ўша ёз оқшомлари кечарди… Ўша оқшомларнинг бирида Маликанинг: “Тўрталамиз бирга суратга тушайлик, эсдалик учун” деган сўзларини эслайман… Ётоқхонада ҳамманинг кўзида ёш, қалбида қайғу, ғам…

 13 сентябрда Баҳодирнинг дўстлари — Муҳиддин Раҳим, Фарҳод Ибодуллаев билан самолётда Хоразмга учдик. Самолёт салонида биздан ташқари 7-8 та чет эллик саёҳ бор. Ҳамма жим, ҳамма ўз хаёли билан ёлғиз қолган… Мен нимагадир Баҳодирнинг оламдан ўтганига ишонмасдим. Соҳиба ва Маликанинг “Баҳодирнинг тўйи бўлаётган эмиш” деган сўзлари хаёлимда айланарди.

Биз Тошкентга Баҳодирсиз қайтдик.

Орадан бир ҳафта ўтиб-ўтмай Малика ҳам оламдан ўтди.

Самимий бир дўстдан, самимий бир сингилдан айрилдик… Малика шеър ёзарди. Ўша шеърлар кимда, қаерда экан? Билмадим.

 Баҳодирнинг устози хоразмлик машҳур эшон Юнусхон ота шоир Баҳром Рўзимуҳаммадга шундай воқеани сўзлаб беради: “Эллигинчи йиллар бошида бир ҳарбий амалдорнинг ғаразгўйлиги сабаб қамаладиган бўлиб қолдим. Ўша пайтлар шундай сиёсат эдики, уйингдан араб имлосида ёзилган бир китоб топилса, бас, жазо янада оғирлашарди. Хонадонимизда бундай қўлёзма ва тошбосма китоблар анчагина бор эди. Мен уларни қалин бир матога ўрадим-да, эски қабристондаги бир қабр ичига кўмдим. Хрушчёв замонида қамоқдан озод бўлиб юртга қайтиб келдим. Аммо ўша қабрни очиб китобларни уйга олиб келишга юрагим дов бермади. Орадан йиллар ўтди… Қор-ёмғир, шамоллар таъсирида ўша қабрлар ҳам нураб текисланиб кетди. Лекин, китоблар яширилган ўша қабр қаерда эканини тахминан билардим. Бу ҳақда Баҳодирга сўзлаб берган эдим. У шу китобларнинг тақдири билан жуда қизиқиб қолди. Ҳар сафар келганида: “Шу китобларни топишимиз керак”, дерди. Баҳодир вафотидан ўн кунлар олдин олдимга келди ва: “Ота, юринг ўша қабрнинг жойини кўрсатинг, уни очиб китобларни оламиз, китоблар қабрда қолиб кетмасин”, деди. Бирга бориб ўша қабр жойини эҳтиёткорлик билан қазидик.

 Адашмаган эканман, биз қазиган жой ўша қабр экан. Не кўз билан кўрайликки, китоблар тахланган ҳолда шундай бузилмасдан турган экан. Фақат у ўралган матолар чириб, йўқ бўлиб кетибди. Баҳодир китобларни кўриб жуда хурсанд бўлиб кетди. У қўли билан авайлаб бир китобни олмоқчи бўлди. Бироқ унинг бармоқлари китобга тегиши биланоқ китоблар сочилиб кулга айланди. Бирорта ҳам китобни қўлга олиб бўлмади. Ҳаммаси қўл тегиши биланоқ тупроқдек тўкилиб кетарди. Баҳодир бир зум китобларнинг кулига термулиб турди-да, сўнг елкалари титраб узоқ йиғлади…”

 Хоразм аҳли юксак ҳурмат билан қараган Юнусхон ота Баҳодирнинг маънавий устози эди. Айнан шу инсон Баҳодирни болалигидан бошлаб исломий руҳда тарбиялайди. Баҳодирни тасаввуф адабиётининг улуғ сиймолари Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр, Бобораҳим Машраб руҳий олами билан илк бор таништирган ҳам шу инсон эди…

 Ҳаёт ўз йўлида давом этарди. Октябрнинг охирларида яна Сирдарёга ҳашарга – пахта теришга кетдик. Яна куз оқшомлари… ўша қадрдон дала… ўша қадрдон йўл… Фақат Баҳодир йўқ… Хотиралар кўзимдан ёш бўлиб томчилайди… Мана Баҳодир шеър ўқимоқда:

 Ўғлинг бўлсин олтин ошиқ ўйнағон,

 Қизинг бўлсин ўз ҳуснига тўймағон,

 Худо бизнинг никомизни қиймағон,

 Осмонлар айланиб армон бўлдилар…

…Бу Баҳодирнинг сатрлари. Бу сатрларни мен ўтган куз оқшомлари унинг ўзидан эшитган эдим.

Орадан тўққиз йил ўтди. 1989 йил апрель ойи бир гуруҳ ижодкор дўстлар Баҳодир ўқиган мактабда унинг хотира кечасида иштирок этиш учун Хоразмга, у туғилган қиш­лоққа бордик. Баҳодирларнинг хонадонидамиз. Ярим тун. Шоир дўстларим Абдужалил Хўжам, Чори Аваз, Баҳром Рўзимуҳаммад уйқуда… Баҳодирнинг отаси Каримберган ака иккимиз суҳбатлашиб ўтирибмиз… Шунда у киши шундай бир гапни айтган эди: “Баҳодир оламдан ўтганда унинг бир кўйлагини ювдирмай бир тугунга тугиб олиб қўйган эдим, соғинганимда ҳидлаб тураман, деб. Яқинда шу тугунни очиб ўша кўйлакни ҳидлаб кўрсам, ҳеч қандай ҳид йўқ. Одамнинг ўзи бўлмаса, ҳиди ҳам қолмас экан.”

Шу гапни эсласам, ҳануз юрагим титрайди… Хаёлим яна ўша кузнинг сокин оқшомларига кетади… Юрагимда қолган оқшомлар… Мана шу оқшомларга ҳам қирқ йил бўлибди… Соғинч шамоли мени ҳануз ўша, олисларда қолган кузнинг сокин оқшомлари томон етаклайди…

ТАҲРИРИЯТДАН: Баҳодир Содиқ адабий мақолаларининг айримлари у ҳаётлик пайтида “Ғалаба” (ҳозирги Қуйи Чирчиқ тумани) газетасида чоп этилган, аммо республика нашрларида эълон қилинмаган. У бунга шошилмаган эди. Омон Матжоннинг “Ҳаққуш қичқириғи” китоби хусусида ёзган мақоласи вафотидан сўнг бир ой ўтгач, “Шарқ юлдузи” журналида “Қирқинчи афсона” номи билан чоп этилди.

Рауф Парфининг “Кўзлар” китобига ёзган “Кўзлардаги дунё” номли мақоласи кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида, адабий-илмий меросидан намуналар китоб шаклида “Янги аср авлоди” ­нашриётида 2017 йилда “Хотира уйғонса – гўзалдир!” номи остида чоп этилди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг