ҚЎҒИРЧОҚЛАР ОЛАМИГА САЁҲАТ

178

Миллийликни тараннум этувчи ҳунармандчилик намуналари орасида қўғирчоқ тикувчи усталар деярли ҳар бир вилоятда учрайди. Айни пайт­да Андижон, Тошкент, Хоразм, Навоий, Сирдарё вилоятларида ижод қилаётган ҳунарманд усталар мисолида ҳунарманд­чилик намуналари билан танишишингиз мумкин. Масалан, бошида дўппи, лўппи юзли, кип­риклари узун қиз тимсолини акс эттирган қўғирчоқ андижонлик Манзура Юсуповага тегишли бўлса, лойдан ишланган гўзал ўзбек қизлари тошкентлик Насиба Аҳмедованинг ижод маҳсулидир. Хоразмлик қўғирчоқдўз Мансур Курязовни эса бугун нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам жуда яхши билишади. Ана шундай ижодкорлардан бири Махада Алламбергеновадир.

Унинг ижоди ўзига хос ва ранг-баранг. У қорақалпоқ халқининг миллий маданияти ва санъатини қоғоз ва лой орқали қўғирчоқларда акс эттириб, дунё мамлакатларининг таҳсинига сазовор бўлиб келмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир ту­ма­ни­да туғилиб вояга етган Махада Алламбергенова Ж.Шамуратов номидаги Нукус давлат санъат билим юртининг графика мутахассислигини тамомлаган. У йиллар давомида миниатюра, рангтас­вир ва бўёқли нақшларда ўз асарларини яратди. Шу билан бир қаторда Нукус шаҳридаги 33-ихтисос­лаштирилган мактабда расм ва чизмачилик фанидан 23 йил ўқувчиларга таълим берди. Нафақага чиққанидан сўнг, миллий ҳунармандчиликда ўзининг кенг қамровли ижодини давом эттириб, қорақалпоқ миллий маданияти ва санъатини уйғунлаштирган ҳунармандлар мактабини ярата олди. Айни пайтда Махада опа, ўз устахонасида шогирдлари билан янги-янги ижодий ишларга қўл урмоқда. Қорақалпоғис­тоннинг чекка-чекка ҳудудларида ишсиз хотин-қизларга ҳунармандчилик ор­қали тадбиркорлик билан шуғулла­ниш сирларини ўргатмоқда.

— Устозим рассом Кидирбай Нажимовдан қўғирчоқ ясашни ўрганганман, — дейди Махада Алламбергенова. — Қўғирчоқларни мен кераксиз қоғозлардан ясайман. Қоғозни ивитиб олиб, унга махсус елим аралаштирасиз ва хамир ҳолига келтириб оласиз. Сўнг аралашмани қолип­ларга солиб керакли буюмни ясайсиз. Мени кўпчилик қўғирчоқ­ларимдан танишади. Асосий­си, мен ҳар бир образимга қорақалпоқ халқининг миллийлигини сингдираман. Либослар, бош кийим ва тақинчоқлар буларнинг бари қорақалпоқ эканлигидан дарак беради.

Чиндан ҳам устанинг қоғоздан чиройли санъат асарини яратиши мўъжиза. Бу қўллар меҳнатга яралган деймиз. Дарҳақиқат, кун келиб, меҳнат маҳсули ортидан данак ниҳол бўлади, бир уй обод гўшага айланади, Махада опа биз билан суҳбатлашиб саволларимизга жавоб бер­яптилару қўллари қоғоздан ясалаётган қўғирчоққа ишлов бериш билан банд.

— Бу сулув келин образи, — дейди опа. — Келин бўлган аёлнинг либоси бош­қача бўлади. Қўғирчоқда қорақалпоқ миллий бош кийими саукеле ва миллий кўк кўйлаги тасвирланяпти. Саукеле ва кўк кўйлакни қизлар фақат турмуш қурганда, катта байрамларда киядилар. Сайёҳ­лар устахонамга кўп келишади. Мен уларга қўғирчоқларимни яратишда, энг аввало, миллий қад­риятларимизга таянишимни айтаман. Миллийлик замирида тарих, ўзликни англаш мужассам. Ҳар бир инсон ўз миллий қадриятларига нисбатан доим ҳурмат ва эҳтиромда бўлмоғи лозим.

Қўғирчоқ яратилиши ҳақида аниқ асосли фактлар йўқ. Кимдир Греция, яна кимдир Мисрда ихтиро қилинган деган тахминларни айтади. Қўғирчоқ аслида қизлар овуниб ўйнайдиган ўйин­чоқ бўлиб, бугун дўконларда Европа давлатларининг энг зўр бренд­лари асосида ишлаб чиқарилаётган қўғирчоқлар ўрин олган. Миллий қўғирчоқларимиз эса сайёҳларнинг эътиборини жалб этиш учун сувинер дўконларида сотилаётганлигининг гувоҳимиз. Бу ҳақида Махада опа шундай фикрларни айтди:

— Ўйинчоқлар ҳам бола тарбиясида муҳим восита. Тўғри, ҳозир замонавий қўғирчоқлар бор. Улар гапиради, ҳаттоки овқат ейдиган қўғирчоқлар ҳам яратилган. Лекин бу қўғирчоқлар қай даражада боланинг тарбияси ва соғлиғига таъсир этаётганлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаймиз. Қўғирчоқлар савдосида одатда мактабгача таълим муассасалари ходимларидан буюртмалар келиб тушади. Ота-оналарнинг қизиқишлари эса суст­роқ. Хоҳлардимки, тарбия жараёнида ота-оналар тажовузкорона нигоҳларга эга қўғирчоқлар ёки ўйинчоқ қуролларни эмас, балки миллий характерни ўзида акс эттирган қўғирчоқларни  фарзандларига ҳадя этишса. Қўғирчоқ бир овунчоқ буюм бўлса-да, болада ўз халқига ҳурмат ҳисси уйғонади, фахрланиш туйғулари жўш уриб, ватанпарвар инсонлар сафида ўз юртига садоқатли инсон бўлиб улғаяди.

Махада опа билан бошлаган суҳбатимиз якунида яна бир латофатли қизнинг образи яралди. Бу қўғирчоқ опанинг ўй-хаёллари, она юртига бўлган чексиз меҳру муҳаббати тимсоли сифатида қаршимда гавдаланди.

Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг