ХОТИРАМНИНГ УЙҒОҚ ОСМОНЛАРИДА

21

Абдуғаффор Холматов жўшқин шоир эди. У Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилганди. Кўпроқ умрини илмга, ёш авлод тарбиясига бағиш­лаган бўлса-да, бадиий ижод, шеърият жону дили эди.

Афсуски, умри қисқа экан, 2013 йилда, қирқ тўққиз ёшида автоҳалокат туфайли оламдан кўз юмди. Оиласи ва дўстларига бу нозиктаъб инсондан хотира бўлиб бир талай шеърлар қолди. Ушбу битикларнинг ўзидаёқ ёниқ қалб туғёнлари гупуриб турганини ҳис этиш мумкин.

Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган шеърларда бу яққол кўринади.

Озодлик

Армоним, забоним эрурсан ўзинг,

Кўнглимдаги буюк ғурурсан ўзинг,

Бокира, бетимсол шуурсан ўзинг,

Узукка қўйилган кўзсан, озодлик!

Оҳ, бунчалар ширин сўзсан, озодлик!

Дилгинамнинг тўридаги жонимсан,

Томиримда оқиб турган қонимсан,

Борлиғимсан, покиза имонимсан,

Тоғларимнинг тиргаклари – озодлик!

Болаликнинг йўргаклари – озодлик!

Тўмарисим, Спитамен, Широғим сен,

Сибирларда сарсон кезган  фироғим сен,

Кўзим нури, нуридийдам чироғим сен,

Қаварган қўлларнинг туғи – озодлик!

Юрагимнинг ёнган чўғи – озодлик!

Халқим пешона терларидан бунёдсан,

Минг йиллик чинорлар  томирида ҳаётсан,

Шошмақомдай қадим, мангу баётсан,

Баётимсан, ҳаётимсан, озодлик!

Саботимсан, қанотимсан, озодлик!

Тонглар олланади ёноқларингдан,

Дурлар товланади чақмоқларингдан,

Шаҳидлар тирилар сабоқларингдан,

Бу дунёда борлиғимсан, озодлик!

Толе берган ёрлиғимсан, озодлик!

 

 

Бобомнинг ўгити

Тил ўргану ўз тилингни унутма ҳеч,

Халққа суян, ўзлигингни унутма ҳеч.

Кези келса, бир майизни қирққа бўлган,

Ризқи тугал ўзбегингни унутма ҳеч.

Ростгўй бўлгин, ёлғонни сўзлама, болам,

Ҳеч қачон сен осонни кўзлама, болам.

Киндик қонинг тўкилган тупроқ буюк,

Ўзга жаннат маконни излама, болам.

 

Болалигим кўчаларида

Навниҳол тераклар бўй чўзди секин,

Бошлари кесилган тутлар қариди.

Менинг болалигим ўтган кўчалар,

Тупроқ бўлса ҳамки беғубор эди.

 

Ғамлар зардобига ботган тунларим,

Синдирди юракнинг қафасларини.

Соғиниб уйғондим, ҳар тонг бокира,

Мурғак болаликнинг нафасларини.

 

Йилларнинг чангини супурди шамол,

Ташвишлар елкамга ортди юкини.

Вақт лашкарига жангсиз топширдим,

Содда болаликнинг гўзал юртини.

 

Армонлар тафтидан қабоғим куйди,

Зулмат шамларини ёқди кўксимга.

Хотирамнинг уйғоқ осмонларидан,

Юлдузлар тўкилиб кетди кўзимга.

 

Усмон Носирга

Вагонларда ухлайди тарих,

Вагонларда тақдирлар ухлар.

Нигоҳига жойлаб ватанни,

Кетиб борар бир шоир йиғлаб.

Ғилдираклар айланар тинмай,

Қайга элтар бу темир излар?!

Шоирнинг қалб осмонидан зор

Тўкилади ғамгин юлдузлар.

 

Теракларнинг япроқларида,

Оҳлар қолар, шамолда учиб.

Эзгуликнинг бешикларида,

Тонглар ухлар ғафлатни қучиб.

 

Йил ўтди

Йил ўтди капалак қанотларида,

Қолиб кетган армонлар – таскин.

Эй, сен юрагимнинг саботларида,

Очилган умидим, безавол ўсгин.

 

Кўксимга жойладим дардлар тоғини,

Баҳорингиз юрагимда қишлади.

Қорхат ёздим яна сизни соғиниб,

Болаликнинг от ўйнаган даштлари.

 

Хотира ҳукмига йўқ энди чора,

Хазонлар қопламиш йўлакларимни.

Бунчалар харобсан кўнглим бечора,

Кибор аҳли топтар тилакларимни.

 

Менинг топинганим ўшал чанг кўча,

Бир куни қайтарман фироқлар билан.

Онажоним мени опичлар, қучар,

Соғинч отлиғ гўзал титроқлар билан.

 

Йил ўтди капалак қанотларида,

Қолиб кетган армонлар таскин.

Эй, сен юрагимнинг саботларида,

Очилган умидим, безавол ўсгин.

* * *

Қайтармикан учган юлдузлар,

Юлдузларга тўларми осмон.

Умидларим чирқираб бўзлар,

Юрагимда тубсиз бир армон.

 

Осмонлардан юлдуз ахтардим,

Юлдузларинг қани, эй осмон.

Шеърга тўла ишқий дафтарим,

Ҳар бир сатри армондир, армон.

 

Қайлардасан менинг юлдузим,

Бугун сенинг васлингга зорман.

Дардларимга малҳам бўл ўзинг,

Йўқса мени ўлдирар армон.

 

Онамга

Сен дунёга келиб нимани кўрдинг,

Чиқдингми ё бир зум остона ҳатлаб.

Турмушнинг шу майда  ташвишларини,

Енгмоқлик сенгами энг олий матлаб.

 

Сен дунёга келиб нимани кўрдинг,

Болам, болам, дея жонгинанг ҳалак.

Наҳотки, ўзга армонларинг йўқ,

Наҳотки, бардошга айланган юрак.

 

Сен дунёга келиб нимани кўрдинг,

Наҳот,  менинг бахтим сен учун бахтдир.

Наҳот, оналарга фарзанддан ўзга,

Бахтни раво кўрмаган тақдир.

* * *

 

Пайт келиб дунёни тарк этар бўлсам,

Сўровчим бўларми, ким эди Ғаффор.

Майсадай бир куни қайта тирилсам,

Мени эслармикан дўсти-вафодор?

 

Ашкида бир гўзал шабнамлар сизган,

Тонгги ғунчаларим унутмасмикан?

Ғаффор ким деб, сўрашса сиздан,

Умрим деворига дарз етмасмикан?

 

Саҳройи жисмимнинг томирларида,

Жўш урган исёндан қоларми садо?

Ғуборли кунларнинг ёмғирларидан,

Хокисор кулбамни асрарми Худо?

 

Мен қурган бинонинг метин ғиштлари,

Йиллар тўзонига берармикан дош?

Азалдан шундай бу дунё ишлари,

Бир паллада савоб, бир паллада тош?

 

Карвон қўнғироғи ҳазин куй чалар,

Манзилга етмоққа бироз фурсат бор.

Сўнгги дам руҳимни бир сўз қиймалар,

Кетсанг, дўстлар сени  эсларми, Ғаффор?

 

Чақмоқлардай бизлар  учрашсак бир кун,

Яна дилдан дилга таралса зиё.

Яна майса каби тирилсам дуркун,

Мен сендан ризоман, ёмғирли дунё!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг