Коронавирусдан қутилиш ўз қўлимизда

53

Мамлакатимизда кейинги тўрт ой давомида пандемия шароитида яшаш ва ишлаш, иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш бўйича ҳам бирмунча тажриба тўпланди. Давлатимиз иқтисодиётимизни кескин инқирозга учрашидан сақлаб қолиш ва йирик корхоналарни аста-секин ишга тушириш, карантин тартибини босқичма-босқич юмшатиб бориш принципига қатъий амал қилмоқда.

Бу борада халқимизнинг хоҳиш-истагини, ҳар бир ҳудуддаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда иш олиб борилаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Вилоят ва туманлардаги ҳолат чуқур ўрганилиб, улар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” ҳудудларга бўлинди. Касаллик аниқланган “қизил” туманларда тартиб бирмунча кучайтирилиб, хавфлилик даражаси паст ва касалликдан холи “сариқ” ҳамда “яшил” ҳудудларда одамларнинг ишлаши, ҳатто ўттиз кишилик тўйлар қилишига, савдо-сотиқ ишларини юритиши ва бошқа ҳаётий муҳим юмушларга рухсат берилди. Аммо ҳар бир имтиёз ва имконият карантин талаблари асосида чегараланган эди.
Афсуски, бундай имкониятни ҳамма юртдошларимиз ҳам тўғри тушунмади. Ўттиз кишилик тўйларга рухсат берилган бўлса-да, баъзан меҳмонлар юздан ошиб кетган ҳолатлар ҳам кузатилди. Ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш каби талаблар қарийб унутилди ёки назоратчилар кўзи олдида хўжакўрсинга бажарилди. Бундай лоқайдлик ва масъулиятсизлик оқибатида июнь ойи охирига келиб, афсуски, юртимизда эпидемиологик вазият мураккаблаша бошлади. Бир кунда мамлакатимиз бўйича беш юзга яқин ва ундан ҳам зиёд касалланганлар қайд этилди. Энг ёмони, июнь ойигача қарийб кузатилмаган ҳолат — касаллик аҳоли орасида ҳам аниқлана бошлади. Қарийб уч ойда касалликдан вафот этганлар сони 10 нафарга етиб-етмаган бўлса, кейинги йигирма кун ичида бу рақам 100 нафарга яқинлашгани, касалланганлар эса 17 мингдан ошиб кетгани ҳам шундан далолат беради. Афсуски, бу рақамлар ҳамон салбий томонга ўсишда давом этмоқда…
Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан пандемияни жиловлаш, эпидемиологик вазиятни тўла назоратда ушлаб туриш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир йиғилиш, видеоселекторда коронавирус оқибатларини бартараф этиш, касалликка қарши курашда самарадорликни ошириш, ҳар бир беморга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида куюнчаклик билан гапириб, масъул ва мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар бермоқда, халқимизни мана шундай оғир синов кунларида карантин талабларига сўзсиз амал қилишга, бу курашда онглилик, темир интизом ва тиббий маданиятни асосий қуролга айлантиришга чақирмоқда.
Муҳтарам Юртбошимиз томонидан кейинги кунларда пандемияга қарши курашни кучайтириш ва самарасини ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Айниқса, коронавирусга чалинган беморларни даволаётган фидойи шифокорларимизнинг иш хақини жойида олиш тизими жорий этилгани, шифохоналарни қўшимча тиббий аппаратлар ва бошқа ускуналар, дори-дармон билан таъминлаш, янги даволаш ўринларини кўпайтириш, таҳлил натижаларини тезлаштириш чоралари белгилангани бу курашда ижобий натижаларни кучайтиришга хизмат қилади. Куни кеча эса ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, хизмат бурчини садоқат ва матонат билан адо этаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Президентимиз 20 июль куни мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларни чуқур танқидий таҳлил қилиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида энг ёмон кўрсаткич қайд этилаётганини афсус билан таъкидлади. Бир қатор ҳоким ва соҳа масъулларига бу борада йўл қўйилган камчиликлар учун ҳайфсан берилиб, улар қаттиқ огоҳлантирилди.
Мазкур ҳудудларда вазиятни ўнглаш учун қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича муҳим топшириқлар берилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида мавжуд 16 та клиникага COVID-19га чалинишда гумон қилинаётган беморлар учун мўлжалланган қўшимча яна 7 та 850 ўринли «провизор» клиникалар ташкил қилиниши, унинг тиббий ходимларига ҳар бир иш куни учун ойлик маошининг 6 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланиши белгиланди.
Яна бир янгилик – коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақи жойида тўланадиган бўлди.
Пойтахтимиздаги тез тиббий ёрдам станциясида операторларнинг меҳнат шароити яхшиланди ва бир сменада фаолият олиб бораётган операторлар сони 40 тадан 100 нафарга етказилди. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланди, бригадалар сони 250 тагача кўпайтирилди.
Бундай ўзгаришлар Тошкент вилоятида ҳам жадаллик билан давом эттирилмоқда. Жумладан, вилоятда тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100 та «Дамас» амбуланс машинаси ажратилди, шундан 25 таси жойларга тарқатилди. Касалликка чалинишда гумон қилинган шахсларни даволаш ва назоратга олиш учун 905 та даволаш ўрни, диагнози тасдиқланганлар учун 210 ўринли стационар шифохоналар хизмат кўрсатади. Бунинг учун қўшимча 350 та захира ўрни тайёрлаб қўйилди.
Энг муҳими, беморларни даволаш учун зарур дори-дармон захираларини яратиш мақсадида қўшимча равишда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти хокимликлари тегишлича 20 миллиард ва 10 миллиард сўм маблағларни «Дори-дармон» акционерлик компаниясига айланма маблағ сифатида ажратиши белгиланди.
Буларнинг барчаси кўринмас ёв – коронавирусга қарши курашда ҳал қилувчи босқич бошланаётганини кўрсатади. Ҳеч шубҳасиз, кўрилаётган бу чора-тадбирлар тез орада ўз натижасини беради.
Унутмаслигимиз керакки, бутун халқимиз коронавирус балосидан қутилишга тезроқ етиш кўп жиҳатдан бизнинг ҳар биримизга боғлиқ. Бунинг учун, Президентимиз айтганларидек, ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз, бутун эл-юртимиз соғлиги ҳақида, аввало, ўзимиз қайғуриб, карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Шунда коронавирусга қарши курашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг