ОЧИҚ ЖОЙГА ТУШАР ҚЁШ НУРИ ҲАМ

44
Чорлов
Салом-аликдан тортиб, юришу туришгача,
Бино барпо этишдан оила қуришгача,
Самимий табассуму қаҳқаҳа уришгача
Бари маданиятдир. Бу шеър бир қиёс бўлсин.
Ер бағрида тиллодай кўнгилда маъдан –  ният,
Пок ниятни уйғотар аслида маданият.
Эзгу ишга чорловчи эзгу бир ваъда –  ният,
Эр йигитнинг ҳар иши мард йигитга хос бўлсин.
Улуғбек тафаккурни юлдузга пайванд қилди,
Навоий эл дардига ҳар сўзни малҳам билди.
Юракларга маърифат уруғлари экилди,
Ҳар ишимиз улуғлар ибратига мос бўлсин.
Ажабки, учраб турар боқибеғам,  худбин зот,
Қийнамайди жонини, эл ташвиши унга ёт.
Аммо бурни осмонда, савлатидан ҳуркар от,
Шундай ноинсофлардан эл-улус халос бўлсин.
Қўймижоздан қўрқ, қайтиб бош суқар кўганига,
Асл тулпор ётларни йўлатмас юганига,
Эгаридан жой берар Темурман деганига,
Ҳуррият берган шавкат то абад мерос бўлсин.
Офтоб тоғлар бошидан курагандек қорини,
Ватан меҳри аритар кўнгиллар ғуборини,
Ҳар юракда уйғотар чин йигитлик орини,
Ҳар ишга чин муҳаббат, ҳар ишга ихлос бўлсин!
Муносиб сўз
Мени сизга борсалар чақиб,
Киприк қоқмай ва юммайин кўз,
Десаларки, юрибди айтиб,
Шаънингизга номуносиб сўз.
Сиз шошилманг ва мен ҳақимда
Асло ёмон ўйларга толманг.
Куюк дилдан чиқмаган гапни
Янаштирманг, кўнгилга олманг.
Мен-ку майли, не-не донишлар
Очган дўкон ёпилган эмас.
Шаънингизда тинмас хонишлар,
Муносиб сўз…  топилган эмас.
Ватан байроғи
Полвонлар  беллашиб  баҳс майдонида
Шоҳсупада мағрур қад керган чоғи,
Ватан мадҳи янграб ғолиб шаънига,
Бош узра юксалар шу юрт байроғи.
Эл-юрт тақдирига дохил арбоблар
Бир фикрга келгач анжуман қуриб,
Қўл бериб аҳд этар мудом ҳар бобда,
Ватан байроғининг ёнида туриб.
Байроғига қараб танир юртини,
Элини танигай сўзига қараб.
Тилию байроғин муқаддас билган
Миллатни тоабад тарк этмас шараф.
Онадан дунёга келиб, оқибат
Ватан тупроғига кетар ҳар башар.
Ватан байроғию она рўмоли
Бош узра  ҳилпираб турса ярашар.
Шундай бир одат бор: отланар экан
Ватанни ҳимоя этмоққа агар,
Отаю онасин дуосидан сўнг
Юрт байроғин ўпар аскар йигитлар.
Қалам ҳам эл тинчи ҳимоясида
Аскар қуролидан асло эмас кам.
Шу боис тиз чўкиб, чин ихлос ила
Юртим байроғини ўпаман мен ҳам.
Заранг оғочидан унинг дастаси,
Матоси  ўзбегим оридан бунёд.
О, юртим  байроғи, кўнглим нашъаси,
Ҳилпираб порлайвер тургунча дунё!
Дийдор яхши
Боғ бўлса, атиргули сочган ифори яхши,
Тоғ бўлса,  оқ қалпоғи –  бошида қори яхши.
Гараша томонларда… борсам дилим яйрайди,
Янганинг ширин чойи, ака дийдори яхши.
Қон-қариндош қўр бўлур, ўчоқдай қизир гурунг,
Ўзбегим урф-одати кўп ажиб, бори яхши.
Бу ҳам элим удуми: ака отадай улуғ,
Алқови – асл шифо,  танбеҳи –  дори яхши.
Дўсту ёр ўрни ўзга, аканинг қадри бўлак,
Ака дўсту дўст ака бўлса мадори яхши.
Ака “укажон” деса, ука деса “акажон”,
Дуо каби хайрли, қайта такрори яхши.
Саъдуллонинг сўзини тинглаю кўр ўзини,
Босиб ака изини шаҳду виқори яхши!
Қиблагоҳ
Муҳташам Тошкентнинг қадим даҳаси –
Бешёғоч донғини билар одамлар.
Аста совир экан ёз алангаси,
Миллий боғ сайрига келар одамлар.
Кезаман  “Адиблар хиёбони”ни,
Руҳимни чулғагай мангу ифтихор.
Юртим, ташна диллар биёбонини
Чаманзор этгувчи боғбонларинг бор.
Юксакда Навоий бобом ҳайкали,
Қад ростлаб турибди қиблага қараб.
Англайман, қошига келган маҳали,
Бошим товонига етмаc, воажаб.
Кўп ҳолат асрори назардан ниҳон,
Бу бир мажоз дея тушунгум,  рости.
Бошга тож лаъл каби  сўз ганжига кон –
Буюк қалам аҳли оёғин ости.
Қуёш теграсида сайёралардай,
Миллат осмонида ҳар бири зийнат –
Бобуру Огаҳий, Фурқату Бердақ,
Беҳбудий, Қодирий… покиза  тийнат.
Кўнглимни яшнатар бу боғ, бу чаман,
Бир ҳикмат сиридан бўламан огоҳ:
Адиблар юзланмиш Навоий томон,
Дегандик, “Биз учун сиздир қиблагоҳ!”.
Деворнинг кўзи
Бир бор сир бой берса ким,
Кўнглидан  кетмас доғи.
Боболар демиш: “Бордир
Деворнинг ҳам қулоғи”.
Энди эскирди бу гап,
Замоннинг ўз сўзи бор:
“Бугун деворнинг, ажаб,
Ҳам қулоқ, ҳам кўзи бор!”.
Ё бугун ё ҳеч қачон
Куйди юрак, тошди дил:
Ё бугун ё ҳеч қачон.
Умрингни чаманзор қил,
Ё бугун ё ҳеч қачон.
Ҳар ўтар дам  ғанимат,
Тонгги шабнам ғанимат,
Дўсту ёр ҳам ғанимат,
Ё бугун ё ҳеч қачон.
Асраб Ватанни кўздек,
Юксалар замон ўзбек,
Не улуғ ният туздик,
Ё бугун ё ҳеч қачон.
Борлигинг –  буюк нажот,
Нақадар гўзал ҳаёт,
Алпдан қолар эзгу от,
Ё бугун ё ҳеч қачон.
Ҳар ишда ҳикмат ярат,
Бобонг каби ном тарат,
Дунё юзини қарат,
Ё бугун ё ҳеч қачон!
Эй кўзи шўх
Кўнглингдан сўз очар тилингдан аввал,
Жилмайиб тургучи кўзинг шўх сенинг.
Қай томон термулсанг, қайрилиб боқар,
Ё мулзам  ё чиндан юзинг шўх сенинг.
Кўз дегани эрка бўлурми шунча,
Асли кўз ўйнатган ўзинг шўх сенинг.
Ташна дилга томчи сув каби танcиқ,
Хумори босилмас, нозинг шўх сенинг.
Кўрганлар лаб тишлаб, ўйнатурлар бош,
Йўлларни тебратган изинг шўх сенинг.
Саъдулла, огоҳ бўл ишқ  балосидан,
Эл ичра демишлар: “Сўзинг шўх сенинг!”.
Озод  сўз
Менга таниш қошу қабоқдаги сўз,
Минг бир таманноли қароқдаги сўз.
Отинг надир сенинг, нечун унутдим,
Садо бер, қайдасан қамоқдаги сўз?
Сенга бадкирдорлар душманлик қилди,
Заковат аҳлини пушмонлик қилди,
Ўзингни занжирбанд, кишанлик қилди,
Садо бер, қайдасан қамоқдаги сўз?
Шоир забонидан топдилар сени,
Оёқ-қўлларингни чопдилар сени,
Устингга муз тупроқ ёпдилар сени,
Садо бер, қайдасан қамоқдаги сўз?
Навоий даҳоси зиёсин сочди,
Чўлпон сени суюб кўкайин очди.
Сен уни тарк этиб, қайларга қочдинг,
Садо бер, қайдасан қамоқдаги сўз?
Сўзни қамайдилар ёлғони борлар,
Қонида фотиҳлик қони борлар,
Тўралар, ғўралар, аҳли киборлар,
Садо бер, қайдасан қамоқдаги сўз?
Сени сир тутдилар, сирда дедилар,
Гоҳ осмонда, гоҳо ерда дедилар,
Гоҳ аламдан ўртаб, гўрда дедилар,
Садо бер, қайдасан қамоқдаги сўз?
Сени излаб ўзбек ерга тикди кўз,
Бир чопган жойига кетмон урди юз.
Баҳор ваъда берди, алдаб кетди куз,
Садо бер, қайдасан қамоқдаги сўз?
Ана, кўк тоқида бир юлдуз ёнди,
Хуш  келдинг, асрлик сукут уйғонди.
Дафъатан кўз очмоқ… бу ҳам ёмондир,
Диллардан тойиниб кетма, озод сўз!
Сен кўпдан тилларга бегонадирсан,
Биз сенга, сен бизга ўргонадирсан.
Яккасан, ёлғизсан, ягонадирсан,
Тиллардан тойиниб кетма, озод сўз!
Токи сен озодсан, йўллар озоддир,
Токи сен озодсан, тиллар озоддир,
Токи сен озодсан, эллар озоддир,
Эллардан тойиниб кетма, озод сўз!
Кунбеткай
Минг йиллардан келар бу ор, бу ғурур,
Боболаринг ичган қуёшга қасам.
Зулматдан юз ўгир, кунбеткайда тур,
Очиқ жойга тушар қуёш нури ҳам!
Ориятли сиймолар
Тарихдан ярқираб кўринар изи,
Халқим юксалмоқда қадам-бақадам.
Ибрат олай деса ҳар ўғил-қизи,
Бордир Абдулласи, Ҳалимаси ҳам!
Šалам
Қалам буюк зотлар сингари
Фидойилик йўлини тутар:
Яъни, ўзи тугаган сари,
Тўлиб борар маънога дафтар!
Шоир изи
Азим Суюн хотирасига
Тупроқдан изламанг шоир изини,
Шоирнинг жисми ҳам фанога доир.
Шеърхон юрагидан кетмас узилиб,
Сўзга ўйиб кетар изини шоир.
Тол ёјоч
Ҳар тонг яхши ният ила кўзинг оч,
Ҳар ишинг пок бўлсин,
Ҳар сўзинг – расо.
Не истасак, шундоқ бўлди тол ёғоч –
Болтага дастаю кексага асо.
Эртак ва іаёт
Эртакда юзма-юз келар ботирлар,
Ғирром йўқ, макр ёт, ғолиб йиқитар.
Ҳаётда шайтондан ўзар шотирлар,
Бир-бирин орқадан чалиб йиқитар.
Йиқитмоқ ҳунари ўзи бир мактаб,
Бирови қўрқитиб, бирови мақтаб,
Гоҳида бирига бирини матаб,
Зимдан ўғринча сир олиб йиқитар.
Яхшилик, биламан, юрагинг пора,
Номардлар юзингга чапламиш қора.
Қўявер, ҳар қасдга топилар чора,
Сени йиққанларни Холиқ йиқитар.
Мулзамдир мулзамга ёқмаган пешво,
Кўнглини эл ишқи ёқмаган пешво,
Ғарибдир ғарибга боқмаган пешво,
Ғарибни охири ғариб йиқитар.
Саъдулла,  умрингни сўз учун тикдинг,
Сўз сени енгдию сен сўзни йиқдинг.
Не-не алплар ўтган майдонга чиқдинг,
Йиқса ҳам бир сўзи зариф йиқитар!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг