ВАТАНГА МУҲАББАТИ ЖЎШ УРГАН ШОИР

50

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ­Алишер ­Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган ­Адиблар хиёбони янада бой ва янгича ечимда халқимизга тақдим этилди. Бугунги кунда Адиблар хиёбони чин маънода адабиёт, маърифат ва маданият масканига айланиб улгурди. Буюк бобомиз Алишер Навоий ҳайкали атрофида йигирмадан зиёд атоқли шоир ва ёзувчиларнинг ҳайкаллари яхлит меъморий ва бадиий композицияда жойлаштирилди. Ибройим Юсупов сиймоси ҳам янги ёдгорлик мажмуалари қаторида қад ростлаган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз”, дейди.
Дарҳақиқат, Ибройим Юсупов ҳам халқнинг маънавиятини, қалбини ўз ижодида кўрсата олган, адабиёт – сўз санъати билан инсоният тарбиясига хизмат қилган азиз сиймолар қаторида эъзозда турибди. Ибройим Юсупов ҳайкалини ўрнатиш орқали халқимизнинг улуғ шоир хотирасига, у орқали қорақалпоқ адабиёти ва халқига алоҳида эҳтироми ҳам намоён этилди.
Қорақалпоқ адабиётининг сўнмас юлдузи, Қорақалпоғистон Республикаси мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов асарлари кўплаб халқлар, хорижий давлатлар ижод аҳлининг, айниқса, ёш авлоднинг кўнглидан чуқур жой олган. Сабаби, Ибройим Юсупов чинакам юрт фарзанди, қорақалпоқ адабиётининг атоқли вакили. Нукусда Ибройим Юсупов ҳайкали ва унинг номидаги ижод мактаби очилгани бежиз эмас.
Ибройим Юсуповнинг адабиётда тутган ўрнига баҳо берган буюк ёзувчи ва шоирлардан Расул Ҳамзатов уни “қалбларни даволовчи шоир” дейди, Чингиз Айтматов унинг шеъриятини кишини “ҳайратга солувчи” шеърият сифатида баҳолайди, Қайсин Қулиев шоирни туркийзабон халқларнинг улкан адиби даражасида кўради.
1929-2008 йилларда яшаб ижод қилган Ибройим Юсупов ХХ аср иккинчи ярми – XXI аср бошларидаги қорақалпоқ адабиёти тарихида ёрқин саҳифани ташкил қилади. Аллома шоир ўзининг серқирра ижоди, гўзал шеърияти, драмалари, давр нафаси уфуриб турган долзарб публицистик асарлари билан адабиётда алоҳида ўринга эга. Унинг ўндан зиёд шеърий тўпламлари, достон ва поэмалари ­аллақачон қорақалпоқ ва ўзбек ­халқининг адабий мулкига айланиб улгурган.
Шоир ижоди давомида юксак адабий мезонларда ўлчанадиган “Бахт лирикаси” (1955), “Кунчиқар йўловчисига” (1959), “Ўйлар” (1960), “Етти наво” (1962), “Дала орзулари” (1966), “Кўнгил кўнгилдан сув ичар” (1971), “Тўмарис” (1974), “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё” (1987), “Тузли шамоллар” (1988), “Кўнгилдаги кенг дунё” (1989), “Беклигингни бузма сен…” (1995), “Ҳар кимнинг ўз замони бор” (2004) каби шеърий тўпламларини нашр
эттирди.

Иброҳим Юсупов айни пайтда новатор шоир сифатида қорақалпоқ адабиётини шарқ шеъриятининг энг яхши анъаналари, рус ва жаҳон классикларининг ўлмас, умумбашарий ғоялари билан баҳраманд этиб, уни янги шакллар билан бо­йитди. Ибройим Юсуповнинг шеърияти миллий урф-одатларнинг энг муҳим элементларини жаҳон адабиётининг Пушкин, Лермонтов, Ҳофиз, Навоий, Шекспир шеърий анъаналари билан уйғунлаштирди. Буни шоирнинг ўзи эътироф этиб, шундай ёзади:

Мен дурагай бир бутоқда унганман:
Навоий ва Пушкин устоз, илҳомчим.
Қайнаб турган қоним билан уммонман,
Мен Бердақнинг соф қонидан бир томчи.

Шоир шеърияти сифат жиҳатидан ҳам мана шундай дунёвий мазмунни жамлаган шеърият эди. Болалигида қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди намуналарини, Шарқ ва мумтоз адабиётимиз намояндалари асарларини ўқиб-ўрганган, талабалик йилларида эса жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиб, баҳра олган шоир учун “Ватан” тушунчаси алоҳида қадр-қимматга эга:

Қайда юрсам, соғинтирар,
Она юртим томонлари.
Хаёлимда саҳар-саҳар,
Эсар Жайҳун шамоллари.
Атиргул териб чўллардан,
Гулирайҳон чаманлардан,
Бизнинг бул гўзал эллардан
Эсар Жайҳун шамоллари.

“Саксовул” шеърида ҳам ватан ва халқ тимсоли, уларга муҳаббат акс этган. Саксовул – бу чуқур фалсафий маънога эга рамзий образ. Бунинг воситасида шоир табиат офатларига бардош­ли чўл халқининг ўз туғилиб ўсган ерига садоқатини, сабр-тоқатга эга характерини юксак бадиий маҳорат билан кўрсатишга муваффақ бўлган.
“Қўбиз” достони эса нафақат қўбиз ҳақида, балки қадимий қорақалпоқ чолғу асбоби, у нафақат буюк шоир ҳақида, балки қорақалпоқ халқи, уларнинг орзулари, ўтмиши, бугуни ва келажаги, мураккаб фожеали тарихи ҳақидадир.
Шоир суҳбатларидан бирида эътироф этганидек, “дунёда инсон учун Ватан, юрт соғинчидай кучли, ҳар қандай қалбни ларзага соладиган қудратли туйғу бўлмаса керак. Инсон қалбида кечадиган бу соғинч, эҳтиром, назаримда, Мажнуннинг Лайлига бўлган муҳаббатидай, соғинчидай, балки ундан-да юксакроқ қудрат касб этади!”.
Шоир ҳаёти, тақдири билан чамбарчас боғлиқ бош Ватан пойтахти ва азим Тошкентдаги ёру биродарлар соғинчи доим кучли:

Нукусдан мен сизни қўмсаб келмасам,
Келиб, Ҳақнинг саломини бермасам,
Дўстлар билан ёруғ тонгни қаршилаб,
Мустақиллик майдонида юрмасам,
Мен Тошкентни соғинаман кўрмасам.

Узоқ ижодий йўлни босиб ўтган Ибройим Юсупов, айниқса, Мустақиллик даври адабиётига буткул янгича талаб билан ёндашади. “Бу адабиётнинг илдизлари теран, унинг томирлари инсоннинг ҳур Ватанга, юртга, халқига, атрофидаги одамларга нисбатан меҳр-муҳаббати, эътирофи, ҳаётга бўлган фаол муносабати, қувонч ва ташвишлари, ижтимоий турмушдаги фаоллиги, озодлик ҳақидаги ўй-фикрлар билан ўзаро уйғунлашиб кетиши, мустаҳкам боғланиши зарур. Ана шу жараёнларда инсон ўзининг сурат ва сийратидаги комиллик даражасини, гўзал фазилатлари, ҳур қарашларини намоён этиши керак”. Шоир истиқлол даври адабиётини мана шундай тушунди ва шундай бўлишига ишониб ижод қилди.
Кейинги йилларда ёзилган “Чўл армонлари” дос­тони – Ватанимизнинг янада равнақ топиш жараёнлари акс эттирилган чинакам замонавий асар. Асарда тасвирланган Устюрт кенгликлари билан бугун олис Қорақалпоғистон шаҳарчасида, Мўйноқда амалга оширилаётган улуғвор янгиланишлар, халқ бунёдкорлиги мадҳ этилган.
Адибнинг “Ҳаёт, сенга ошиқман” китобига ёзган мана бу сўзларида шахснинг жамият ва халқ олдидаги бурчи ва масъулияти яққол кўринади: “Гапнинг лўндасини айтсам, шоирликда уч нарсага содиқ бўлдим: шеър орқали халқнинг юрагига йўл изладим, замондош­ларимнинг юрак садосин, қайғу-қувончин, орзу-армонларин, тилак-истакларин, буюк инсонпарварлик фазилатларин куйлашга интилдим…”.
Ибройим Юсупов асарларининг ғоят жозибали, бу қадар гўзал ёзилишининг сабабларини ушбу фикр­ларидан англаб етамиз.
“Чўл армонлари” достонини таниқли шоир Рустам Мусурмон ўзбек тилига қиёмига етказиб ўгиргани боис, уни мириқиб ўқиймиз. Ибройим Юсупов юрагидан чиққан ёниқ сўзлари Ватанга муҳаббат туйғуларимизни янада жўштириб юборади. Ушбу достоннинг ёшларни маънавий баркамол қилиб вояга етказишдаги, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбия­лашдаги аҳамияти катта.
Бугунги кунда бутун дунёга тарқалиб, барчани таҳликада ушлаб турган, инсоният тараққиёти йўлига ғов бўлган тождор вирус офати шароитида Ибройим Юсуповнинг мана бу орзу-армонлари нечоғли қадрли ва тансиқ эканини кўрамиз: “Бу дунёда тинчлик барқарор бўлса, осойишталик, яратувчилик, гўзаллик ҳаётда мангуликка муҳрланса, инсонлар юксак комиллик даражасига эришсалар, адолат қарор топса. Шеърият ана шуларнинг ҳаммасига хизмат қилса… Булар қалбимдаги орзулар, армонлар”.
Институтимиз талаба-ёшлари билан Адиблар хиё­бонида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Шунинг­дек, Ибройим Юсупов ижод мактабининг энг иқтидорли ўқувчилари учун Ибройим Юсупов номидаги стипендия жорий қилиш, инс­титутда адиб номидаги ижод хонасини, унинг ижодига мансуб беқиёс асарлар бурчагини ташкил этиш, ҳар йили шоирнинг шеърий тўпламларини нашр қилиш орқали талаба-ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, иншолар танлови ва илмий-амалий анжуман, хиёбонларда очиқ дарсларни ўтказиш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Адиб қолдирган маънавий меърос бугунги кунда ёшларни тарбиялаш, уларда ватанпарварлик фазилатларини шакллантиришда бунёдкор ғоя бўлиб хизмат қилади.

Ботир УСМОНОВ,
Тошкент кимё-технология
институти ректори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг