МУҚАДДАС ДАРГОҲ

52

Маънавияти юксак халқларнинг халқаро ҳамжамиятда обрўси юқори, мартабаси баланд бўлади. Халқимиз жаҳон маънавият оламига катта ҳисса қўшган буюк алломалари билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Азалдан илм-маърифатга ихлоси баланд бўлган юртимизда улуғларнинг кўплаб етишиб чиққани, она Ватанимизнинг тупроғи табарруклиги бизга буюк келажакдан дарак беради. Халқимиз доимо ижодкор фарзандларини эъзозлаган, хотирасини ёдда тутган. Чунки қобилиятли ҳар бир инсон халқ маънавиятининг узвий бўлагидир.

Шўролар даврида халқимизнинг тарихи, жаҳон маънавий тамаддунига қўшган ҳиссаси қанчалар камситилгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Шукр­ки, мус­тақиллик туфайли тарихга муносабат тубдан ўзгарди. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарори наинки, маънавият аҳлини, балки бутун халқимизни қувонтирди. Мақсад “Миллий боғни халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган, нафақат юртимиз, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидан меҳмонлар ва сайёҳлар ташриф буюрадиган ҳар томонлама гўзал ва бетакрор масканга айлантириш, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли сўз санъаткорларининг тарихий хотирасини абадийлаштириш…” бўлди.
Мен ҳар сафар Адиблар хиёбонига келиб улуғ ижодкорларимиз ҳайкалларига завқ билар боқар эканман, ёдимга бир ривоят келаверади. Эмишки, бир қудратли подшоҳ бўлиб, кўпгина мамлакатларни босиб олибди. Қўли етмаган биргина юрт қолган экан. Лашкарбошиларнинг қутқуси билан у юртга ҳам юриш қилишни ўйлабди. Подшо бирор юртга уруш қилишдан олдин у мамлакатга жосусларини юбориб мавжуд аҳволни, элнинг кайфиятини, шароитни ўрганар экан. Бу сафар ҳам шундай қилибди. Тинғчилар қайтиб келиб ҳукмдорга ҳисобот берибдилар. Юрт обод, раият тинч, меҳнат билан банд. Шоҳ қўшинлар сонини сўрабди. Хабаргирларнинг гапи бўйича бу юртдаги қўшин шоҳ қўшинларидан уч баробар кам, аммо иккита зўр шоири бор экан. Шунда вазиру амирлар хурсанд бўлиб, бир ҳамла билан босиб олишни ўйлаб, подшоҳга юриш бошлашга фармон беришни илтимос қилибдилар. Аммо мулоҳазали подшо: “Йўқ. Зўр шоирлари бор юртга уруш очиб бўлмайди. Шоирлар даъватига халқ эргашади. Халқи кўтарилган элни енгиб бўлмас”, – дея шу юртга юриш қилмаган экан. Энди Юсуф Хос Ҳожибга қулоқ тутайлик:

Қилич-ла эл олмоқ мумкин
ҳар жойда,
Қаламсиз идора қилмоқ бефойда.
Қилич бирла олди, боқ,
эл олгувчи,
Қалам тутди элни йўлга солгувчи.

Халқ оғзаки ижодида ҳам, ёзма адабиётда ҳам шоирлар, яъни қалам аҳлига нақадар юксак баҳо берилгани далолати бу. Дарҳақиқат, Ватанга фидойи, ҳақиқий шоирнинг сўзи ҳар қандай қуролдан кучли. Абдулла Қаҳҳор: “Адабиёт атомдан кучли…” деганда шуни назарда тутгандир, балки. Бомба маълум бир ҳудудга таъсир қилса, адабиётнинг – сўзнинг таъсири чек-чегарасиздир.
Адиблар хиёбонида ҳайкаллари қўйилган шоирларимиз мана шундай юртга фидойи, сўзига халқ ишонадиган, эргашадиган сиймолар эди. Ҳазрат Алишер Навоийдан бошлаб Муҳаммад Юсуф ижодигача кузатсак, фикримизга истаганча далиллар топамиз. Алишер Навоийнинг “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами” сингари ҳикматларию Муҳаммад Юсуфнинг “Халқ бўл, элим” сатрларини эслашнинг ўзи кифоя. Бадиий адабиёт маънавият юксалишининг асосий омили, эл дилини яйратувчи, руҳини юксалтирувчи восита бўлган. Шунингдек, юрт бошига иш тушса руҳига қувват, дилига малҳам бўлган.
Адиблар хиёбонида кечаётган учрашувлар, суҳбатлар ёшлар онги, шуурига гўзалликни сингдириш билан, фикрини теранлашга хизмат қилади. Олимларни янгидан-янги илмий тадқиқотлар қилишга илҳомлантиради. Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Бердақ, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ибройим Юсупов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва бошқа бу ерда ҳайкаллари ўрнатилган ижодкорларимиз меросининг ўрганилмаган қирралари кўп.
Яна бир жиҳати, дунёда очиқ осмон остида музейлар кўп, аммо биздагидек очиқ осмон остида Адиблар хиёбони йўқ. Бу ҳар бир адабиёт мухлисида фахр туйғусини уйғотади. Учинчидан, улуғлар руҳини шод қилиш авлодлар учун ҳам фарз, ҳам қарз. Тўртинчидан, биз аждодлар билан фахрланибгина қол­­­­­­­­­­­­май, ҳурматини ҳам бажо келтиряп­миз. Бу ёш авлод тарбияси учун ниҳоятда муҳим. Ижодкорларимизни, уларнинг асарларини эслашимиз, мутолаа қилишимиз – дуодай, уларнинг руҳини шод қилиши, шубҳасиз. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида шундай ўгит битилган:

Улуғларни хурсанд қилган
кимки бор,
Топди ҳурмат, қадр-қиммат,
эътибор.

Биз тарихимизда ўтган улуғларимиз, хусусан, шоир-ёзувчиларимизни эъзозлаётганимиз ўз қадримизни теран англаётганимиз, тарихга бўлган ҳурматни жойига қўяётганимиздан далолатдир. Аслида ҳам миллатнинг ўзлигини англаш жараёни тарихда ўтган буюклар меросини ўрганиш, ҳурматини бажо келтиришдан бошланади.
Ҳассос шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Чўлпон” шеърида шундай мисралар бор:
Ўлса ўзи ўлар,
Сўзи ўлмайди,
Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.
Ҳақиқий шоирнинг қабри
бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар.

Хиёбонда қад ростлаб турган ижодкорларнинг ҳар бирининг халқ хотирасида ўз ўрни бор. Бошқачароқ қилиб айтсак, улар юракларга кўмилган, руҳлари ҳамиша тирик, халқнинг сирдоши бўлган ижодкорлардир. Ҳар бир халқ, миллатда руҳни кўтарадиган, поклайдиган табаррук жойлар бўлади. Адиблар хиёбони мана шундай зиёратгоҳ бўлиб қолишига шубҳа йўқ. Энди адабиёт аҳли, қолаверса, халқимиз учун китобхонликни оммалаштирадиган, маънавиятини юксалтирадиган мас­кан бор.
Адиблар хиёбони адабиётимизнинг ҳамишалик улкан ва муқаддас даргоҳи бўлиб қолишига ишончимиз комил.

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти, адабиётшунос

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг