Сенда мужассамдир олам жамоли

63

Кибрланма
Кибрга ўранма мағрурланмагин,
Ғилофда ҳам тусин йўқотмас ялов.
Мени тушунмаслар, дея йиғлама, —
Қачондир тушунар ақалли биров.

Ўзингга ишонма. Фурсати келса,
Манманлик емириб кетар даҳонгни.
Бачкана мақтовга ўчлигинг эса
Бир пулга туширар нарху баҳонгни.

Шон-шуҳрат ва жазо хатари битта, —
У кибр, жиловлашни зинҳор унутма.
Қабул этма ҳурмат дея орденни,
Орден деб, юзингни тупукка тутма.

Хушфеъл “тоға”лардан кутма садақа,
Хасислигинг эса маҳв айла бетин.
Юлишга ошиқма, юҳо мечкайлар, —
Қашшоққа дўнади ҳовлиқиб бир кун.

Бўлмасин ҳовли-жой, ҳатто қозиқ ҳам,
Ерга урдилар, деб интилма тахтга.
Гадодай эркин бўл пулинг борида,
Аммо гадо бўлма қашшоқлик вақтда.

Энг тубан иллатдир ҳасад аслида,
Ўзгалар ютуғи солмасин туғён.
Ҳасад қилма ўзгаларнинг ақлига,
Нодон кимсаларга ачингил пинҳон.

Бошқалар фикрини ҳақорат билма,
Зиёфатда ёки қазо — сўроқда.
Севимли бўлмоққа, бахтга интилма —
Сева ол, севимли бўлмаган чоғда!
Истеъдод омадли қартамас, ошна,
Ҳалоллик, жасорат тушмас осмондан.
Ҳотамдай кеккаяр аслида зиқна,
Ботирман деганлар баттар қуёндан.

Кибрланма, санаб ўзинг мард, танҳо,
Курашда ўртада юрганинг замон.
Енгганинг чоғда ҳам ғурурни ҳатто,
Кибр ила умрингни этмагин яксон.

* * *
Истамам ҳаммага севимли бўлмоқ,
Ёхуд ҳамма қарши туришин букун.
Вақт уруғи гўё экилди шундоқ
Эҳтимолки, ҳамма замонлар учун.

Ғарбнинг йўриғига ўйнай олмайман,
Сира кўр-кўрона сиғинмам шарққа.
Ўзимга топшириқ бера олмайман,
Икки томонни ҳам тўлдир деб шавққа.

Истагим йўқдир бу қаттол курашда
Юракка бемалол қўлим қўймоққа.
Бир пайт ўзида жабрдийда ҳамда
Унинг жаллодига маҳрам бўлмоққа.

Барин чалкаштириб этаман давом
Ҳаштакиларга хос ҳаммага ёқиш.
Иккиюзлиларни кўрарман ёмон,
Қўлимдан келмайди лаган синдириш.

Оломон севгиси чикора менга
Дўстларим севса бас, осмондир кўксим.
Истайман севимли бўлмоқни Сенга
Талпинсин қачондир отам деб ўғлим.

Мен унга жонимни беришга шайман,
Кимки чекинмаса охирги дамда.
Севимли сояси бўлмоқ истайман,
Эрта йўқотганим марҳум отамни.

Лермонтов
Йиғлаяпти чана тагида,
кимни эслаб Петербург қори?
Қайга шошар қоқ ярим тунда,
отни қичаб якка суворий?

У атрофга ғазаб-ла боқар,
нафрат ила лаби қимтилган.
Икки кўзин қорачиғида
икки Пушкин ётади — ўлган.

Петербургнинг қорли тўзони,
у ажалнинг кўрди юзини.
Нишон олмай Мартинов уни,
Дантес ўқи тешди кўксини.

Давралардан ғийбат ва васвас,
улфатлардан бош тортиб бу тун —
шошилади олмоққа қасос,
олинмаган интиқом учун.

Унинг тиғдай нигоҳи жасур,
ярақлайди совуқ, бешафқат.
Илҳом — меҳр боласи эрур,
энагадир лек унга нафрат.

Баҳсни дуэл ечмоғи лозим,
не йигитлар топса-да, завол.
Секундантлар топмоқ муносиб,
бу замонда кўп амримаҳол.

Тинмай Пушкин ноласи чорлар,
уни дуэл чизиғи ёққа.
…Туғилади Русда шоирлар,
Дантес ўқи билан кўкракда.

* * *
Бир замон мўл эди сенда кулгулар,
Ҳайратли, ҳаяжонли, айёр кулгулар,
Озгина ғамгину вазмин кулгулар.

Сенда қолмабди-ку сира кулгулар,
Дала топаман, ўсган юзлаб кулгулар,
Келтираман сенга гўзал кулгулар.

Айт-чи, ўзи сенга керакми кулгулар,
Чунки чарчатибди сени кулгулар,
Ўзимни ҳам ҳоритди бегона кулгулар.

Менда ҳали бисёр таянч кулгулар,
Юзимда саргардон аянч кулгулар.
Виждон єийноєлари

Д.Шостаковичга
Яшаймиз, ўлимни назарга илмай,
Уятсиз яшашга кўникдик осон.
Виждон фариштадай кўзга кўринмай
Ҳар бир муюлишда йиғлайди гирён.

Унинг болалари бу пайтда, эвоҳ,
Дайдир қўлда асо мунгли, ғамбода.
Виждон қийноқлари — ғалати қийноқ,
Виждонлар сотилган каззоб дунёда.

Бир эшикдан ўтар бошқа эшикка,
Ҳатлар остонадан остона томон.
Виждон болалари кўз тикиб кўкка,
Нажот қидиради афтода, сарсон.

Кир-чир тирноқлари қонсиз бир тусда,
Юришар оч-юпун, кўзини ёшлаб.
Қашшоқлар ойнасин чертиб оҳиста,
Шоҳлар саройини мушт ила муштлаб.

Улардир толиқиб ҳорган извошда,
Пушкинни бўронли тунга зувлаган.
Достоевскийни тиқиб авахтага,
“Қоч” деб Толстойни уйдан қувлаган.

Буни яхши билган жаллодлар қавми:
“Кимни виждон қийнар бизга ёт, демак.
Виждон қийноқлари — бу ўта хавфли
Виждонни аёвсиз маҳв этмоқ керак”.

Зангула товшидек қудратли янгроқ,
Қонини ларзага келтириб тунлар.
Виждон қийноқлари — даҳшатли қийноқ,
Жаллодлар кўксида ёқар жунунлар..

Ҳамоқат мулкининг дарбонидир ким,
Номусни бой берган у аллақачон.
Виждондан мосуво бўлган у, лекин,
Виждон қийноғидан бўлолмас дархон.

Бу рўйи заминни минг бор айланиб,
Рўбарў келмадим бир тоза зотга..
“Нима қилдим?” деса биров ўйланиб,
Недир қилиш мумкин бўлар ҳаётда.

Ишонмам набийлар ва иккинчи Рим, —
Мингингчи Римларнинг башоратига.
Ишонгум жимгина: Не қилмоқдасиз?”
“Нима қилмоқдамиз?” — ишоратига.

Ўпаман киру чир қўлингиз қадоқ,
Жаҳолат чоҳининг лабида букун.
Виждон қийноқлари — энг ёруғ қийноқ,
Сўнгги ишончимни асрамоқ учун.

* * *
Машага
Сени табиатдан севаман кўпроқ,
Сенинг ўзинг асли табиат, ишон.
Сени озодликдан севаман кўпроқ,
Сенсиз озодлик ҳам турмадан ёмон.

Мен сени севаман билмай эҳтиёт,
Равон йўлда эмас, жар ёқасида.
Мен сени имкондан севаман зиёд,
Ноимкондан кўпроқ севгум аслида.

Мен сени севаман муддатсиз, ҳадсиз,
Бўкиб ичиб олиб, сўкиниб гоҳи.
Ўзимдан ҳам ортиқ севаман шаксиз,
Ўзингни ўзингдан зиёд ҳаттоки.

Сени Шекспирдан севаман кўпроқ,
Сенда мужассамдир олам жамоли.
Барча мусиқалар мавҳум, тумтароқ,
Афсункор мусиқа ўзинг, илоҳий.

Сени кўп севаман шону шуҳратдан,
Ҳаттоки келажак замонларда то.
Менга нима бўпти занглаган Ватан,
Ватан менга ўзинг, ўзингсан, танҳо.

Сен бахтсизми? Бунча солаяпсан дод?
Чирқираб Тангрини қақшатма, эркам.
Мен сени бахтдан ҳам севаман зиёд,
Мен сени севаман муҳаббатдан ҳам.

Рус тилидан Абдумажид АЗИМ
таржимаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг