ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР АДАБИЁТИ СИНЧИСИ

51

Мустабид тузум ҳукмронлиги даврида туркий халқларнинг тарихи, тили, муштарак манбаларни ўрганишда, таржима соҳасида янги бир авлод пайдо бўлдики, бу кейинги давр алоқалари учун пойдевор вазифасини бажарди, десам хато бўлмайди. Улар орасида туркий халқлар замонавий адабиётшунослигининг таниқли вакили, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоевнинг ўрни алоҳидадир.

Мустабид шўро империяси қулаганидан кейин бирмунча вақт ўз-ўзини рад этиш, адабий-тарихий тажрибани ҳаддан ташқари инкор этиш тенденцияси мавжуд эди. Энг ачинарлиси, адабий ва назарий тафаккурнинг барча ютуқларини инкор этиш тенденциясини тарғиб қилувчи мақолалар ҳам пайдо бўлган эди. Бундан ўн йил олдин Самарқандда Алишер Навоий ижодий меросини ўрганишга бағишланган халқаро конференцияда профессор Ҳамидулла Болтабоев билан учрашиб, унинг замонавий илм-фанни мумтоз илмий-адабий тажрибага суяниб яратиш мумкинлиги ҳақидаги фикрлари эътиборимни тортганди.
Унинг илк изланишлари асосида яратилган “Наср ва услуб” (Тошкент: Фан, 1992) монографиясида 60-80-йиллар ўзбек насрининг муҳим муаммо ва масалалари тадқиқ этилган. Хусусан, унда 70-йиллар ўзбек насридаги услуб муаммоси кенг миқёсда ўрганилгани боис, 2006 йилда ушбу монография турк тилида, Туркияда чоп этилган.
Олимнинг ушбу тадқиқоти дунё адабиётининг тарихий тажрибаси асосида Москвадаги М.Горький номидаги Жаҳон адабиёти институти томонидан нашр этилган тўрт жилдли китобга киритилди. У ўзининг “Истеъдод ва услуб” номли китобида ижодий психология ва бадиий асар поэтик тузилиши ўртасидаги боғлиқликни изчил ўрганиб чиқиб, унинг индивидуал услубни аниқлашдаги аҳамиятини илмий жиҳатдан асослаб беради.
Олим тадқиқотининг асосий йўналишларидан бири ҳам адабий-назарий тафаккур тарихидир. У мазкур соҳадаги туркий дунё ва бутун жаҳондаги кўплаб муҳим тадқиқотларни ўрганиб чиқди. Бунинг натижаси ўлароқ “Aдабий-эстетик тафаккур тарихи” (ҳаммуаллиф М.Маҳмудов) номли икки жилдли салмоқли тадқиқот нашр этилди.
Ушбу тадқиқот монография сифатида нашр этилгандан кейин нафақат Ўзбекистонда, шунингдек, Туркияда ҳам юқори баҳоланди. Илмий ишнинг муҳим ютуғи шундаки, унда Сталин даври қатағони қурбони бўлган таниқли ижодкорлар мероси чуқур ўрганилган. Зеро, Фит­рат атоқли тарихчи, тилшунос, шоир бўлиши билан бирга, ўзбек адабиётшунослигининг илк назариётчиси ва профессори ҳам эди. Фитратнинг Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Фирдавсий, Умар Хайём ҳақидаги асарлари ўзбек адабиётшунослигининг мумтоз намуналари саналади.
У қарийб йигирма йил давомида Ўзбекистон Миллий университетининг “Ўзбек мумтоз адабиёти” кафедрасини бошқарди. Мумтоз меросни баҳолаш, даврлаштириш ва поэтика каби муаммолар унинг кейинги йиллар илмий фаолиятида етакчи ўринни эгаллади. Тасаввуф манбалари, назарияси ва тарихи, шунингдек, мумтоз Шарқ поэтикасига оид илмий-назарий ва танқидий китоблари олимни шу соҳада Ўзбекистон ва туркий дунёнинг таниқли мутахассиси сифатида дунёга танитди. Унинг илмий тадқиқотлари AҚШ, Россия, Германия, Нидерландия, Япония, Хитой, Корея ва бошқа мамлакатларда нашр этилди.
2010 йилда Озарбойжон Миллий билимлар академиясида ўтказилган халқаро анжуманда Ҳ.Болтабоевнинг “Марказий Осиё адабий тарихини ўрганишнинг услубий асослари ва даврлаштириш тамойиллари” номли маърузасида муаллиф маълум бир халқ адабиётининг тарихий эволюцияси ва унинг хронологияси тамойилларини белгилашда ижтимоий-сиёсий тизимга эмас, балки миллий мафкурага кўпроқ таяниш зарурлигини таъкидлайди.
Ҳ.Болтабоевнинг ушбу илмий йўналишдаги фаолияти таржимонлик фаолияти билан параллелдир. У В.Белинский, Н.Чернишевский, Р.Барт, В.Шкловский, Эйхенбаум, Л.Борхес, Ю.Борев ва бошқа олим ва адибларнинг асарларини таржима қилиб, ўзбек илмий тафаккурини янада бойитганлигига шубҳа йўқ. Айни кунда катта куч-ғайрат билан илмий ва педагогик фаолиятини давом эттираётган профессор Ҳ.Болтабоев кейинги ўн йил ичида ўзбек-озарбойжон адабий алоқалари ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Олимнинг ўтган йили Ўзбекистон ва Озарбойжонда чоп этилган, янги факт ва далилларга асосланган Жалил Маммадқулизода ижодига бағишланган мақоласи озарбойжон-ўзбек адабий ва илмий алоқаларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. У Ҳусайн Курдўғлининг “Танланган асарлар”ини Ўзбекистонда нашр этди. Ҳ.Болтабоевнинг академик Исо Ҳабиббейли (муаллифлар A.Улви, Я.Қасимбейли) ҳақидаги “Устоз” (Тошкент, 2019) китобига ёзган сўзбошиси унинг озарбойжон адабиёти ва фанига самимий ҳурмати намунасидир.
Озарбойжон Миллий Илмлар академиясининг (АМЕА) Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти ўтган йили олимни икки халқ адабий алоқаларини янги босқичга кўтаргани, Озарбойжонга бўлган самимий муҳаббатини инобатга олиб “Йил олими” илмий унвонига лойиқ топди. Ҳамидулла Болтабоев Озарбойжонда ўтказилган нуфузли илмий тадбирларнинг муносиб меҳмони, асарлари нуфузли илмий нашрларда эълон қилинган таниқли олимдир. Халқларимиз орасидаги адабий-илмий алоқалар ривожига олимнинг бундан кейин ҳам салмоқли ҳисса қўшишига аминман ҳамда бу ишда у кишига куч-қувват ва муваффақият тилайман.

Шириндил АЛИШАНЛИ,
Озарбойжон Миллий Илмлар академияси
Низомий номидаги Адабиёт
институтининг бўлим мудири,
филология фанлари доктори, профессор
Бокуда чиқадиган “525 газет”нинг 2020 йил 5 июнь сонидан таржима қилинди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг