НОДИР НОРМАТОВНИНГ ГАВҲАРИ

34
Нодирнинг биринчи китоби “Кўҳитанг ҳикоялари” ҳали у йигирма етти ёшга кирмасидан чоп этилди. Кейин “Бисот”, “Жазо”, “Жарликдан қушлар учди”, “Исмоил тоғанинг тарозиси”, “Дарахт тагидаги одам” қиссалари, “Баригал”, “Зулайҳо дарахти” романлари эълон қилинади. Унинг қиссалари ва бир қатор ҳикоя­лари Санкт-Петербурглик ёзувчи Ганна Немирко томонидан рус тилига таржима қилиниб, “Голубие орехи” номи билан чоп этилди.
Нодир Норматов асарларининг му­ҳим фазилатлари ҳақида кўп ва хўп  гапириш мумкин. Кўзга яққолроқ таш­ла­надиган хусусият унинг насрида тасвирнинг самимийлиги ва тиниқлиги, миллий колоритнинг анча қуюқ акс этганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Ёзувчининг қаҳрамонлари ўзи болалик ва ёшлик чоғларида кўрган, кузатган одамлар. Уларнинг ташвиш ва қувонч­лари, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун курашлари адиб кўнглига яқин эди.
Нодир Норматов серқирра ижодкор.Унинг тасвирий санъат соҳасидаги баракали ижоди, сураткашлиги, кўпгина ҳужжатли фильмлар яратганлиги диққатга сазовор. У санъат арбоблари, халқ усталари тўғрисидаги кўплаб ҳужжатли фильмларга муаллифлик қилди. “Рўзи Чориевнинг сўнгги васияти” роман-эссеси санъатшунослар, адабий жамоатчилик томонидан яхши кутиб олинди. Роман адибнинг умр йўлдоши Гав­ҳар Норматова томонидан рус тилига ҳам таржима қилинди. Адибнинг “Камалак яшайдиган уй” номли китоби эса болалар учун санъат ҳақида ёзилган энг яхши асарлардан бири бўлиб  қолди.
Сир эмас, тасвирий  санъат, хусусан, рангтас­вир  санъати ҳақида ёзадиган  муаллифлар кўп эмас. Шу боис фаолиятининг асосий  йўналиши сўз санъати бўлган адибнинг бу мавзуда ёзган асарларига эҳтиёж кучли бўлган. Нодирнинг ёзувчиларни, мухлисларни рангтасвир санъати ва мусаввирлар билан яқиндан таништиришдаги хизматлари ҳам ибратлидир. Ҳар сафар шу ҳақда ўйлаганимда атоқли  рангтас­вир устаси, раҳматли Рўзи Чориевнинг устахонасидаги дилкаш гурунглар кўз олдимга келади. Рўзи аканинг одамларни мудом ўзига  чорлаб турадиган қандайдир бир оҳанрабоси бор эди. Шу боис унинг ижодхонасида фақат санъаткорларни эмас, бошқа соҳа одамларини ҳам кўриш мумкин эди. Италиялик жаҳонга машҳур рассом Ренато Гуттузо Рўзи аканинг устахонасида меҳмон бўлган. Улар бир-бирининг автопортретини чизишган эди.
Нодир  сайру  саёҳатни яхши  кўрарди. Ёзувчиларнинг Чорвоқдаги далаҳовлисида яхши боғи бор эди. У ёру биродарларига, дўстларига эътиборли, ғамхўр, уларнинг ижодидаги ютуқлардан астойдил қувонарди. Нодирнинг инсоний фазилатлари ҳақида гапирганда, аввало, унинг чинакам оилапарварлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Шундай бир ҳолат эсимда қолган. Кунлардан бир кун Нодир ишлаётган “Санъат” журнали таҳририятида гурунглашиб ўтирган эдик. Шунда Нодир аёли Гавҳарга телефон қилиб, болаларини сўради. Кейин уларни телефонга чорлаб, овозларини эшитди. Шунда сездимки, у иш вақти тугагунча болаларини соғиниб қолар экан. Уч  қиз ва бир ўғилни тарбиялаб, вояга етказишди. Фарзандларининг ҳаммаси ҳаётдан ўз ўрнини топишди. Унинг кенжаси Бинафша ота касбини давом эттириб санъатшунослик фанлари доктори унвонини олди. Бинафшанинг қизи (Нодирнинг набираси) Прага университети талабаси бўлди.
Нодирнинг шундай таниқли адиб бўлишида умр йўлдоши Гавҳар Норматованинг ҳиссаси катта. Рус тилини мукаммал биладиган Гавҳар турмуш ўртоғининг жуда кўп асарларини ўзи таржима қилган.
Нодир Норматов ҳаёт бўлганида шу кунларда етмиш ёшини нишонлаётган бўларди. Унинг ижодий режалари ҳали жуда кўп эди. Афсуски…
Яхши ижодкордан яхши асарлар қолади. Уларни асраш, келажак авлодга етказиш ортда қолган фарзандлари ва уни яхши билган яқинлари зиммасидаги масъ­улиятли ишдир.
Шодмон  ОТАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат  кўрсатган 
маданият ходими
Суратда: Нодир Норматов рассом Рўзи Чориев билан.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг