ИБН СИНО ЎГИТЛАРИ

49

Сино бобо шундоқ демиш:
Одамзотга кўп ҳам емиш
Керак эмас. Сув ва ҳаво,
Ер ва қуёш ‒ танга даво.

Яна шулким, Сино бобо,
Аллома ҳам доно бобо
Демишларки: Катта бойлик ‒
Хотиржамлик билан соғлик.
Сабр қилсанг ‒ бу ҳам соғлик,
Буёғи ўзингга боғлиқ.

Худойимнинг сояси бор,
Ҳар элга ҳимояси бор.
Элга қараб давлат берар,
Давлатига шавкат берар.
Огоҳликдир гар раҳнамо,
Бедор элдан қўрқар бало.
Шундоқ демиш Сино бобо,
Сино бобо ‒ доно бобо.

Энг муҳими: ўқув керак,
Ҳафсала ҳам уқув керак.
Жаҳолат ва жоҳилликдан
Бутун умр қўрқув керак.
Яна шулким ‒ ҳасад, риё,
Манманлик ҳам кибру ҳаво,
Нафсдай дарди бедаво
Одамзотни қилгай адо.
Сино бобо ‒ доно бобо,
Доно бобо ‒ Сино бобо.
Оллоҳ Ўзи билгувчидир,
Вақт-соатни бўлгувчидир.
Узоқ яшанг, кўплаб яшанг,
Ҳар қадамни ўйлаб яшанг.
Ҳар кимнинг ризқ-рўзи бўлар,
Ҳар дилнинг ўз сўзи бўлар.
Яратганнинг кўзи бўлар.
Рост юрган ҳар бандасини
Худойимнинг Ўзи билар.
Шундоқ демиш Сино бобо,
Аллома ҳам доно бобо.

15.07.2020 й.

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг