АЛВОН ДУДОҒИНГДА ТИТРОҚМАН ҲАНУЗ

58

Ҳайрат қўшиғи
Ёрижон,
ай ёрижон,
кетди жон сен сори, жон:
кўрмадим кўркам нақш
кўзларингдай,
ёрижон!

На Беҳзоду на Артур,
Рўзи,
Чингиз,
Ўрол,
Нур,
на Пикассо ё Маҳмуд*
бўйла сурат чекибдур.

Боридан безди жоним,
борлигин сезди жоним;
жоним ё ерга кирди,
ё кўкда кезди жоним.

Кўзимдан сизди жоним,
бир савол эзди жоним:
жоним-ай,
жоним берай,
сени ким чизди, жоним?!

Сени ким чизди, жоним?!
* * *
Олдинда бир йўл бор кўп йироқ,
тарҳини, топмадим, ким бичган:
қиличим дамидан ўткирроқ,
сочларинг торидан ингичка.

Олдинда кўприк бор — ости жар,
билмадим ўзим не бўламан,
азизам, сен ўтгил бехатар,
азизам, сен фақат қулама!

Олдинда чаман бор,
сафо бор,
хотиржам-хотиржам ҳаво бор…
азизам,
унгача озгина
сабр бор,
ситам бор,
жафо бор…

Ишқ дедим кезиб тўрт ёғингда,
ишқ дедим,
чорладим билмайин;
азизам, сен борар боғингда
мен кутиб олурман жилмайиб!

Унгача йўл бордир кўп йироқ,
тарҳини, топмадим, ким бичган:
қиличим дамидан ўткирроқ,
сочларинг торидан ингичка.

Ишқуллоҳ
Кимсан – боқийми, фоний,
ерликми ё осмоний,
ё фиръавни мисрийсан,
ё кисрои эроний,
қайсар руммомидинг ё,
қавми туббомидинг ё,
ё шери турк, ё эй жон,
хулафои мусулмон,
ё ердаги қиролсан,
ё кўкдаги ҳилолсан –
нечук санга қул бўлдим,
кошки эди билолсам…
сан – ровий, раводирман,
сан – чолғу, наводирман –
эл бир кун сани ман деб
ўйларми, хавотирман.
Кимсан, сенингми дунё,
несан, сенингми дунё,
ё мен сенинг эдимми,
ё сен менингмидинг ё?!
Қалб деган мулким билан
сафирман – силкинг билан;
ризоман, агар роббий
ўлдурса илкинг билан.
Эй ишқи Ҳақ, ишқулло,
маним ошиқлигим, о,
санам сезганмидинг ё,
санам севганмидинг ё?!
Келу ошиқ қошига,
боқмай кўзим ёшига,
сочиб юбор руҳимни
ошиқларнинг бошидан.
Сан қалбимга асиру
санга асирман асру,
ғарибман дунёсида,
ишқ ичра вале масрур.
Битганим бор хатимми,
ишқ аввалу хатмми –
севги билан сийлагай
тангри муҳаббатимни!

Илтижо
Йилдирим йилларимни
елларга йўлатма, Ёр!
Ҳақ деган тилларимни
ҳар касга тунатма, Ёр!

Қўя қол андуҳимни,
сўндирма шукуҳимни;
осмондаги руҳимни
тупроққа белатма, Ёр!

Юрак тўлиб-тошиниб,
йиғламасин ёшиниб…
арслоннинг бошини
қашқирга силатма, Ёр!
Жон сўрагил бурд учун,
тан тилагил юрт учун…
қарчиғайни қурт учун
чўққидан қулатма, Ёр!

Элитма элдан буриб,
эл бўлай элга юриб,
дил Сенга тўлмай туриб,
паймонам тўлатма, Ёр!

Йўловчи қўшиғи
Висол истар, дийдорталаб
қалбим ёқай тафтинг қалаб,
нетай дунё гардин ялаб,
элтолмасам гар елкалаб?!

Деди: Ҳақдан тониб бўлмас.
Дедим: тонмай таниб бўлмас,
севги севгай ўртамоқни,
бу ишқни ўрганиб бўлмас.

Жоҳил ўзим, порсо ўзим,
муслим ўзим, тарсо ўзим,
бу кун кўзин очган мену
дунё қадар фарсо ўзим.

Тотганим туз – тузинг берган,
айтганим сўз – сўзинг берган,
бир дам узма нигоҳингни,
бисотим шу – Ўзинг берган.

Ҳарна муштоқ, ҳарна зорман,
висолингдан умидворман,
гар жаннатий эмас бўлсам,
ҳузурингга бу наъв бормам!

Ушшоқ
Ишқ ғамидан ғайра савдойимиз йўқ,
Ошиқмизу, жунун авзойимиз йўқ.
Севги Ёра ёру, ошиқ – художўй,
Мусулмону буддий, тарсойимиз йўқ.

Хизр суйи томган баҳоримизга,
Нур сизажак лайлу наҳоримизга,
Ачинмангиз асти аҳволимизга,
Ахир сизнинг била парвойимиз йўқ.

Саломатдир ушшоқ телбаларида,
Сабза нурлар ўйнар жилваларида,
Ахир кўзларимиз қиблаларида
Ўшал ишқдан бўлак маъвойимиз йўқ.

Дилинг танҳо ғариб эзганинг бахтдир,
Ёрнинг бир гардини сезганинг бахтдир,
Севганинг, севганинг, севганинг бахтдир,
Бўйла бахтдан бўлак даъвойимиз йўқ.

Жунун даштида биз излаган Лайло –
Ҳусн бозорида топилмас асло.
Ё Мавло, қалбимиз тарк этма, Мавло!
Бизим Cендан бўлак мавлойимиз йўқ!

* * *
Мен ҳам интизорман, мен ҳам мунтазир,
Мен ҳам дийдорингга муштоқман ҳануз.
Мен ҳам телба эдим, аммо беназир,
Мен ҳам ошиқ эдим, ушшоқман ҳануз.

Менинг ҳам лоларух майдир ичганим,
Менга ҳам тор келди осмон учгани,
Ҳамма ошиқлардек мен ҳам бир ғани,
Ҳамма ошиқлардек қашшоқман ҳануз.

Эски бир жунунга доирман ҳамон,
Севги саҳросида сойирман ҳамон,
Суюк сўз тўкилган шоирман ҳамон,
Куюк бўз тўқилган машшоқман ҳануз.

Бир йигит умрини сипқорган ўғул,
Бир аёл сочини қорга кўмган ғул,
Бир малак тушларин зийнатлаган гул,
Бир пари пойига тушоқман ҳануз.

Жоҳиллигим аён, оқиллигим рост,
Забонимни ёқар айтилмаган роз,
Кўзинг уммонида хасман сарафроз,
Алвон дудоғингда титроқман ҳануз.

Кўклам андалибдан наво келтирди,
Кузак ҳазин тусли сафо келтирди,
Фалак руҳқушимга ҳаво келтирди…
Тупроқман… тупроқман… тупроқман ҳануз.

*Камолиддин Беҳзод, Артур Карапетян, Рўзи Чори, Чингиз Ахмаров, Ўрол Тансиқбоев, Акмал Нур, Пабло Пикассо ва Маҳмуд Фаршчиён каби рассомлар назарда тутилган.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг