ЎША КУН НИГОҲЛАР ГАПИРАОЛМАДИ

156
Хосият РУСТАМОВА
* * *
Тўс-тўполон. Шамол ҳовлида
Деразамга урар қорларни.
Менинг шамолларим олдида
Зарбаси йўқ бу шамолларнинг…
Деразамнинг шундоқ ёнида,
Ёғаверди ёмғир эрта-кеч.
Менинг ёмғирларим олдида
Ёғаётган бу ёмғирлар ҳеч.
* * *
Ҳоли нима кечар менсиз уйимнинг?
Китоблар…  Суратлар…
Жигарранг дафтар…
Мени тополмасдан тентиб, куюниб,
Ортимдан кўчага чиқади гаплар.
Менсиз ҳушдан кетар дарахту борлиқ,
Шамол кимнинг тутиб ўйнар сочидан.
Мен кетсам – тун ўлиб қолади аниқ,
Мен кетсам – ой ўлиб қолар очидан.
ШАМОЛ
Сувдан кирган, ўтданми,
Тирнар ўзини отиб.
Уйдан чиқиб кетганми.
Эс-ҳушини йўқотиб.
Ёмон кўрмасдим, рости,
Бу шамолнинг зарбларин.
Ерга тушган гилоснинг
Пўст ташлади лаблари…
* * *
Балки хотирангда қолган… қолмаган,
Балки Сен учун ҳам армон ўша он.
Ўша кун нигоҳлар гапиролмаган
Сўзлардан қочолмай юрибман ҳамон.
Ҳар куни эринмай тонг отар оппоқ,
Ҳар куни тап тортмай келаверар тун!
Ҳар шох уялмасдан ёзганда япроқ,
Менинг хаёлларим тортади маҳзун.
Ҳар лаҳза ёдимга солар баҳорни,
Ҳар лаҳза ёдимга тушар ўша куз.
Йиллар кураганда сочимдан қорни,
Сен менинг дунёмда қоласан ёлғиз!
Кўзимда у кунлар қолди тип-тиниқ,
У кунлар бўлганми?
Бормиди?
Бор… Чин!
Шеърга айланишга турибди интиқ –
Кўзимдан тўкилган ҳар улкан томчи!
Балки…
Хотирангда қолган…
Қолмаган…
Балки Сен учун ҳам ўша кун армон.
Ўша кун нигоҳлар гапиролмаган –
Сўзлар билан яшаб юрибман ҳамон!
* * *
Олчадан узилган сўнгги барг каби,
Диққатингни тортмас ҳолим. Унутман.
Гўё қўшнимизнинг ҳовлисидаги
Олма дарахтидан тушган қуртман.
Ҳаво ўрнида ҳам чарх урар хазон
Жон оро кирмайди.
Шамол бўлмас эл.
Бугун не кўйларга солар бу осмон,
Эрта не кўйларга солар қаро ер.
* * *
Менинг шамоллигим ёлғон,
Учолмасдан жоним ҳалак.
Кўзларимдан тўкилса жон,
Ўзин ерга отар фалак.
Менинг тириклигим ёлғон,
Қабр ўзи олар жойлаб.
Тирик бўлсам, атрофимда
Юрармиди ўлим пойлаб?!
* * *
Балки ухлаётгансан…
Киприкларинг бирлашиб,
Ғийбат қилар дунёни –
Сездирмай қулоқ солсам!
Кап-катта дарахтлар ҳам
Қушлар билан сирлашиб –
Мени шубҳага қўяр –
Сен эса бехабарсан!
Тонг отгани йўқ ҳали –
Кириб келгани йўқ тун,
Мен сени соғиняпман,
Қуёшга бўлсин қасам!
Сени уйғотгим келар
Сочингни силаб ҳар кун,
Ё Худойим, бўлмасми,
Тушларида учрашсам?
Сен биласан, йиғлайман…
Менга қанчалар қийин,
Менга қанчалар осон –
Менга жудаям осон!
Юрагим ўн беш ёшда…
Устимда эски кийим,
Бошим ернинг остида –
Оёғим тўла осмон!
Менга осон тутмасдинг!
Дунё тутаган пайтда –
Кўзларинг ачишмаса –
Сокин нафас олсайдинг!
Ҳеч бўлмаса, бир марта,
Ҳеч бўлмаса бир марта –
Тасаввур қилолсайдинг…
Тасаввур қилолсайдинг…
* * *
Мендан бошқа нарса сўрама… Токим –
Мен бахтли бўлишга шимарганман енг.
Менинг шунча яшаб ўтган ҳаётим –
Бугунги кунимга келолмайди тенг.
Худога илтижо қиламан тинмай,
Майли, қўлларимдан кетса ҳам мадор.
Бугунги кунимдан бир қадам жилмай –
Мен бахтли бўлишга турибман тайёр.
ДАРАХТЛАР
Иш битирар ими-жимида,
Юрмас биздай ҳовлиқиб, чопиб,
Секин-аста тириклигида
Ер остига борар йўл топиб,
Нималарни туккан дилига,
Анойимас биз каби бироқ.
Етиш учун сирнинг тагига –
Ер остига кирар чуқурроқ.
* * *
Тасодифан келди ва кетди шамол…
Деразам хўрсинди, оғир олди тин.
Кўчада айланиб юриб бемалол –
Юрагимни этди остин ва устун.
Қайси кўчаларга бошлаб кетди у,
Менинг ҳаётимни чиқариб издан.
Тумандай тарқалди мендаги қўрқув –
Кечаги кунимдан қолмади из ҳам.
Қандай севган эдим сени ўша кун,
Йўлларда дарахтлар, кўкда ой гувоҳ!
Шуълалар одимлаб кетганди узун –
Ерлар кетган эди мендан чуқурроқ….
Хаёлим паришон, жоним титроқда…
Руҳим дарчалари очилганди кенг.
Мендан анча баланд, юқорироқда –
Яхшиям бор эдинг, бор эдинг, Сен… Сен…
* * *
Қаерларда эдинг, ахир, шунча йил –
Ҳаётинг қўрқинчли узун тушмиди?
Ҳеч йўқ ўтаётиб дарвозамни бир
Тақиллатиб ўтиш қийин ишмиди?
Энди бу дунёда қолиш ҳам оғир,
Кийиниб… кетишга турганимда шай.
Турибсан умримнинг қаеридадир –
Кузатгани чиққан уй эгасидай…
* * *
Айтсам ишонмайсан – борман ҳали ҳам,
Елкамга юкланган тўрт фасл, тўрт қиш.
Ўзи бўладими, қирқ йил наридан –
Энг оғир юракни кўтариб келиш.
Чарчадим. Оғриқлар кўксимга ботди,
Бу ҳолда дунёдан ўтаман қандай?
Юрагим тўхтади бир зум –
Ҳаётнинг
Қўрқинчли жойига етиб келгандай.
* * *
Бурнининг учида турар жаҳли ҳам,
Гоҳ ердан, гоҳ кўкдан олар заҳрини.
Қушлардан қизғониб кечаси билан –
Дарахтлар еб чиқар меваларини.
ЁЗ 
Қуриб кетсин боғнинг
Кўрган туши ҳам,
Сувга айтай деса —
Сувда ранг қолар.
Шамолнинг кечаси қилган ишидан –
Қип-қизил шарманда бўлди олмалар.
* * *
Ҳаёт, ҳали бисёрми шўрим,
Етмай қолар баъзида тоқат.
Менга жуда чиройли кўрин –
Кетмоқликка қолмасин ҳожат.
* * *
Кузатма ортимдан…
Сен яхшиси қол.
Яша истаганча дунё бағрида.
Топиб боролмайсан –
Мен яшаган жой –
Бу ҳаётдан озроқ нарида…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг