ОНА, СИЗНИ СОҒИНДИМ

39
Муҳтарама УЛУҒОВА
Беш соатлик йўл эди
Марғилоннинг ораси…
Марғилонда яшарди
Оналарнинг онаси…
Боришимни аввалдан айтсам, ҳаловатингизни йўқотиб, йўқни йўндиришга тушардингиз. Ҳолбуки, ёшингиз саксонни ҳам қоралаб ўтганди, Она. Шу боисдан кейинги пайтларда уйимизга бехосдан кириб боришни одат қилгандим. Дарвозадан кўринишим билан гўё дунёнинг бор шодликлари Сизни қучарди. Кавушингизни кияр-киймас мендан илдамроқ юриб пешвоз чиқаркан, қалбим ҳеч кимнинг овозида ҳеч қачон ҳис этмаган бир ҳарорат билан сўзлаб келардингиз:
– Ҳай-ҳай-ҳай… бугун қандоқ яхши кун экан! Қандоғам яхши кун экан! Қаёқлардан келиб қолдинг, болажоним!
Кўксимни… мен ўзим ҳам исмини билмайдиган бир туйғу остин-устун қилиб юборарди. Умрим бўйи излаган меҳр ёғдусига борлиғим қоришиб кетарди. Юрагим титрар, кўзларимга нурли ҳалқачалар тўла бошларди. Сир бой бермаслик учун:
– Осмондан тушдим, онажон, осмондан, – дердим ҳазил қилгандек.
– Ҳа-а, ҳали самолёт учиб ўтганда, ўзим ҳам ўйлагандим…
Эҳ-ҳе, мен Сизни ўтган сафар кўриб кетганимдан буён осмондан неча марта самолётлар учиб ўтдию!.. Уларнинг ҳаммасини умид билан кутиб, кузатиб…
Марғилонда яшарди
Оналарнинг онаси:
Райҳон нафасли, қадди –
Жаннатларнинг лоласи.
Насимларни таратган
Сочларининг толаси.
Кундузлардан ёруғроқ
Кўзларининг қораси…
Энди эсласам, ҳаттоки тўқсонни қоралаб қолганингизда ҳам, қачон биз – фарзандларингиз уйимизга борсак, ҳаммадан олдин чой қўйиб, дастурхон ёзиш тараддудини ўзингиз бошлаб берардингиз, Онажон.
– Сиз ўтиринг, ҳозир ўзимиз ошхонага чиқамиз, — десак… “Сен узоқ йўлдан келдинг, чарчагансан”,  деб ҳар доимгидан ҳам чаққонроқ бўлиб кетардингиз.
Уй-рўзғор ишларидан Сиздек роҳат оладиган, атрофидагиларга қувонч улашганидан ўзи икки, уч… ўн баробар қувонадиган она бўлиш бахти менга насиб этдими, йўқми… билмадим. Хотиралар уммонига ҳарчанд ғарқ бўлмайин, Сизнинг қўлингиз меҳнатдан бўш турган лаҳзани эслолмайман.
Бугун кўп қаватли уйнинг жўмрагини бурасанг, иссиқ, совуқ сув шариллаб оқадиган, қишда печка ёқиш ташвиши бўлмаган хонада яшаб, ўзимни чарчаган ҳис этганимда… нимадир сабаб билан қиёфангиз кўз олдимга келаркан, кўзларим “ярқ” этиб очилгандек бўлади: тонг ёришмасдан кўчаю ҳовлини супуришдан бошланган ишларингиз ярим тунда ҳам тамом бўлмасди. Тиккан дўппиларингиз, чарақлатиб ювган кирларингиз, дастурхонга савати билан келтириб қўйган жиззали нонларингиз, бозордан кўтариб келганингиз мева-чеваю бизга аталган либослардан қувонч, ихлос, меҳру муҳаббат нафаси уфуриб турарди. Дадажоним ҳаётдан эрта кетгач, рўзғор юкининг озгинасини бўлса-да, бизга юклашга шошилмадингиз: “Даданг илмни қадрлар эдилар” – мана шу гап билан отажонимнинг эътиқодларига бир умр садоқатли бўлиб қолдингиз, биз ўқиб, олий маълумотли бўлиб, келажагимизга пойдевор қў­йишимиз учун ўктамлик билан рўзғор юкини кўтардингиз.
Ҳеч бўлмаса, кексайган пайтингизда аҳволу ҳолингизни айтиб, биздан тез-тез хабар олиб туришимизни, эътиборлироқ бўлишимизни талаб қилсангиз бўларди-ку, меҳрибоним! Доим дилимизни авайлагансиз, биз эса…
Ўралашдим Тошканда
Марғилоннинг боласи.
Марғилонда яшарди
Оналарнинг онаси.
Соғинчи – гул, дуоси
Баҳорий кўк жоласи.
Сўзлари – ойнур, дили –
Муҳаббат сайёраси.
Яна энг таъсирлиси… уч-тўрт ойдами, ярим йилдами ёнингизга борсам, уйимиз меҳмонхона вазифасини ўтарди, ҳаттоки меҳнат таътилим пайтида ҳам бир-икки кун Сиз билан юзма-юз ўтириб, ўзимнинг иш ва ташвиш­ларимни бир томонга суриб қўйиб, шунчаки дилдан узоқ суҳбатлашганимни билмайман. Журналистлик касбим тақозоси билан вилоятма-вилоят юриб, меҳнатда, ҳаётда, ижодда бошқаларга ўрнак бўладиган қаҳрамонларни излаб топиб, уларнинг гап-сўзларию ишларидан ҳайратга тушиб ёзардим…
Шитоб кечди ой, йиллар,
Дедим: “Бандман, чорасиз”.
Маскан бўлди онамга
Соғинч тоғин қояси…
Ҳаттоки, Марғилонга боргандаям Сиз билан салом-аликдан кейин нав­батдаги ёзадиган мақолаю очеркларим учун қаҳрамонлар топиш, улар билан суҳбатлар уюштириш асосий юмушим бўларди. Ҳолбуки, қўли гул чевар, нозик дидли пазанда, каттага катта, кичикка кичик бўлиб холис маслаҳат бергувчи, қўни-қўшниларнинг тили билан айтганда, “бировнинг иши битиши учун астойдил ёрдам берадиган жаннати аёл” эдингиз, Сиз ҳақингизда ёзишни бирор марта хаёлимга ҳам келтирмабман… мен ким бўлдим?!
Бошқаларнинг таърифида сўзларни маржон қилиб тердим… яширмайман, гоҳида эҳтирос, гоҳида кайфиятим, баъзан эса нимадир мажбурият сабаб билан кў-ўпларнинг таърифини хўпам келтирдим. Тўғри, соғинганда Сизга атаб шеърлар ёздим, аммо нечун бирор марта бўлса-да, ўзингизга: “Сиз дунёдаги энг бебаҳо онасиз! Мен Сиз билан фахрланаман! Мен учун ҳаётда энг биринчи ибрат мактаби — Сизнинг ҳаётингиз, сўзларингиз!” – деб айтмадим? Агар шундай деганимда борми, эҳ-ҳе!..
Юрагимга энг сўнгги кунларингизда такрор-такрор айтган битта гапингиз гулдек нақшланиб қолди. Ўшанда қолган кучларингизнинг барисини бизни дуо қилишга сарфладингиз чоғи, мунисам. “Болаларингиз ўзингиз каби меҳрибон бўлсин!” – ўз умрингиздан шукроналик, биздан розилик ва миннатдорлик бу дуода жам эди. Ҳаётимда кўп дуолар эшитдим, лекин  соддаю доно, ҳар сафар эслаганда кўнглингни ўстирадиган бундай тилакни Сиздан тингладим.
Беш соатлик йўл эди
Марғилоннинг ораси…
Қўл узатсанг етгулик –
Қошу қабоқ ораси..
Бугун Сизнинг дийдорингизни бир бора кўриш насиб этса, менга обрў, шон, давлат келтириши мумкин бўлган ҳамма ишларни ҳеч иккиланмай четга суриб… ҳаттоки Тошкент билан Фарғона ўртасидаги довон музликларидан пиёда чопиб боришгаям тайёрман. Жисмимда, руҳимда Сизнинг бир нигоҳингиздан малҳам тилаган соғинчга таскин излаб бору йўғимни нисор этмоққа ҳозиру ­нозирману аммо…
Ҳаммадан яқин экан
Икки дунё ораси.
Суйди, кутди ва кетди
Оналарнинг онаси,
Бу дунёда йўқ энди
Сочиниям толаси.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг