ДАВЛАТ ТИЛИ: АМАЛИЙ ИШЛАР САМАРАСИ

54

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлайдики, “дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат, аввало, ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади”.
Шу жиҳатдан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш ­чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизнинг янги тарихи, янги тараққиёт босқичидаги улкан воқеадир.

Собитқадамлик

Фармонда қайд этилганидек, истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди. Мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган, бирлаштирадиган, уларнинг севимли тилига, маънавий эҳтиёжига, фахр-ифтихорига, меҳр-оқибат тилига айланди.
Давлат тилини ривожлантириш борасида белгилаб берилган кўлами кенг, аҳамияти беқиёс вазифаларнинг бугун собитқадамлик билан амалга оширилаётганидан мамлакатимиз жамоатчилиги яхши хабардор.
Шу пайтгача “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижроси учун мас­ъул ташкилот аниқ эмасди. Мазкур қонун қабул қилинганидан буён ўтган ўттиз йил мобайнида бу борадаги муаммоларга доир ёзғириш­лар кутилган самаралар бермаганининг боиси ҳам, бир ҳисобда, шундан. Энди юқоридан қуйигача масъуллар тайин.
Бу номи қайд этилган фармонга биноан Вазирлар Маҳкамаси таркибида ташкил этилган янги тузилма – Давлат тилини ривож­лантириш департаменти, шунинг­дек, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятининг изчил йўлга қўйилгани билан боғлиқ.
Бугун деряли барча давлат бош­қаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, ҳокимликларда иш юритаётган маслаҳатчилар ўз сафига таниқли тилшунослар, адабиётшунослар, адиблар, журналистлар ва бошқа соҳаларнинг ўзбек тили бўйича жонкуярларини бирлаштиргани жойларда давлат тилини кенг ва изчил жорий этишда ўз самараларини бермоқда.
Ўтган қисқа вақт ичида амалга оширилган ишлар ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг эътиборини тортган муҳим бир ўзгаришни қайд этиш ўринли. Шу пайтгача ҳақли эътирозларга сабаб бўлиб келаётган муаммо – ташқи ёзувлар, жумладан, лавҳалар, эълонлар, кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва рекламага оид қонунлар талабларига мос келмаслиги билан боғлиқ эди.
Ушбу муаммонинг кўламлари ­жиловлана бошланди.

Бугун барча бўғиндаги маслаҳатчилар ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда айни материалларни жойларда қадам-бақадам юриб хатловдан ўтказмоқда. Ҳа, қадам-бақадам! Буни оммавий ахборот воситаларини, жумладан, Давлат тилини ривожлантириш департаментининг расмий сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини мунтазам кузатиб бораётган кўпсонли мухлислар кенг эътироф этмоқда. Айни пайтда, давлат тилини кенг жорий этиш борасида жойлардаги муаммолар ва камчиликлар ҳақида танқидий-таҳлилий чиқишлар сезиларли даражада кўпайди. Кўплаб амалий таклифлар айтилмоқда. Уларнинг бирортаси эътибордан четда қолаётгани йўқ.
Жойларда ўтказилаётган изчил тадбирлар самарасида барча реклама ва пешлавҳа матнларини давлат тили талабларига мослаштириш юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, иш одамлари, реклама ва эълонларни берувчилар, тарқатувчилар, тадбиркорлик субъектларининг раҳбарлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда давлат тилини жорий этиш механизмларини жорий этишнинг замонавий воситаларига катта эҳтиёж сезилаётгани сир эмас. Давлат тили ва рекламага оид қонунларни шу нуқтаи назардан янада такомиллаштириш борасида таклифлар тайёрлангани муҳим аҳамиятга эга.
Неча ўн йиллар, ҳатто асрлар оша йиғилиб қолган муаммоларни бир кунда, бир зарб билан ҳал этиш қийин. Шу боис айни жараёнда фуқароларнинг давлат тилига эътиборини янада оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларидан самарали фойдаланилмоқда.

Эътибор
ва эътироф

Ҳа, жойларда давлат тилини кенг ва изчил жорий этиш кўп жиҳатдан ўша соҳаларнинг раҳбарлари тутумига, ўзбек тилига меҳр-эътиборига ҳам боғлиқ.
Буни давлат тилини мамлакатимизнинг миллий сайлов тизимига кенг ва фаол жорий этиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар мисолида кўриш мумкин.
Маълумки, қонун ҳужжатлари ҳақида гап кетганда уларнинг рус тилида тайёрланиб, кейин давлат тилига таржима қилиниши ҳақида эътирозлар учраб туради. Ҳуқуқшунослар одатда буни қонунларнинг ўзига хос тили, ифода усули, мураккабликлари ҳамда расмий ўзбек тилининг тўла шаклланмаганлиги билан изоҳлашга ҳаракат қилишади.
Бир қарашда бундай изоҳларга ­эътироз билдириш қийиндек. Чунки давлат тили мақомини олгунича расмий доираларда, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва амалиётга жорий этишда ўзбек тилидан асосан таржима тили сифатида фойдаланилган. Бундай муносабат дунёдаги энг бой лисонлардан бири сифатида эътироф этилган ўзбек тилининг ғариб аҳволга тушиб қолишига сабаб бўлгани сир эмас.
Мустақил мамлакатимизнинг 2019 йили қабул қилинган Сайлов кодекси ўзбек тилининг имкониятлари ҳуқуқ, жумладан, сайлов ҳуқуқи ва амалиётида ҳам ғоят кенглигини тўла намоён этди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга 2017 йил 22 декабрдаги илк Мурожаатномасида сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги масалаларига тўхталар экан, бу борада қабул қилинган бешта қонун ва бир қатор қонуности ҳужжатлари, афсуски, ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганини таъкидлади. Шу сабабли халқаро қоида ва андазаларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлари номзоди М.Абдусаломов раҳбарлигида Олий Мажлис палаталари, манфаатдор вазирликлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар, тилшунослар, амалиётчилар иштирокида Республика ишчи гуруҳи тузилди. Гуруҳ ишига Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва мутахассислари фаол жалб этилди.
Қайд этиш ўринлики, Сайлов кодекси лойиҳасининг бошдан-аввал ўзбек тилида тайёрланиши, муҳокама этилиши ва қабул қилиниши осон кечгани йўқ. Бу бугун кимгадир жўн, арзимаган гапдек туюлиши мумкин. Аммо қисқа муддатда амалга оширилган ҳаж­ман ғоят улкан мазкур иш нафақат миллий сайлов тизимидаги, балки давлат тилини ҳуқуқ соҳасига кенг жорий этиш борасидаги муҳим янгиликдир. Давлат тилида иш ва ҳужжат юритишнинг ҳадисини олган юксак малакали ҳуқуқшунослар ҳали-ҳамон унчалик кўп эмаслигидан кўз юмиб бўлмайди. Қолаверса, Кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан кўп­лаб давлатларнинг, жумладан, Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларусь, Озарбайжон, Туркия каби мамлакатлар тажрибаси ҳамда ушбу соҳадаги халқаро қоидалар ва тамойиллар пухта ўрганилди. Ўрганиш натижалари бўйича ўзбек тилида зарур хулосалар, шарҳлар ва изоҳлар тайёрланди. Сайловга доир ўндан ортиқ халқаро ҳужжат атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва андазалари Кодекс лойиҳасига ўзбек тилида чуқур сингдирилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари тўғрисидаги ҳужжатлари шулар жумласидандир.
Иш ғоят қизғин кечганини шундан билиш мумкинки, мазкур давлатларнинг сайловга оид қонунлари, шунинг­дек, халқаро ҳужжатларнинг аксарияти ҳали ўзбек тилига ўгирилмаган. Қонун ижодкорлиги жараёнида ўзбекзабон ҳуқуқшуносларимиз бугун ҳам дуч келаётган муаммолардан бири ҳам, аслида, шунда. Шу боис улар айни жиҳатлар бўйича техник имкониятлари хийла кенг рус ва инглиз тилларидаги адабиётларга мурожаат қилишга мажбур бўладилар ва қонунларимизнинг лойиҳаларини ҳам ўша тилларда тайёрлашни осон кўрадилар. Шукрки, барча соҳаларда бўлгани каби қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам бундай бўшлиқларни тўлдириш ишларига киришилди.
“Сайлов кодекси ва унинг асосида бошқа кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат тилида ишлаб чиқилиб, қабул қилинаётгани ва жорий этилаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга, – дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси, асли касби тилшунос-филолог, бир неча хорижий тилларни пухта эгаллаган тажрибали мутахассис М. Бобоназарова. – Ўзбек тилида яратилаётгани қонун ҳужжатларига ғоят соддалик ва улкан жозиба бағишламоқда. Нафақат мутахассислар, оддий сайловчилар ҳам қонун ҳужжатларини бемалол тушунади ва бу эътирофни учрашувларда бот-бот таъкидлашади. Бу – камдан-кам учрайдиган ҳодисадир. Илгари сайловларга оид ўзаро тарқоқ қонунларни тушуниш учун роса бош қотиришимизга тўғри келарди. Масалан, 90-йилларнинг охирида сайлов қонунчилигидаги такрорлару чалкашликлар сабаб сайловларни ўтказишда нақадар қийналганимизни жуда яхши эслайман. Шукрки, ўша кунлар ортда қолди”.

Такомилда
ҳикмат кўп

Шу ўринда айрим мисолларга мурожаат қилайлик. Мамлакатимизнинг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган 1989 йилгача ва ундан кейинги ўн йилликда сайловга оид қонун ҳужжатларида “депутатликка кандидат”, “белгиланган формада бостириш”, “ҳар бир гражданга”, “агитация қилиш”, “участка территорияси” каби ўзбек тилини қашшоқлаштирадиган атамаларни кўплаб учратиш мумкин.
Ўтган йилнинг 25 июнида Сайлов кодексининг қабул қилиниши соҳада она тилимизга нисбатан бундай сунъий чекловлар ва беписандликларга чек қўйиш имконини берди. Бу 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга ва маҳаллий кенгашларга “Янги Ўзбекис­тон, янги сайловлар” шиори остида ўтказилган сайловлар жараёнида ёрқин намоён бўлди.
Бугун ўнга яқин миллат вакиллари меҳнат қилаётган Конституцион орган – Марказий сайлов комиссиясининг барча ходимлари фақат давлат тилини эмас, хорижий тилларни ҳам пишиқ-пухта билади. Сайлов комиссиясининг барча мажлислари оммавий ахборот воситалари вакилларининг кенг иштирокида давлат тилида ўтказилади. Ҳужжатлари тўла давлат тилида ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Айни пайтда ҳуқуқшунослар, тилшунослар ва адиблар билан бамаслаҳат сайловга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат тили нуқтаи назардан янада такомиллаштириш, четдан кириб келган атамаларнинг ўзбекча муқобилларини топиш, яратиш ва амалиётга жорий этиш борасидаги изланишлар изчил давом эттирилмоқда. Бунда Давлат тилини ривожлантириш департаменти буюртмаси асосида тўлдирилган ва 80 мингдан ортиқ сўзни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг қайта нашр этилиши муҳим қўлланма бўлиши шубҳасиз.
Буларнинг барчаси нафақат мамлакатимизда, халқаро миқёсда ҳам ўзбек тилининг нуфузини ошириш, фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқини умум­эътироф этилган халқаро андазаларга биноан кенг таъминлашга хизмат қилмоқда.

Қулман ОЧИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси
раисининг маслаҳатчиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг