МИЛЛИЙ БОҒНИНГ МАНГУ ЧИНОРЛАРИ

164

Мустақиллик йилларида ўзбек маҳобатли ҳайкалтарошлик санъати янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Сиймолар, мавзулар, талқинлар янгича, асл қиёфасида намоён бўлиб, тарих ҳақиқати туганмас илҳом манбаига айланди. Мамлакатда кечаётган маънавий тикланишлар жараёнида забардаст ҳайкалтарошлар етишиб чиқди. Уларнинг ижодида тарихнинг ўчмас саҳифаларига, мутафаккирларга, саркардаларга бағишланган асарлар қаторида миллатнинг улуғ адиблари ҳаёти ва ижоди мавзуси ҳам алоҳида бир йўналиш сифатида намоён бўлди. Бу, айниқса, Адиблар хиёбонида бунёд этилган ёдгорликлар мисолида яна бир бор, бутун бошли композиция сифатида ўз ифодасини топди.

Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида пойтахтимиздаги Миллий боғда атоқли шоир ва ёзувчилар, маърифат дарғаларига бағишланган ёдгорликлар яхлит меъморий ва бадиий композиция сифатида бунёд этилди.
«Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади, — деди Президент ­Шавкат Мирзиёев хиёбон билан танишув жараёнида. – Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз». Шубҳасиз, “Адиблар хиёбони” мажмуасининг очилиши юртимиз маънавий ҳаётида унутилмас тарихий воқеа бўлиб қолади.

Алишер Навоий (ҳайкал­тарош­лар: Н.Бандзеладзе, Э.Алиев, В.Дягтерёв) ёдгорлиги биз учун табаррук манзилга айланганига ўттиз йилдан ошди. Кейинги йилларда улуғ шоирнинг дунёнинг кўплаб мамлакатларида тикланган ва келажакда тикланажак ҳайкаллари учун мана шу маҳобатли ёдгорлик намуна, яъни асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Олибмен тахти фармонимга осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон…
дея фахр билан ёзган буюк шоирнинг орзулари ушалмоқда.
Адиблар хиёбонидаги Бобур мирзо ҳайкалига боққанимизда беихтиёр улуғ мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг миниатюралари ёдимизга тушади. Бу эса, ўз-ўзидан ҳайкалтарошнинг XV–XVI асрлар – шоир яшаган давр табиати, урф-­одатлари, подшоҳларга хос кийиниш маданиятини пухта ўрганганидан далолат беради. Бобур мирзонинг бу қиёфаси бизга Ватан соғинчи билан яшаган шоҳ ва шоирни англатади. Қолаверса, Ўзбекистон халқ рассоми Равшан Миртожиев (1954–2014)нинг Бобур мирзога бағишланган маҳобатли ёдгорлиги 1993 йилда Андижон шаҳрининг марказида тикланиб, юртдошларнинг фахрига айланган эди. Бундан ташқари, ҳайкалтарошнинг муваффақиятли чиққан асарларидан бири “Чавгон ўйнаётган Бобур” композицияси Швецариянинг Лозанна шаҳридаги музейда сақланмоқда.
Бир йил вақт ичида пойтахтимизнинг уч нуқтасида – адибнинг уй-музейи­да, унинг номидаги ижод мактаби жойлашган муҳташам боғда ҳамда Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган Абдулла Қодирий (ҳайкалтарош Баҳром Норбоев) абадияти ҳам бизга яқин ўтмиш, азалий миллий қадриятларимиз ҳақида сўйлаб, келажакка йўл бошлайди. Албатта, ҳар уч ёдгорлик ҳам ўзига хос йўсинда яратилган.
Хиёбонда ёдгорлик ўрнатилган атоқли адибларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди тарихнинг турли давр­ларга тааллуқли ҳамда ўзгача мавзуларда бўлса-да, барчасига хос ягона ҳақиқат бор: улар она Ватанни улуғлаган, ўзбек халқининг бахт-саодати йўлида курашган, келажак авлодлар учун бебаҳо адабий мерос қолдирган.
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўл­пон ҳайкали (ҳайкалтарош Ўролбой Яхшиликов) учун адибдан қолган ягона фотосурат асос бўлса-да, у XIX аср охири XX аср бошларида яшаб ўтган зиёлиларимизга хос чизгилар билан бойитилган. Ҳайкалга боқиб, беихтиёр адибнинг “Кеча ва кундуз” романи, адабиёт ривожи ҳақидаги ҳикматли сўзлари ёдимизга тушади.
– Давлатимиз раҳбарининг адабиёт ва санъатга кўрсатаётган эътиборига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекис­тон халқ рассоми Акмал Нур. – Айниқса, маҳобатли ҳайкалтарошлик санъати тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Ҳайкалтарошларимиз ижоди нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг ўнлаб катта шаҳарларида кўринаётгани бизни қувонтиради. Буларнинг барчаси давлатимизнинг дунё ҳамжамиятида обрўйи ортиб бораётгани ҳамда улуғ алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссалари боисидандир. Мана шу жараёнда янги бир авлод етишиб чиққани маҳобатли ҳайкалтарошлик санъати ривожидан дарак беради.
Адиблар хиёбонидаги ёдгор­лик­­ларнинг аксарияти ёш ҳайкал­тарош­лар томонидан иш­лан­гани бизни қувонтирди. Илҳом Жабборов, Равшан Миртожиев, Тўлаган Тожихўжаев, Улуғбек Усмонов сингари уста ҳайкалтарошлар қаторида Жас­ван Анназаров, Улуғбек Отаназаров, Баҳром Норбоев, Ўролбой Яхшиликов, Оллоберган Оллоберганов сингари ёшларнинг ишлари кўпчиликнинг эътиборини қозонди. Уларнинг қиёфасида, таъкидлаш жоизки, маҳобатли ҳайкалтарошлик санъатида янги авлод ижодкорлари кириб келгани яққол сезилди. Аввало, ёшларга бўлаётган эътибор, қолаверса, уларнинг ғайрат-шижоати, ҳаракати устозлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Ана шундай иқтидорлардан бири, Адиблар хиё­бонида ўрнатилган Муқимий, Мақсуд Шайхзода ва Эркин Воҳидовга бағишланган ёдгорлик­ларни ишлаган Жасван Анназаров, ёш бўлишига қарамай, ҳозирга қадар улуғ туркман ­шоири Махтумқулига бағиш­ланган Тошкент шаҳридаги барельеф (2016) ва Урганчдаги (2017) ҳайкални, Жиззахда давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов (2017) ёдгорлигини, Тошкентда “Ғалаба боғида”ги 14 қаҳрамон сиймосини (2020) ишлашга улгурди. Шунингдек, унинг муаллифлигидаги “Ибн Сино” ҳайкали 2018 йили Францияда ўрнатилди.
– Ижодий режаларим кўп, – дейди Жасван. – Президентимизга раҳмат, ёшларга ишонч билдиргани, қўллаб-қувватлагани, йўл-йўриқ кўрсатгани учун миннатдормиз. Мақсадим Ватанга садоқат билан хизмат қилиш. Чинакам миллий руҳда асарлар яратишни орзу қиламан. Бу йил шахсий кўргазма ўтказиш ниятим бор.
Адиблар хиёбонидаги Ўзбе­кис­­тон Қаҳрамони Тўлеп­бер­ген Қаип­бер­ге­нов­га бағишланган ёд­гор­ликни ишлаган Улуғбек Отаназаров шундай дейди:
– Адиб яшаган даврга хос муаммоларни ўргандим, бу борада унинг тарихий мавзуда яратган асарлари муҳим манба бўлди. Ёзувчининг халқ бахт-саодати йўлида чеккан заҳматларини қиёфасида мужассам этишга интилдим. Иш жараёнида адибнинг шогирдлари, фарзандлари билан яқиндан ҳамкорлик қилдим. Ҳайкал тайёр бўлганда Тўлеп­берген бобонинг наби­ра­лари ҳам отаси билан бирга келишган экан, эшикдан киришданоқ ёд­гор­ликни кўриб: “Бобомлар, бобомлар-ку”, деб чопиб боришди. Шунда ўз ишимдан қониққандай бўлдим.
Хиёбон кеча-кундуз ёшлар билан гавжум бўлиб, адабиёт, шеърият мухлислари, талабалар, ҳарбийлар, санъаткорлар – барча учун сабоқ маскани, рамзий маънода очиқ осмон остидаги улкан кутубхонага айланди. Ёшлар орасида китобга, адабиётга муҳаббат туйғусини уйғотиш ҳам, Ватанга фидойилик, тарихий хотирани тиклаш ҳам, эзгу ниятлар мана шу бўстондан бош­ланади.

Ҳумоюн АКБАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг