ОЛИМНИНГ МАҚСАДИ — КАШФ ЭТИШ

196

“Назария қуруқдир, дўстим, Лекин яшар ҳаёт дарахти”, деб ёзади улуғ олмон шоири Гёте. Бу билан у ҳаётдан ажралиб қолган назарий қарашларнинг аянч ҳолини баён этади. Лекин шундай назариялар борки, уларда ҳаёт уфуриб турадигина эмас, улардан ҳаётнинг ўзи бино бўлади. Улкан иморатлар тархи ҳам, аввало, олимнинг хаёлида пайдо бўлади, дей­ди Шарқ шоири Румий ҳазратлари. Инчунун, хаёлга, назарий фикрга менсимай қараб бўлмайди. У ҳаётни, ҳақиқатларни яратади. Демак, хаёлдан хаёлнинг, назариядан эса назариянинг катта фарқи бор экан.

Шу маънода, филология фанлари доктори, профессор Дилмурод Қуроновнинг “Академнашр” нашриётида чоп этилган “Адабиёт назарияси асослари” китоб-дарс­лигини “томирлари”да ҳаёт оқиб турган адабиёт назариясидир, дейиш мумкин. Чунки у адабиёт ҳақидаги, унинг яралиш, яратилиш ва яшаш қонуниятларини ўзида акс эттирган салмоқли тадқиқотдир. Албатта, “Адабиёт назарияси асослари”гача ҳам мазкур китоб “Адабиётшуносликка кириш” номи остида уч марта нашр қилинган эди. Буниси жиддий қайта ишланган, тўлдирилган нашридир.
Яқинда ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтидаги ҳимоя жараёнларидан бирида, танаффус пайтида профессор Боқижон Тўхлиев коридорда ҳамкасблари билан гурунглашиб турган Дилмурод Қуронов томон одимларкан, йўл-йўлакай хитоб қилди: “Назарияни ҳам бадиий асардек ёзадими одам! Ўқиб мазза қилдим!” Бу Д.Қуроновнинг энг сўнг чиққан илмий-назарий мақолалар тўпламига берилаётган ўзига хос баҳо эди. Сўрашиб бўлишгач, Тўхлиев домла яна қўшимча қилди: “Киши ўзи гапираётган ёки ёзаётган нарсасини тушуниб етса, ифодаси ҳам мана шундай содда, равон бўлади!” Боқижон аканинг мулоҳазаларини камина қўллаб-қувватлади: “Тўғри айтасиз, Боқижон ака! Мен ҳам кузатганман: олим мавзу моҳиятини тушуниб етса, демак, у маънонинг устига чиқиб олган ҳисобланади ва ҳамма нарсани юқоридан кўриб туради. Натижада ўта мураккаб масалаларни ҳам содда жумлалар воситасида ўқувчига етказиб бера олади. Мабодо, аксинча бўлса, яъни мавзу моҳиятини олимнинг ўзи тўлиқ англаб ололмаган бўлса, демак, у маънонинг остида қолиб эзилади, натижада мураккаб жумлалар тузиб ҳамманинг бошини қотириб ташлайди. Дунёда содда қилиб тушунтириб бўлмайдиган деяр­ли ҳеч нарса йўқ”.
Хўш, Д.Қуронов мураккаб назарий масалаларни содда ифодалар билан тушунтириш даражасига қандай эришган? Бунинг учун, назаримда, Қуронов сув ичган булоқларни эслаш керакдек. Бундай десак, ахир, биз ҳам ўша булоқлардан сув ичмадикми?…
Қуронов мактабни ўзбек ва рус синфларида ўқиб тамомлади. Кейин Андижондаги Хорижий тиллар институтининг рус филологияси факультетига ўқишга кирди. Бир муддат ўтиб, Қуронов Тошкентда аввал аспирантура, сўнг докторантурада ўқиди ва пойдеворни янада мус­таҳкамлаб олди. Маълумки, ўзингда йўқ – оламда йўқ. Агар Қуроновнинг ўзида бўлмаганда, унинг юқорида саналган жойларда казо-казо олимлар қўлида дарс олганлигидан бирон фойда чиқиши даргумон эди. Демак, энг муҳими – ҳаммаси, аввало, унинг ўзида бор эди. Рус ва ўзбек филологиясидаги таълим эса унинг ўзида бор ана шу истеъдоднинг рўёбга чиқишини таъминлади.
Дилмурод Қуронов бадиий ижоддан йироқ одам эмас. У ўз вақтида ҳикоялар ёзган, уларни эълон қилган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Узоқ бир йили, Тошкентга сафарларидан бирида каминанинг ижодхонасида бир неча кун турадиган бўлди. Ёзув-чизув учун мендан компьютер сўради. Бердим. Аканинг ишлари битиб, ўзи Андижонга йўл олди. У кетгач, компьютернинг бош саҳифасида битта янги файл пайдо бўлиб қолибди. Қарасам, шеърлар. Шеър бўлганда ҳам фикрчан шеърлар. Қофиясиз, лекин росмана шеърлар. Анча-мунча таниқли, “Мен шоирман!” дея ички фахр туйғусини ҳис қилиб юрадиган шоирларнинггина қаламидан тўкилиши мумкин бўлган интеллектуал шеър­лар! “Компьютерда шеърлар ёзилган файл қолибди, сизга керакми?” дея телефонда сўрадим Қуроновдан. “Йўқ, ўчириб юбораверинг”, деди у ўзига хос бепарволик билан. Ҳар қанча бепарво гапирса ҳам ички бир ҳис билан унинг сўзлаш оҳангидан ниманидир фаҳмладим: “Кимники бу шеърлар? Бинойидек экан”, дедим. “Ҳа-а, сўраманг. Ўчирворақолинг!” Сезги сезгига урилиб, информацияга айланди: шеърлар Қуроновники! Дилмурод Қуронов шеър ёзар экан!.. Бу мен учун янгилик эди. Ҳайратангиз янгилик!
Хўш, бу билан нима демоқчиман? Барчамизга маълум, адабиётшунос олим бадиий асарни таҳлил қилар экан, уни қалб ва тафаккур чиғириғидан ўтказади. Бусиз мумкин эмас. Агар унинг ўзи ҳам қачонлардир ёки мунтазам бадиий ижод билан шуғуллан(аёт)ган бўлса, нур устига нур. Зеро, табиб — табиб, бошидан ўтказган эса зўр табиб!
Энди бевосита дарсликнинг ўзига келадиган бўлсак, қўлимиздаги ушбу китоб унинг қайта ишланган, тўлдирилган тўртинчи нашри. Дарслик асосан филология соҳаси ўқитувчилари, талабалари ҳамда адабиёт бўйича турли мутахассисларга мўлжалланган. У 28 та алоҳида мавзудан иборат. “Адабиётшунослик фан сифатида”, “Адабиётнинг моҳияти”, “Адабиёт ижтимоий онг соҳаси сифатида”, “Адабиёт ва мафкура”, “Бадиий адабиёт санъат тури сифатида”, “Адабий асар ҳақида” каби фаслларда адабиётнинг ўзи нима, у қандай туғилади ҳамда унинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни, вазифалари нималардан иборат, “адабиётнинг бошқа соҳалардан, санъатнинг бош­қа турларидан қандай фарқи бор каби кўплаб саволларга аниқ ва лўнда илмий жавоб берилган. Адабиёт ҳақидаги умумий тушунчалар билан қуролланиб олган ўқувчи секин-аста адабиётнинг “Образлилик ва бадиий образ”, “Шакл ва мазмун”, “Сюжет”, “Композиция”, эпик, лирик ва драматик тур, адабий жанрлар, адабий йўналиш ва оқимлар, адабий жараён, бадиий асар таҳлили каби қатор специфик масалаларининг ичига кириб боради. Ушбу нашрнинг илмий салмоғини оширган асослар жуда кўп. 30 йилдан кўпроқ вақт мобайнида филология соҳасида талабаларга дарс бериш асносида орттирилган залворли тажриба муаллифга адабий жараённинг барча йўналишларидаги ўзига хос жиҳатларни нозик кузатиш ва илмий хулосалар, умумлашмалар чиқариш имконини берган ҳамда буларнинг ҳаммаси дарсликда акс этган.
Ёзувчи (умуман, ижодкор) фикр, туйғу ва ғоялардан бино бўлган образлар ёрдамида дунёни кўради ва акс эттиради. Адабиётшунос олим эса, бадиий асарда акс этган ана шу оламни илмий терминлар воситасида тушунади ва тушунтиради. Қисқароқ айт­ганда, бири образлар, бошқаси эса терминлар ёрдамида одам ва олам сирларини тадқиқ этади. Уларни бир-биридан фарқлантириб турадиган нарса, асосан, бу – улар юрган йўлларнинг, танлаган воситаларнинг ҳар хил эканида. Йўқса, ҳар иккиси ҳам кошифдир. Чинакам ижодкорнинг ҳам, ҳақиқий олимнинг ҳам мақсади битта – кашф этиш. “Адабиёт назарияси асослари” ана шундай кашфиётлардан бино бўлган, олимнинг 60 ёш олдидан ўзбек адабиёти илми мутахассисларига бир армуғони.

Улуғбек ҲАМДАМОВ,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг