СЎЗ СЕҲРИГА МАФТУНКОРЛИК

53

ХХ аср иккинчи ярмидаги ўзбек адабиётшунослигининг ютуқларидан бири шуки, соҳага кўплаб истеъдодли, меҳнаткаш ва изланувчи олимлар келиб қўшилди. Бу авлоднинг майдонга келишида Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Наим Каримов, Умарали Норматов каби устозларнинг хизматлари каттадир. Устозлар ўзларидаги билим ва тажрибалари билан шогирдларини илмнинг юксак довонларига олиб чиқишга интилишди, уларни тинмай изланишга ундашди, адабий жараёнга холис қарашни талаб қилишди. Айни пайтда таваллудининг саксон йиллигини қаршилаётган атоқли адабиётшунос, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, филология фанлари доктори, профессор Йўлдош Солижонов ана шу авлод вакилларидан бири.

Йиллар давомидаги тинимсиз изланишлари туфайли Йўлдош Солижонов йирик адабиётшунос сифатида танилди, илмий жамоатчилик эътиборига сазовор бўлди. Шу ўринда аччиқ бўлса-да, маданий жабҳамиздаги баъзида сезилиб қоладиган бир ҳолатни айтиш жоиз кўринади. Марказдаги баъзи ОАВ нашрлари ва илмий-адабий мақолалар чоп этиладиган газета-журнал ходимларида вилоятларда яшаб ижод қилаётган мутахассисларга савия нуқтаи назаридан “ўзгача” қараш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга бир далил сифатида “Тафаккур” журнали ходимининг Йўлдош Солижонов билан қилган суҳбатини эслаш мумкин. Суҳбат жараёнида журнал ходими: “Домла, вилоятда яшаётган аксар олимлар пойтахтдаги ҳамкасбларидан истиҳола қилибми, республика матбуотида кўп кўринавермайди… фикрлашда ҳам хийлагина фарқ сезилади…” (2016, 1 сон, 54-60 бетлар), деган мулоҳазаларни айтади. Олим журнал ходимининг мулоҳазаларидаги баъзи эътирозларга қўшилган ҳолда вилоятларда Тошкентдагидек қайноқ илмий-ижодий муҳит бўлмаса-да, марказий радио-телевидение, газета ва журналлар узоқлик қилса-да, фидойилик билан ижод қилаётган ва ҳар бир чиқиши адабий жамоатчиликда қизиқиш уйғотаётган адабиётшунослар борлигини қайд этади.
Шу ўринда барча ижод аҳлига хос бўлган бир хусусиятни эслашга тўғри келади. Шоир ва ёзувчи борки, ўз асари ҳақида етук адабиётшуносларнинг фикрини, китобхонлар муносабатини билишга қизиқади. Шу жиҳатдан М.Қўшжонов, ­О.Шарафиддинов, У.Норматов, Н.Каримов, Н.Худойберганов, И.Ғафуров каби устоз олимларнинг фикри алоҳида эътибор билан қабул қилинарди. Бугунги кунда мунаққид ва адабиётшунослар сафида ҳозирги адабий жараён хусусида Йўлдош Солижоновнинг ҳозиржавоблик ва холислик билан айтаётган фикр-мулоҳазалари ўз таъсир доирасига, салмоғига эга.
Й.Солижонов илмий тадқиқотларининг асосий хусусиятларига тўхталадиган бўлсак, улар адабиётшуносликнинг муҳим муаммоларига бағишланганини ва методологик характердалигини алоҳида таъкидлашни истардим. Ана шундай муҳим назарий муаммолардан бири бадиий ижоддаги муаллиф нутқи ва услуби масаласининг ўрганилишидир. Маълумки, насрий асарларда муаллиф нутқи асар асосидаги ғояни очишдан ташқари, воқеликни шарҳлаш, қаҳрамонлар психологик ҳолатини тасвирлаш ва унга муносабат билдириш каби асосий бадиий вазифаларни бажаради. Олим ўзининг “Нутқ ва услуб” номли монографик тадқиқотида ўзбек адабиётшунослигида биринчилардан бўлиб ХХ аср ўзбек насри мисолида ёзувчи нутқи масаласини тадқиқ этди. У ўз тадқиқотида А.Қодирий, Чўлпон, Ойбек, А.Қаҳҳор асарларидаги ёзувчи нутқининг мумтоз намуналаридан тортиб А.Мухтор, С.Аҳмад, П.Қодиров, О.Ёқубов, Ш.Холмирзаев, Ў.Ҳошимов, О.Мухтор каби ёзувчилар асарларида ранг-баранг кўринишдаги нутқ шаклларини илмий-амалий жиҳатдан таҳлил этиб берди. Энг муҳими, рус ва европа адабиётшунослигидаги “муаллифнинг нохусусий тўғри нутқи”, “нохусусий тўғри бўлмаган муаллиф нутқи” деган илмий талқинларга муносабат билдириб, ХХ аср ўзбек романларидаги ёзувчи нутқида билвосита муаллиф нутқининг ҳикоя характеридаги, диалог, реплика(луқма)­­сидаги яширин, суҳбатдошга хаёлан мурожаат этиш каби ранг-баранг шаклларнинг кўзга ташланаётганини далиллаб кўрсатиб берди.
Олим тадқиқотидаги муҳим хусусиятлардан яна бири таҳлилда сўз санъ­атининг бадиий эстетик фазилатларига, бадиий ижоднинг сўз санъати эканлигига урғу бериб бориши бўртиб туради. Айниқса, адабиётшуноснинг “Сўз сеҳргари”, “Мўъжизалар сеҳри”, “Кўзгудаги ҳаёт” китобларида бадиий сўз ва ижодкор тушунчаларининг узвийлиги, адабиётнинг ўлмас тушунча экани таҳлил марказида кўрилади. Муаллифнинг бир қатор мақолалари ва “Сўз сеҳргари” китоби устоз адабиётшуносларнинг А.Қаҳҳор ижоди хусусидаги тадқиқотларига ҳамоҳанглиги ва янги кузатишлари билан эътиборга молик.
Йўлдош Солижоновнинг “ХХ аср адабиётшунослиги антология­си”га (2011) киритилган “Деталлар тилга кирганда” мақоласида асарда ғоя­вий бадиий юк ташувчи бадиий детал таҳлили орқали ХХ аср ўзбек насрида ўзига хос ҳикоячилик мактабини яратган адибларимиздан Шукур Холмирзаевнинг бадиий маҳорати очиб берилади. Ёзувчи маҳоратини кўрсатиш учун адибнинг “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди”, “Булут тўсган ой” ва “Кузда баҳор ҳавоси” номли ҳикояларини таҳлилга тортади. Муаллифнинг таҳлил услуби ҳам ўзига хос. Унда биз бадиий асарнинг баркамоллигини белгиловчи бадиийлик, ҳаққонийлик, халқчиллик каби мезонларни кўрамиз. Мақолада қиёсий ва герменетив таҳлил орқали Ш.Холмирзаевнинг бир қатор ҳикоялари бу жанрнинг жаҳон адабиёти намуналари билан беллаша олиши исботлаб берилади. Назаримда, Йўлдошалининг ушбу мақоласи ҳозирга қадар Шукур Холмирзаев ҳикоялари ҳақида ёзилган тадқиқотларнинг энг сараси.
Й.Солижоновдаги ҳамкасбларга, дўстларга бўлган эътиқод ва ­эътимод, ҳамнафаслик, хушчақчақлик, очиқлик, шогирдларига нисбатан талабчанлик ва бағрикенглик олимнинг фазилатини янада зийнатлайди. Унинг адабиётшунос сифатидаги бир хусусияти шундаки, у кўпгина таниқли ижодкорлар билан ижодий ҳамкорликда ва мулоқотда бўлади. Улар билан юзма-юз мулоқотнинг иложи бўлмаса, матбуот орқали мактуб-мақолаларида ўзининг холис фикрини билдиради. Мен сўз санъатига мафтункор бу инсон билан ҳамкасб ва замондош бўлганимдан фахрланиш баробарида адабиёт бўстонидаги суҳбатларимиз узоқ йиллар давом этишини Яратгандан тилаб қоламан.

Дамин ТЎРАЕВ,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг