ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИ МАҚОМ САНЪАТИ

206

Соҳибқирон Амир Темурнинг саъй-ҳаракати билан Самарқанд саройида қарор топган илғор мусиқий анъаналар унинг ворислари – Шоҳрух Мирзо, Мироншоҳ, Халил Султон, Улуғбек Мирзо, Абулқосим Бобур Мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Бойсунғур Мирзо, Султон Бадиуззамон Мирзо, Умаршайх Мирзо, Бобур Мирзо каби Темурий ҳукмдорлар томонидан муносиб давом эттирилган эди.

Улуғ мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоий даҳоси ила ўзбек мумтоз адабиётига асос солинган давр(XV асрнинг иккинчи ярми)га келиб анъанавий санъат турлари қатори мумтоз миллий мусиқа ҳайратомуз даражада юксалди. Жумладан, дастлаб Амир Соҳибқирон саройида жорий этилган ҳамда руҳий юксалишнинг бадиий тимсолига айланган Ўн икки мақом тизими кенгроқ маданий ҳудудда амалий қўллана бошланди. Мазкур тизим замондаги улуғвор ғоялар Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий асарларида қўлланган хос атама ва истилоҳлар воситасида тараннум этилган бўлса, махсус рисолаларда битилган илмий-назарий асослари бастакорлар учун ижодий манба сифатида хизмат қилган. Бу борада Мир Алишер Навоий таклифи билан ёзилган мусиқага оид илмий ишлардан, айниқса, Жомийнинг “Рисолайи мусиқий” ва Зайнулобидин Ҳусайнийнинг “Қонуни илми ва амалий мусиқий” (“Мусиқанинг илмий ва амалий қонунлари”) асарлари муҳим ўрин тутган.
Зеро, улуғ устозлар – Сафиуддин Урмавий ва Абдулқодир Мароғийга муносиб издошликда ёзилган бу тадқиқотлар мазмунида Ўн икки мақом тизими давр талаби кесимида ишончли ёритилган эди. Шу аснода бу мумтоз санъатдан нафақат сарой мусиқачилари, балки маданий марказларда истиқомат қилувчи бошқа мусиқачилар ҳам баҳраманд бўлганлар. Бунда мусиқа тас­нифотчиси ушбу тизимдан ўрин олган мукаммал парда ва куй тузилмаларидан андоза олиб, уларни турли вазндаги усулларга ижодий пайвандлаши лозим бўлган. Бадиий назиранинг мусиқадаги бир кўриниши бўлган мазкур ижодий анъана ўлароқ ҳар бир бастакорнинг истеъдод даражасини кўрсатувчи кўплаб мумтоз асарлар ижод этилган эди. Мусиқачилар вазият тақозоси билан ҳашаматли саройларда, нафис мажлисларда, ҳукмдорларнинг манзарали боғларида, турли тантана ва тўй-томошаларида маҳоратларини намойиш этганлар. Тадбирларда иштирок этадиган мусиқачиларнинг мартабасига яраша алоҳида ўрин-жойлари ҳам бўлган.
Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарида замонасининг беназир созанда-хонандалари ҳақида ажо­йиб ташбеҳли тавсифларни учратамиз. Унда ёзилишича: “Созандалар пешвоси устод Саййидаҳмад Ғижжакий эдики, фалак Шарқ қуёшининг заррин жомини унинг ғижжаки тоси учун муносиб кўрарди; жаннат ҳурлари ғижжак камончасининг тори учун ўз анбарин соч толаларини келтирарди”. Қосимали Қонуний эса “шундай созанда эдики, фалак ойи унинг қонуни торлари учун деб толасидан кумуш калавасини келтирар”. Ўша давр аксарият мусиқачилари тасаввуф таълимотидан баҳра олгани ёхуд тариқат аҳли бўлгани ҳам эътиборлидир (бунга, жумладан, Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари томонидан тасвирланган миниатюралардаги мусиқачиларнинг белбоғи рамзий ишора беради). Аслида, кўпчилик мақом устозларининг ахлоқу одоб ва истеъдод даражалари муайян тариқат йўл-йўриқлари доирасида камолот сари юксалган эди.
Тасаввуф таълимоти ва намояндаларининг шарофати ила мусиқа моҳиятини теран англаш, тинглов жараёнида унинг ёқимли (самоъ) нағмаларида зуҳур этган мутлоқ Гўзаллик жилваларига руҳий важд ҳолатида боғланиш маданияти кенг ёйила бошлаган. Буни Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ”сида келтирилган қуйидаги ривоят мазмунидан ҳам англаш мумкин: “Нақл қилишларича, Хожа Товус Девоннинг таъзияси куни эътиборли ва мансабдор кишилар Ҳофиз Басирдан ашула айтишни илтимос қилганлар. Ҳофиз Ҳожу Кирмонийнинг “Вафоти беҳ бувад онро, ки дар вафои ту навбат” (“Сенга вафо қилмаганларнинг ўлгани беҳроқ”) деб бошланадиган ғазалини бошлаб, қуйидаги байтга етган:
Дар оташ афканам он дил,
ки дар ғами ту насўзад,
Ба бод бардиҳам он жон,
ки дар ҳавои ту навбат…
Мазмуни: Ғамингда куймаган дилни ўтга ташлайман. Сен учун ёнмаган жоннинг кулини кўкка совураман. Айвон кунжидан бир мусича парвоз қилиб, ўзини ҳофизнинг қўйнига ташлаган ва жон берган. Ўша куни қарийб қирқ киши ҳушидан кетган. Уларни мажлисдан кўтариб олиб чиқишган”.
Санъаткорларга оид юқорида қайд этилган олижаноб фазилат ва сифатлар, хусусан, ҳазрат Жомийнинг пиру муршидлигида Нақшбандий сулуки ила камолот касб этган Навоийда ҳам мужассам эди: “Хожа Юсуф Бурҳон — Ҳазрати шайхул исломий Аҳмади Жомий(қуддиса сирруҳу)нинг яқинроқ авлодидиндур. Фақир ва фано тарийқида сулук қилур эрди. Ва тажарруд ва инқитоъ расмин кўп маслук тутар эрди. Ва жамеи аҳли туруқнинг соҳиб тарийқи эрди ва мусиқий илмин ҳам яхши билур эрди ва фақир мусиқий фанида анинг шогирдимен. Кўпроқ ўз шеъриға мусиқий боғлар эрди” (“Мажолис ун-нафоис”дан). Улуғ устозлардан таълиму таҳсил олган ва илми адвор таълимотини пухта ўзлаштирган ғазал мулкининг султони мақом бастакорлигида яхши нақш ва пешравлар боғлаган (“Бобурнома”), ижрочилик бобида эса уд ва қонунда маҳоратли созанда ҳам бўлган (Хондамир). Айнан ҳазрати Навоийнинг маслаҳати ва малакали кўрсатмалари асосида бир қатор шоир­лар илми мусиқийни жиддий ўрганган эдилар. Бу борада манбалардан яна шуниси аёнки, ўша давр мақом устозлари шеъриятдан, шоирлар эса мусиқадан яхши хабардор бўлганлар. Бу ҳол шеърият ва мусиқанинг эгизак янглиғ муштарак сифатлари, мумтоз жабҳада эса, кўп жиҳатдан умумий аруз вазнлари билан тавсифланади. Шу боис бўлса керак, ўтмишдаги кўпгина мусиқачилар шеърият билан ҳам бевосита шуғулланганлар.
Бу ҳақда, айниқса, Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” ва “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарларида келган қисқа, лекин аниқ маълумотлар қимматлидир. Жумладан, “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида шундай сатрларни ўқиймиз: “Мавлоно Соҳиб Балхий бовужуди шеър фанида маҳоратлик киши эрди, адвор ва мусиқий илмида комил эрди. Ўз ғазалларини ўз амалларига боғлабдурким, анинг фазойилиға далолат қилғай. Ул жумладин, «Чаҳоргоҳ» амалидирким, машҳурдур”. Иттифоқо, шоиру санъаткорларга раҳнамолик қилган аксарият Темурийларнинг ўзлари ҳам шеърият ва мусиқа бобида салоҳиятли кишилардан эдилар. Жумладан, Мироншоҳнинг ўғли Халил Султон (1384 — 1411) Самарқанд тахтида салтанат қилган пайтида (1405 — 1409) зурафо ва шуаро мажлисида жамъ бўлурлар эрди. Машҳурдурким, ўзи шеър айтур эрди”.
Шоҳруҳнинг ўғли Улуғбек Муҳаммад Тарағайнинг (1394 — 1449) “камолати бағоят кўп эрди. Етти қироат била Қуръони мажид ёдида эрди. Ҳайъат ва риёзийни хўб билур эрди. Андоқким, зиж битди ва расад боғлади ва ҳоло анинг зижи орода шоеъдур. Бовужуди бу камолот гоҳи назмға майл қилур”. Шунинг­дек, Мирзо Улуғбек мусиқа илми ва амалиёти билан ҳам яқиндан шуғулланган, мусиқа илмига доир рисола ҳам ёзган. Донишманд подшоҳ Самарқанддан туриб Мовароуннаҳрни бошқарган йиллари (1409 — 1449) илм-фан ва санъат жабҳалари жадал ривожланган эди. Темурийлардан Ғиёсиддин Мансурнинг ўғли Султон Ҳусайн Бойқаро (1438 — 1506) Хуросон ҳукмдори бўлган йиллари (1469 — 1506) Ҳирот маданияти анчагина юксалиб, адабиёт, меъморлик, тасвирий ва амалий-безак санъатлари қатори мусиқа илми ва амалиётида ҳам ижобий ютуқлар қўлга киритилган. Ҳусайн Бойқаро “Ҳусайний” тахаллуси билан арузда шеърлар битган, мусиқадан Хожа Юсуф Андижонийдан мукаммал таҳсил олиб, мусиқа амалиётига ўзи ижод этган 17та усулни жорий этган. Умаршайх Мирзонинг зурриёди бўлган темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483 — 1530) ҳам улуғ шоирлиги баробарида мусиқийда ноёб истеъдод соҳиби эди. Жумладан, у мақом йўсинида Чоргоҳ Савтини боғлагани “Бобурнома”дан маълум.
Амир Соҳибқирон даврида асос солинган бир анъана – “оламнинг турли тарафидан йиғилган тиллари ва кийимлари бир-бирларидан фарқли ҳар қайси мамлакат созандалари, ҳар бир иқлимнинг санъат аҳллари” (“Зафарнома”) ўз расми билан куй ва айтим ижро этиш удумлари 1997 йилдан буён Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали мазмунида ўзига хос замонавий кўриниш касб этиб келмоқда.
Мусиқий мерос баробарида ўтмиш илмий рисолаларига бўлган ижтимоий-маънавий эҳтиёж бугунги кунда тобора ортган. Жумладан, 1997 йили Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолайи мусиқий”си ўзбек тилида нашр юзини кўрди. 2019 йили ушбу рисола таниқли мақомшунос олим Аслиддин Низомийнинг саъй-ҳаракати билан Тожикистонда чоп этилди. Ушбу нашрда “Рисолаи мусиқий”нинг Тошкент (ЎзР ФА ШИ)да сақланаётган ноёб қўлёзма фотонусхаси ҳамда аллома шоирнинг ғазалиёт ва достонларидан мусиқага оид қимматли намуналар келтирилган.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, санъат аҳлига меҳр-мурувват кўрсатишда улуғ Соҳибқиронга эргашган Темурий ҳукмдорларнинг маданий сиёсатлари ўлароқ санъат турлари равнақ топди, жаҳон маданиятида ўчмас из қолдирган кўплаб мусиқа устозлари ва мусиқашунос олимлар етишиб чиқди, мусиқанинг ижтимоий-маданий аҳамияти беқиёс юксалди. Бу ҳол ўзбек мусиқа санъатининг кейинги асрлардаги тадрижида ижобий натижалар омили бўлди. Пировардида, Ўн икки мақом тизими заминида шаклланган Бухоро Шашмақоми, Хоразм мақомлари ва Фарғона — Тошкент мақом йўллари бизгача бебаҳо маънавий мерос сифатида етиб келди.

Оқилхон ИБРОҲИМОВ,
санъатшунослик фанлари
доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг