ҚЎҒИРЧОҚ ТЕАТРИДА НИМА ГАП?

64

Маълумки, жорий йил 26 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Шу муносабат билан Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрининг бош режиссёри Шомурод ЮСУПОВ жамоа олдида турган долзарб вазифалар ва режалар хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди.

Қўғирчоқ театри ҳам бошқа театрлар каби томошабинни тарбиялайдиган маскан. Аксарият ҳолларда қўғирчоқ театрининг ўзига хос санъат тури эканига етарлича эътибор бермаслик кўзга ташланади. Ваҳоланки, қўғирчоқ театри шунчаки қўғирчоқ ўйнатиш бўлмай, театр санъатининг биринчи бўғини ҳисобланади. Болалар дастлаб санъат билан шу даргоҳда танишади ва кейинчалик ёш томошабинлар теат­рига боради. Шу жиҳатдан фарзандларимизни театр санъатига муҳаббат руҳида тарбиялашда қўғирчоқ театри илк босқич саналади. Болалар театр санъатини айнан шу ерда севиб қолишлари, қайта-қайта бу даргоҳга келишни исташларига эришиш лозим. Ана шундагина бу театр ўз вазифасини бажарган бўлади. Кўриниб турибдики, қўғирчоқ театри ва ижодкорлари зиммасига улкан вазифа юкланган. Шу сабабдан ҳам театримизга Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилди. Янги мақом билан биргаликда, театримиз янги капитал таъмирдан чиқди. Эндиликда Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри ўз мактабини номига муносиб равишда бойитиши керак.
Бу биринчи навбатда театр раҳбарияти ва ижодкорлари зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, қўғирчоқларга миллий либос кийдириш билан миллийликка эришиб бўлмаслигини яхши биламиз. Миллийлик спектаклнинг ғоя­сида мужассам бўлиши керак. Миллий театр мақомининг моҳияти яна шундаки, биз барча қўғирчоқ театрларига дастуриламал бўладиган вазифаларни олдимизга қўйишимиз ва уларни амалга оширишда етакчи бўлишимиз зарур. Яқинда Қашқадарё вилоят қўғирчоқ театрида “Қуш тили”, Сурхондарё вилоят қўғирчоқ театрида эса “Тоҳир ва Зуҳра” спектаклларини саҳналаштириб қайтдим. Бу каби тажрибаларни давом эттириш ниятидамиз. Фақат режиссура борасидагина эмас, балки қўғирчоқ ясаш техникаси ва қурилмаси бўйича ҳам таж­рибаларимиз билан ўртоқлашишимиз лозим. Бунинг учун ўзаро тажриба алмашишни кенг йўлга қўйиш, қўғирчоқ театри санъатига бағишланган фес­тивалларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Шунингдек, амалга ошираётган ишларимизни омма­га ёйишда қўғирчоқ театри санъатини яқиндан биладиган, бу йўналишни чуқур таҳлил қила оладиган театршуносларга эҳтиёж катта.
Жамоамиз билан 2021 йилги репертуардан қандай асарлар жой олиши ҳақида бош қотиряпмиз. Қўғирчоқ театри учун маҳоратли ёш драматурглар, режиссёрлар ва рассомлар етишмайди. Шу ўринда театрда чироқлар масаласига тўхталиб ўтмоқчиман. Чунки айнан чироқлар спектаклнинг томошавийлигини оширишда катта аҳамият касб этади. Афсуски, театрларимизда чироқлар талабга жавоб берадиган даражада эмас. Шунингдек, улардан унумли фойдаланишни биладиган мутахассислар кам. Театримиз капитал таъмирдан чиққач, биринчи марта янги чироқлар ўрнатилди. Аммо булар ҳам талаб даражасида эмас. Умид қиламанки, аста-секин бу каби масалалар ҳам ўз ечимини топади. Энг муҳими — тажриба алмашиш. Бизнинг театр бунга ҳамиша тайёр.
Миллий қўғирчоқ театри номи берилиши миллий асарларнинг кўпа­йишини талаб этади, албатта. Аммо бу жаҳон драматургиясидан воз кечиш керак, дегани эмас. Жаҳон таж­рибасидан ўтган асарлар, албатта, репертуаримизда бўлиши лозим. Европа ва Америка қўғирчоқ театрлари репертуарида катталар учун мўлжалланган кечки қўғирчоқ спектакллари мавжуд. Катта ёшдаги томошабинлар ўз хоҳишлари билан қўғирчоқ теат­рига келадилар. Биз ҳам театримизда ушбу тажрибани қўллашни мақсад қилганмиз. Шу мақсад йўлида “Тўмарис” спектаклини саҳналаштириб, илк қадамни ташладик. Спектаклимиз ота-оналар учун қизиқарли бўлди. Шунингдек, кечки спектакллар чет эллик сайёҳларни театрга жалб этишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги кунда қўғирчоқ театри драматургиясини ривожлантириш борасида маълум ишлар бошланган. Шу ўринда қўғирчоқ театри драматургияси ўзига хос мураккабликларга эга эканини таъкидлаш жоиз. Аввало, қўғирчоқ театрининг саҳна имкониятларини яхши билмай туриб, бу театр учун асар ёзиб бўлмайди. Эҳтимол, шу сабаб ҳозирги кунда қўғирчоқ теат­ри учун асарлар кам яратиляпти, деб ўйлайман. Аксарият ҳолларда, ўзимиз драматургларга асар ёзишни илтимос қилиб мурожаат қиляпмиз.
Кези келганда, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида қўғирчоқ театри учун мутахассислар тайёрлаш масаласига тўхталиб ўтмоқчиман. Шахсан ўзим ҳам шу инс­титутда ўқитувчи сифатида фаолият юритаман. Кузатишларимдан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги кунда қўғирчоқ театри режиссёрлиги ва актёрлиги йўналишида таълим олаётган талабаларнинг ҳаммаси ҳам истеъдодли ва ўзи танлаган йўналишни севади, деб айтолмайман. Уларнинг баъзилари менда мажбуран ўқиётгандек таассурот қолдиради. Биз театрнинг келажаги учун айнан қўғирчоқ театрини севадиган ва уни тушунадиган кадрларни танлаб олишимиз керак. Ҳукуматимиз томонидан қўғирчоқ театри йўналиши бўйича сиртқи бўлимларни очиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бунинг яхши томони шундаки, сиртқи бўлимда таҳсил олиш талабага театрда амалий жиҳатдан тажриба орттириш учун имконият яратади. Аслида ҳар бир талаба назария билан амалиётни бир вақтда олиб бориши керак. Бу йўналишда таълим берадиган педагоглар амалий жиҳатдан таж­рибага эга бўлган, дарс бериш билан биргаликда, театрда фаолият юритаётган кадрлар бўлиши лозим. Биз талабалик давримизда айнан шундай педагоглардан таълим олганмиз. Кўп нарса амалиётда “пишган” устозларга боғлиқ. Шу сабаб устозлар масаласини яхшилаб ўйлаб кўриш лозим.
Пандемия театр билан томошабиннинг бевосита мулоқотига халақит беради, албатта. Лекин биз айни пайт­да қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ. Онлайн шаклида ижодни давом эттир­япмиз. Шунингдек, ҳозирги вақтда хорижий давлатлар театрлари билан алоқа ўрнатишнинг иложи бўлмаяпти. Аввалги ўрнатилган алоқаларни давом эттиришнинг ҳам имкони йўқ. Яқинда Россиядаги Образцов номидаги қўғирчоқ театри раҳбарияти алмашинув асосидаги гастролларни ташкил этиш таклифини билдирди. Шу таклиф юзасидан баъзи режаларимиз бор.
Энг муҳими, театримизга Миллий қўғирчоқ театри номи берилиб, бизга катта ишонч билдирилди. Бу бизни ниҳоятда қувонтиради ва келгусида янги марраларни забт этишга ­ундайди.

Суҳбатни Театр арбоблари уюшмаси
етакчи мутахассиси 
Моҳинур АҲМАДЖОНОВА
ёзиб олди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг