АДАБИЁТ МИЛЛАТНИНГ ЮРАГИДИР

68

Аъзам ОБИД,
семинарнинг бадиий таржима шўъбаси аъзоси:

– Мен семинардан бир неча кун олдин бадиий таржима шўъбасига асарлар топширган ёшларнинг ижодий ишлари билан танишиб чиқишга муваффақ бўлгандим. Булар инглиз тилидан ўзбек тилига ҳамда ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилинган матнлардан иборат эди. Мазкур таржималарни дабдурустдан танқид қилиш фикридан йироқман, чунки бу муаллифлар эндигина соҳага кириб келаётган ёшлар.
Шу ўринда бадиий таржима билан шуғулланишга иштиёқманд ёшларга айрим тавсияларни айтишни мақбул топдим. Ўзбекчага таржима қилганда муаллифни ва матнни тўғри танлаш, муаллифлик ҳуқуқига қатъий риоя қилиш, муаллифлар ҳаёт бўлса, улар билан танишиб, таржима устида биргаликда ишлаш ижобий натижа беришига шубҳа йўқ.
Ҳар бир таржимани муҳаррир назаридан ўтказиш, инглизча китобларни кўп ўқиш, гап қурилишлари, сўзларни ишлатишни ўрганиш ҳам муваффақиятнинг асосий омили бўлади. ­Сўзимнинг сўнггида фақат ёзма эмас, оғзаки синхрон таржимани ҳам ўрганиш, ишни кичик асарлар таржимасидан бошлашни маслаҳат берардим.

* * *

ЮРАГИМГА ЧЎҒ ТУШДИ

Семинар якунлангандан сўнг устозларим мендан у ҳақдаги таассуротларимни сўрашди. Мен: “Бир сўз билан айтганда, юрагимга чўғ тушди”, деб айтдим. Бундай деганимнинг боиси, менинг ҳали унчалик қиё­мига етмаган битикларим катта устозларнинг эътиборига тушганидан суюндим. Муҳими, ҳикояларимни юртимизнинг бизлар ҳавас қилган таниқли қалам соҳиблари ўқиб, ўз фикрларини билдиргани бўлди.

Бу эса ижод заҳмати эндиликда тақдир йўлимнинг ажралмас бир қисми эканлигини англашимга, буни қалбан чуқур ҳис қилишимга имкон берди. Зомин семинари иштирокчиси деган ном менга ҳақиқий маънода масъулият ҳам юклади. Бундан буён шунчаки ижод қилишим асло мумкин эмас. Ўз устимда тинимсиз ишлаб, ҳақиқий бадиий асар дейишга арзигулик нарсалар яратиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Муҳокамалар, дўстона баҳслар ижодга бўлган муносабатимни янада кенгайтирди. Бу семинарни ташкиллаштирган, мени шу бахтга муяссар қилган барча азиз инсонларга миннатдорлигимни билдираман!

Ёдгорбек ХУДОЙБЕРГАНОВ,
наср йўналиши бўйича семинар қатнашчиси.

 

МЕҲНАТ – ЯГОНА ЙЎЛ

Фарзанднинг дунёга келиши ҳар бир оила учун қувонч. Оқ ювиб, оқ тараган дилбандингиз жамиятга нафи тегиб, раҳмат келтирадиган инсон бўлиб етишса-ку, ҳаётда армоним йўқ деяверинг.
Қорақалпоғистоннинг Тахиатош шаҳрида туғилиб вояга етган Шаҳодат Жуллибоевага бугун жуда кўп тенгдошлари ҳавас қилади. Нукус давлат педагогика институтининг 2-босқич талабаси жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ҳарқалай, бу йигирма ёшли ўзбек қизи ҳаётидаги ягона ютуқ эмас.
Шаҳодат болаликдан спортга ҳавас қўйди. Эркин курашни танлади — тўққиз ёшида, ўзи, мустақил. Аввалига, ота-онаси бу қизиқиши кўпга бормай сўнса керак, деб ўйлади. Ҳар ҳолда, қиз бола бўлса… Бироқ қаҳрамонимиз танлаган йўлидан қайтмади. Охиригача курашди ва енгди — ҳаётда ҳам, гиламда ҳам.
7-синфдан Шаҳодат Нукус олимпия захиралари коллежида таҳсил ола бошлади. Бўлғуси чемпионнинг суяги худди шу масканда қотди. Дили пок, мақсади аниқ одам ҳар қандай шароитда ҳам ишончни оқлашга қодир. Бундайлар Ватаннинг юзини ерга қаратиб қўймайди. Шаҳодатнинг шаҳду шижоати, меҳнатсеварлиги, собитқадамлиги унга муваффақият пиллапоясидан илгарилашда ёрдам берди. Ниҳоят, 2014 йилда ёш спортчи Ўзбекистон чемпиони бўлди. Жорий йилда ҳам мазкур натижани такрорлаб, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси томонидан аёллар ўртасида “Йилнинг энг яхши спортчиси” дея эътироф этилди. Шаҳодат ­Жуллибоева миллий терма жамоамиз сафида кўплаб халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этмоқда.
— Ҳаракат бўлмаса, орзу ушалмайди, — дейди суҳбатдошимиз. — Бунга ўзимнинг ҳаётим мисол. Машҳур спортчиларга бир умр ҳавас қилиб юриш мумкин. Аммо улардек бўла олиш учун қаттиқ меҳнат қилиш зарур. Ягона йўли шу! Ҳозир энг бахтли инсонлардан бириман. Чунки Ватаним байроғини жаҳон ареналари узра кўтара олдим. Ҳали мақсадларим бисёр. Асосийси, уларни рўёбга чиқариш учун куч-иродам етарли. Улкан орзуларим мени ортга чекинмасликка, ҳамиша илғор бўлишга ундамоқда.
Орамизда ўзига ишонган, бор кучини юрт равнақи учун сафарбар этишга тайёр ёшларнинг борлиги кишини беҳад қувонтиради. Улар, сўзсиз, давлатнинг бойлиги. Бу авлод қандай улуғвор ишларга қодирлигини ҳали кўп бора исбот этажак.

Шоҳрух ИБОДУЛЛАЕВ,
семинарнинг публицистика йўналиши иштирокчиси.
Қорақалпоғистон

 

ОРЗУ БИЛАН ЮЗЛАШДИМ

Ҳар куни тонгни шукроналик билан қаршилайман. Осойишта заминда яшаётганимни ўйлаб, юртим жамоли кундан-кун гўзаллашиб бораётганлигини кўриб дилдан севинаман. Янги, умидли кунимни бошлаш аввалидан кўчага боқаман. Мусаффо тонг ҳавосидан баҳра оламан. Сочларимни сийпалаган ёз шамоли бугун мендан олисдаги яқинларимдан хабар келтиради…
Азизам Гулшода, бугун майин саболар сен юборган саломни менга етказди. Мен ҳам сенга соғинчли саломимни йўллайман. Амалиётни бошлаб юборибсан, буни эшитгач, бир болакайнинг қўлига қалам тутиб, ёзиш, чизишни ўргатаётган ёш ўқитувчи кўз олдимда гавдаланди ва унинг сиймосида сени кўрдим.
Йиллар ўз ҳукмини ўтказиб, биз ҳам ўқишларни тамомлармиз… Шу пайт сен “Кўзингни оч”, дея ташна қалбларга зиё тарқатаётган бўласан. Мен бўлсам қўлда қалам билан халқ дарди, унинг муаммолари йўлида жон чекаётган бўламан. Буни қарагинки, иккимиз ҳам порлоқ келажак учун қўлимизда маёқ тутиб ёруғлик сари йўл бошлаймиз! Бугун мен қўлида ана шундай маёқни кўтариб юрган ҳақиқий журналистлар билан учрашдим. Бир зум бўлса-да, уларнинг оламига саёҳат қилдим. Университет талабаларини “Эслаб” кўрсатувига таклиф қилишганди.
Зинадан пастга тушиб борарканман, хаёлимда фақатгина бир нарса: “Қўшимча дарс машғулотимга кетишим керак”, деган ўй. Агар ярим соатда етиб бормасам, орзуим мендан бир чақиримга узоқлашадигандек кўринарди. Ахир, тил ўрганиш энг катта мақсадим-да. Қолаверса, бугуннинг илғор ёшлари камида 4-5 та тилни мукаммал биляпти. Мен эса жуда кеч қолибман. Майли, ҳечдан кўра кеч, дейишади-ку.
Минг таассуротлар билан уйга қайтдим (тўгаракка ҳам бордим). Келишим билан сенга мактуб ёзишга киришдим. Бугун шаҳримиз ўзгариб кетди, янги уйларни кўрмайсанми, маҳалламизда бўлса, авваллари одамлар чироқнинг милтирашига кўниб яшарди, ўрганиб ҳам қолганди. Янги қурилаётган уйларда иссиқ, совуқ сув бор.
Майли, дугонажон, ўқишларингга омад!

Мадина АБДУСАМАТОВА,
семинарнинг публицистика йўналиши иштирокчиси.
Тошкент вилояти

 

СЎЗ САЙЛИ

Семинар иштирокчиси, афғонистонлик ёш шоира Раъно Шерзодга

Жаҳон алломаларининг алломаси, бобомиз Абу Райҳон Беруний бундан минг йил муқаддам ўзбек ва афғон халқларини бир дарёнинг икки ирмоғи, бир дарахтнинг икки бутоғи деб атаган эди. Амир Темурдек буюк соҳибқирон улкан салтанат яратган, Мир Алишер Навоий ул салтанат равнақига холис хизмат қилиш билан бирга тенги йўқ сўз жавоҳирларига сайқал берган замонда юртларимиз бир давлат, бир халқ бўлган эди.
Шундан келиб чиқсак, бугунги Ўзбекистон билан Афғонистон, Тошкент билан Кобул, Самарқанд билан Кандаҳор, Бухоройи шариф билан Мозори шариф, Хива билан Ҳирот ҳеч қачон узилмайдиган тарихий ришталарга эгадир. Президент Шавкат Мирзиёев билан Президент Ашраф Ғанининг икки томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга оид мулоқотлари бундай барқарор муносабатларга ­мустаҳкам асос яратиб берди.
Ҳам ҳукмдор, ҳам сўз заргари Аҳмад Шоҳ адаб илми шундай дарёки, минг-минг жилғаларга айланиб, минг-минг юракларга бориб қуюлади, деган эди. Сизнинг “Зомин қалдирғочлари” масофавий анжуманида она ҳақида ўқиган гўзал шеърингиз ҳам минглаб юракларга тафт берди, туғён берди:
Кеча-кундуз термилиб ёнимда
эрдинг ҳар замон,
Уйқу кўрмай кечалар
чашми гирёнингга салом…
Шеър шундай мўъжизаки, у Қорақалпоғистоннинг Элликқалъасида ўтириб ушбу мактубни ёзаётган мени ҳам, Афғонистоннинг Шибирғонида шеър ўқиётган илми толибни ҳам сеҳрлайди.
Сўзда, Навоий, не десанг
чин дегил,
Рост наво нағмага таҳсин дегил.
Навоий мероси Афғонистонда нақадар эъзозланаётганини яхши биламиз. Сизнинг ҳазрат Алишер Навоий ҳақидаги эҳтиромга тўла сўзларингиз мени роса тўлқинлантирди. Айниқса, толмас тадқиқотчи Абдуллоҳ Рўйин томонидан Навоийнинг 32 та асари араб тилига таржима қилингани эътирофга лойиқдир.
Интернет орқали сизни тинглаганимда қадрдонларимиз Бунёд Муҳаммад Наби, Азизулло Аррол, Абдуллоҳ Рўйин, Зиёвуддин Қайсарий, Шафиқа Ёрқинлар кўз олдимга келди. Ҳаммасига самимий салом! Сизга эса буюк шоирангиз Робиа Балхий ҳамда Хушҳол ҳазратларининг қизи Ҳалима Бонуларнинг йўлларини берсин, дейман.

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг