ИШОНТИРИШ  САНЪАТИ

215

Гоҳида шундай бўладики, ўз ўзим билан суҳбатлашаман, тортишаман, баҳслашаман… Ўшандай ­гурунгларнинг бирида суҳбатдошим айтдики, ­адабиёт – ишонтириш санъати!

— Хўш, сизнингча, адабиёт – ишонтириш санъати бўлса, туб-тубида ёлғон бор деган гап чиқмаяптими? Моҳиятида ёлғон ётган санъатнинг кимга, нимага кераги бор?

— Жўра, масалани жўн тушунманг-да. Адабиёт туйғунинг, бадиий тафаккурнинг рост ва гўзал ифодасини талаб қилади, холос.

Мен наср кенгашида иштирокчиларнинг ижодий ишлари билан танишдим. Ўқиганларимдан сездимки, уларнинг энг катта ютуғи адабиётга меҳр қўйгани ва ёзишга бўлган ғайратидир. Аммо улар ўзларича аксар битиклари жанрини белгилаб қўймасин, бу жанр талабларига жавоб бермаслиги, воқеликдан узоқ сюжет ўқувчини ишонтира олмаётгани, ўқувчининг олдида шунчаки, эзмалик қилаётгани сезилади.

Хўш, нега улар бундай ёзаяпти?

Бу уларнинг айби эмас, бу бир ҳовуч қалам аҳлининг – китоб кўрган кишиларнинг яхши асарнинг яхши эканини, ёмон асарнинг ёмонлигини вақтида айтмаганида деб биламан. Кўп йиллардан бери тугуни заиф, кульминацияси мўрт асарларни мақтаб келдик.

Ялтироқ муқовали, олди-қочди мазмунли асарлар чинакам бадиий адабиёт эмаслигини вақти-вақти билан тушунтириб турмадик. Энди шу “ариқдан” сув ичганларга, ёзганингнинг адабиётга дахли йўқ, деб айтиш осонми?!

Аммо кишини қувонтирадиган, ёзганларидан бир ёруғлик таралиб турганлари ҳам бор. Бухоролик Рушана Набиева, самарқандлик Тозагул Жуманова, наманганлик Шаҳзод Эргашалиев шулар жумласидан.

Рушана ва Тозагул болалар учун ажойиб эртак ва ҳикоялар ёзибди. Айниқса, Рушананинг “Шубҳа”, Тозагулнинг “Бахт калити” номли машқларини ўқиб хурсанд бўлдим. Келгусида улар ёзиш малакасини мукаммал эгаллаб, адабиётимиз равнақи йўлида хизмат қилади. Шаҳзоднинг “Уфққа туташ йўл”и чиндан ҳам уни адабиёт йўли билан туташтирган.

 

Нурилла ЧОРИ,

семинарнинг наср кенгаши ҳайъати аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг