САБОҚЛАР, ТАҲЛИЛЛАР, ТАЖРИБАЛАР

52

Одатда, мазкур адабий анжуман юртимизнинг энг сўлим, хушҳаво гўшаларидан бири, пурвиқор тоғларга туташ бўлган Зомин туманидаги “Ўриклисой” оромгоҳида ташкил этиларди. Қолаверса, бу йил семинар қамровини кенгайтириш, аҳамиятини янада ошириш мақсадида анжуман доирасида Марказий Осиё давлатлари ижодкор ёшлари форумини ташкил этиш режалаштирилган эди. Бироқ айни пайтда  дунё бўйлаб кузатилаётган эпидемиологик вазият сабабли жорий этилган карантин тартиби чекловлари инобатга олиниб, халқаро форум интернет тизимида тобора оммалашиб бораётган ZOOM дас­тури орқали онлайн тарзда ўтказилди.

Ижодкор ёшлар ҳар йили интизор кутадиган адабиёт байрамини Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид очди. Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ёш қаламкашларни улкан адабий воқеа билан қутларкан, мазкур семинарнинг халқаро миқёсда ўтказилаётгани Марказий Осиё давлатлари ёшларини бадиий ижод орқали бирлаштириши, энг улуғ неъмат — тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашда жуда катта ўрин тутишини таъкидлади.

Барча иштирокчилар анъанавий Зомин анжуманининг кенг қанот ёзиб юксалаётгани — халқаро форумга айланганидан мамнун эканликларини билдирдилар.

Семинар ишида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 58 нафар, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Афғонистондан 12 нафар, жами 70 нафар ёш ижодкор иштирок этди.

Семинар тўрт шўъба — назм, наср, бадиий публицистика ва бадиий таржима гуруҳларига бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Гуруҳларда устозлар ижодий ишларни таҳлил қилиб бордилар. Бу эса, айтиш мумкинки, ёшлар учун ўзига хос сабоқ бўлди.

Жумладан, назм йўналишида анжуманга жалб этилган ёшлар Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим, Маҳмуд Тоир, таниқли ижодкорлар Эшқобил Шукур, Амирқул Карим, Абдумажид Азим, Зебо Мирзо, Салим Ашур суҳбатидан баҳраманд бўлишди. Наср, бадиий таржима, бадиий публицистика йўналишларида семинарнинг республика босқичига ўтган ёш ижодкорлар эса адиблар Собир Ўнар, Исажон Султон, Луқмон Бўрихон, шунингдек, Аъзам Обид, Нурилла Чори, Рисолат Ҳайдаровадан керакли йўл-йўриқ ҳамда қимматли маслаҳатлар олишди.

Устозларнинг “онлайн давра”сида кечган унутилмас адабий сабоқлар, самимий гурунглар, чуқур таҳлиллар ёшларнинг келгуси ижодий фаолиятида, албатта, ўз самарасини беришига ишонамиз. Муҳими, кенг жамоатчилик, адабиётсевар халқимиз ва, албатта, ёшларимиз юртимизда карантин тартиби жорий этилган бўлса-да, айни пайтда адабий жараён қизғин давом этаётганига гувоҳ бўлдилар. Бу эса ёш дарёдил ижодкорларимизни янада илҳомлантиради, янги ижодий марраларга ундайди.

Ботиржон ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг

ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг