КЕЛАЖАК УМИДЛАРИ

79

Ҳар йилги анъанага кўра, шу йилнинг 6 июль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ёш ижодкорларнинг “Зомин қалдирғочлари” семинарини ташкил этди. Унда Жиззах вилояти ҳокимлиги, мамлакатимизнинг таниқли ёзувчи-шоирлари ҳамда истеъдодли ижодкор ёшларнинг катта бир гуруҳи иштирок этди. Мазкур семинар бутун дунёда ҳамда юртимизда кечаётган пандемия сабабли  Zoom дастури орқали онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 5 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорнинг 1-банди ижроси юзасидан ўтказилган ушбу анжуманнинг мақсади, аввало, юртимизнинг турли ҳудудларида яшаб ижод қилаётган ёш иқтидор эгаларини аниқлаш, улар ижодини қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Семинар бошланиши олдидан таниқли адиб ва шоирларимизнинг бир гуруҳи эндиликда пойтахтнинг кўркам ва табаррук масканига айланиб улгурган Адиблар хиёбонига кириб келишди. Улар бобомиз ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, улуғ зотга ҳурмат-эҳтиром бажо келтирдилар ва хиёбонни зиёрат этдилар.

Онлайн семинарда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Респуб­лика ёш ижодкорлари Зомин семинарининг ўтган йиллар мобайнида юзлаб ёш истеъдодларни кашф этганини қайд этди. Чиндан ҳам юртимизда адиб ва шоирлар, қолаверса, ёш ижодкорларга ғамхўрлик ҳеч қачон бугунги даражада бўлмаган.

Ўтган қисқа муддатда “Ижод” фонди ҳомийлигида кўплаб таниқли адиб ва шоирларнинг китоблари “Адиб ва жамият” рукнида нашр этилиб, китобхонлар қўлига етди. Аввалги семинарларда қатнашиб, устозлар назарига тушган кўплаб ёшларнинг илк китоблари “Ижод” фонди томонидан 20 минг нусхада чоп этилди. Бир сўз билан айтганда, адабиётга, китобга эътибор ўзининг илк меваларини бера бошлади. Шу кунларда адабиётга кириб келаётган ёшларнинг ғайрат-шижоати, билими ва интилишлари шундан далолат бериб турибди.

Айнан бу йилги семинарга келсак, анъанавий тадбирнинг мақоми ва қамрови кенгайди. Биринчи марта Марказий Осиё республикалари — Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон, қолаверса, Озарбайжон ва Афғонистондан ҳам ёш ижодкорлар таклиф этилди.

Онлайн семинарда сўзга чиққан Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев анжуман иштирокчиларини қутлар экан, аввало, Жиззахда бўлаётган туб ўзгаришлар, улкан бунёдкорликлар ҳақида гапирди. Вилоят раҳбари жиззахлик ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, ушбу семинарни адабиёт ва китобхонлик байрами сифатида юксак даражада ўтказиш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси, “Ижод” жамоат фонди ва Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан қилинган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Маълумки, “Зомин қалдирғочлари” семинари уюшма томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда ва бугунгача ушбу тадбирда қарийб уч минг нафар ёш ижодкорлар кашф этилди. Тожвирус пандемияси туфайли ёш ижодкорлар бу йил кўркам ва баҳаво Зомин тоғларига бора олишмаган бўлсалар-да, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан қўлёзмалари семинар учун бир неча ой давомида сараланиб олинган ёшлар адабиётнинг турли йўналишларида ўз маҳоратларини намоён этишди.

Мазкур семинар бу йил тўрт йўналишда – назм, наср, бадиий публицистика ва бадиий таржима йўналишларида шўъбаларга бўлинган ҳолда иш олиб борди. Куннинг биринчи ярмида иш бошлаган «Бадиий пуб­лицистика» шўъбасида онлайн мулоқотни таниқли публицист, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев бошқариб борди. А.Мелибоев ёшларнинг катта адабиётга кириб келишида журналистика, хусусан, бадиий публицистиканинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси, таниқли шоир С.Ҳаким мулоқот жараёнида ёшларни касб сирларидан огоҳ этиш билан бирга уларнинг асарларини таҳлил этди.

Айниқса, куннинг иккинчи ярмида иш бошлаган назм ва наср шўъбаларидаги муҳокамалар жуда қизғин тус олди. Хусусан, назм шўъбасида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим шеъриятнинг ҳеч қачон ўзгармас ва эскирмас қоидаларига оид қимматли фикрлар билдириб, бугунги ёшларга шу йўлда омад тилаган бўлса, яна бир Халқ шоири Маҳмуд Тоир бадиий ижод ҳақида устозларнинг дурдона сатрларидан мисоллар келтирди. Таниқли шоир Эшқобил Шукур, Зебо Мирзо ва Амирқул Каримнинг ёш ижодкорлар шеърларига билдирган самимий ва ҳаққоний баҳо ва муносабатлари умрбод ёшларнинг хотирасида қолса ва уларга ижоднинг машаққат ҳамда масъулиятли йўлида маёқ бўлса, ажабмас.

Айтиш керакки, наср ҳамда бадиий таржима шўъбалари фаолияти ҳам қизғин мулоқотлар ва баҳсларга бой бўлди. Таниқли адиблар Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон ва Исажон Султон ёш носирларнинг ҳикоялари бўйича зарур ва керакли маслаҳат ва тавсияларни бердилар. Адиблар эътирофича, бугунги кунда насримизга ўз сўзи, ўз услуби билан умидли ёш авлод кириб келмоқда. Шунга ўхшаш фикрларни бадиий таржима йўналиши юзасидан айтиш мумкин. Инчунун, бугунги кунда аввалги пайтлардагидек жаҳон адабиётининг кўпгина намуналари рус тили орқали кириб келмасдан, балки ёшларимиз бадиий асарларни бевосита инглиз, немис, хитой ва бошқа тиллардан таржима қилишмоқда. Бу эса бадиий асарнинг оригиналига яқинлигини таъминлаши табиий.

Мухтасар айтганда, навбатдаги семинар ҳам бугунги ёшлар барча жанрларда самарали ижод қилаётганини, энг асосийси, катта орзу-умидлар ва изланишлар йўлида эканини намоён этди. Таъбир жоиз бўлса, бугун бу ёшларнинг ҳар бирини бир шўх жилға десак, эртага улар, албатта, серсув ирмоққа айланиб, адабиётимизнинг улкан Амударёсига қуйилади, деб умид қиламиз.

 

Абдумажид АЗИМОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг