ҚЎШИҒИМНИНГ АЛВОН БАЙТЛАРИ

91

ҲОТАМ ЭРСАНГ

Ҳотам эрсанг ҳимматинг
элга аён бўлғай сенинг,
Шуҳратинг овозаси ҳам
бепоён бўлғай сенинг.

Айлагил юртга нисор
Ҳақ берган ул ганжинани,
Минглаган тилда мудом
мадҳинг баён бўлғай сенинг.

Бевафолиқ айласанг гар ошнога
паст кетиб,
Бил, рақибга айланиб,
дўстинг чаён бўлғай сенинг.

Ғайри бир йўллар ила қилма мурод
бойликни сен,
Бўйла нопок топганинг
ўзга зиён бўлғай сенинг.

Гар садоқатли эсанг
ишқу муҳаббатда мудом,
Бир умрга маҳвашинг
мўрчамиён бўлғай сенинг.

Топганинг юртинг ила
ҳотам бўлиб кўргил баҳам,
Эл аро одамлиғинг
шунда аён бўлғай сенинг.

Бўлмағил қул, Ошиқ Эркин,
зарра дунё молига,
Ўйла, умринг сўнгида
йўлинг қаён бўлғай сенинг.

ЖОНИМА НАШТАР ҚАДАРЛАР

Жонима наштар қадарлар
нозанин ёр кўзлари,
Жона офату балодур жоду,
хуммор кўзлари.
Меҳру шафқатлар тилаб
кўп иштиёқин тортаман,
Меҳру шафқат ўрнига
бергуси озор кўзлари.
Билмадим, пайкарми ё
ақлинг олувчи сеҳри бор,
Билмадим, лек бир қарашда
қилди бемор кўзлари.

Бир карам қилгин дедим,
учраб дадил мен бир йўли,
Бир қараш бирла қочирди
кўп ситамкор кўзлари.

Қўрқаман айлаб жасорат
ой юзига боққали,
Қўрқаман, кўз ўтим олган
ўша хунхор кўзлари.

Хушламас гар гул эсанг ҳам
гулсифат райҳоналар,
Хушламас Эркин сени ҳеч
ўша дилдор кўзлари.

МЕН СЕНИНГ ЖОНИНГ БЎЛАЙ

Сен менинг жонимни олгин,
мен сенинг жонинг бўлай,
Қадду бўйинг-чун, нигоро,
дамда қурбонинг бўлай.

Бахтли қисматдур висолга
ўртаниб етмоқ азал,
Қилма тарк ҳижрон азобин,
маҳваш, ҳайронинг бўлай.

Бу шараф йўлида фарз мендан мурод,
сендан карам,
Васлингга етказ, висол кўкида
комронинг бўлай.

Мен сенга содиқ, вафодор,
сендан менга сарви равон,
Лутф қилғил, бир умрлик
танда дармонинг бўлай.

Сен менга хуршиди тобон,
лаъли хандон бўл мудом,
Мен сенга достон битай,
содиқ ғазалхонинг бўлай.

Йўлларимда сен гулу райҳон бўлиб
қилғил хиром,
Йўлларингда, Ошиқ Эркин,
меҳри рахшонинг бўлай.

ИШҚ АРО ҚЎЙСАНГ ҚАДАМ
Ишқ аро қўйсанг қадам куймакдин
ўзга чора йўқ,
Ўртаниб ҳижрон аро ўлмакдин
ўзга чора йўқ.

Ишқ сени ўтдан олиб,
ўтларга отгай бир умр,
Бўлсанг-да гар дев — нотавон бўлмакдин
ўзга чора йўқ.

Бул чаманга гуркираб,
яшнаб кириб, охирида
Сорғариб бир гул каби сўлмакдин
ўзга чора йўқ.

Дарди кўп, дармон йўқ,
бераҳм севги азал,
Кўйида Мажнун бўлиб юрмакдин
ўзга чора йўқ.

Севги султони мудом шоҳдин буюкдир,
олдида
Дамда минг таъзим қилиб турмакдин
ўзга чора йўқ.

Ошиқ Эркин, ишқ аро кирдингми,
бас, қайғурмагил,
Мард бўлиб бу йўлда от сурмакдин
ўзга чора йўқ.

СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАВЕРАДИ
Эй, барчадин хуш кўрган дилдор,
Не сеҳрингу не хислатинг бор?
Оғушимда такрору такрор…
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.

Жамолингдан ҳайратда замон,
Лаби ғунча, қошлари камон,
Қанот боғлаб висолинг томон
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.

Меҳри дилим дарёдай оқиб,
Рақибларнинг ичларин ёқиб,
Ҳар чаккангга бир-бир гул тақиб,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.

Ишқ чаманим бўлар сўлгудай,
Қийналаман Мажнун бўлгудай,
Бир кун кўрмасам-да ўлгудай,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
Ёритдинг деб туну кундузим,

Мос келди деб қоши қундузим,
Порлоқ юлдузингга юлдузим,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.

Ўзганинг садқаси кетай деб,
Жоним, севгим туҳфа этай деб,
Орзуйимга бирга етай деб,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.

Икки чеҳранг мағзи чиройинг,
Бири қуёш, бириси ойинг,
Қўймай тортиб оҳанрабойинг,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.

Таралиб сендан мушки анбар,
Димоғларим айлар муанбар,
Кўксим аро ҳар шому саҳар
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.

Қайда бўлсанг дарёдай тошиб,
Тоғу денгиз, саҳролар ошиб,
Ошиқ Эркин, жайрондай шошиб,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.

МУҲАББАТИМНИ

Қўшиқ этиб куйларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.
Эллар кезиб сўйларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.

Қўшиғимнинг алвон байтлари,
Қуёш бўлиб сочарлар зиё.
Тонглар бедор сўйларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.

Сайёралар лол қолур ҳатто
Жўшқин дилим наволаридан.
Инон, достон айларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.

Юрагимдан заррин нур олиб,
Чарақлагай сўлим оқшомлар.
Мангу дилга жойларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.

Чаманларда этайлик сайр,
Вафодорим, бергил қўлларинг.
Изҳор этмай найларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.

Ошиқ Эркин, юрагинг машъал,
Садоқатинг қуёшдек ёруғ.
Қайнаб-тошиб куйларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг