МУАЗЗАМ ИЖОДИЁТ ТИМСОЛИ

103

Қайта таъмирланган “Адиблар хиёбони”ни ўйчан ҳайрат билан кезар ва ялпи манзарани кузатар эканман, аввал шимол томонга қараган ҳазрат Навоий жанубга, қиблага юз бурганини кўрдим. Мен ойнаи жаҳонда Ҳазратнинг янги ракурсдаги ҳайкалини бир неча бор кўрган эсам-да, телетасвирдан муаззам ҳайкалнинг бурилганини илғаш қийин эди. Аввал у нега шимолга қарагани тасодифми, қонуниятми билмадим, лекин ҳозирги ҳолат, яъни қиблага юз бурган ҳазрат Навоий менга улкан ва маънодор рамзни англатадигандек туюлади. Эътиқод, дин халқни, миллатни бирлаштирувчи, қалбига икки дунё лаззати ва саодатини бахш этувчи куч экани шоён ҳақиқат. Худотерс совет замони, айниқса, Сталин даврида тарбия топган айримлар ҳали ҳам муқаддас динимизга шубҳа ва ҳадик билан қарайдилар. Ваҳоланки, ислом дини жаҳоний, яъни катта ва ялпи нуфузга эга дин бўлиб,  у моҳиятан маърифат ва маънавиятга хизмат қилади. БМТ Ассамблеясининг 71-сессиясида  Президентимиз Ш.Мирзиёев муқаддас динимизни ҳар хил бўҳтонлардан жаҳон жамоатчилиги олдида қатъий ҳимоя қилгани ҳамон ёдимизда.

Бу гаплардан мурод даҳо шоиримиз ижодини ислом дини ва Қуръони каримсиз ўрганиш мумкин эмаслиги, ўрганилган тақдирда бу чала ва номукаммал тадқиқ бўлишини қатъий таъкид­лашдир. Совет давридаги кўп­лаб илмий иш ва изоҳларда ёзилганидек, бу буюк шоир ижодининг камчилиги (шундай дейилса, мустабид мафкура тазйиқидан қутиларди гўё) эмас, айнан унинг КУЧ-ҚУДРАТИ МАНБАИДИР.  Исломий-қуръоний бадиий тафаккур буюк шоир ижодига илоҳий ва глобал миқёс бахш этади, воқеликка коинот, фалак нуқтаи назаридан боқишга имкон яратади.

Лекин ҳар ишда меъёр зарур. Бу олтин қонун. Навоий ижодининг қуръоний моҳиятини қайд этар эканмиз, уни ислом арконлари билан чирмаб ташлаш, исломий ақоидлар учун шунчаки мисол тариқасида талқин қилмаслигимиз керак. Улуғ шоир ўз мустақил бадиий-фалсафий оламини яратган зотдир. Шуниси билан ул зот Навоий  – инсоният шоиридир.

Нима бўлганда ҳам ислом биринчи навбатда буюк эътиқод. Зотан, фақат буюк эътиқод, буюк иймон буюк адабиётни яратади. Буюк адабиёт эса халқни, бани одамни буюк эътиқод, буюк имон руҳида тарбиялайди.

Ҳар қандай буюк ижод пайдо бўлиши биланоқ ўз баҳо ва талқинини олади. Илк навоийшунослар шубҳасиз замона султони Ҳусайн Бойқаро (унинг “Рисола” асарини эсланг) ва пири муршид Абдураҳмон Жомийлардир.  Улар Навоий ижодига тўғри ва ҳаққоний баҳо беришган. Биргина Ҳусайн Бойқаронинг “У (яъни
Навоий – С.М.) туркий тилнинг ўлик жасадига Масиҳ нафаси билан жон киргизди” деган гапи қанчалик ҳақиқат. Абдураҳмон Жомий ўзининг “Хирадномаи Искандар” дос­тони хотимасида “Агар у ҳам асарларини форсий тилда ёзганда эди, форсигўйларда ижод учун мажол қолмасди” деганида қанчалик фахр бор. Лекин кейинги давр навоийшунослиги Ғарб, рус ва совет мафкураси доирасида кечди. Ва улар деярли бир овоздан буюк шоирнинг дунёқараши пантеизмдир деган тўхтамга келишди. Агар дунёқараш воқеликка нисбатан илмий, мафкуравий, маънавий ва илоҳий қарашлар тизими ҳамда пантеизм “Худо табиат билан бир нарса, улар бир бутунни ташкил қилади, деб қарайдиган диний-фалсафий таълимот” (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 3-жилд, 215-бет) бўлар экан – наҳотки Навоий пантеист бўлса? Наҳотки буюк шоиримиз Яратган билан яратилган нарсани бир деб ҳисобласа?!

Академик Воҳид Зоҳидов ёзади: “Худо – табиатдир, деб Навоий худони (албатта, кичик ҳарф билан – С.М.) қаерлардандир олиб келиб, етти қабат осмонларнинг нариги томонидан уни ерга туширади, инсон ва табиатни илоҳийлаштиради ва шу билан уларнинг обрўсини худо даражасига кўтаради, худони табиатга сингдириб юборади… Шу табиат ҳам ягона чин ҳаёт манбаидир, ҳам ягона чин ҳаёт масканидир. Ўлгандан кейин иккинчи тириклик, ҳаёт йўқдир” (В.Зоҳидов, “Улуғ шоир ижодининг қалби”, Тошкент: Ўзбекистон, 1970, 303-бет). Бу ерда ширк юз кўрсатмоқда, яъни табиат Оллоҳга шерик қилинмоқда. Ширк эса динимизда кечирилмайдиган гуноҳи кабирадир.  Шундай фикрни ўз пайтида йирик шарқшунос Е.Э.Бертельс ҳам айтган бўлса, у Навоий ижодидаги исломий руҳни чуқур англамаган бўлиши, агар Ойбек домла ҳам ёзган бўлса, Навоий ижодини худотерс совет мафкураси зуғумидан ҳимоя қилган бўлиши мумкин.  Лекин ҳозир бундай зуғум йўқ-ку.

Келажагимиз бўлган ёш авлод ­Навоий пантеист эмаслиги, у том маънодаги художўй инсон ва буюк исломий, яъни умуминсоний эътиқод соҳиби эканини англаши лозим. Бу ҳақиқат илмий тадқиқотлар орқали буюк ижодга суянган ҳолда  исботланмоғи даркор. Биргина мисол: “Хамса”нинг илк мисраси Қуръони карим калити ҳисобланмиш “Бисмиллоҳир-раҳмонир-раҳим” калимасидир.

Қиблага юз бурган Навоий аввал алоҳидадек туюлган адиблар хиёбонидаги бошқа ижодкорлар билан яхлитлик, тугал манзара касб этган. Ўнг тарафида шоир ва шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур, чап тарафида буюк шоир ва буюк муаррих Муҳаммад Ризо Огаҳий, сўнг қорақалпоқнинг улкан оқини Бердақ, ундан кейин янги даврда ижод этган улкан адиблар Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова, Ибройим Юсупов, Александр Файнберг, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, адабиётшунослардан Озод Шарафиддинов ва бошқалар.

Мени адабиётшунос сифатида бир нарса ўйлатади. Назаримда ўзбек адабиёти деб номланадиган буюк иншоот улкан икки қисмдан иборат – улуғ Навоий чўққиси бўлган ўзбек мумтоз адабиёти ва ХХ аср тонгида ўзгарган замон босимида вужудга келган янги ўзбек адабиёти. Адиблар хиёбонида ҳар икки адабиёт вакиллари узвий яхлитлик касб этишган, бир боғда макон топишган. Бу – қонуний ҳолдир.

Лекин мени ўйлантирган нарса ушбу ички қонуниятлари жиҳатидан бир-биридан хийла фарқланадиган, лекин бир миллатнинг ягона ижодиёти бўлмиш миллий адабиёт учун яхлит адабиёт назарияси йўқлиги, шундай назария яратилмаганидир. Аллома Абдурауф Фитратнинг 1926 йилда чоп этилган “Адабиёт қоидалари” бундан мустасно, лекин у пайтда янги адабиётнинг тўкис намуналари ҳали яратилмаган, назария учун адабий материал оз эди. Кейинги “Адабиёт назария”лари совет мафкураси босимида яратилди, улардаги назарий хулосалар рус ва ғарб адабиёти, янги ўзбек адабиёти намуналарига суяниб чиқарилган. Мумтоз адабиёт ора-орада эсланган (хусусан, шеър тузилиши бўлимида) эса-да, таянч материал янги давр адабиёти бўлиб хизмат қилган эди. Бунга бошқа сабаб ҳам мавжуд эдики, рус адабиётшунослигида яратилган қатор назариялар олимларимиз учун намуна бўлиб хизмат қилган эди. Табиийки, улар бизнинг мумтоз адабиётимизни назарий асосда ўрганишмаган, буни улардан кутиш ҳам ноўрин эди.

Шундай қилиб, салкам минг йиллик мумтоз адабиётимиз назарий жиҳатдан, адабиёт назарияси аспектида тадқиқ этилмасдан қолмоқда. Назаримда, осон бўлмаган бу ишни амалга оширишда икки йўл бор. Биринчиси, махсус “Мумтоз адабиёт назарияси”ни яратиш. Бунда мумтоз адабиётимизни вазнидан тортиб жанр ва шеърий шакллари ўрганилади, ҳозиргача бўлганидек, ахборот ва қайд этиш тарзида эмас, яратилган асарларни ички назарий қонуниятлари тадқиқ этилади. Айтайлик, мумтоз шеъриятимизда энг кўп тарқалган шеърий шакл – маснавий қонуниятлари ўрганилганми? Зеро, маснавий ўзбек ва умуман шарқ мумтоз адабиётининг ялпи эпик шакли (лирикага йўғрилган ҳолда, албатта) бўлиб, уни назарий планда ўрганиш кўплаб асарларимиз, хусусан, ҳазрат Навоий “Хамса”си маънолари қаърига кириш учун ноёб имкон деб ўйлайман. Зеро “Хамса”нинг деярли ҳар бир байти махсус тадқиққа сазовор.

Иккинчиси, ялпи адабиёт назарияси бўлиб, унда олдинма-кетин ёки биргаликда мумтоз ва янги ўзбек адабиёти қонуниятлари тадқиқ этилади. Бу хийла мураккаб йўл бўлиб, унинг принциплари махсус ишлаб чиқилиши зарурдир. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам янги ўзбек “Адабиёт назарияси”ни яратиш кун тартибига қўйилиши ва унинг тўлақонли чиқиши учун ёш авлод кадрларни, назариётчи олимларни тарбиялаб бориш зарур.

Мана, Истиқлолимиз ҳам 30 ёшга кириб қолди, лекин ҳалигача совет даврида яратилган адабий маҳсулотни Истиқлол нуқтаи назаридан ўрганиш кун тартибига қўйилган эмас. Янги ўзбек адабиёти вужудга келганига юз йилдан сал ошиқ вақт ўтган бўлса, шунинг 60 йили совет даврига тўғри келади ва бу даврда миллий адабиётимизнинг йирик, улуғ вакиллари ижод қилишди. Айтайлик, Ойбекнинг 20 томлик, Ғафур Ғуломнинг 12  томлик, Ҳамид Олимжоннинг 10 томлик Мукаммал асарлар тўпламига кирган асарларнинг катта қисми, бировида озроқ, бировида кўпроқ, совет мафкураси руҳида битилган. Бу улар энди адабий чиқит дегани эмас. Асло. Уларда адибларимизнинг улкан истеъдоди ўз муҳрини босган.

Шундай экан, уларга қандай ёндашмоқ, қандай йўсин ва методлар билан талқин қилмоқ, бадиий теранликларини очмоқ керак ва мумкин? Бундай саволлар ўз ечимини топмоғи даркор. Адабиётшунослигимиз улуғ Навоий саркорлигидаги адиблар хиёбонидан ўрин олган ва ўрин олмаган барча чинакам ижодкорлар олдида қарздордир.

Адиблар хиёбонида эрта тонгда сайр этар эканман, қалбим ва шуурим шундай ўйлар оғушида бўлди. Навоий ҳайкали, демак, унинг муаззам ижодиёти қиблага юз бурган экан, бу ул зотнинг ўзига, ўзлигига қайтиши демакдир. Ҳайтовур, мен бунда шундай рамзни кўрдим. Бунда, шаксиз, Янги Ўзбекистон меъмори, Президентимизнинг иродаси ва нуқтаи назари яққол намоёндир.

Сувон МЕЛИ,

ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг