КАМТАР ИНСОН, МАҲОРАТЛИ ДРАМАТУРГ ЭДИ

214

Таниқли адиб, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимов билан биринчи марта Қўқон театридан Фарғона театрига ишга ўтган пайтимда учрашган эдим. Фарғона театрида Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг “Чакана савдо” пьесаси асосида “Бир ўликка бир тирик” спектакли саҳналаштирилаётганди. Театрга янги келганман, Фарғона театри ўша кезлари республикамиз театрлари орасида катта обрўга эга ва бош режиссёр  Носир Отабоев ҳам етакчи режиссёрлардан эди. Носир ака саҳналаштириш учун асар танлашда жуда ҳам синчков бўлган. Асар номи қизиқ ва муаллифи ҳам мен учун бутунлай янги. Ўша кезларда театрларимизда замонавий мавзуда саҳналаштирилаётган миллий пьесалар йўқ ҳисоби, борлари ҳам маиший, майда-чуйда, зерикарли, қарийб конфликтсиз бўлиб, бирор салмоқли асар топиш мушкул эди. Пьесани олиб ўқидим. Аввал уни ўзбек драматурги ёзганига ишонмадим. Бирор европалик муаллифдан “кўчирма” қилинган  бўлса керак, деб ўйлаб, ўша пайти устоз драматургимиз Абдуқаҳҳор Иброҳимовга нисбатан бироз одобсизлик қилганимни кейин англаганман.

Пьеса учун ўша пайтдаги энг замонавий ва муҳим мавзу — тиббиётдаги трансплантология масаласи танланиб, Абдуқаҳҳор Иброҳимов бу ҳодисанинг мутлақо  кутилмаган қиррасини кашф қилиб, ниҳоятда  таъсирчан тарзда очиб беришга эришган. Инсон органлари билан “чакана савдо” қилиш, инсоннинг товар сифатида савдо объектига айланганлиги,  унинг бўлакларга бўлиниб сотилиши мумкинлигининг аянчли оқибатлари асарнинг асосий ғояси даражасига олиб чиқилганди. Спектакль номи ҳам яхши топилган — “Бир ўликка бир тирик”. Ҳа, тирик ҳам мол — сотилади, ўлик ҳам мол — сотилади.

Ҳар куни репетицияларни қолдирмай кузатиб борардим. Спектаклдаги бош ролни бетакрор актёр, Ўзбекистон халқ артисти Соли Аҳмедов ижро қилган эди. Ўша кезлари театрнинг ёш актёрларидан бўлган (ҳозирда Ўзбекистон халқ артисти) Муҳаммадсоли Юсупов ҳам ажойиб роль ижро этишга эришган. Репетициялар давомида томоша залининг бир бурчагида ҳар доим, худди менга ўхшаб канда қилмай, бир киши ўтирарди. Бу одам пьеса муаллифи Абдуқаҳҳор Иброҳимов эканини бир неча кун ўтганидан кейин билдим. Тавбангдан кетай, асар муаллифи ҳам шунақа бўладими?  Соатлаб, кунлаб ўтган репетицияларда миқ этмай, қобил-мўмин бўлиб ўтирса-я. Нимага режиссёрга қўшилишиб актёрларга “қандай ўйнаш кераклигини” уқтирмайди? Нимага эътироз билдирмай жим ўтиради? Жуда “ғалати” драматург экан-ку бу киши!

Ҳа, Абдуқаҳҳор ака жуда “ғалати” драматург, жуда камтар инсон, ниҳоятда дилкаш, ниҳоятда маданиятли, том маънода зиёли, донишманд, билимдон киши эди. Билимдон деганимки, мен кўп драматургларнинг пьесаларини ўқишим жараёнида, қийналиб, изтиробга тушиб: “Бу одамнинг драма назариясидан хабари бормикан?” деб кўнглимдан ўтказаман. Зеро, драматурглар, албатта, саҳна композициясини, актёрлик ижро табиатини, режиссёрлик маҳорати алифбосини мукаммал эгаллаган бўлишлари шарт, деб биламан. Акс ҳолда, саҳнада “сўз”дан бўлак ҳеч нарса, ҳеч қандай конфликт бўлмайди. Драматургиянинг туб асоси — конфликт! Ўнлаб бет диалоглар ва монологлар эмас! Бундай хислатларга эга бўлган драматург жуда ҳам камёб ҳодиса. Муболағасиз,  Абдуқаҳҳор Иброҳимов  ана шундай энг қимматли драматургик хислатлари бор, камёб ёзувчи эди. Мен бу одамни кўрганман, у билан ошно бўлганман, ундан илҳом олганман. Режиссёрга илҳомни ким беради, ижод қилиш учун манбани қаердан олади, унга спектаклнинг кутилмаган талқинини топишига ким имкон яратади? Драматург, яъни Абдуқаҳҳор Иброҳимов!

Абдуқаҳҳор аканинг ҳамма драматик асарлари жуда нозиклик билан ёзилган. У кишининг ифода услуби ҳам камёб. Одатда, драматургларимиз танлаган мавзуларини очиқ, батафсил, одатий услублар билан ифода қиладилар.  Абдуқаҳҳор аканинг сатираси эса жуда нозик, ниҳоятда оригинал ва ўта таъсирчан.  Унинг пьесаларидаги воқеалар тизими, асосий воқеаларнинг келиб чиқиши, ривожи ва хотимаси доимо кутилмаган таъсирли якун топади, анча пайтгача эсда сақланади. Пьесаларининг бирортасида ҳам зўраки, танланган мавзуга мос бўлмаган, “ўйлаб топилган” воқеалар бўлмайди. Абдуқаҳҳор ака айт­моқчи бўлганини рўй-рост, очиқчасига айтмайди. Ҳар доим томошабиннинг  ўзи хулоса чиқаришига имкон қолдиради. Унинг пьесалари қарсаклар чалиниб, дабдабали пафос, ҳайқириқлар билан тугамайди. Унинг пьесалари асосида саҳналаштирилган спектакллар “қатъий рецептлар” бермайди, уни томошабиннинг ўзи ёзади.

Абдуқаҳҳор аканинг пьесалари наинки Ўзбекистон, балки Россия, Озарбайжон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон театрларида ҳам саҳналаштирилган. Унинг бирорта пьесаси “эскириб қолган” эмас. Ҳар бир пьесада умуминсоний муаммолар бўлгани учун ҳам, улар доимо замонавий. Назаримда, имоним комилки, Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг драматургия­сидан яхши хабардор кишининг назарида ҳам, унинг пьесалари жуда кам саҳналаштирилган. Афсус! Ишонаманки, ўзбек театри, ёш режиссёрлар, албатта, унинг долзарб, қайсидир маънода “қитмир”, “сўзамол”, “аччиқ” пьесаларига, албатта, мурожаат қилишади.

Устоз драматург билан охирги марта шу йилнинг бошида, Республика иккинчи клиникасида даволанаётган пайтимиз учрашган эдим. Биз бир ҳафта давомида ҳар куни бир неча соатлаб суҳбат қургандик. Суҳбатлар асносида бу инсоннинг жуда кўп хислатларини кашф қилгандим: ниҳоятда камтар инсон, донишманд сифатида, тарихчи олим, ўз юртини беҳад севадиган ватанпарвар, том маънодаги зиёли киши сифатида, қолаверса, юмор ҳисси баланд ҳазилкаш, дилкаш одам сифатида! Бу кишидаги билимга интилиш, ижодий фикрлаш, нафақат яқин атрофдаги воқеа­ларни, балки жамиятда ҳукм сураётган жараёнларни холис таҳлил қила олиш қобилиятига тан бермай илож йўқ.

Охирги учрашувимизда менга таъсир қилгани – Абдуқаҳҳор ака узоқ суҳбатлар давомида бирор маротаба ўз асарлари ҳақида мақтаниб гапирмагани, бирорта пьесасини саҳналаштиришимни сўрамагани бўлди. Агар “қочиб қутулиш учун жой тополмайдиган драматурглар”ни кўрмаганимда, билмаганимда, бу ҳол менга одатий кўринарди. Улар олдида Абдуқаҳҳор ака кўзимга фаришта бўлиб кўринганди. Дарҳақиқат, яхшилаб ўйласангиз, Абдуқаҳҳор ака фаришта мисол одам эди.

Олимжон САЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

санъат арбоби

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг