КИТОБХОН БОР ЭКАН,  НАШР ИШИ ТЎХТАМАЙДИ

87

Кўп йиллар мобайнида адабиётимизнинг  энг сара намуналари Ғафур Ғулом номидаги адабиёт  ва санъат  нашриётида чоп этиб келинган. Бугун ҳам нашриёт  ушбу анъаналарни  давом эттирмоқда. Айни пайтда бир-бирига  рақобатчи  нашриётлар  кўп, китоб нашр этиш билан боғлиқ муаммолар ҳам кам эмас. Ғафур Ғулом номидаги НМИУ директори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Маънавият ва маърифат аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Шавкат Юсупов билан суҳбатимиз  мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар, китобга муносабат, китоб чоп этишнинг масъулияти, бугунги  кунда  ноширларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида  бўлди. 

— Китоб чоп этиш билан шуғулланадиган ходимлар ишининг муваффақияти кўп жиҳатдан уларнинг савиясига боғлиқ. Сизнингча, нашриёт раҳбари қандай фазилатларни ўзида мужассам этган бўлиши керак?

— Нашриёт ходимлари ҳам, раҳбарлари ҳам китобни севмаса, китоб ўқимаса бундай нашриётда бамаъни, чуқур мазмунли китоб­лар чоп этилиши даргумон. Чунки раҳбарнинг зиммасида ўзи чоп этаётган китобнинг савияси, долзарблиги, маънавий юки, ўқувчилар томонидан қабул қилиниши, оммалашиши, ҳар жиҳатдан тўкис ҳолатда китобхон қўлига етказиш каби масъулиятли вазифалар туради. Тарози палласига мана шу талабларни қўйиб ёндашадиган бўлсак, ношир фақат китобни нашр этувчи эмас, балки уни севувчи яхши китобхон бўлиши шарт. Китоб инсоннинг маънавиятини бойитадиган энг муҳим омил, доимий содиқ ҳамроҳи. Менингча, бу иш билан шуғулланмаган ҳар қандай одам ҳам китобни севиши шарт. Акс ҳолда зеҳни хира тортади, дунёқараши тораяди, маданий савияси юксалмайди.

— Одамлар китоб ўқимай қўйди деган гап тез-тез қулоққа чалинади. Агар шундай бўлса, унда нашриёт ишлари қандай кетаётир? Ёки сиз бу фикрга қўшилмайсизми?

— Биз замондошларнинг тафаккур тарзи, фикрлаши, маънавий жабҳадаги кўтарилиш­лар, ўзаро муносабатларига қараб, уларнинг китоб ўқиётгани ёки ўқимаётганини билишимиз мумкин. Тўғри, бир пайтлар халқимиз китобни оммавий ўқиган, китобхонлик анжуманлари бўлган. Бироқ бугун одамлар умуман китоб ўқимай қўйди дейиш, китобхон юртдош­ларга нисбатан адолатсизликдир. Чунки мамлакатимизда юздан зиёд нашриёт фаолият олиб боряпти. Қанча ишчи-ходимлар нашриёт ва босмахоналарда таҳрир билан, китоб босиш ишлари билан машғул. Демак, китобхонлар бор эканки, биз китоб нашр этяп­миз.

Энди Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг фаолиятига келсак, таъкидлаш жоизки, адабиётимизнинг атоқли вакиллари, улардан ке­йинги авлод ижоди, хуллас, барча энг яхши китоблар кўпроқ шу ерда нашр этилган. Бугун биз бозор муносабатлари шароитида фаолият юритаяпмиз, рақобат жуда катта. Нашриётлар асосан хўжалик ҳисобида ишламоқда. Шу боис, фақат энг яхши китобларни чиқаришнигина эмас, уни сотишни ҳам ўйламай иложимиз йўқ. Дейлик, одамлар ҳар куни озиқ-овқат сотиб олади, бироқ ҳар куни китоб харид қилинмайди. Айтмоқчиманки, китоб тез чоп этилиб, тез сотилиб кетадиган маҳсулот эмас. Унинг тайёрланишидан тортиб, ўқувчи қўлига етиб боргунча бўлган жараён бир неча босқичлардан иборат. Бир китоб, айтайлик, минг нусхада чоп этилса, сотилиб тугагунча орадан анча вақт ўтади. Демак, эндиликда корхона раҳбари чинакам адабиёт намуналарини чиқараётганда улар билан параллел равишда, ўқилиши енгил, саргузашт ёки “олди-қочди” воқеалардан иборат оммабоп, савдоси чаққон китобларни чоп этишни ҳам йўлга қўйишга мажбур.

— Бир пайтлар Ғафур Ғулом нашриёти мумтоз адабиётимиз намояндаларининг асарлар тўпламлари, кўп жилдликларни чиқариб катта обрў қозонган эди. Хусусан, ҳазрат Навоий асарларининг жилд­ликлари ҳозир ҳам асосан шу нашриётда чоп этилади. Айни пайт­да бу йўналишдаги ишлар қандай давом этмоқда?

— Ҳазрат Алишер Навоийнинг тўла асарлар жилдликларини чоп этиш осон иш эмас. Чунки бу асарлар нашрини тайёрлашда мунтазам равишда муҳаррир олимлар билан ишлашга тўғри келади. Худди шу тахлит “Халқ оғзаки ижоди” ёдгорликларининг 100 жилдлиги нашрига киришилди, йигирма жилди чоп этилди. Бу китобларни нашрга тайёрлашда филология фанлари доктори Маматқул Жўраев билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти.

— Айтинг-чи, наш­риётда бугунги кунда ўзбек болалар адабиётига кириб келаётган янги авлод ижодини кўр­сатувчи қан­дай иш­лар амалга оширил­яп­ти?

— Кейинги пайтда фаол ижод қилаётган болалар шоирлари ва адибларининг китобларини тайёрлашга астойдил киришдик ва бунинг уддасидан чиқаяпмиз. Жумладан, “Биз ёдлаймиз, тез ёдлаймиз” туркумида Рустам Назар, Қўзи Исмоил, Абдураҳмон Акбар, Дилшод Ражаб, Худойберди Комилов, Содиқжон Иноятов сингари ижодкорларнинг китобларини чоп этдик. Бу шоирларнинг бири иккинчисига ўхшамайди. Китобларимиз ажойиб шеърлардан таркиб топганлиги, ташқи ва ички безаклари билан ўқувчиларнинг эътиборини тортиши, шубҳасиз. Бу китоблар ўн минг ададда чоп этилди. Яқин кунларда уларнинг тақдимотини ўтказамиз.

Албатта, муаммоларимиз ҳам оз эмас. Китоблар савдосининг сустлиги ҳам шулар сирасидан. Шунга қарамай, бугун давлатимиз раҳбарининг китобга, маънавиятга қаратаётган эътиборидан руҳланган ҳолда ғайрат билан ишлашга интиляпмиз. Ходимларимиз Германияда, Туркияда, Россияда сафарларда бўлиб, китоб тайёрлашнинг янгича технологияларини ўрганиб қайтишди. Хориждан энг замонавий китоб чоп этиш дастгоҳларини олиб келяп­миз. Замондошларимизнинг юксак талабига мос, ўқишга ўта қулай китоблар тайёрлашга ҳаракат қилаяпмиз. Ишнинг энг мароқли томони ҳам китобхон дидига йўл топа билишда, деб ўйлайман.

— Нашриёт раҳбари сифатида ёш китобхонларга нима деган бўлардингиз?

— Вақт биз ундан унумли фойдаланишимиз учун кутиб турмайди. Ҳар қандай вазиятда ва ҳар қандай ёшда китоб ўқиш энг тўғри ва мақбул ишдир. Шу ўринда атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг ушбу сўзлари ёдга тушади: “Инсон ўзи учун берилган вақтнинг саккиз соатини ухлашга, саккиз соатини давлат ишига сарфлайдиган бўлса, агар у телевизор қаршисида соатлаб ўтирса, мутолаага ҳеч қачон вақт ажрата олмайди… Катта куч билан бир китобни қайта-қайта ўқишнинг кераги йўқ, янги китоб ва замонавий муаллифлар асарларини ўқиш ҳамиша мароқлидир”.

Мен ҳар бир ёш ушбу сўзларни ўзининг кундалигига ёзиб қўйишини, унга қатъий амал қилишини истардим.

Гўзал БЕГИМ

суҳбатлашди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг