ЧОЛЛАР

62

Алишер хонасига кирибоқ дераза туйнугини очиб қўйди. Туни билан димиққан хонага тонг шабадаси ёпирилди. Компьютерни ёқиб, интернетга кирди. Сайтларга бирров кўз югуртириб, дунё ахборотлари билан танишди.

Бир соатлардан сўнг йўлакда ҳамкасбларининг қадам товушлари эшитилиб, ходимлар ишга кела бошлади. Ички телефон жиринглади. Пастда, бинога кириш йўлагида ўтирадиган, келувчиларга рухсатнома берадиган қиз экан.

– Ассалому алайкум, Алишер ака! – Гўшакдан қўнғироқдек овоз жаранглади. – Шикоят билан келишибди. Кирамиз, дейишаяпти.

– Ким, қаердан, қандай масалада экан? – энсаси қотди Алишернинг. Кейин қўшиб қўйди: – Жонга тегди ҳаммаси.

– Ота-бола. Ер масаласида. Олдингизга чиқараяпман.

Сал ўтмай қабулхонада ёши саксонларни қоралаган, оқ-сариқдан келган басавлат одам ёнида полвонкелбат йигит билан пайдо бўлди. Алишер “меҳмон”ларни кутиб олиб, ўриндиққа таклиф қилди. Ҳол-аҳвол сўрашгач:

– Хўш, хизмат, отахон? Қаерлардан сўраймиз? – деди.

– Биз Каттатоғдан. Ҳақиқат излаб келдик… Бу йигит ўғлим. Ташқарида машинада келин, набиралар ҳам бор, – гап бошлади отахон.

– Бир йўла пойтахтни томоша қилдирай, дебсиз-да, – кулди Алишер.

– Ҳа энди, бу гапингизда ҳам жон бор. – Гап тагидаги кесатиқни англамади отахон. – Тошкентда бир қизим, бир ўғлим яшайди. Шуларникида меҳмон бўлиб турибмиз-да. Кеча Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари қабулида бўлдим. Бир кўзим хиралашган. Қўл остидагиларга топшириқ берди. Индинга навбатсиз операция қилишади. Ҳали қизимнинг ўқиши масаласида Таълим вазирига, ўғлимнинг иши бўйича Марказий банкка ҳам киришим керак. Лекин, асосийси, сизга боғлиқ. Шу биз яшаб турган ҳовлимизнинг ёнида озгина қаровсиз ер бор…

Алишер отахон қўлига тутган ҳужжатлар тўпламини варақларкан, боши айланиб кетди, асаби бузилди. Ўзини зўрға босиб, отахонга юзланди.

– Каттатоғ дегани кенг жой, ер мўл бўлса, тортишаётган одамингиз хотинингизнинг укаси, ўғлингизнинг тоғаси, бегона эмас. Ўткинчи дунёда жигарларни бир-биридан узоқлаштириб нима қиласиз?

– Тўғри айтасиз, ўғлим. Бизнинг еримиз кўп. Ҳар боламнинг ҳовлиси бор. Аммо орият-чи? Фалончи домла ёзавериб, барибир ютқазибди-да, деган гап-чи? Шунинг учун бизга ёрдам берасиз энди…

“Меҳмон”ларни яхши гаплар билан бир амаллаб тинчлантириб, лифтгача кузатиб қўяркан, боши қизиди – қон босими кўтарилди. Кабинетига қайтаркан, котибага аччиқ кўк чой буюрди.

… Ўтган шанбада қишлоққа кексайиб қолган ота-онасини кўргани борганди. Умр бўйи совхозда оддий ишчи бўлган отасининг гурунглари унга ёқади. Афсуски, иш сабаб ҳамиша бирга бўлолмаганидан хижолат чекади.

– Шунча йил ишлаб, бирон марта санаторий-курортда дам ҳам олмабсиз-а? – деди бир гал отасини дам олишга юбориш ниятида.

– Феълим ёмон, ўғлим, уч кундан зиёд бегона жойда туролмайман. Раҳматли бобонг шунақа одам эди-да. Отадан қочиб, қаёққа ҳам борамиз.

– Пенсияларингиз етиб турибдими? – яна ўсмоқчилади у.

– Энанг икковимиз бир ярим миллион оламиз. Еганга тугамайди. Ҳамма нарса ҳовлимизда пишиб ётибди. Биз нимаям ердик. Нон-сув, сут-қатиқ, мева-чева дегандай… Ҳар куни тўй-маърака бўлса…

Отасининг гапи тугамайди.

– Мана, ён қўшнимиз Хосият момони олайлик. Эри ўлганига қирқ йилдан ошаяпти. Бир этак бола билан қолувди, бечора. Шуларнинг ҳаммасини жойлаштирди – қизларни узатди, ўғилларни уйлантирди. Ҳар йили бир тўй қилади, барака топгур. Худо ўзи бераркан. Шунинг учун пулга ҳам қаттиқ қизиқманг. Кўп пул ташвиш келтиради.

– Сиздай бўлолмадик, ота! Ҳамиша кўнг­лингиз хотиржам.

– Бировни алдамадим. Ҳеч кимдан қарз эмасман. Худога шукр, тан-жоним соғ. Сиз амалдорсиз, амалдорларнинг эса муаммолари кўп бўлади. Чунки қўл остингиздагилар учун ҳам жавобгарсиз. Бу ҳам тақдир, ўғлим. Ортингиздан ғурурланиб юраман. Менга қиш­лоқда “Тошкентда ишлаётган Фалончининг отаси” деб қарашади. Пенсиямни биринчи беришади, тўй-маъракаларда тўрга ўтқазишади…

Алишер кўк чойдан босиб-босиб ҳўпларкан, қишлоқ, отасини эслаб кўнгли хотиржам тортди.

Абдужалол ТАЙПАТОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг