КАСБИГА СОДИҚ ИНСОН

63

Содиқ аканинг исмини билиб қў­йишган экан…
Адашмасам, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталари эди. Намангандан сафардан қайтаётгандик. Машина бир қишлоқнинг ўнқир-чўнқир йўлларидан ўтиб борар экан, орқа ўриндиқда ўтирган фотомухбиримиз Содиқ ака Маҳкамов ҳайдовчидан машинани бир дақиқага тўхтатишини илтимос қилди. Ҳайдовчи тормозни босиши билан у шошиб тушди-да, қўлига фотоаппаратни олганча юриб кетди. Ўн-ўн беш қадам юргач тўхтаб, тик туриб, тиззалаб, ўтириб нималарнидир суратга туширди. Келиб машинага ўтирганидан сўнг нимани суратга олганини сўрадим.
– Эртага кўрсатаман, – деди Содиқ ака.
Ҳақиқатан ҳам, эртаси куни Содиқ ака сафарда олган суратларини ишлаб олиб чиқди. У пайтларда рақамли фотоаппаратлар қаёқда дейсиз. Қўлида турган бир даста оқ-қора суратлар орасидан биттасини ажратиб олди-да, менга кўрсатди:
– Мана, кеча йўлда тўхтаб олган суратим.
Тўғриси, суратни кўриб ҳайрон қолдим: от уй томида турарди.
– От томда эканми? – сўрадим ҳайрон бўлиб.
– Яхшилаб қарасангиз, отнинг қаерда тургани кўринади.
Яхшилаб қарасам ҳам отнинг қаерда турганини кўролмадим. Шу боис Содиқ аканинг ўзи суратни қандай олганини тушунтириб берди. Унинг айтишича, уйнинг ортида катта тепалик бўлиб, от шу тепалик устида ўтлаб юрган экан. Биз тўхтаб суратга олган жойдан қараганда от худди томда тургандек кўринаркан. Содиқ ака йўлда келаётганимизда бу ҳолатни кўриб қолиб, машинани тўхтатиб, манзарани суратга олган. Мен ўшанда Содиқ аканинг ҳақиқий ижодкорлигига, тенгсиз сураткашлигига яна бир бор тан бердим. Бошқа одам бўлганда бу манзарага ­эътибор ҳам бермай ўтиб кетган бўларди.
Бугунги кунда кексалик гаштини сураётган моҳир сураткаш, Ўзбекис­тон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Содиқ Маҳкамов, ҳақиқатан ҳам, ўз ишининг устаси. У ярқ этган манзарани кўрса, дарҳол фотообъектив хотирасига муҳрлайди. Энг асосийси, у фотоаппарат тугмасини қачон ва қандай ҳолатда босишнинг ҳадисини олган.
Мен ёзаётган ушбу таассуротлар ҳозирги ёш журналистлар, фотомухбирлар учун оддий ҳолдек туюлиши мумкин. Аслида ўша пайтларда рақамли фотоаппаратлар йўқ, суратлар аввал плёнкага олинар, кейин фотоқоғозга ишланарди. Плёнка ҳам, фотоқоғоз ҳам арзон эмас, бунинг устига сифатлиси ҳар доим ҳам топилавермасди. Шу боис таҳририятлар фотомухбирларга плёнка ва фотоқоғозни ўлчаб берарди. Фотомухбир битта сифатсиз сурат олса, плёнканинг битта кадри бекорга кетарди. Шунинг учун улар ҳамма нарсани ҳам суратга олавермасди. Содиқ ака ҳам шундай шароитда ишларди.
Содиқ Маҳкамовнинг фотоархивидан ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охиридан янги аср бошларигача бўлган Ўзбекистоннинг салкам ярим асрлик маданий тарихи ўрин олган, десак асло хато бўлмайди. У фаолиятини бошлагандан нафақага чиққунига қадар, 2005 йилгача фақат бир жойда – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” таҳририятида ишлади. Шу газетада мен ҳам бир неча йил маcъул котиб бўлиб хизмат қилганман. Газетанинг навбатдаги сони режалаштирилгандан сўнг Содиқ ака иккимиз режани яна бир қайта кўриб чиқардик. Қайси материалга қандай расм кераклигини белгилаб олардик. У пайтларда бугунгидек исталган суратни излаб топиш мумкин бўлган интернет йўқ эди. Шундай бўлса-да, Содиқ ака ҳар бир мақолага мос сурат топарди. Чунки у кишининг архивида замондош ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, рассомлар, умуман, маданиятга алоқадор кишиларнинг кўп­лаб суратлари бор эди.
Содиқ ака билан баъзан учрашиб, баъзан телефонда гаплашиб турамиз. У бугунги фаровон ҳаётимизга шукроналик келтирар экан, шу касбни танлаб адашмаганини кўп такрорлайди: “Шу касб туфайли Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Мукаррама Турғунбоева, Тамарахоним, Саодат Қобулова, Олим ­Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Раззоқ Ҳамроев, Наби Раҳимов, Ўрол Тансиқбоев каби кўп­лаб буюк инсонлар билан учрашдим, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров каби кўплаб ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, рассомлар билан мулоқот қилдим, дўстлашдим. Улар ҳаётидаги энг яхши, энг унутилмас лаҳзаларни абадиятга муҳрладим. Шундай оддий касб эгаси учун бундан ортиқ бахт борми?!”, — дейди фахрланиб.
Ҳа, Содиқ ака тўғри айтади, унинг касби оддий, лекин шарафли. Чунки у салкам қирқ йиллик маданий тарихимизни суратларга муҳрлаган том маънодаги санъаткордир.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг