РАҚС – ҚАЛБ ШАРҲИ

49

Ситора Зиёева ўзбек миллий рақс санъатига муҳаббати ва эришаётган натижалари билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон давлат Хореография академиясининг иқтидорли талабалари қаторидан жой олган С.Зиёева ёшлигидан рақс санъатига меҳр қўйди.

Устозларининг сабоқлари ҳамда ўз устида тинмай ишлаши натижасида 2006 йили “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалида ғолиб бўлди. Кўрик-танлов даврида рақс устозлари назарига тушди ва 7-синфдан хореография билим юрти мактаб-интернатида ўқий бошлади. Таълим олиш жараёнида Ситора “Рақснинг сеҳрли олами” кўрик-танловда ҳамда турли давлат тадбирларида фаол иштирок этди. 2016 йил Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган халқаро “Орлео” рақс кўрик-танловида Бухоро мактабига оид “Ларзон” рақси билан қатнашиб, иккинчи ўринни эгаллади. Шундан сўнг Германия, Швецария, Чехия, Польша, Финляндия, Эстония, Латвия каби мамлакатларда ўтказилган бутунжаҳон миллий рақс фестивалларида қатнашиш бахтига муяссар бўлди. Бундан ташқари, хорижий давлатларда ўтказиладиган “Ўзбекистон кунлари” концерт дастурларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
2018 йил мамлакатимизда илк бор ўтказилган “Бухоро жилолари” кўрик-танловида 3-ўринни эгаллаган Ситора миллий рақс соҳасидаги изланишларга жиддий киришди. Натижада 2019 йили “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори бўлди ҳамда Европа бўйлаб турли рақс фестиваллари ва миллий рақс кўрик-танловларида иштирок этди. Шу йили Жанубий Кореянинг Андон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро фестивал доирасида 12 давлатдан келган 128 иштирокчи орасида бронза медалини қўлга киритди.
Ситора ютуқларининг сабаби юртимизда миллий рақсимизга берилаётган юксак эътибор ҳамда устозлари Дилбар Юнусова, Гулмира Мадраҳимова, Нигина Неъматова, Гулнора Мажидовадан олган сабоқларида, деб билади. “Биринчи устозим онам Замира Хўжамқулова, — дейди қаҳрамонимиз. — Чамаси икки-уч ёшларимда телевизорда янграган куй-қўшиқларга рақсга тушаётганимни пайқаб, қўлимдан етаклаб санъат даргоҳларига олиб борган. Ўз касбимнинг моҳир ижрочиси бўлишим учун мени ҳамиша қўллаб-қувватлаган. Бор меҳрини, куч-қувватини аямай, менга қалб қўри билан таълим берган барча устозларимдан ҳам миннатдорман. Улардан олган билимларимни келажакда педагогик фаолиятим давомида ёш авлодга тўла-тўкис етказишга ҳаракат қиламан”.

Рисолат АҲМЕДОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг