ЎЗИМИЗНИНГ ЖУРНАЛИСТЛАР

58

Университетни битирганимизга 30 йил бўлибди. Биз ўқишга кирган пайтда гуруҳимиз 50 кишидан иборат эди, битиргунча ўқишни ташлаб кетганлар, бошқа факультетга ёки гуруҳга ўтиб кетганлар ҳисобига 4-5 нафарга камайганмиз. Ҳаммамиз журналист дипломини олганмиз, лекин орамизда ҳеч қачон журналист бўлиб ишламаганлар ҳам бор. Ҳаёт шундай экан: тақдир одамни қаерга бошласа – бошлайверади, дипломини сўраб ўтирмайди.

Масалан, менинг ёнимда, яъни “Бухоро шифокори” газетаси таҳририятида Ҳамзабек исмли қирқ ёшни қоралаб қўйган шогирдим бор, йигирма йилдан буён турли газеталарда ишлаб келади. Ҳозир ҳам иккинчи иш жойи бор: “Қоровулбозор тонги” туман газетаси. Баъзан жаҳлим чиққанда унинг муҳаррири билан тортишиб ҳам қоламан: “Ҳамзабек бугун менга керак, сизга бормайди! Ўзингизга бошқа мухбир топинг!” Лекин у ҳам Ҳамзабекни қўйиб юборгиси йўқ. Чунки бунақа чаққон ва қобилиятлисини топиш қийин. Ҳамзабекнинг бир армони бор: олий маълумотли деган дипломи йўқ. Ўн беш йиллар олдин журналистикага ҳужжат ва имтиҳон топшириб кўрди, лекин омади келмади. Мустақил билим олди. Иш жараёнида маҳорат оширди. Дипломи бўлмаса ҳам энди унинг яхши кадр, моҳир журналист, ижодкор сифатида ўрни бор. Ҳамзабек ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида қатнашган, иккита қисса ва шеърий китоблари нашр этилган.
Дарвоқе, ижод масаласи. Биз ўқиган Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетига ҳар доим бадиий ижодга қизиққан ёшлар ҳужжат топшириб келган. Мамлакатимизнинг кўпгина таниқли шоир ва ёзувчилари (айни вақтда турли матбуот нашрларининг муҳаррирлари ҳам) шу факультетни битириб чиққанлиги ҳам буни исботлайди. Чунки ёзувчилар тайёрлашда филология факультетларидан кўра журналистика факультетининг салоҳияти каттароқ эканлиги бор гап.
Агар мендан ҳозир “Чет эл журналистлари билан ўзимизнинг журналистлар ўртасида қандай фарқ бор?” деб сўрашса, ҳеч иккиланмай шундай жавоб қилган бўлардим: чет эл журналистлари репортёр-журналистлар, бизникилар эса ижодкор-журналистлар!
Бу гапимни исботлаш кўп уринишни талаб қилмайди, фақат Ўзбекистон журналистикаси тарихига бир назар ташлаш кифоя. ХХ аср бошларида, яъни бундан юз йил муқаддам миллий уйғониш ва инқилоблар жараёнида бизда газета ва журналлар пайдо бўлди. Уларнинг ташкилотчилари, муҳаррирлари, мухбирлари кимлар эди? Беҳбудий, Авлоний, Мунаввар Қори, Ҳамза, Фитрат, Қодирий (Жулқунбой), Чўлпон… Аксарияти ёзувчи, драматург ва шоирлар. Хўш, нима учун ўзимизнинг журналистлар кўпроқ бадиий ижод сари интиладилар?
Биринчидан, қанчалик аччиқ бўлмасин, бир ҳақиқатни тан олишимиз керак: мустабид давр­нинг энг яхши журналистик, яъни публицистик мақолалари, радиоэшиттириш ва телекўрсатувлари ҳам “КПСС ХХV съезди қарорларидан руҳланган…” ёки “Партия ва ҳукуматимиз қарорларини оғишмай амалга ошириб бораётган…” қабилидаги шаблон жумлалар билан бошланар ёки тугалланар эди. Бу мажбурий журналистика эди, эркин журналистика эмас. Иккинчидан, ошкоралик ва демократиядан изоляцияланган тузумда қандай қилиб журналистлар эркин фаолият юритиши ва журналистика тараққий этиши мумкин? Мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам журналистларимиз қўрқув ва маддоҳлик психологиясидан бирданига қутула олмадилар-ку!
Ҳа, бизда журналистика билан бадиий ижод шундай қўшилиб кетганки, уларни бир-биридан ажратолмайсиз. Бунинг яхши томони ҳам, ёмон томони ҳам бор. Ҳозир бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. Яхши томонини шоир-ёзувчилар, ёмон томонини ҳақиқий журналистлар тушунишади. Кези келганда айтиш керакки, юз йил олдин Хеменгуэй ҳам, Жек Лондон ҳам тирикчилик учун журналистлик (мухбирлик) қилишган.
Ўзимизнинг журналистларни асло камситмайман, ахир ўзим улар орасидаман. Агар дунёда журналистлар учун синов мактаби керак бўлса, Ўзбекистонга келишсин. Бизникиларнинг хорижга чиқиб ўрганишга эҳтиёжи йўқ.
Ўзимизнинг журналистлар ўзимизнинг халқимиз тинчлигини, хурсандчилигини, бахтини ўйлайди, ҳолбуки, ўйлаш учун бошқа нарсалар ҳам кўп.
Яна бир гап: репортёр-журналист ва ижодкор-журналистлар ҳақида. Менингча, шу пайтгача давлат бошқарувига керак бўлмаган репортёр-журналистнинг роли Ўзбекистонда ҳам бугун ошди. Интернет ахборот тармоғи ривож­ланиши билан блогерлар деган бир тоифа пайдо бўлди. Мен айтаётган Ғарб матбуотига хос репортёр-журналистлар айнан шулар эмасми? Лекин матбуот деган оғиркарвон, ақлли соҳада ишлаётган ўзимизнинг журналистлар ҳам анойи эмас. Уларнинг ўрнини блогерлар боса олмайди. Ўзимизнинг журналистлар бугун сиёсатга халқ танлови орқали кириб келишяпти. 4-5 йил олдин ўз фикрини матбуотда айтолмаган бу қатлам энди бемалол айтаяпти, ёзаяпти. Эътиборлиси шундаки, олдин мамлакат Парламентига журналистлар юқоридан танлаб олинган бўлса, энди қуйидан сайлаб олиняпти. Бўлмаса, “Бухоро” телевидениесининг журналисти Умида Раҳмонова Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат бўлармиди? Парламентимизнинг энг фаол депутатларидан бири Расул Кушербаев ҳам журналист. Наврўз Ризаев ва яна мен билмаган ўнлаб журналистлар бугун Парламентда ўз сўзларини айтишяпти. Ўзимизнинг журналистлар улар.
Демак, журналистикамизнинг, матбуотимизнинг эртанги кунига ишонч бор.
Хуллас, ўзгаришлар катта. Лекин хулосамиз аниқ: ўзимизнинг журналистлар бор бўлишсин, омон бўлишсин! Мен ушбу айёмда икки қўлимни кўксимга қўйиб, бугун 70-80 ёшни қаршилаган отахон, онахон журналистларга ҳам, қирчиллама ёшда от сураётган тенгдош­ларим ва ука-сингилларимга ҳам, эндигина журналистикага қадам қўйган ўғил-қизларимизга ҳам ҳурмат ва таъзимдаман. Чунки улар ўзимизнинг журналистлар!..

Саидбурҳон ҚОДИРОВ,
журналист

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг