«БОРДИР ИНСОН ЗОТИДА ОНЧА ШАРАФ…»

213

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор

Бугун Адиблар хиёбонида ўтаётган ҳар бир адабий мулоқот, учрашув, дарс ва баҳс-мунозаралар аввалида ҳазрат Алишер Навоий ҳайкалига гулчамбарлар қўйилади, маърузалар, фикр-мулоҳазалар мутафаккир шоир ижодиётидан олинган иқтибослар билан бошланади. Зеро, Навоийни англашга интилиш улуғ шоир даҳоси нурларидан қалби мунаввар бўлаётган маърифатпарвар халқимизнинг мақсад-муддаоси. Биз ҳам Хиёбон саҳнида ўқиган маърузаларимиз, Ҳазрат ижодиётидан уққанларимиз, илмий изланишлардан келинган фикр-хулосаларимизни қуйида баён этишга жазм қилдик.

Алишер Навоийнинг ҳаётий позициясида энг кўзга кўриниб турадиган жиҳат, бу — жамиятнинг ахлоқий пойдеворини мустаҳкамлаш, инсонлараро муносабатларда юксак маънавий қадриятларнинг устувор бўлишини таъминлашга ҳаракатдир:
Ким бу чаман ичра хиромон эрур,
Борчаси бир-бирига меҳмон эрур.
Ҳар кишиким бор эса, ёре анга,
Ҳар кишиким ёр эса, боре анга.
Инсонлараро муносабатларда шундай салбий жиҳатлар борки, Навоий фикрича, уларнинг касофати эзгулик ва меҳр-шафқат жамият маънавий ҳаётининг асосини ташкил этишига, жамият ривожига жиддий тўсқинлик қилади, инсоний қадриятларнинг топталишига сабаб бўлади. Бу иллатларнинг энг кўп тарқалгани раҳбарларнинг муросасиз бўлиши (бағрикенгликнинг акси), бойларнинг бахиллиги (саховатпешаликнинг акси) ва доно ҳамда ақлли кишиларнинг мол-давлатга ўч бўлиши (камтаринлик ва хокисорликнинг акси) бўлиб, бу уч иллат жамиятга озор берувчи энг хунук ҳолатлардир:
Уч кишидин уч иш ёмон кўринур,
Санга арз айлай аҳли дунёдин:
Шоҳдин тундлуғ, ғанидин бухл,
Молға майлу ҳирс донодин.

Инсон такомиллашувига катта зарар етказадиган ушбу иллатлар, Геродот айтганидек, “қадимдан инсонга хос бўлиб, ҳамиша қўрқув, хавотир, жаҳл, бағритошлик, ёвузлик, душманлик каби унсурлар билан уйғунлашиб келади. Шоҳнинг тундлиги натижасида юзлаб бегуноҳ одамларнинг ёстиғи қуриши мумкин бўлганидек, бой кишининг бахиллиги шафқатсизликдан дарак беради.
Дононинг мол-мулкка ружу қўйиши, ҳирс қурбонига айланиши, айниқса, жамият учун ҳалокатли бир ҳолдир. Дононинг тубанлашуви инсониятнинг тубанлашувидир. Юнон афсонасига кўра нафис санъатлар кашфиётчиси бўлган машҳур уста Дедал ўзига Талос исмли жуда қобилиятли йигитни шо­гир­дликка танлаган экан. Кунлардан бир кун Талос илоннинг жағини топиб олибди-да, у билан дарахтни ниҳоят нозик қилиб арралабди. Буни Дедал кўргач, кўнглида ҳасад уйғонибди ва санъатда ўзидан ўтиб, унинг обрўсига соя туширмаслиги учун уни қалъадан итқитиб юборибди. Халқ тез орада воқеадан воқиф бўлгач, Дедални жазога маҳкум этган экан.
Тасаввуф таълимоти ҳар бир нарсанинг қарама-қарши, тескари томони мавжудлигини, ҳаётнинг курашдан иборат эканлиги, ҳар бир нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси мавжуд бўлиб, оламнинг боқий эмаслигини тушунтиради. Масалан, ботиний (кўринмас) олам ва зоҳирий (кўринувчи) олам, ҳаёт-ўлим, билим-нодонлик, ирода-иродасизлик, қувват-заифлик, эшитиш-карлик, кўриш-кўрлик ва шу кабилар.
Навоий ижодиётида ҳам барча ундан олдинги мутасаввиф — мутафаккир шоирлар ижодида бўлгани сингари нафс ва тамага қарши қаноат, ҳиммат, саховат, худбинликка ва ҳасадгўйликка қарши жавонмардлик каби улуғ фазилатлар қарама-қарши қўйиб келинади. Навоий ёзади:
Ҳар кимки, қаноат тарафи нисбати бор,
Барча эл аро тавозуъу иззати бор,
Улким, тамаъу ҳирс била улфати бор,
Яхши-ёмон ичра зиллату накбати бор.
Қаноат қанча роҳат ва фароғат бўлса, унинг акси бўлган тамада шунча разиллик ва уқубат бор, дейди Навоий.
Инсон бу ижтимоий иллатлардан устун турмоғи, Навоий айтганча “ўзни мақсад манзилига” чоғламоғи, яъни камолот сари интилмоғи лозим:
Молу мулк, ҳар недур соликка банд,
Тўрт такбири фано урмоқ баланд,
Ҳар неким ғайри талабдур, ташламоқ,
Ўзни мақсад манзилиға бошламоқ.
Навоийдаги солик, бу — тасаввуф тариқатларидаги дарвеш ёки биродарлар эмас, балки жамиятнинг оддий аъзоларидир. Мақсад-манзили ҳам, тасаввуфда айтилганидек, фано ва бақо мақомлари ёки Аллоҳ билан қўшилиш мақоми эмас, балки маънавий, ахлоқий, илмий юксалишнинг олий даражасидир. Солик агар ҳаётда қаноатли бўлса, унга яшаш учун зарур бўлган талаблардан ўзга нарсаларга эҳтиёжи қолмайди. Бу эса инсон онгини заҳарлаб турган кўпгина иллатлардан фориғ бўлиш ва комил инсон даражасига етишишнинг гаровидир:
Элға шараф бўлмади жоҳу насаб,
Лек шараф келди ҳаёву адаб…
То бу васила била топиб қабул,
Мақсади аслий сори бўлғай нузул.
Маълумки, тасаввуфда Ҳаққа етишиш йўлида Солик “шариат”, “тариқат” ва “ҳақиқат” манзилларидан ўтиши керак. Бунда у Аллоҳни билишнинг қуйидаги ҳолатларини бошидан кечиради: аввал оламни билиш мушкуллигидан қўрқиб саросимага тушиш, ҳайронликда қолиш, кейин ташқи дунё нарса-ҳодисаларини мушоҳада эта бошлаш, зоҳирий мушоҳададан аста-секин моҳиятни идрок қилишга ўтиш. Моҳиятнинг улуғворлигини ҳис этиб, уни кашф қилиш билан руҳий-тафаккурий қониқиш туйиш.
Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида кўнгил таърифига берилган “Уч ҳайрат”и тасаввуфдаги билиш назариясининг бағоят гўзал тас­вирланган ифодасидир. Билиш уч поғонада ўтади:
1. Илм ул-яқин. (Ўқиш, ўрганиш, мантиқий хулоса чиқаришдаги назарий билимлар, масалан, олов куйдиришини билиш каби.)
2. Айн ул-яқин. (Кузатиш оқибатида қатьий хулосага келиш. Масалан, олов куйдирганидан сўнг рўй берадиган ҳолатни мушоҳада қилиш.)
3. Ҳаққ ул-яқин. (Идрок қилиш, ўзида ҳис қилиш. Масалан, оловда ўзи куйиб, куйиш не эканлигини англаш каби.)
Инсон ўзлигини, моҳиятини билиб борар экан, руҳини палид унсурлардан тозалай боради, ахлоқан покланади. Бу унинг такомиллашишига, Ҳақ моҳиятига яқинлашишига олиб боради. Бироқ у йўл жуда машаққатли бўлиб, ошиқ кўп риёзатлар чекиши муқаррар:
Лек Семурғ истаган ул жомъи тайр,
Ким сулук ичра риёзот бирла сайр.
Айлабон чун ўзни қобил қилдилар,
Ул талабдин васл ҳосил қилдилар.
Сенда ҳам билқувва ул мавжуд эрур,
Феълға келса даво мақсуд эрур.
Семурғ (Ҳақ)ни излаб чиққан қушлар, дейди Навоий, кўп риёзатлар чекдилар ва васлга эришдилар. Сенда ҳам шу қувват мавжуд, фақат яхши ишлар мақсадга етказади. Бу масалада Боязид Бистомийнинг ажойиб таъбири бор. У инсоннинг ҳар иккала қўли ўнг бўлиши керак, дейди. Ўнг қўл фариштаси яхши ниятларни, чап қўл фариштаси инсон йўл қўйган ёмон ишларни ёзиб бораркан. Агар ҳар икки қўл хайрли ишлар билан банд бўлса, бу инсон Аллоҳнинг сахий қулидир. Шунда Навоий айтганидек:
Бордур инсон зотида онча шараф,
Ким ямон ахлоқин этса бартараф.
Бўлмаса фиръавнлиғнинг пайрави,
Қолмас ондин жуз сифоти мусавий.
Азиз Насафий “Зубдат ул-ҳақоиқ” асарида инсон йўли ҳақида шундай дейди: “Сулук — араб тилида юришни билдиради. Демак, солик ташқи оламда, шунингдек, ички оламда деса ҳам бўлади, сайр қилувчи кишидир. Сулук — Худога қараб йўл олиш. Агар сўзларимни тушунмаган бўлсанг, бошқача тушунтираман. Билки, тасаввуфда сулук ёлғон сўзлардан яхши сўзларга, ёмон ишлардан яхши ишларга, бефойда хислатлардан яхши хулққа ва ўз вужудидан Олий Зот (Аллоҳ)нинг вужудига юришдир. Шу фазилатларга эга бўлгач, маърифат нурлари унга пешвоз чиқадилар ва у (солик) оламдаги нарсаларнинг асл қиёфасини кўради, яъни у Ҳақ вужудида қайта туғилади”.
Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида шундай бир эпизодни келтиради. Унда бир қуш: “Иблиси лаин макр-ҳийла билан мени ярамас ишларга ундайди, кўнглимга ҳар хил васвасалар солади. Ундан қутулишга ҳеч бир ақлим етмайди”, деб Ҳудҳуддан маслаҳат сўрайди. Ҳудҳуд айтадики, “инсоннинг ёмон йўлдан боришига шайтон эмас, нафс сабабчидир, чунки нафс шундай бир балоки, унинг олдида ҳатто юзта шайтон ҳам ип еча олмайди:
Нафсинг онча кўргузур талбисни,
Ким, қилур шарманда юз иблисни.
Сенки ёр ўлдунг бу янглиғ нафс ила,
Не учун шайтондин эткайсен гила?
Демак, нафс — инсондаги энг ёмон иллат. Нафсдан фориғ бўлмаган киши ишқни бу гуноҳ чиркидан поклаши зарур. Нафснинг даҳшатли бало эканлиги шундаки, агар қаноат кўп яхши хислатларнинг ибтидоси бўлса, у ёмонликларнинг ибтидосидир. Масалан, нафси бузуқ одам мол-дунёни яхши кўради. Оқибатда вужудини мағрурлик эгаллайди. Мағрурлик манманликни, манманлик худбинликни келтириб чиқаради ва ҳоказо.
Шунингдек, нафс таманинг ҳам онасидир. Нафси бузуқ инсоннинг кўзи ўзгалар чўнтагида, бахтида, фаровонлигида. Навоий буни қоралар экан, ёзади:
Кўп олтин, кумуш сори қўл сунмоғил,
Ки тутсанг кафтингни қора занг этар.
Кўнгилда доғи майлини асрама,
Ки, кўнглунгни доғи ҳомул ранг этар.
Инсоннинг ўз меҳнати билан ҳалол кун кўриши ўзгаларга қарамлик ва мутеликдан келиб чиқадиган турли салбий ижтимоий кўринишлардан сақлашини шоир шундай тушунтиради:
Синуқ сафолким, май дурдин ичкали, топсанг,
Қабул айлагил жоми салтанат Жамдин.
Иликка кирса қуруқ нон, маош учун чекма,
Нашот неъматининг миннатини Ҳотамдин.
Инсон ҳаётдан мағрур, бошини тик кўтарган ҳолда ўтишни ният қилса, саховатпеша бўлсин, дейди Навоий ҳадиси шариф кўрсатмалари асосида. Зеро, берувчи қўл ҳамиша юқоридадир:
Кишики, илгини устун тилар, сахо қилдик,
Қўлида заҳри Ҳалоҳилу гар Хизр суйидир.
Ки, бергучи агар ўлсун гадою олғучи шоҳ,
Берур илик юқорию олур илик қуйидир.
Сахийлар қайси тоифа ва табақадан бўлмасин, улар асл инсонлар бўлиб, ҳамиша эл ғамида, юрт дардига шерикдирлар. Шу сабабли уларни эл-юрт ҳурмат қилади, иззатини жойига қўйиб, бир умр яхшилик билан эслайди, шоир ёзганидек, икки дунё саодати уларга ёр:
Кирмагай жаннат ичра ҳеч бахил,
Гарчи ул бўлса саййиди курайший.
Бормагай дўзах ичра сахий,
Филмасал бўлса бандаи ҳабаший.
Ҳа, эгриликни билмаган одам ҳеч қачон ёлғон гапирмайди. Ёлғон эса инсонни турли мудҳиш хатоликларга дучор қилади. Оқибатда турли жиноятлар содир бўлиши ва инсоннинг маънавий инқирози, тубанлашувига олиб келиши муқаррардир. Оқил инсоннинг вазифаси донишмандларнинг ўгитларига қулоқ осиб, уларнинг панд-насиҳатларидан керакли хулоса чиқаришдир. Ўзидаги ёмон иллатлардан иложи борича тезроқ қутулмоғи даркор, акс ҳолда йиллар қуюн мисол ўтиб кетади, умр интиҳосида эса иллатлар гирдобидан чиқиш амри маҳол бўлади:
Биравким хирадманднинг нуктасин
Қулоғига осмас, не нуқсон мунга.
Жавоҳирни термак анга саъб эса,
Эрур сочмамағлиғ худ осон мунга.
Улуғ шоиримизнинг ҳаёт фалсафаси ва таълимоти даврлар ўтса ҳам ўз долзарблигини йўқотмайдиган, ҳатто бугунги кунда ҳам барчамиз учун дас­туруламал бўлиш даражасида тарбиявий аҳамиятга эга бебаҳо манбадир. Навоий асарларининг асрлар оша бизнинг давримизгача тиллардан тилларга, диллардан дилларга кўчиб, ўз машҳурлигини йўқотмай келаётганлиги, бир сўз билан айтганда, Алишер ­Навоий буюклигининг сири ҳам мана шунда!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг