ДУРДОНА АСАР ЯРАТГАН АЁЛ

43

Яқинда “PRAVO-PRESS” нашриёти томонидан америкалик адиба Маргарет Митчеллнинг “Шамолларда қолган ҳисларим” номли романининг ўзбек тилига қилинган таржимаси чоп этилди.
Мазкур романнинг ва бу асар асосида олинган бадиий фильмнинг довруғи жаҳоннинг ҳар бир маърифатли китобхон ва томошабинига маълум. Дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган “Шамолларда қолган ҳисларим” романини ўзбек тилига Роҳила Ахтамова ўгирган. Таржимон бу салмоқли ижодий ишга журъат этиб, Ғарб адабиётининг дурдона асарларидан бирини муносиб тарзда ўзбекчалаштиришни уддалай билган.
Газетхонларга машҳур “Шамолларда қолган ҳисларим” романи муаллифи М.Митчелл ва унинг асари ҳақида имкон қадар маълумот бериш мақсадида қуйида россиялик санъатшунос Наталья Буртоваянинг мақоласини жузъий қисқаришлар билан эълон қиляпмиз.

Америкалик адиба Маргарет Митчелл томонидан “Шамолларда қолган ҳисларим” романи яратилмаганида, бутун бир даврни кўрсатиб берадиган дурдона асар ҳам бўлмаслигини унутмаслик керак. Бу китоб Америка, нафақат Америка, балки жаҳон адабиёти тарихидаги энг машҳур асарлардан бири саналади. Жаҳон адабиётидаги ўрни ва аҳамияти жиҳатидан “Шамолларда қолган ҳисларим” романи Л.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романига тенглаштирилади. Бу асар АҚШда жуда кўп маротаба нашр қилинган (фақат дастлабки уч йил ичида қирқ саккиз марта). Ҳақиқий бестселлер даражасига кўтарилган китобнинг муаллифи сифатида тарихда қолган бу аёл атиги 48 йил умр кўрди.
Маргарет Митчелл 1900 йилнинг ноябрь ойида, романда тасвирланган кўп­лаб воқеалар содир бўлган Атланта шаҳрида дунёга келди. Бу шаҳарни “Америка Жанубининг юраги” деб аташади. Маргаретнинг отаси Юджин – адвокат, ойиси ­Мейбл – Атлантанинг илк ледиларидан бири эди. Маргарет (оилада уни Пегги деб чақиришарди) ойисидан ғайрат-шижоат ва сариқ сочларни мерос қилиб олганди. Эҳтимол, сариқ сочли қизлар – ўт-оловли хилқат, дейишлари бежиз эмасдир.
“Шамолларда қолган ҳисларим” романининг яратилишига оддий бир воқеа сабаб бўлган. Ўсмирлик пайти отда сайр қилиб юрган Маргарет отни тўсиқ устидан сакраб ўтишга мажбурлаган ва отнинг устидан қулаб тушган. Оқибатда тўпиғи лат еб, махсус пойафзал кийиб юришга мажбур бўлган. Йиллар ўтиб бу жароҳат оғир асоратга олиб келади: Маргаретда артроз хасталиги аниқланади. У бир йилча юролмай қолади. Мажбуран уйда ўтириб қолгани боис зерикканидан қўлига илинган китобни ўқиб чиқарди. Айнан ўша паллада унинг миясига: ишқ-муҳаб­бат ва тарихий мавзуларда китоб ёзиш уларни ўқигандан кўра мароқлироқ, деган фикр келади. Болалигида Маргарет бувисидан Американинг жанубий ва шимолий штатлари ўртасида бўлиб ўтган фуқаролар уруши, янки аскарлари ва жангчи-конфедератлар ҳақида жуда кўп ҳикоялар эшитганди… Ойиси унга уруш домига тортган хонадонлардаги вайроналар изини – қоп-қора мўрилар ва куйиб кулга айланган харобаларни кўрсатганди. Маргаретнинг ҳар икки томондан боболари бу урушнинг фахрийлари эдилар. Бу ҳикоялар ўз-ўзидан бўлажак роман учун хомашё вазифасини ўтайди. Қисса марказида эса, албатта, қаҳрамон қиз бўлиши лозим эди…
“ХХ аср Америка адабиётида Скарлетт О’Харадан кўра жонлироқ характер йўқ, – дейилади асар ҳақидаги мақолалардан бирида. – Китоб муқоваси чегарасидан ҳатлаб ўтган, китобхонларни ўз тақдири учун изтироб чекишга мажбур этиб, мамлакат бўйлаб юриш бошлаган бошқа бундай қаҳрамонни топиш амримаҳол.” Скарлетт образи чиндан-да миллионлаб китобхон аёллар кўнглига яқин бўлиб қолди. Қайсар ва тантиқ, бироқ кучли ва шиддаткор, ҳар қандай вазиятдан чиқиш йўлини топишга ҳозир ва қодир, на севги-муҳаббат бобидаги омадсизликлар, на ота-онасининг ўлими, на уруш даҳшатлари иродасини буколмаган, томирида ирланд қони оқаётган (илдизи ирландларга бориб тақаладиган) зангор кўзли гўзал…
“Шамолларда қолган ҳисларим” 1936 йилнинг 30 июнида дунё юзини кўрди. “Бу китоб бошқа ҳар қандай мумтоз асардан яхшироқ ёзилган, деб қўрқаман”, деган эди роман ҳақида машҳур фантаст Герберт Уэллс. Роман ҳайратланарли даражада муваффақият қозонади. Маргарет Митчелл ўзининг машҳур шахсга айланиб кетишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди. Унга китобхонлардан минглаб мактублар келар, ундан дастхат олиш учун навбатда турган одамлар қатори бир мавзедан наригача чўзилиб кетарди.
Китобхонлар унинг Скарлеттини қандай қабул қилишганини кўриб, Маргарет ҳангу манг бўлиб қолди. Роман кун са­йин машҳур бўлиб борарди. Америкада чиқадиган барча газеталар – ҳеч бир истисносиз – китобни улкан адабий воқеа, деб таърифларди. “Гениал ёзувчи”, “ўз даврининг истеъдодли муаллифи”, “буюк қобилият эгаси” – булар Маргарет Митчеллни матбуот тақдирлаган таърифларнинг ҳаммаси эмас. Чоп этилганидан кейин бир йил ўтиб “Шамолларда қолган ҳисларим” романи миллий бестселлерга айланди, яна бир йилдан сўнг Маргарет Митчелл энг нуфузли Пулитцер мукофотига сазовор бўлди.
Роман ақл бовар қилмайдиган даражада кўп нусхаларда чоп этилганига, даромад ортиб бораётганига қарамай, Маргарет Митчелл камтарин инсонлигича қолди, у арзон кийимлар кияр, дабдабали автомобиллар ва ҳовли-жойлар сотиб олмасди. Романининг бу қадар тез ва кўп нусхада сотилиши Маргарет Митчелл­га унчалик ёқмади. У ўзи ҳақида фильм олишларини рад этди, романдаги образлардан реклама мақсадида фойдаланишларига розилик бермас, романдан мюзикл яратишларига йўл қўймасди. Аммо романни экранлаштиришга қаршилик қилмади.
Роман ва унинг экранлаштирилиши катта муваффақият қозонганига қарамай, роман муаллифи Маргарет Митчелл эмас, китобни унинг эри, акаси ва нашриётнинг бадиий муҳаррирлари ёзган, деган гумондорлар ҳам топилди. Маргарет Митчелл ўн йилдан ортиқ вақт давомида бундай миш-мишларни рад этиб, ноҳақ айбловларни бартараф этиб келди. Бу айбловлар уни қаттиқ ранжитар, чунки Маргарет болалигидан ҳамма нарсадан кўра кўпроқ уни кўчирмачиликда айб­лашларидан қўр­қарди. Тўққиз ёшлигида отаси унга: “Ёдингда тут, Пегги, плагиатлик – ўғриликнинг худди ўзидир!” деганди. Шу сабабдан Маргарет ўз васиятномасида вафотидан сўнг “Шамолларда қолган ҳисларим”ни бошқа ҳеч ким эмас, фақат ўзи ёзганини исботловчи материалларни сақлаб қўйиш­ларини та­йин­лаганди.
1949 йил 11 август куни Маргарет Митчелл эри билан кинотеатрга йўл олади. Эр-хотиннинг ҳафтада бир-икки марта кинога тушиш одати бор эди. Ўша куни кечқурун Маргарет ва Жон машинани тўхташ жойида қолдириб, роман босилиб чиққанидан сўнг Атлантада энг машҳур кўчага айланган Шафтолизор кўчасидаги кинотеатрга қараб юрдилар. Йўлакка бор-йўғи бир неча қадам қолганида бехос муюлишдан жуда катта тезликда такси учиб чиқади. Айтишларича, ҳайдовчи маст бўлган ва машинани ҳеч қандай қои­дага риоя қилмаган ҳолда бошқарган. Жон чап беришга улгуради, Маргарет эса улгурмайди… Жуда оғир жароҳат олган Маргаретни касалхонага олиб боришади, у беш кундан сўнг – 1949 йилнинг 16 августида оламдан ўтади.
Маргарет Митчелл жаҳон адабиёти тарихида ва инсонлар хотирасида “Шамолларда қолган ҳисларим” романининг муаллифи сифатида мангуга қолди. Ҳеч шубҳа йўқки, бу асарни ҳали кўп­лаб авлодлар қўлларидан қўймай ўқийдилар, роман асосида келажакда қайта-қайта фильмлар суратга олинаверади. Маргарет Митчеллнинг ўзи роман ҳақида: “…бу аслида мутлақо оддий одамлар ҳақидаги оддийгина қисса. Унда нозик услуб ҳам, фалсафа ҳам йўқ, тасвир ҳам жуда кам, чуқур мушоҳадалар ҳам, яширин маънолар ҳам, ҳеч қандай рамз ҳам, шов-шувга сабаб бўладиган ҳеч қандай воқеа ҳам йўқ – қисқаси, бош­қа романларни бестселлерга айлантирган бирор нарса йўқ”, деб ёзганди. Лекин биз биламизки, ҳеч нарса ҳеч қачон инсон қалбига ҳар биримизга жуда ўхшайдиган оддий одамлар ҳақидаги бу қиссадек яқин бўлмаган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам “Шамолларда қолган ҳисларим” китоби ва фильми ҳар доим долзарб бўлиб қолаверади. Ҳатто кўп йиллардан сўнг ҳам улар жаҳон адабиёти ва кинематографиясининг дурдонаси, деб аталиши шубҳасиз.

Наталья БУРТОВАЯ
Рус тилидан Роҳила Ахматова
таржимаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг