Гулчеҳра ҒИЁСОВА: Радиорежиссёр кимлигини биласизми?

48

Ёшу қари — кўпчилик радиопос­та­нов­­ка­ларни севиб тинг­­лай­ди. Бугунги суҳ­­­бат­­­дошимиз — сара радиопостанов­калар ижодкори, мо­ҳир радиорежиссёр, Ўз­бекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулчеҳра Ғиёсова. Россиянинг Санкт-Петер­бург шаҳрида киномуҳандислик инс­титутида ва Тошкент давлат санъат ва маданият институтининг режиссёрлик бўлимида ўқиган. У “Учрашув”, “Клеопатра”, “Сеҳрли кўза”, “Хазонрезги”, “Яхшилик”, “Тоҳирнинг Зуҳроси”, “Олис юлдузлар”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Дониш қишлоқ латифалари” каби кўп­лаб радиопостановкалар муаллифи.

— Маълумки, режиссёрлик мураккаб соҳа. Радиорежиссёрлик ҳам бундан мустасно эмас. Сиз иш жараёнида қандай қийинчилик­ларга дуч келасиз?
— Радионинг мураккаб томони шундаки, ҳар қандай ижод намунаси тингловчи хаёлидан ўтиши керак. Эшиттиришни ким тинглайди: уй бекалари, болалар, талабалар, қария­лар. Радиопостановка яратаётганда актёр ҳам, режиссёр ҳам воқеликни ҳис қилиши ва тасаввур этиши керак. Шундагина ижро юракдан чиқади ва тингловчи ҳам уни тасаввур этиб, тинглай олади. Ҳозирги кун тинг­ловчилари воқеалар кескинлигини ва тезликни талаб қилади. Агар асарда кириш қисми чўзилса, тингловчини ўзига тортмаса, бошланишиданоқ радиони ўчириб қўйишади ёки бошқа тўлқинга ўтишади. Асосий мақсад ҳам тингловчини каналда ушлаб қолиш ва унга асарни тўла-тўкис етказиб беришдир. Эшиттиришда бошиданоқ аниқлик бўлиши керак. Қаҳрамонлар сони ҳам кўп бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда тинг­ловчи миясида барча овозларни ушлаб қололмайди. Масалан, бош қаҳрамоннинг бешта эмас, иккита оғайниси бўлсин ва шу бешта оғайнининг сўзини иккаласи айтсин. Театрда саҳна ҳаракатлари, қарашлар, юришлар ва ҳоказолар бор. Аммо радиода буларнинг барчасини овоз бажаради, соҳанинг қийинчилиги ҳам шунда. Беихтиёр ёдимизга 1000 йил илгари яшаган хитойлик файласуф Ван Сининг сўзлари келади: “Юз марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши”. Демак, радиоходимлар материални шундай етказиб бериши керакки, тинг­ловчи уни кўргандай бўлсин, хаёлан тасаввур қилсин. Бунинг учун радиоэшиттириш ёки радиоасарлар қисқа, аммо тушунарли бўлиши лозим. Энг катта қи­йинчилик ҳам шунда, аслида. Аммо радиода ўзига яраша имтиёзлар ҳам бор. Масалан, қаҳрамонларни истаган жойингизга: Хитойга, Ҳиндис­тонга, чўлга ёки тоғга юборишингиз мумкин. Театрда бунинг иложи йўқ. Радиода асосий урғу диалог­га тушади.
— Радиопостановка яратилиш жараёнида нималарга эътибор берасиз? Қайси ижодкорларнинг асарларига мурожаат этасиз?
— Ҳар бир асарни қўлимга олганимда уни бир неча марта ўқиб чиқаман. Дастлаб асар сюжети билан танишаман. Кейинги ўқиганимда актёрлар кўз олдимга келади. Сўнгра мусиқа танлайман. Ҳар бир режиссёрнинг ўз услуби бўлади. Масалан, Равшан Қодиров шовқинлар билан ишлайди, бошқа бир режиссёр эса жанг саҳналарини афзал кўради. Мен тингловчини ҳар бир асарга мусиқа билан олиб кириб, мусиқа билан олиб чиқаман. Шунда тингловчи асарни бемалол тасаввур эта олади ва эркин мушоҳада юритади. Демак, асарга мос мусиқа танлаш ҳам қийин жараёнлардан бири. Масалан, Чингиз Айтматовнинг “Жамила” асарига Бетховеннинг сонатасини қўйиб бўлмайди. Ўз асарларимни мусиқасидан танийман. “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”ни овозлаштираётганда, биласизми, нима қилганман: асарга яна бир қаҳрамон киритганман. Соҳил. Денгиз шовқини. Эшкак овози. Сокин мусиқа. Тўрт йўловчи (улар орасида ёш болакай ҳам бор) қайиқда балиқ овлаш учун йўлга чиқишган. Узоқдан қизалоқ (киритилган қаҳрамон) овози келади: “Оқ йўўўўл! Мен сени кутамааан!” Шу билан асар бош­ланади. Асар давомида барча бирин-кетин ҳалок бўлади. Ёлғиз болакай омон қолади. Асар сўнгида охирги сувини ҳам ичиб тугатган, силласи қуриган болакай қулоғига олисдан шундай овоз чалинади: “Улааааар келииишдиииии!” Бу уларни кузатиб қўйган ўша қизалоқ эди.
Мен сценарийни қўлимга олганимда, албатта, муаллиф билан бирга ишлайман. Иш жараёнида қайсидир саҳналар қисқаради, қайсиларидир чуқурлаштирилади. Масалан, Миразиз Аъзам билан ҳамкорликда “Синов кунлари” асари ёки Қутлибека Раҳимбоева билан “Тоҳирнинг Зуҳроси” асарлари шундай дунёга келган.
Бир воқеа ёдимда: ёзувчи Эркин Усмонов билан биргаликда ишлаган чоғимизда, Эркинжон менга чет эл адибининг асарини таржима қилиб, радиопостановка учун берадиган бўлди. Асосий қаҳрамонлар кекса эр-хотин. Чол-кампирнинг болалари уларни қариялар уйи­га бир-бирларидан ажратган ҳолда жойлаштиришади. Шу кунга қадар бир-бирига қаттиқ боғланиб қолган чол-кампир изтиробда… Эркинжон гапириб берар экан, кўз олдимга Наби ака Раҳимов ва Яйра Абдуллаева келди. Дарҳол актёрлар билан боғландим. Маълум бир сабабларга кўра матн сал кечикди. Наби ака: “Гули, қачон чақирасиз, қачон ишлаймиз”, деб сўрайверди. Ниҳоят, Эркинжон матн­ни берди ва… хабар келдики, Наби ака вафот этибди. Мен… бу асарга қўл уролмадим. Чунки бу ролни радиода ҳам фақат Наби ака ижро этиши керак эди. Актёрда гап кўп. Масалан, менга Афзал Рафиқов, Шоҳида Узоқова, Ҳожиакбар Нурматов, Фарзиддин Фаёзов, Файзулла Аҳмедов, Диас Раҳматов, Шоҳида Исмоилова, Маҳмуд Исмои­­лов, Фатхулла Маъсудов, Муҳаммаджон Хўжаев, Боир Холмирзаев билан ишлаш мароқли бўлган.
— Гулчеҳра Ғиёсова радиога нима берди ва радиодан нима олди?
— Ижод кишиси ҳеч қачон ўзидан ёки ўзи қилган ишидан тўла қониқмайди. Мисол учун, ҳозир “Хазонрезги”ни эшитсам, эҳ, бу жойини бунақа қилсам бўларкан, бу жойига мана бунақа мусиқа қўйсам бўларкан, дейман. Қайси асаримни эшитсам доим камчилик топаман. Мен ҳали радиога бермоқчи бўлганларимнинг ҳеч бирини тўлиқ беролмадим, ҳали камчиликларим бор. Ўзим радиодан нима олдим? Тил ўргандим. Олдин иккита сўзни эплаб гапира олмасдим. Ҳозир, қаранг, қандай гапираман. Радио­дан жуда миннатдорман. Жуда катта мактаб бўлган. Яхши куйларни эшитиб, ўша ёшлик оламимга қайтаман, онам чертган дуторларни эшитгандай бўламан.

Шаҳрибону ФАРМОНОВА
суҳбатлашди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг