КАЪБА КАБИ ЮЗИМ БУРАР ТОМОНИМ

38

Ватан суврати
Бўғриққан саратон тин олар аста,
Бужур тол тўшаган қалин сояда,
Найнинг майин товши таралар хаста.

Кекса чол сукутга чўкар хаёлчан,
Олис хотиралар майин элитар,
Сойда сув кечади бола сарпойчан.

Иссиқ чойни шошиб пуфлар шаббода,
Оппоқ табассум-ла чорлар дастурхон,
Хуш бўй таратади ўчоқ оловда.

Чумоли карвони чопар новдада,
Қанотини сувга чаяр ниначи,
Шалола шовуллаб куйлайди новда.

Боғларнинг қучоғи мевага тўлиқ,
Майсада думалаб ётган олмалар,
Нафис бармоқларни кутади интиқ.

Тилларанг тўлқинда сузар буғдойзор,
Узоқ- узоқларда жимирлар сароб,
Қирлар шом салқинин кутар интизор.

Чавандоз оғзидан учади ялла,
Тупроқ йўл боладек кўтаради чанг,
Жўр бўлар қирдаги той ҳам баралла.
Бошида дўппидек қора қоятош,
Асрий сукунатда боқади тоғлар,
Кўксида яширин минг йиллик бардош.

Бургут сассиз қўнар баланд қояга,
Нигоҳи ўзбекнинг кўзидек мағрур,
Заминда матонат етар вояга.

Юксак чўққиларга парвоз этар у,
Ноғора мисоли чақар қалдироқ –
Бу ўчмас тарона янграгай мангу.

Она тилим
Чашма мисол чўққи узра
шарқираган равоним бу,
Алла бўлиб жонга кирган
она тилим, забоним бу,
Қучоғида маржонларин ниҳон
тутган уммоним бу,
Зимистонда карвонини нурга
элтган сарбоним бу,
Сомон йўли бўлиб кўкда
ярқираган тобоним бу,
Қўлларимда яроқланган кескир тиру камоним бу,
Кўнглим ичра улуғ меҳроб ҳамда
ирфон жавоним бу,
Онажоним забони бу,
дилимдаги ризвоним бу,
Қайда бўлсам, Каъба каби,
юзим бурар томоним бу!

Изҳор
Дарё, сени дўст тутсам,
Шавқингда шахдам турсам,
Лек ирмоққа юз бурсам,
Оқиз мени йироққа.
Осмон, сени дўст тутсам,
Лек муҳтожни унутсам,
Нокасга қўлим тутсам,
Дилни тўлдир титроққа!

Тупроқ, сени дўст тутсам,
Сенингдек содда ўтсам –
Тулкидан ростни кутсам,
Ботиб тургил куракка!

Чақмоқ, сени дўст тутсам,
Кўзни юксакка тиксам,
Лек зулматда нур кутсам,
Чақмоқ йўлла юракка!

Кўнгил, сени дўст тутсам,
Юракдан сўзни узсам,
Сўнг уни ичга ютсам,
Етказмагил тилакка!

Онажонимга
Жаннатни пойингга тутмиш Худойим,
Икки жаҳон ичра кўнгли баҳорим,
Бешов жонга бўлдинг тамом фидойи,
Жаннатий ифорим, онаизорим.

Доим ҳам дардингга бўлмадим малҳам,
Тўзғиган умримда дурру туморим –
Не-не балолардан асраган маҳкам,
Жаннатий ифорим, онаизорим.

Кавсарим эрурсан ҳаёт боғимда,
Тутасан меҳрингни оғриса жоним –
Дуогўй фариштам жон бутоғимда,
Жаннатий ифорим, онаизорим.

Икки олам аро равзаи тахтим,
Бўлайин пойингнинг зарра ғубори.
Қалбингдан уфурар ҳаётим тафти,
Жаннатий ифорим, онаизорим!

Қайтиш
Меҳмон қайтаверар, мезбони қани?
Висол машаққатдир, осони қани?
Дийдору видонинг мезони қани?
Қолганлар билмади, билганлар йўқдир,
Бунда фурсат асли шайланган ўқдир.

Янграган созлару давронлар қани?
Вайрона маконда хандонлар қани?
Бу савдо узра лол-ҳайронлар қани?
Қолганлар билмади, билганлар жимдир,
Тириклар мудроқда, бедорлар кимдир?

Мен деган устуну посбонлар қани?
Ютгану юқмаган ўпқонлар қани?
Яхшига қўйилган қопқонлар қани?
Қолганлар билмади, билган айтолмас,
Бу эски работга энди қайтолмас.

Хазонни билмаган макони қани?
Тозариб гулламоқ имкони қани?
Сабрга санчилган тикони қани?
Қолганлар билмади, билганлар айтар:
Қайтгувчи аслига — туробга қайтар.

Тикон
Думалаб бормоқда шамол йўлида
Типратикан каби, қуриган тикон.
Дарбадар дарвешдек тақдир қўлида,
Манзили ноаён ҳамда бенишон.

Ечган у кўкламнинг фоний кўйлагин
Ва боқий манзилга юзланган ёлғиз.
Қўй, кўнгил, унинг-чун бунча куймагин,
У энди ортига қайтмас, минг афсус…

Ойбек ҲАКИМОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг