«ЖИНГИЧКА»НИНГ БОЖМОНИ

63

Қаёқдан томир уриб келганини билмайман, уйимизнинг кунботар бурчида бир туп тўранғил новдаси пайдо бўлди. Япроқлари ям-яшил, теракдек расо.

Хотинимга кўрсатдим:

– Қара, тўранғил! Нари борса, уч йилда соя беради. Тагига сўри қўйиб, маза қилиб дам оламиз.

– Ширинжа-пиринжа туш­майдими? – қизиқди хотиним.

– Йўғ-а, ширинжа дегани қоратолга ўч бўлади, дунё­да тўранғилдек тоза дарахт йўқ.

Худди ўзим олис юртдан олиб келиб эккандек, тўранғилнинг хосиятларини санай кетдим. Унинг томир қувиб ўсиши, анов-манов захни писанд қилмаслиги, тагига қумурсқа ин қурмаслиги, бош­қа дарахтларга қараганда икки ҳисса кўп кислород ишлаб чиқариши, хуллас, тўранғилни булбулигўё бўлиб мақтадим. Нима бўлса-да, парвариш қилмай серсоя дарахтли бўлганимиздан қувондик.

Айтганимиздек, уч йилда тўранғилнинг бўйи томнинг шиферига етди. Йўғонлашди. Аммо ҳали кўрпача солгудек сояси йўқ.

– Ҳали кўнгилдагидек ўсмади-ёв, оғаси, – дейди хотин.

– Яна уч-тўрт йил ўтсин, ўшанда кўрасан, – деб қўяман гердайиб.

Ўзимизни алдаб юриб, яна уч-тўрт йил ўтди. Тўранғили тушмагур, мени алдоқчига чиқара бош­лади. Соя қайда? Аксинча айби чиқиб, том устига ёнбош­лаб ўса бошлади. Айрим шохлари шиферга “чўзилиб” олди.

– Тапчанни қачон қурамиз, – деб хотин гоҳо устимдан кулади.

– Сабр қил, хотин, шиферга бориб урилгач, орқага ўса бошлайди. Ана шунда кўрасан соябондек устингда туришини!

Бироқ, бу занғар шиферга бориб урилса-да, ортга қараб ўсмади. Қайтанга шиферга ётганича, олдинга ўсаверди.

Тўранғил катталашгани сайин кечаси уйқудан қолдик. Энди кўзимиз илинганда, нимадир “шитир” этади. Хотин учиб туради.

–Товуқ қўрани кимдир очяпти!

Секин бориб, деразадан товуқ қўрага қараймиз. Жим-житлик. Яна кўзимиз илинади, яна “шитир” этган товуш эшитилади. Хотин елкамдан тортади.

– Тур, тур, ташқари эшикка қара!

Қулоқларимиз тикраяди. Жимлик. Ахийри “айбдор”ни топдик. Тўранғил билан шифернинг томошаси экан бу.

Биз уйқудан қолганимиз билан тўранғилнинг иши йўқ. Кун сайин “шитир-шитир” билан “шийқ-шийқ” кучая­верди. Айниқса, қаттиқ шамол турган кунлари Худо бериб қолади. Томбоши тасир-тусур бўлиб кетади: “шитир-шитир” – “шийқ-шийқ”, “шитир-шитир” – “шийқ­-шийқ”…

Бора-бора тахтадан суғурилиб чиққан михлар шиферга тирналиб, тақир-туқирга айланди. Бир куни бошимизга қулаб тушмаса яхши эди!

Охири сабр косам тўлди. Тонг отгунча ухлаёлмай чиққан куним қўлимга болтани олдим.

– Ҳой, нима қилаяпсан?

Энди болтани тўранғилга урмоқчи бўлган қўлим ҳавода муаллақ қолди. Қарасам, табелчи Бухарбой экан.

– Э-э, манавини чопиб ташламасам…  Шифернинг барини қийратмоқчи.

– Эсинг жойидами, тегма унга!

– Нимайди?

– Тўранғил ўрмон хўжалиги ҳисобида туради. Уни чопиш учун божмондан рухсат керак.

– Қанақа ҳисоб, қанақа рухсат, уйимнинг тагидан ўзи кўкариб чиқди-ку!

– Ҳамма дарахт ҳам шундай кўкариб чиқади. Ўсиб ўлғайгач эса, ўрмон хўжалиги мулкига айланади. Чопсанг, жаримаси силлангни қуритади.

Ҳанг-манг бўлиб қолдим. Ҳазиллашаяпти, десам Бухарбой ҳазилни ёқтирмайди. Шундай бўлсаям, яна сўрадим:

– Рост айтаяпсанми?

– Рост айтмай… нима, мен поччангманми?

– Энди нима қиламиз унда?

– Нима қилардинг, тегма, ўсаверсин…

– Шиферни тешиб юборяпти-ку?

– Шиферингни олиб ташла.

Бухарбойнинг гапи ёқмади. Лекин, барибир қўлимни совутди. Қайтиб болта силтай олмадим. Тақдирга тан бердик. Туни билан шамол ғувиллайди, тўранғил гувиллайди, шифер шитирлайди, хотин тўнқиллайди, болалар ухламайди…

Шу билан орадан яна икки-уч ой ўтди. Тўрт-бешта шифер синиб ерга тушди. Ахийри, бўлмади. Эллик чақирим йўл босиб, “Башир” овулга, Еркинбой божмонга учрадим. У Бухарбойдан баттар қилиб, осмонни ерга туширди.

– Шохларини синдирмадингми?

– Йўқ.

– Пўстини эшак қайзамадими?

– Қайзамади.

– Эчкиларинг ўрмалаб япроғини емадими?

– Йўқ, емади.

– Унда дуруст экан. Сенга маслаҳатим, ҳаргиз унга болта теккизувчи бўлма. У ўрмон хўжалиги ҳисобида туради. Арзимаган ишга қамалиб кетма.

– Оғажон-ов, тўранғил кам-кам уйнинг устига миниб бораяпти.

– Керак бўлса, уйингни нарига кўчирасан!

Гапдан фойда йўқлигини тушундим. Ўрмон хўжалигига бордим. Бошлиғини танимайман, бироқ ўринбосари узоқ қуда-қариндош бўлади. Ўшанга арз қилдим.

– Томнинг бурчагида ўзи кўкариб чиққан бир туп тўранғил бор эди. Ўшани чопайин деб…

У гапимни охиригача эшитмади:

Барака топ, тегма ўшанга! Яқинда “Жингичка”нинг тўқайига ўт тегди. Ана шундан сенга бир мошин куйган тўранғил берайин. Пулинг ҳам керак эмас.

– Йўқ, менга тўранғил керак эмас, ҳалиги тўранғилни чопмасам…

– Судланмоқчимисан? Сен ўзинг билан мени ҳам тортиб кетасан-ку!

Садағаси кетай, бу тўранғил деганининг! Эллик чақирим босиб “Башир” овулга бордим – ишим битмади, бир кун ишхонамдан рухсат сўраб Нукусга бордим – битмади. Охири, қўлни ювиб, қўлтиққа урдим. Энди ҳар сафар тўранғилнинг ёнидан ўтсам, унга хавфсираб қарайман: худди “сен нега менинг изимга тушиб олдинг” деб устимга қулаётгандек гўё.

Кунлар ўтаверди. Шамол ғувиллайди, тўранғил гувиллайди, шифер шитирлайди, хотин тўнғиллайди, болалар ухламайди… Ёзгача шифернинг ярми тамом бўлди. Энди осмон бир ёғса, тўранғил икки ёғади. Ҳар хонада уч-тўрт тоғора. Ёғин-сочиндан сўнг икки кунгача тирс-тирс, тирс-тирс…

Бир куни кутилмаганда муаммо ечилди. Хотиннинг тоғаси ўғлини уйлантириб, катта бир тўйхонада базм берди. Чамаси камида беш юз киши сиғадиган зал. Кира солиб бирданига ёнимдаги бировнинг қўлига шартта ёпишганимни билмай қолдим.

– Тинчликми? – деди у бояқиш.

– Манов… мановунга ёғ ялатиб қўйибдими? Тойиб кетай дедим…

У билагини қўлимдан бўшатиб олар экан: “Йиқилмайсан, нима, паркет полни кўрмаганмисан? Бу тўранғилдан қилинган паркет пол-ку!” деди.

Астағфурилло, пол худди ойнадек ярқирайди. Унга қараб бемалол соқол олса ҳам бўлаверади. Бунақасини кўрмабман, тўранғил шундай ялтиллар экан-да?

– Ялтиллайди ва мустаҳкам бўлади, – деди кимдир.

– Бу тўйхонанинг эгаси ким экан? – деб сўрадим.

– Танимайсанми? – деди яна кимдир.

– Йўқ.

– “Жингичка”нинг божмониники! Унинг яна бир тўйхонаси бор. Унисининг поли ҳам тўранғилдан. Ушласанг, қўлинг тояди.

…Тўйдан келдим-да, қўлимга болтани олиб, уй бурчагидаги тўранғилга томон шош­дим.

Муродбой НИЗАНОВ

Қорақалпоқ тилидан

Ҳидоят АҲМЕДОВ таржимаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг