МЕҲНАТ, МАШАҚҚАТ ВА МУВАФФАҚИЯТ

118

Таниқли актёр Илҳом Бердиев Қарши шаҳрида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Йўлдош Бердиев оиласида дунёга келди. Онаси педагог Замирахон Мирзаева катта умид билан фарзандига Илҳом деб исм қўйди.

Болалигида отасининг ёнида юриб, “Эски мачит”, “Мулоқот” театр-студиялар спектаклларини томоша қилиб, театр саҳнасига ошуфта бўлган Илҳомжон актёр бўлишни орзу қилди. 2004 йили мактабни битиргач, орзуси ҳақида сўз очганида, отаси ­қатъиян рад этди. Катта акаси Дилшодбек “Менга рухсат бермадингиз, армон бўлди, укамга рухсат берасиз”, деб унинг тарафини олди. Хуллас, ота ўғлига “оқ фотиҳа” берди.

2007 йил И.Бердиев Ўзбекистон давлат санъат институтининг “Драма ва кино” факультетига ўқишга кирди. Курс раҳбари Мунаввара Абдуллаевадек мураббийдан таълим олиши омадининг бошланиши эди. Саҳна нутқи устози Махсума Ҳожиматовадан ҳам кўп нарсаларни ўрганди. 2011 йил институтни тугатган ёш актёр Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрига йўл олди. Илк ролларини оммавий саҳналардан бошлади. Сўнг “Икки бойга бир малай” спектаклида Сильвио, Ш.Бошбековнинг “Ер барибир айланаверади” спектаклида Ҳоким, “Бахт эшик қоққанда” спектаклида  хизматкор, Рихсивой Муҳаммаджоновнинг “Давлат болалари” спектаклида Бахтиёр каби роллари орқали режиссёр С.Мелиев, актёр ва режиссёр Б.Мирмақсудов билан ҳамкорликда фаолиятини давом эттирди. “Ҳали-ҳамон кўнглимдаги образни яратмадим”, деб юрган бир пайтида театрга бош режиссёр бўлиб келган Олимжон Салимов 2019 йили ”Жинлар базми” спектаклда Абдулла Қодирий роли ижросига Илҳом Бердиевни танлади… Буюк адиб образини яратиш актёр учун жуда масъ­улиятли  вазифа эди…

Улуғ ёзувчининг кечинмалари, дард ва аламлари, ички ҳиссиётларини очиб бериш йўлида жиддий изланди ва образ яратишнинг уддасидан чикди. Репетиция жараёнларида Олимжон Салимов ёрдамида Илҳомжон Бердиев истеъдодининг янги қирралари очилди. Бир сўз билан айтганда, Олимжон Салимов Илҳомжонни кашф этди.

И.Бердиев ўзини кинода ҳам синаб  кўрган актёрлардан. Режиссёр Шаҳноза Жамилованинг  “Параллел” фильмида Шаҳло Темирова билан фарзанди йўқ оилани гавдалантиришди.

2019 йили режиссёр ва актёр Дилмурод Масаидов “Қўқон шамоли” номли тарихий  фильмга қўл урди… Сценарий олима Зебо Қобилова қаламига мансуб. Танловда кўплаб актёр ва актрисалар қатори Илҳомжон Бердиев ҳам бор эди… Кутилмаганда  ­И.Бердиев танловда ғолиб бўлди.

Суратга олиш жараёнида Бобур Йўлдошев, Фурқат Файзиев, Гулбаҳор Йўлдошева каби актёр ва актрисалар салобати Илҳомжонни бироз ҳаяжонга солди. Аммо бу санъаткорларнинг олижаноблиги Илҳомжонни ҳайратлантирди. “Мен уларнинг ҳар биридан миннатдорман”, дейди актёр. Амир Умархон образини яратиш  осон кечмади, лекин етук актёрлардан кўп нарсани ўрганди.

2019 йил Илҳомжон Бердиев учун омадли келди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган “Эҳтиром” танловининг “Классик асардаги энг яхши роль ижрочиси” мукофотига сазовор бўлди…

— Отам актёр бўлишимга қаршилик қилганларида хаёлларидан нималар кечганини билмайман, сўрамадим ҳам, — дейди Илҳомжон. — Аммо йиллар давомида актёрлик касби қанчалик мураккаблигини, ўз устида изчил ишлаш, бадиий асарлар мутолаа қилиш, бошқа театрлардаги янги спектаклларни кузатиб бориш, “устоз ва шогирд” анъанасига риоя қилган ҳолда тажрибали устозлардан маслаҳатлар олиш кераклигини тушуниб етдим. Бу эса актёрдан кучли ирода, меҳнатни талаб этади ва ҳар доимгидек бир фоиз омад, албатта, зарур.

Қаҳрамонимиз ҳаммаси олдинда эканини, халқи учун кўп хизмат қилиши кераклигини билади… Ана шу масъулият ҳисси Илҳомжон Бердиевга илҳом бағишлайди.

 

Саидахон СОТИМХОН қизи,

театршунос

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг