224

ҲАМКАСБИМИЗ ЁДИ

Ўзбекистон адабиёти ва санъатигазетаси таҳририяти қутлуғ даргоҳ. Бу даргоҳда кўплаб таниқли, тажрибали журналистлар, яхши инсонлар билан ҳамнафас бўлдим. Бу ҳамкасбларим ҳақида узоқ гапиришим мумкин. Уларнинг ҳар бири газета саҳифаларидаги чиқишлари билан эл назарига тушган, матбуотимиз тарихига муносиб ҳисса қўшишган. Ана шундай таниқли журналистлардан бири Мурод Абдуллаев эди. У ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги туб ўзгариш­лар, янгиликлар, муаммоларни тезкорлик билан ёритишда фаоллиги боис газета ва мутахассислар томонидан эътироф этилди. Мурод ака таҳририятимизда кўп йиллар мобайнида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилди.

Газеталар секин-аста компьютер тизимига ўтаётган вақтлар. Саҳифалаш ҳам компьютерда бажарила бошланди. Бу жараёнлар ўша вақтда анчагина мураккаб кечарди. Бир тугмача эҳтиётсизлик билан босиб юборилса, бутун бошли тайёр саҳифа йўқ бўлиб кетиши мумкин… Хуллас, барча ишларга бош-қош бўлиш осон кечмаган. Бу вақтда раҳбарга, хусусан, Мурод акага ҳам осон бўлмаган. Шундай тиғиз жараёнда у киши билан муносабатларимиз ҳам баъзан қийин кечган.

Бир куни: “Сизнинг ишлашингиз мени қониқтирмаяпти. Маошингизни камайтириб, ярим штатга тушираман”, деди. Мен рози бўлиб, ишни давом эттирдим. Кўп ўтмай ишдан бўшашга ариза ёзишимни айтди. Мен эътироз билдирмадим. Тақдирни қарангки, орадан икки йил ўтиб, Мурод аканинг ўзи мени яна таҳририятга ишга таклиф қилди. Газетада масъул котиб вазифасида ишлай бош­ладим. Бу пайтда газеталар тўлиқ компьютер тизимига ўтган, макетлаштириш, суратларни ишлаб нашрга топшириш жараёнлари — ҳаммаси компьютерда амалга ошириларди.

Бир куни саҳифага мақолаларни жойлаб, сурат излаётганимда Мурод ака хонага кириб келди. Мендан нимани излаётганимни сўради. Сўнгра жиддий оҳангда: “Суратлар ҳаммаси компьютерда. Саҳифаловчи йигитга қандай сурат кераклигини айтсангиз, бўлди, тайёр қилиб саҳифага жойлайди”, деди.

Иш жараёнида компьютерда сақланаётган суратларни кўздан кечираётиб, газетада узоқ йиллар ишлаган Содиқ Маҳкамов олган суратлар тўпламига кўзим тушди. Унда ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар, давлат арбоблари, турли учрашувлар, спектакллардан, кино оламидаги тадбирлар, қўйингки, турли мавзудаги кўплаб суратлар алоҳида тартиб билан сақланган эди. Олдинига бунга унчалик ҳам эътибор бермадим. Кейинчалик иш жараёнида яна кўплаб сураткашларнинг асарларини кузатдим. Юртимизнинг тўрт фаслига хос, бири-бирини такрорламайдиган суратлар тўплами ҳам электрон ҳолда сақланган. Илгари битта сурат керак бўлса, катта картон қутини очиб, титкилашга тўғри келарди. Бу иш кўп вақтни олар, асабларни таранг қиларди. Вақти келиб шу ишларни кимдир бажариши лозим эди. Буни Мурод ака ўз зиммасига олганди.

Газетада Мурод аканинг узоқ йиллик фаолияти кўпчиликка ибрат бўлгулик эди. У киши билан баъзан фикрларимиз, қарашларимиз тўғри келмай қолса-да, айтиш жоизки, газетанинг жонкуяр ходими сифатидаги фаолияти, бой тажрибаси кўплаб ёшлар учун ўрнак эди.

Бир гал: “Асрор, сизга иш жараёнида кўп озор берганман. Буни гоҳида ата­йин, гоҳида билмайин қилганман, ҳаммасини яхши эслайман. Лекин сиз бирор марта менга тик қараб, бир оғиз қарши сўз айтмагансиз. Сиздаги тарбия, одамгарчиликка тан бердим. Бугун мен сиздан ҳаммаси учун узр сўрайман, мени кечиринг” деди-да, бағрига босди, ўпкаси тўлиб кетди. Мен: “Мурод ака, қўйинг, бўлиб ўтган гапларни аллақачон унутиб юборганман”, дедим.

Орадан бир йилча вақт ўтди. Жума куни газетанинг кейинги сони режасини келишиб олдик. Кечга томон хонамга Мурод ака кириб келиб: “Мен эртага сафарга кетаман. Қишлоғимга. Қаршига бораман. Тўйларим бор, уни ўтказиб, сўнг муҳаррир топшириғи билан бир мақола тайёрлайман. Шу билан сешанба куни кўришамиз”, деди.

Икки кунлик дам олиш ўтди. Душанба куни бош муҳаррир тонг саҳарда менга қўнғироқ қилиб: “Мурод ака бандаликни бажо келтирибдилар. Зудлик билан уч-тўрт киши бўлиб Қаршига бориш керак”, деди.

Инсон пешонасига ёзилганидан ортиғини кўрмас экан. Мурод аканинг Қашқадарёдаги хонадонига етиб бордик. Ҳашаматли уй-жой, яратган боғлари — ҳаммаси қолди. “Нафақага чиқиб, икки-уч йил ишлайман. Сўнг юртимга кетаман. Боғларим, ўзим қурган уйларимда эркин ижод қилиб юраман”, деб кўп гапирарди…

Охирги китобини “Қафасдан қутилган қуш” деб номлаган эди. Бу китобни қўлга олиш Мурод акага насиб этмади. Ундан газета учун қилган машаққатли меҳнатлари эвазига ўчмас хотиралар, йиллар давомида ёзилган ҳароратли мақолалар, кўплаб китоблар қолди.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни арафасида газетамизнинг ўтган йиллардаги қалин тахламларини варақлар эканман, саҳифалардан меҳрибон ҳамкасбимизнинг азиз сиймоси  боқиб тургандек туюлаверади.

 

Асрор СУЛАЙМОНОВ,

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси масъул котиби

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг