ШАРҚ МУСАВВИРИНИНГ ЖАҲОН ТАСВИРИЙ САНЪАТИГА ТАЪСИРИ

182

Буюк мусаввир, Ҳирот миниатюра мактабининг етук намояндаси Камолиддин Беҳзоднинг ижодий йўли ва фаолияти беш асрдан ортиқ давр мобайнида нафақат республикамиз тарихчи ва санъатшунослари, балки бутун жаҳон санъат ва маданият илм аҳлини қизиқтириб келмоқда. Унга берилган “Шарқ Рафаэли” таърифи ҳам жаҳон миқёсида буюклигини ифодалаб турибди.

Камолиддин Беҳзоднинг бетакрор ижодий меросини халқимизга тўла етказиш ҳамда таваллудининг 545 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 23 декабрда қабул қилинган “Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 545 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра Тошкент шаҳрида Мемориал боғ-музей (ҳозирги Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи) ташкил этилди. Музейнинг асосий фаолияти Камолиддин Беҳзод ижодий меросини ва Шарқ миниатюраси, хаттотлик, наққошлик ва китобот мактаблари тарихини ўрганиш, уларнинг энг яхши нусхаларини дунё миқёсида йиғиш, тарғиб қилиш ҳамда музей фондидаги ишлари билан таништириш, турли миниатюра мактаб вакиллари ва Камолиддин Беҳзод ижодини ўрганувчи хориждаги музей, кутубхона, галереялар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Бугунги кунда музей фондида беш юздан ортиқ ноёб экспонат жамланган. Бу экспонатлар Беҳзод ва унинг шогирдлари ижоди, юртимиз ҳудудида фаолият кўрсатган миниатюра мактаб­лари ҳамда Ўзбекистоннинг ёзув маданияти, китобот тарихи, бугунги кун миниатюрачи рассомлари, етук хаттотларининг ижод намуналаридан асл ва фото нусхаларидан иборат.

2018 йил апрель ойида дунёнинг турли музейларида сақланаётган китобот санъати дурдоналарини ўрганиш, тўплаш ва ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этиш мақсадида Шарқ миниатюра санъати музейи ходимларидан иборат илмий-­ижодий гуруҳ Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Тўпқопи саройи музейи ҳамда Турк ва Ислом санъати музейи фондларида сақланаётган қўл­ёзмаларни ўрганди. Тадқиқот натижасида 170дан ортиқ Шарқ китобот санъати намуналари кўриб чиқилди ва уларнинг нусхаси Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан Шарқ миниатюра санъати музейи фондига совға қилинди. Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси ҳамда Турк ва Ислом асарлари музейи фондларида сақланаётган китобот санъати ноёб намуналарининг факсимели асосида тайёрланган кўргазмада намойиш этилаётган асарлар ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари эътиборига илк марта ҳавола этилди.

Унда ушбу нодир коллекциянинг кичик бир қисми, жумладан, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари, Алишер Навоий портрети, Низомий Ганжавий “Хамса”си, Абдураҳмон Жомий асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг шогирди Маҳмуд Музаҳҳиб миниатюралар ишлаган Хумой Ҳумоюн асари, Ҳофиз Абру куллиёти, “Зафарнома”, “Темурнома”, Саъдий Шерозий дос­тонлари ва бошқа нодир қўлёзмаларга ишланган китобот санъатининг ноёб дурдоналари, миниатюралар, шамс, зарварақ, унвон ва жилдларнинг гўзал намуналари намойиш этилди.

Буюк мусаввир санъати нафақат Шарқ, балки европалик рассомларнинг ижодига ҳам ўз таъсирини ўтказган. ХХ аср бошларида импрессионистлар – Питер Паул Рубенс, Анри Матисс ва бошқалар ижодида Беҳзод миниатюра мактаби таъсирини кўриш мумкин. Европа Уйғониш даврининг буюк ижодкорларидан ХХ асрнинг йирик рассомларигача, жумладан Густав Климт, Каземир Малевич, Василий Кандинс­кий кабилар ўрта аср Шарқ миниатюра санъати анъаналаридан илҳомланганлар.

Зеро, Камолиддин Беҳзод Шарқ миниатюрасига кўпгина янгиликларни олиб кирган. Жумладан, композиция­га пейзаж, портрет жанрини биринчилардан бўлиб киритди, жанг-батал, сарой жанрларида жонли ҳаётни, ўз ижодида халқнинг ҳаётини, илк маротаба ижтимоий табақани ҳам кўрсатишга эришди. У асарларида тасвирлар мутаносиб­лигини кўрсатиб  беролди. Мусаввир диптих – икки томонлама кўрсатилган композицияга асос солди, асарларидаги тасвирларни умумий уйғунликка келтирди. Рангларни сокин, равон кўринишда беришга ҳаракат қилди, тас­вирланаётган буюмлар билан мослашувига эътибор берди. Ижодкор миниатюраларида воқеа-ҳодисаларни айнан бўлиб ўтаётган пайтида кўрсатди. Бу билан иш жараёнини, ҳаракатни тас­вирлашга интилди.

Ҳирот миниатюра мактаби ижодий ютуқларидан бири тасвирларда бир вақтнинг ўзида бир неча воқеанинг очиб берилишида кўринади. Камолиддин Беҳзод бўёқларни ўз ўрнида ва уйғунликда қўллаш маҳоратига эга эди. Бу борада Ҳиндистон рассомлари ҳам унга тақлид қилишгани сезилади. XVI аср тарихчиси Абулфазл Алломийнинг ёзишича, ҳиндистонлик миниатюрачилар ранглардан ўз ўрнида фойдаланишда бир қатор муваффақиятларга эришганлар.

Беҳзод ижодининг кўп қисмини портрет жанридаги миниатюралар таш­кил этади. Авваллари портрет миниатюрада алоҳида жанр бўлмаган, у шартли эди. Мусаввир эса биринчилардан бўлиб шахс хусусиятларини, характерини очиб берди, лекин бу билан миниатюра рангтасвир қоидаларидан четга чиқиб кетмади. Беҳзод инсон образи  тасвири, уни ҳаракатда кўрсатиш, мўъжаз санъат имконидан тўлиқ фойдаланган ҳолда уларнинг хусусиятларини, ички дунёсини бера олишга эришди. У илк маротаба подшоҳни фақат шоҳ эмас, инсон сифатида ҳам тасвирлай олди. Масалан, Султон Ҳусайн Мирзо тасвирида унинг юз тузилишини қандай бўлса шундайлигича кўрсатмаган, асарда султон бақувват, жасур қиёфада ифодаланган.

Беҳзод Султон Ҳусайнни сарой аҳли билан, яшил рангдаги кийимда, бошида тож билан тасвирлайди. Қолган сарой аъёнларини уларнинг либослари ёки бошқа деталлар орқали ажратиб кўрсатади. Бундан ташқари, Беҳзод асарларидаги айлана композиция кўп қиёфали тасвирларни кўрсатишга ёрдам беради. Унинг асарларида кийимлар ёрқин, шу билан бирга, ўта вазмин кўрсатилган. Олдинги пландаги тасвирнинг ёрқинлигини орқа пландаги ранг босиқлиги асарнинг бир маромда намоён бўлишини таъминлайди.

Мусаввир ўз асарларида фақат тас­вирга эмас, ёзувларга ҳам жиддий эътибор қаратган. Беҳзоднинг бизгача етиб келган асарларининг аксариятида имзо қўйилмаган. Шунга қарамай, унинг мўйқаламига мансуб миниатюраларидан қайсиларига қай тарзда имзо қўйганини билиш мумкин. У кўпроқ чизган расмлари, айниқса, портретларининг пастки қисмига номини ёзиб имзо чеккан. “Султон Ҳусайн Мирзо портрети”да тагига “Тасвири Султон Ҳусайн Мирзо – Беҳзод”, қуйироқда “Ал-фақир Беҳзод” деган имзони кўриш мумкин. Ёки Низомий Ганжавий “Хамса”сининг бошқа нусхасига ишланган миниатюра тагида “Беҳзод” деб ёзилган бўлса, бошқа асарларида “Пир Ғулом Беҳзод”, “Амали устод Беҳзод” деган имзолар бор.

Булардан англаш мумкинки, Беҳзод ўз асарларида тасвирланаётган воқеа­-ҳодисани тушунтиришга ёрдам берувчи ёзувларни ҳам қолдирган. Порт­ретларининг юқори қисмида кимнинг портрети тасвирланаётганини кўрсатувчи ёзувлар мавжуд, пастки қисмида эса ўз номини битиб имзо чеккан. Унинг ҳар бир миниатюрасидаги имзолар турли кўринишларда ёзилган. Мусаввир имзо қайси кўринишда қўйилишига ҳам катта эътибор қаратган.

Беҳзод мактабининг ҳозирги замондаги давомчиларини Афғонистонда (устод Муҳаммад Саид Машъал), Эронда (Карим Тоҳирзода Беҳзод), Ўзбекистонда (марҳум устод Чингиз Аҳмаров) ва бошқа Шарқ ўлкаларида ҳам кўриш мумкин. Ҳозир Шарқ ва Оврупо мамлакатларида санъат, рассомчилик тарихини ўрганишда миниатюра чизиш тарихи, хусусан, Беҳзод миниатюра мактаби алоҳида ўрганилади ҳамда махсус мактабларда ўқитилади.

Бу йил буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565-йиллигини октябрь ойида кенг нишонлашда тарихий аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565-йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш, мусаввир хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номини бериш, “Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат стипендияси”ни таъсис этиш ва яна бир қатор масалалар кўзда тутилган. Жумладан, Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодини ўрганиш ва меросларига оид ашёларни тўплаш мақсадида чет элларга илмий экспедициялар ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатиш, чет элларда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020 — 2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш буюк мусаввир ижод йўлини ўрганишда жуда катта қадамдир.

Асалхон РАҲМАТУЛЛАЕВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг