НАЗМ ВА НАСР ЧЕГАРАСИДА

310

ХХ аср дунё адабиётида мавжуд назарий қолипларни, шу қолип­ларга мослашган тасаввурларни, умуман, сўзга, бадииятга бўлган қарашларни янгилаш, ифода  ва тасвирда тўлақонли эркинликка эришиш учун ақл бовар қилмас адабий тажрибалар, янгиликлар қилинганки, бу саъй-ҳаракатлар кейинчалик жаҳон адабиётининг янги йўналишлари, янги қирраларини ва янги мақомини белгилаб берган. Айнан шунинг учун ҳам янги давр адабиётида бадиият ва эстетиканинг асосларига таянган ҳолда қилинган ҳар қандай эксперимент  барча  санъат турларида, хусусан, сўз санъатида ҳам истеъдод кўламини белгиловчи мезонлардан бири сифатида эътироф этилади.  Бу хил изланишлар миллий адабиётимизда ҳам юз бераётгани қувонарли ҳол.

Шоира Ойдиннисонинг “Афв” достони (Тошкент, “Машҳур-пресс”, 2019) наср билан назм унсурларини яхлит шакл, яхлит мазмунда акс эттиришни, бу икки жанрнинг бошини қовуштиришни, Ғарб адабиётшунослари таъбири билан айтганда, “назм билан наср ўртасидаги шаклий, жанрий фарқни йўққа чиқаришни” мақсад қилган ва бунинг уддасидан чиқа олган замонавий адабиётимиздаги ўзига хос тажрибалардан биридир. Асар нафақат бош қаҳрамон – ровийнинг маҳбуслик ва эркин ҳаёт Чегарасидаги кечинмаларини, балки назм ва наср бир-бирига бош урган Сарҳадда  – шеърга хос ритмика, насрга хос сюжет, наз­мий интонация, нас­рий стилистика, поэтик семантика, насрий лингвис­тика, назмий ўйноқилик, насрий вазминлик, назмий  мажоз, насрий қамров Чегарасида  ёзилгани билан ҳам адабий дидимиз кўникиб қолган анъанавий достонлардан фарқ қилади. Айнан шу фазилатларига кўра достонни ҳам мазмунан, ҳам шаклан янги адабий изланишлар уфқидан дарак бераётган достон, деб бемалол айтиш мумкин. Аслида верлибр­да достон ёзиш янгилик ҳам эмас. Бодлеру Уитмендан бош­ланган бу шакл юз эллик йил давомида дунё ҳамда миллий шеъриятимизда ўзини тўла оқлаб бўлган. Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Фахриёр ижодида верлибр миллий поэтик жанр сифатида аллақачон ўз ўрнини топган. “Афв” эса назм­га қовуштириш қийин бўлган наср имкониятларини  верлибрда бирлаштира олгани билан аҳамиятлидир. Эркин вазн достонга оҳанг, ритмика, метафора, лўндалик, образлилик, насрга хос хусусиятлар эса драматизм ва ҳаётийлик бағиш­лай олган. Биринчи қарашда сатр­ларда насрга хос дағаллик, фразеологик конструкция, ифода усули – насрий стилистика сезилиб туради. Лекин бу ўткинчи таассурот: достон ичига кириб борган сари насрий фразеалогизм верлибр ритмикасига, интонациясига, оҳангига туша бошлайдики,  оқибатда “нас­рий дағаллик” асарнинг умум­оҳанги билан уйғунлашиб кетади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мавзуси, объекти, қаҳрамонларига кўра ҳам достон миллий адабиётимиз учун янги объект, янги қаҳрамон, янги мавзуки, шу жиҳати билан муаллифни бу ўзига хослиги билан табриклаш керак. Гап шундаки, достон ҳали миллий адабиётимиз мурожаат қилмаган ҳар қандай жамиятнинг, айниқса, ХХI асрнинг энг оғриқли, энг аянчли манзараси – маҳбус аёллар, бошқача айтганда, расмий маҳкумалар – аёллар қамоқхонасидаги воқеликни акс эттирган. Асар сюжети худди насрга ўхшаб, ўғлининг ҳимояси учун одам ўлдириб, ўн йил озодликдан маҳрум қилинган, озод бўлишига саноқли соатлар қолган аёлнинг ички монологига қурилган: маҳ­буслик ва маҳкумликка кўникиб қолган аёл озодлик ва қамоқ чегарасида туриб, ўзининг ва бошқа маҳкумаларнинг қисматига назар солади, озодлик билан маҳкумликни қиёс­лайди, шу орқали бугунги кунда барча жамиятларнинг энг долзарб муаммолари, айтиш мумкинки, ҳар қандай тузум ва сиёсатнинг асл қиё­фасини – манзарасини кафтдагидай кўрсатиб, фош қилиб қўядиган аёл шаъни, қадр-қиммати, умуман, унинг эрки ва эрксизлиги ҳақидаги хулосаларини ўртага ташлайди. Биз достон давомида ўз қариндошлари томонидан товламачиликда айб­ланган, аслида бегуноҳ Лола, нима учун қамалганини ўзи ҳам билмай маҳкумликка кўникиб яшаётган Шойиста, қаҳри қаттиқ, кўнгли тош,  ҳали ҳам аёллик орзулари, латофат тарк этмаган Лоланинг тушини сотиб олмоқчи бўлган, бироқ ўзининг бу тушларга муносиб эмаслигини сезиб ақлдан озган Санам, тақдирга қасдлашиб ўғрилик йўлини танлаган Доно, тузалмас касалга йўлиққан ёш келинчакни аянчли азобдан қутқариш учун атайлаб операция қилиб қамалган Шарифа доктор,  тўрт боласини боқиш учун контрабанда билан шуғулланишга мажбур бўлган Аёл билан танишамиз. Бу маҳкумаларнинг ҳар бири ўз қисматига, ўз дардига, ўз ҳақиқатига эга. Улар маҳкума, барча ҳуқуқлардан маҳрум қилинган, уларнинг қисматида аёлга хос ожизлик ва буюклик, аёлга хос гўзаллик ва латофат, аёлга хос нафрат ва куч-қудрат бирлашиб кетган. Бу маҳкумалар қисмати орқали достонда давримизнинг маънавий манзаралари, маънавий фожеалари, муаммолари   муҳокама қилинади. Аёл қалби билан давр­нинг инсонга, аёлга муносабати, умуман, маънавий дунёмиз тўқнаш келади.  Бу аёлларнинг маҳкумалиги фақат ўзлари учун фожеа, ўзлари учун сабоқ эмас, балки замондошлари учун ҳам маънавий сабоқ сифатида талқин этилади.  Ҳар бир қаҳрамоннинг ўз тақдири, дарди, оғриғи, шу билан бирга ёниб битган қисмат кули остида қолган, ҳали ўчмаган бир чимдим чўғдай ҳаётга, одамларга ишонч ҳам бор. Бу умид ровий аёл кечинмалари, табиийки, унинг қисмати орқали типиклашади: алал-оқибат ҳатто ўз боласи ҳам юз ўгирган бош қаҳрамонни – ўн йил қамоқда ўтирган, ҳамма эсдан чиқарган аёлни бир пайтлар она ўрнида меҳрини берган ўқувчиси кутиб туради. Бу ҳолат дос­тонга, умуман, маҳкумлик манзарасига ўзига хос ёруғлик бағиш­лайди – аёл маҳкума аёлларнинг умиди сифатида намоён бўлади.

Айбсиз айбдорларни авф этиш – бу жамиятни,  адолатни кўзгуга солишдай гап. Аммо масаланинг маънавий томони бор. Асар бизнинг олдимизга “Ким афв сўраши керак?! Қисматнинг шу аччиқ йўлагига келиб қолган, пешоналарига маҳкумлик тамғаси босилган аёлларми ёки бегуноҳ аёлга гуноҳ тамғасини осган, айбсиз айбдор қилганларми?!” деган саволни ҳам кўндаланг қўяяпти. Бу саволга адолатли жавоб топиш ҳар бир жамият учун ҳам, ҳар бир замондош учун ҳам муҳимки, асар шунинг учун ҳам “Афв” деб номланган.

Шу маънода “Афв” достонини  воқеликни постмодернистик нигоҳ билан таҳлил қилган, назм ва наср жанрларини уйғунлаштириш борасидаги ўзини оқлаган, ҳам бадиий тажриба, ҳам бугунги куннинг долзарб муаммосига муносабат билдирган, бошқалардан ҳам муносабат талаб қилган ижтимоий юкли асар сифатида замонавий адабиётимизнинг ўзига хос воқеаси, деб айтиш мумкин.   Умуман, адабиёт ана шундай жасоратли тажрибалар, услуб ва усуллар, воқеликка фаол муносабат билан ранг-баранглашади, бойийди, тараққий этади.

  Назар ЭШОНҚУЛ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг