ЖАҲОН АДАБИЁТИ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМА

462

Ғафур Ғулом номидаги нашриётматбаа уйи томонидан академик Акмал СаидовнингҚиёсий адабиётшуносликка киришкитоби нашрдан чиқарилди.

Камина мутахассис сифатида Акмал Саидовнинг адабиёт илмига оид мақолалари ва рисолаларини мунтазам ўқиб келаман, улар ҳақида матбуот­да ўз фикр-мулоҳазаларимни билдирганман. Олимнинг, айниқса, Данте, Шекспир, Гёте, Ж.Жойс, Ф.Кафка, У.Фолкнер, Ф.Достоевский, Ч.Айтматов сингари машҳур адиблар меросига бағишланган рисолалари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотиб келганига гувоҳман

2012 йилнинг ёзи эди, олим қўнғироқ қилиб мендан жаҳон адабиёти салафлари ижоди ҳақида ёзаётган мақолаларим манзурми, дея сўради. Мен эса жавобан: “Сиз ҳуқуқ ва адабиёт: уларнинг ўзаро муносабати ва бир-бирига таъсирини ёритиб бераяпсиз. Бу билан ҳали ўзбек адабиётшунослигида очилмаган қўриқ, яъни “ҳуқуқ ва адабиёт – мустақил илмий-адабий-ҳуқуқий йўналиш” эканлигини исботлаяпсиз”, дедим. Фикрим маъқул бўлди чоғи, у киши: “Ундай бўлса, “Француз юрист адиблари” деган бир китоб тайёрлагандим, уни кўриб чиқиб, масъул муҳаррир бўлсангиз”, деди. Қарийб 600 саҳифали китоб қўлёзмасини ўқиб, таҳрирдан ўтказдим. “Янги аср авлоди” нашриётида китоб 5000 нусхада босилиб чиқди. Китоб аннотациясида айтилганидек, “ҳуқуқшунослар, ўқувчилар, талабалар, шунингдек, француз адабиёти ва ҳуқуқига қизиқувчиларга манзур бўлди”, шекилли, тезда сотилиб кетди.

А.Саидовнинг қўлимиздаги “Қиёсий адабиётшуносликка кириш” китоби ҳам катта меҳнат эвазига дунёга келган ўқув қўлланма сирасига киради. Китобнинг сўзбошисида муаллиф таъкидлаганидек, “қиёсий адабиётшунослик, бадиий асарларни қиёсан ўрганиш методологияси ва тамойиллари борасида ўзбек адабиётшунослигида ҳали дарслик яратилмаган, ўқув қўлланмалар етарли эмас”. Шундай экан, ушбу китоб ҳам бу борада янги қўлланма сифатида муҳимдир.

Китоб икки бўлимдан иборат: Ғарб адабиёти ва Шарқ адабиёти. Муаллиф унга “Қиёсий адабиётшунослик нима?” мавзусида сўзбоши ёзган. Сўзбошида қиёсий адабиётшунослик илмининг мазмуни ва мундарижаси хусусида сўз юритиб, қуйидагича таъриф беради: “Қиёсий адабиётшунослик – адабиёт тарихининг халқаро адабий алоқалар ва муносабатларни, турли мамлакатлардаги адабий-бадиий воқеа-ҳодисаларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини ўрганувчи мустақил йўналишдир”. Ушбу китобдан жой олган эссе ва мақолалар мисолида қиёсий адабиётшуносликни қуйидагича таснифлаш, назаримизда, янада тушунарли бўлади, деб ёзади муаллиф. “Биринчи йўналиш – битта давлат ҳудудида яратилган адабий-бадиий асарларни қиёсий ўрганишдан иборат бўлиб, бу йўналиш қиёсий адабиётшуносликнинг пойдевори ҳисобланади. Иккинчи йўналиш – муайян бир минтақага мансуб адабий-бадиий асарларни қиёсий ўрганишни кўзда тутади. Учинчи йўналиш – Шарқ ва Ғарб адабиётини ўзаро қиёсий ўрганиш бўлиб, бу глобал қиёсий адабиётшунослик демакдир”. Муаллиф қиё­сий адабиётшунослик  илмининг мазмун-мундарижасини тўғри изоҳлаган.

Китобнинг “Ғарб адабиётшунослиги” бобида француз адабиёти классиклари А.Камю, А.Маалуф, А.Моруа, А. де Сент-Экзюпери, В.Гюго, Ж.Мольер, Жан де Лафонтен, Руссо, Бальзак, П.Мериме ижоди ва асарлари таҳлил қилинади. Бобда, назаримизда, хронологик тартиб бузилган. Аслида ушбу боб француз классицизм адабиёти вакиллари Мольер ва Лафонтен ижоди билан бошланиб, ХХ аср романистлари ижоди билан якун топса маъқул бўларди. Иккинчи боб тўлиғича итальян шоири Данте ҳаёти ва ижодига бағишланган, адиб мероси хусусида ўқувчиларга кенг тушунча берилган. Бизнингча, бобга Данте замондошлари машҳур “Декамерон” асари муаллифи Бокаччо ва сонет жанри “ота”си Пет­рарка ижоди таърифи ҳам киритилганда нур устига нур бўларди.

Немис адабиётига бағишланган учинчи боб мундарижаси бир мунча кенг ёритилган, унда хронологик тартибга риоя қилинган. Немис адабиёти классиклари ҳақидаги эсселар орасида Гёте, Нитсше, Ҳофман, Ҳ.Ҳессе меросига бағишланганлари теран мазмунга эга.

Китобнинг кейинги боблари Авс­трия ва Швейцария мамлакатлари адабиётига бағишланган бўлиб, улар қисқа шарҳ мазмунига эгадир. Инглиз адабиётига бағишланган олтинчи боб тўлалигича Уильям Шекспир ижодига бағишланган. Ушбу бобни буюк Шекспир ҳақида рисола, десак ҳам бўлади. Унда ўқувчи драматург ҳаёти ва ижоди билан чуқур танишади. Адибнинг комедия, трагедия, сонет яратишдаги маҳорати ва асарларининг ўзбек тилига таржималари хусусида тўлиқ маълумот олади. Еттинчи боб эса анча мукаммал ёзилган. У тўлиғича машҳур ирланд адиби Жеймс Жойс ижодига бағишланган. Бобда профессор Акмал Саидовнинг Жеймс Жойс ижодини чуқур билиши, “Улисс” романи матнини теран англаган ҳолда таҳлил қилгани яққол сезилиб туради. Акмал Саидовнинг Жеймс Жойсга бағишланган эссе ва мақолаларида ҳам адиб ижоднинг теран мазмун ва моҳияти ечимини кузатамиз.

Рус адабиётига бағишланган бобда И.Бунин, Н.Кун, Ф.Достоевский ижоди хусусида сўз юритилади. “Чехия адабиёти” деб номланган боб тўлиғича Франц Кафка ижодига бағишланган. Муаллиф Кафка ҳақида ўзи ёзган рисола ва мақолаларини тўлалигича киритган. Кафка ижоди талқини ва тадқиқи ўқувчига кенг билим беради. Фақат бир мунозарали масалани айтиб ўтиш лозим. Одатда, дарслик ва ўқув қўлланмаларда Кафкани немис адабиёти, Австрия немисзабон адабиёти вакили сифатида таърифлашади. Негадир А.Саидов адибни чех адабиёти вакили деб айтган. Тўғри, Кафка Чехияда яшаган, яҳудий миллатига мансуб, асарларини немис тилида ёзган. Шундай экан, у немисзабон ёзувчи эмасми? Уни чех ёзувчиси дейиш қанчалик тўғри?

Китобнинг АҚШ адабиётига бағиш­ланган қисмида Э.По, Э.Хемингуэй, У.Фолкнер ижодига кенг тўхталинган. Боб сўнгида муаллиф ўзининг “Замонавий Америка романнавислигида янги номлар” мақоласини ҳам илова қилган. Унда В.Ирвинг, М.Твен, Г.Жеймс, Э.Хемингуэй, Ж.Стейнбек, Ф.Брет Гарт каби XIX — ХХ асрларда яшаб ижод қилган адиблар ижоди таҳлил қилинади.

“Лотин Америкаси адабиёти” бобидаги “Фусункор адабиёт уммонидан қатралар” мақоласида муаллиф Лотин Америкаси ҳудудига кирувчи 33 мамлакатда ижод қилаётган адиблар ва адабиётларга кенг таъриф бериб ўтади. “Фусункор” ёки “сеҳрли реализм” дея номланган адабий жараён хусусида сўз юритаркан, муаллиф Борхес, Х.Кортасар, Х.Ареола, М.В.Льоса, Г.Маркес каби машҳур адиб­лар ижодини кенг таҳлил қилиб беради.

Дарслик-хрестоматиянинг иккинчи бўлимида хорижий Шарқ адабиёти (Лао Шэ), япон адабиёти (Кобо Абэ), Жанубий Корея адабиёти (Ли Мун Ель) ҳақида маълумот бериб ўтилади. “Форс адабиёти”га бағишланган бобда муаллиф Фаридиддин Аттор ва Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодига кенгроқ тўхталган, ҳамда улар ижодининг Ўзбекистонда ўрганилиш тарихи ва асарларининг таржималари ҳақида маълумот берган.

Хулоса қилиб айтганда, Акмал ­Саидовнинг “Қиёсий адабиётшуносликка кириш” китоби, аввало, республикамиз олий ўқув юртларининг хорижий филология факультетларида таълим олаётган талабалар учун “Жаҳон адабиёти тарихи” ва “Тили ўрганилаётган мамлакат адабиёти” фанларидан қўлланма сифатида жуда зарурдир.

Энди китобга ном бериш борасидаги муаллиф ва масъул муҳаррир фикрлари хусусида икки оғиз гап. Муаллиф китобнинг сўзбошисида ёзганидек, “Китобга мақбул ном танлашнинг юки – ўша китобни ёзиш машаққати ва масъ­улиятидан асло кам эмас. Чунки бунда саноқли сўзлар билан бутун бошли китобнинг мазмун-мундарижасини ва муам­моларнинг мақсад-муддаосини акс эттириш талаб этилади”. Бу ҳақиқат. Шу боис, муаллиф китобнинг мазмуни ва замон талабидан келиб чиқиб, уни “Қиёсий адабиётшуносликка кириш”, деб номлаган. Масъул муҳаррир, профессор Баҳодир Каримов эса, “Жаҳон адабиёти: шахслар ва шарҳлар” дея номлашни таклиф қилган. Бу ном мантиқан ва мазмунан тўғридек кўринади. Мен эса, уни “Жаҳон адабиёти: эсселар ва мақолалар” деб номлаган бўлардим. Бироқ ҳар қандай асар муаллиф фарзанди. Шундай экан, унга қандай ном бериш муаллифнинг хоҳишига боғлиқ.

Муҳаммаджон ХОЛБЕКОВ,

филология фанлари доктори,

профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг