КИМЛИГИНИ АЙТМАЙМАН…

106

Кичик жанрга катта садоқат

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Абдураззоқ Обрўй билан азиз дорилфунунда — Ўзбекистон Миллий университетида олдинма-кейин ўқиганмиз. Охирги курс­ларда Абдураззоқ ўқишини Москвага кўчириб кетгани ҳам эсимда. Гапнинг қисқаси, у журналистлик касбини пухта эгаллаб, кўп йиллар қалам билан қоғозни қиртишлади.

Қирқ туянинг ҳам белини майиштирадиган машаққатли мухбирлик юкини сабот ила кўтарган Абдураззоқ бадиий ижодга ҳам асло “бевафолик” қилмади. Катта адабиётга пародиячи шоир сифатида кириб келган дўстимизнинг ижоди ўтган йилларда бадиий жиҳатдан камолга етди. У адабий жамоатчилик томонидан яхши пародиячи шоир сифатида кенг эътироф этилди. Нишонга бехато тегувчи беғараз пародиялари, ҳажвий шеър­лари севимли газета ва журналларнинг энг кўринарли саҳифаларидан сира тушмади.

Аввалдан бир сирни очишим мумкин: яқинда маълум бўлдики, у энди ҳикоя, қисса ва романларга ҳам пародия ёзмоқчи…

Бугун Абдураззоқ Обрўй азза-базза таҳририятимиз меҳмони бўлиб турибди. Қуйида унинг кейинги йилларда ёзилган пародияларидан бир нечасини эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

Абдумажид АЗИМ

 

Қаёғим айтсин?

Мен сени қанчалар соғинганимни

Ҳижронингда мен ютганзаҳарлар айтсин.

З.Неъматнинг «Саҳарлар айтсин»  шеъридан.

Деворингдан ошган чоғимда,

Шир йиртилган кўйлагим айтсин.

Қистаб қолди ўшанда бирдан,

Чидаб берган буйрагим айтсин.

 

Деворингдан ошган чоғимда,

Итинг яларди косасини.

Тиқилинчда қайдан топаман,

Мен-чи, шимимнинг тозасини.

 

Қувиб қолди йўлбарсинг бирдан,

Синиб қолган оёғим айтсин.

Гувоҳларим менинг бир талай,

Яна айтгил, қаёғим айтсин.

 

Тортиниш

Не-не санамларга дуч келганда ҳам,

Ўтиб бормоқдаман севаман демай.

Э.Назарнинг  «Севаман демай» шеъридан.

 

Ановиси кўзин қисди,

Мановиси лабин бурди.

Оғзин очиб турган шоир

Тасодифан барин кўрди.

Битта санам қошин қоқди,

Биттаси-чи, бедор боқди.

Не бўлса ҳам бундай ҳолат

Эр Назарга жуда ёқди.

Уялдими, тортиндими,

Айтишмади беваман деб.

Шу боис ҳам шоир акам,

Айтолмади севаман деб.

 

Соғиниш

Мен сени соғиниб яшайман,

Сен эса ўзгалар қўйнида.

Масиҳуллоҳнинг «Дарахтдан тўкилди япроқлар» шеъридан.

 

Турган эдим кўчада,

Дўстим билан чекишиб.

Кўчадан ўтиб қолдинг,

Бир йигит-ла ўпишиб.

Дарҳол дедим дўстимга:

«Соғингандим тозаям.

Яхшиям ўтиб қолди,

Безовтайдим росаям» .

 

Билмас эдим

Ёмғир ёғди дарахтларга, гулларга,

Денгиздан ҳайқираётган чўлларга,

Уфққа қўл берган йўлларга,

Қуёшга бўй чўзган бойчечак, ўтларга

Т.Алининг «Ёмғир ёғар» шеъридан.

 

Телевизорда кўрдим,

Ёмғир ёғди Ялтада.

Одамлар юришибди,

Зонтик, плашу пальтода.

 

Радиодан эшитдим,

Қайдадир сел кетибди.

Юртимиз ёмғирига

Турсунбой шеър битибди.

 

Қуяр ёмғир челаклаб,

Шоиримиз бўйнига.

Томчилари думалаб,

Кириб кетар қўйнига.

 

Сувга тўлди ҳаммаёқ,

Ариқлар ҳам, сойлар ҳам.

Қаранг, лой бўлиб қолди,

Пасту баланд жойлар ҳам.

 

Билмас эдим ёмғирнинг,

Ёғишини йўлларга.

Буни қаранг, ҳаттоки,

Ёғар экан чўлларга.

 

Баъзида шоирлар ҳам

Қотирганда бошини,

Хафа бўлиб табиат

Тўкар экан ёшини.

 

Қуп-қуруқ

Темирга тош отсангиз, оҳанг қайтаверади.

Нафас олган жон борки, шеърин айтаверади.

А.Боймуроднинг «Шеър юракни даволар» шеъридан.

 

Абдураззоқнинг, жўра,

Ёзишга уқуви йўқ.

Ёриб кўрдим шеърингни,

Бир томчи ҳам суви йўқ.

 

Чуччими ё муччими?

Севги нима? Азобми

Ё роҳатми, билмадим.

Тизгинсиз изтиробми

Ё тоқатми, билмадим.

Д.Норқулованинг «Севги нима?» шеъридан.

 

Севги нима? Соқолми

Ё мўйлабми, билмадим.

Ранги сариқ ё олми,

Оқ кўйлакми, билмадим.

 

Севги нима? Зўр тойми

Ё машина, билмадим.

Осмондаги ё ойми,

Ё хазина, билмадим.

 

Севги нима? Шўрмикан

Ё чуччими, билмадим.

Гапга кирмас ўрмикан

Ё муччими, билмадим.

 

Бу шоира, эҳ, роса

Савол бериб тинмайди.

Жавобини топмаса,

Бизни ҳам тинч қўймайди.

 

Шоир бўлай десанг

Биз эса уйланиб, шоир бўлганмиз,

Шундан ижодимиз савияси паст.

Оила ташвиши, бола-чақадан

Айрила олмайин юрамиз карахт.

Чоршамънинг «Шоирлар ва уйланиш»шеъридан.

 

Уйландингми, шоирликни унут шарт,

Бало борми энди ашъор битмоққа,

Шоир бўлсанг, ростдан  бўлсанг, агар мард,

Уйланма, тушиб қолмагил сиртмоққа.

Хотинсиз шоирнинг эрки ўзида,

Дадиллик бўлади айтар сўзида.

 

Уйланган шоирдан илҳом қочади,

Тополмайди калаванинг учини.

Рўзғор деган ғор бағрини очади,

Сўриб олар бор қуввати, кучини.

Хотинсиз шоирда талант бўлади,

Шеърин савияси баланд бўлади.

 

Айтмайман

Севиб қолдим бир гўзални,

Кимлигини айтмайман.

Қўшиқдан.

 

Мен юраман ўйида,

Ўлсам ўлай кўйида,

Бўлса ҳамки бўйида,

Кимлигини айтмайман.

 

Отаму онамга ҳам,

Терговчи холамга ҳам,

Ғирт суюқ Саломга ҳам,

Кимлигини айтмайман.

 

Қуёш, юлдуз, ойларга,

Шарқираган сойларга,

Ҳатто ҳотамтойларга

Кимлигини айтмайман.

 

Мен юраман ўйида,

Ўлсам ўлай кўйида,

Бўлса ҳамки бўйида,

Кимлигини айтмайман.

Шоирнинг ҳазил суратини

Ҳусан Содиқов чизган

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг